Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун қилинг ва иддани ҳисобланг ва Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқарилурлар) ва ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатан, ўзига ўзи зулм қилибди. Сен билмассан, шоядки, Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса.
____________________
(Аёллар учун идда ўтиришни бошлашга муносиб вақт ҳайздан пок бўлганларидан сўнг жинсий яқинлик қилмай туриб талоқ қўйишдир. Бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, талоқ иккига бўлинади: сунний талоқ ва бидъий талоқ. Сунний талоқ — эр киши ўз хотинини ҳайздан пок пайтида, жинсий яқинлик қилмай туриб ёки ҳомиладорлиги аниқ бўлганда талоқ қилишдир. Ушбу шартларнинг қўйилиши ҳам талоқнинг олдини олиш учун тутилган йўлдир. Эр киши хотинини ҳайздан пок бўлишини кутиб, ҳовридан тушиб, талоқ ниятидан қайтиб қолиши мумкин. Ёки ҳомиладорлиги аниқлангандан сўнг меҳри кучайиб, талоқни унутиши ҳам мумкин. Бидъий талоқ — юқорида саналган шартлар вужудга келмаган пайтдаги талоқдир. Яъни, ҳайз пайтида, поклик пайти-ю, аммо жинсий яқинлик содир бўлганда қўйиладиганидир. Бидъий талоқ қилган киши гуноҳкор ҳисобланади. Лекин ўртага талоқ тушаверади.)