Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни ўзингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ бўлмас. Шундай бўлиши уларнинг кўзлари қувончга тўлиши, хафа бўлмасликлари ва ҳаммаларининг сен уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир ва Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта ҳалийм Зотдир.
____________________
(Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом аёллари билан навбатма-навбат ётар эдилар. Мабодо навбатни бузишга эҳтиёж чиқиб қолса, навбати келган онамиздан, фалончининг олдида тунашимга изн берасанми, деб сўрар эдилар. Бу оятда эса, сўрамасдан ҳам, ўзлари нимани истасалар, қилаверишга ҳақлари бор эканлиги баён қилинмоқда. Бу ҳам, фараз маъносида олсак, ўз нафсини ҳадя қилган аёлни олдин рад этиб, кейин яна хоҳлаб олганинг сенга гуноҳ бўлмас, маъноси чиқади. Ёки завжаларингдан бирортасига навбатида кирмай қўйган бўлсанг, истаган пайтингда кираверасан, маъноси чиқади. Чунки бу ишларни Аллоҳнинг амри билан қилаётганингни билганларидан кейин, аёлларингнинг кўзлари қувончга тўлади, хафа бўлмайдилар ва рози бўладилар.)