Эй, аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизларга Пайғамбарлардан бўш даврда (динни) баён қиладир. Бизга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келмаган, демаслигингиз учун. Бас, батаҳқиқ, сизларга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келди. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
____________________
(Биз «бўш давр» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «фатратин» дейилган. Бу сўз луғатда, сукунат, бўшлик, кесилиш ва заифлик маъноларини англатади. Шариатда бир пайғамбар билан иккинчисининг орасидаги пайғамбарсиз ўтган вақтга «фатиратун» — бўш давр дейилади. Маълумки, Ийсо алайҳиссаломнинг пайғамбарликларидан сўнг Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом келгунларига қадар орадан олти юз йил ўтган.)