Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга имкон топмаса, қўлингизда мулк бўлган мўмина қизларингиздан (уйлансин). Аллоҳ иймонингизни билувчи Зотдир. Ҳаммаларингиз бирсиз. Уларни никоҳингизга аҳлларининг изни ила олинг. Ва яхшилик билан маҳрларини беринг. Улар покиза, зинокор эмас ва ўйнаш тутмаган бўлсинлар. Эрга текканларидан сўнг фоҳиша иш қилсалар, уларга ҳур аёлларга бериладиган азобнинг ярми бериладир. Бу бузилишдан қўрққанлар учундир. Сабр қилмоғингиз сиз учун яхшидир. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимлидир.
____________________
(Биз тушунарли бўлиши учун «канизак» деб атаётган сўз ўрнида Қуръони Карим «мўмина қизларингиздан» деган иборани ишлатган. Бу билан уларнинг шаъни кўтарилмоқда, улар ҳам Ислом назарида бошқалардан фарқ қилмасликларини таъкидланмоқда. Маълумки, эрли ҳур аёлнинг зиноси исботланса, ўлгунча тошбўрон қилинади. Оила қурмаган ҳур аёл зино қилса, юз дарра урилади. Ушбу оятда, ҳур аёлларга бериладиган азобнинг ярми ҳақида сўз кетмоқда. Очиқ кўриниб турибдики, бу ерда назарда тутилган азоб дарра уришдир. Демак, эрли чўрининг зиноси собит бўлса, унга эллик дарра урилади. Уларнинг чўрилик ҳолатидан келиб чиқиб шундай ҳукм жорий қилинган. Албатта, улар ҳур аёллар каби қулайликларга эга эмаслар. Турмуш жараёнида турли ҳолатларни бошдан ўтказишлари мумкин. Шулар эътиборидан уларга нисбатан тошбўрон жазоси бекор қилинган ва дарра уриш юзтадан элликтага туширилган. Бу ҳол Исломнинг инсонпарварлигининг бир кўринишидир. Бошқа тузумларда киборларга жазо бекор қилиниб, бечораларга кучайтирилиши ҳаммага маълум.)