الٓمٓ
Алиф. Лом. Мийм.
أَحَسِبَ ٱلنَّاسُ أَن يُتۡرَكُوٓاْ أَن يَقُولُوٓاْ ءَامَنَّا وَهُمۡ لَا يُفۡتَنُونَ
Одамлар »иймон келтирдик« дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам, иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак.)
وَلَقَدۡ فَتَنَّا ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡۖ فَلَيَعۡلَمَنَّ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ صَدَقُواْ وَلَيَعۡلَمَنَّ ٱلۡكَٰذِبِينَ
Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.
أَمۡ حَسِبَ ٱلَّذِينَ يَعۡمَلُونَ ٱلسَّيِّـَٔاتِ أَن يَسۡبِقُونَاۚ سَآءَ مَا يَحۡكُمُونَ
Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!
مَن كَانَ يَرۡجُواْ لِقَآءَ ٱللَّهِ فَإِنَّ أَجَلَ ٱللَّهِ لَأٓتٖۚ وَهُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡعَلِيمُ
Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир.
وَمَن جَٰهَدَ فَإِنَّمَا يُجَٰهِدُ لِنَفۡسِهِۦٓۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَغَنِيٌّ عَنِ ٱلۡعَٰلَمِينَ
Ким жиҳод қилса, бас, албатта, ўз фойдаси учун жиҳод қилур. Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир.