طسٓۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡقُرۡءَانِ وَكِتَابٖ مُّبِينٍ
То. Сийн. Ушбулар Қуръон-очиқ китоб оятларидир.
هُدٗى وَبُشۡرَىٰ لِلۡمُؤۡمِنِينَ
Мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир.
ٱلَّذِينَ يُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَهُم بِٱلۡأٓخِرَةِ هُمۡ يُوقِنُونَ
Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга қаттиқ ишонадиганлардир.
إِنَّ ٱلَّذِينَ لَا يُؤۡمِنُونَ بِٱلۡأٓخِرَةِ زَيَّنَّا لَهُمۡ أَعۡمَٰلَهُمۡ فَهُمۡ يَعۡمَهُونَ
Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга Биз амалларини зийнатлаб кўрсатдик. Бас, улар адашиб-улоқиб юраверарлар.
أُوْلَـٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ لَهُمۡ سُوٓءُ ٱلۡعَذَابِ وَهُمۡ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ هُمُ ٱلۡأَخۡسَرُونَ
Ана ўшаларга ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўргувчилардир. (Бу дунёда охиратдан умиди йўқлиги учун молу дунё, айшу ишрат, шаҳвату лаззат кетидан тушиб, ўзини ўтга-чўққа уриб, расво бўлади. Охиратда эса, қанақа азобларга дучор бўлишини Аллоҳнинг Ўзи билади.)
وَإِنَّكَ لَتُلَقَّى ٱلۡقُرۡءَانَ مِن لَّدُنۡ حَكِيمٍ عَلِيمٍ
Албатта, сенга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта илмли зот томонидан берилур.