Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва сиздан олган аҳдини эсланг. Ўзингиз: «Эшитдик ва итоат қилдик», дегансиз-а?! Ва Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ кўкраклардаги нарсани ҳам билгувчи Зотдир.
____________________
(Инсонга Аллоҳ берган неъматларнинг саноғига етиб бўлмаслигини, бу неъматларнинг шукрини ҳам адо эта олмаслигимизни яхши биламиз. Аммо Аллоҳнинг бизга берган неъматлари ичида энг улуғи иймон — Ислом неъмати эканини тушуниб етмоғимиз лозим. Бу улкан неъматнинг шукри унга амал қилиш билан бўлишини ҳам тушунмоғимиз керак. Оятда келаётган «мийсоқ» — аҳднома эса, Аллоҳнинг амрига итоат қилиш аҳдномаси эди. Бандалар ўзлари иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлганларида, «эшитдик ва итоат қиламиз», деб аҳд беришган эди. Энди аҳкомлар келди. Уни тинглаб, ўргансинлар ва итоат қилсинлар. Тақводор бўлсинлар. Чунки Аллоҳга иймонсиз, итоатсиз ва тақвосиз ҳаётнинг мазмуни бўлмайди.)