У сенга китобни туширган Зотдир. Унда муҳкам — ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвийл қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эсларлар.
____________________
(«Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. «Муташобиҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.)