الٓرۚ كِتَٰبٌ أُحۡكِمَتۡ ءَايَٰتُهُۥ ثُمَّ فُصِّلَتۡ مِن لَّدُنۡ حَكِيمٍ خَبِيرٍ
Алиф. Лом. Ро. (Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир.
أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّا ٱللَّهَۚ إِنَّنِي لَكُم مِّنۡهُ نَذِيرٞ وَبَشِيرٞ
Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслигингиз учундир. Албатта, мен сизларга Ундан келган огоҳлантирувчи ва хушхабарчиман.
وَأَنِ ٱسۡتَغۡفِرُواْ رَبَّكُمۡ ثُمَّ تُوبُوٓاْ إِلَيۡهِ يُمَتِّعۡكُم مَّتَٰعًا حَسَنًا إِلَىٰٓ أَجَلٖ مُّسَمّٗى وَيُؤۡتِ كُلَّ ذِي فَضۡلٖ فَضۡلَهُۥۖ وَإِن تَوَلَّوۡاْ فَإِنِّيٓ أَخَافُ عَلَيۡكُمۡ عَذَابَ يَوۡمٖ كَبِيرٍ
Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман.
إِلَى ٱللَّهِ مَرۡجِعُكُمۡۖ وَهُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٌ
Аллоҳнинг Ўзига қайтишингиз бор. У ҳар бир нарсага қодир зотдир.
أَلَآ إِنَّهُمۡ يَثۡنُونَ صُدُورَهُمۡ لِيَسۡتَخۡفُواْ مِنۡهُۚ أَلَا حِينَ يَسۡتَغۡشُونَ ثِيَابَهُمۡ يَعۡلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعۡلِنُونَۚ إِنَّهُۥ عَلِيمُۢ بِذَاتِ ٱلصُّدُورِ
Огоҳ бўлингким, албатта, улар ундан яшириниш учун кўксиларига (бошларини) эгадилар. Огоҳ бўлингким, кийимларига ўралган чоғларида ҳам, У зот нимани сир тутаётганларинию нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У қалблардаги бор нарсаларни билгувчи зотдир. (Ушбу оятда жоҳилият аҳлининг кулгили ҳолатларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) кишиларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бераётганларида, юқорида зикр қилинган ҳақиқатларни етказаётганларида, баъзи мушриклар, мен ҳам шу гапларга дахлдор бўлиб қолмай, дегандек, кўринмасликка уриниб, пусиб, бошини кўксига эгиб, беркинишга ҳаракат қилар эканлар. Оятда уларнинг қилмишлари, Аллоҳдан яширинишга уриниш, деб таърифланмоқда.)