Улар учун истиғфор айтасанми ёки айтмайсанми — бари бир. Аллоҳ уларни ҳеч мағфират қилмас. Зеро, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.
____________________
(Истиғфор айтиш — гуноҳнинг кечишини Аллоҳдан сўраш. Суранинг нозил бўлиши ҳақидаги ривоятларда келишича, мунофиқларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғончилиги фош бўлгандан сўнг кишилар унга: «Энди Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўра, у киши сенинг гуноҳларингни кечишини сўраб Аллоҳга дуо қилсалар, гуноҳларинг мағфират қилинса ажаб эмас», дейишганда, мутакаббирлик билан бош чайқаб, бормаган экан. Лекин оятнинг ҳукми ҳамма мунофиқлар учун бир.)