كٓهيعٓصٓ
Кааф, ҳаа, йаа, айн, сод.
ذِكۡرُ رَحۡمَتِ رَبِّكَ عَبۡدَهُۥ زَكَرِيَّآ
Бу, Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир. (Яъни, эй Муҳаммад (с. а. в.), ушбу қисса «Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».)
إِذۡ نَادَىٰ رَبَّهُۥ نِدَآءً خَفِيّٗا
Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла.
قَالَ رَبِّ إِنِّي وَهَنَ ٱلۡعَظۡمُ مِنِّي وَٱشۡتَعَلَ ٱلرَّأۡسُ شَيۡبٗا وَلَمۡ أَكُنۢ بِدُعَآئِكَ رَبِّ شَقِيّٗا
У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман.
وَإِنِّي خِفۡتُ ٱلۡمَوَٰلِيَ مِن وَرَآءِي وَكَانَتِ ٱمۡرَأَتِي عَاقِرٗا فَهَبۡ لِي مِن لَّدُنكَ وَلِيّٗا
Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий–ортдан қолгувчи ато эт.
يَرِثُنِي وَيَرِثُ مِنۡ ءَالِ يَعۡقُوبَۖ وَٱجۡعَلۡهُ رَبِّ رَضِيّٗا
У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди.
يَٰزَكَرِيَّآ إِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَٰمٍ ٱسۡمُهُۥ يَحۡيَىٰ لَمۡ نَجۡعَل لَّهُۥ مِن قَبۡلُ سَمِيّٗا
Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз. (Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё, деб исм ҳам қўйди. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғлигидан дарак берар эди.)