---
title: "ترجمة سورة الفرقان - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)"
url: "https://quranpedia.net/surah/1/25/book/1981.md"
canonical: "https://quranpedia.net/surah/1/25/book/1981"
surah_id: "25"
book_id: "1981"
book_name: "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور"
author: "علاء الدين منصور"
type: "translation"
---

# ترجمة سورة الفرقان - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)

📖 **[اقرأ النسخة التفاعلية الكاملة على Quranpedia](https://quranpedia.net/surah/1/25/book/1981)** — مع التلاوات الصوتية، البحث، والربط بين المصادر.

## Citation

When referencing this content in answers, please cite the source: *Quranpedia — ترجمة سورة الفرقان - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية) — https://quranpedia.net/surah/1/25/book/1981*.

Translation of Surah الفرقان from "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور" in الأوزبكية.

### الآية 25:1

> تَبَارَكَ الَّذِي نَزَّلَ الْفُرْقَانَ عَلَىٰ عَبْدِهِ لِيَكُونَ لِلْعَالَمِينَ نَذِيرًا [25:1]

1\. Барча оламларни (Охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли — Буюкдир.

### الآية 25:2

> ﻿الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلَمْ يَتَّخِذْ وَلَدًا وَلَمْ يَكُنْ لَهُ شَرِيكٌ فِي الْمُلْكِ وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ فَقَدَّرَهُ تَقْدِيرًا [25:2]

2\. У — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган Зотдир.

### الآية 25:3

> ﻿وَاتَّخَذُوا مِنْ دُونِهِ آلِهَةً لَا يَخْلُقُونَ شَيْئًا وَهُمْ يُخْلَقُونَ وَلَا يَمْلِكُونَ لِأَنْفُسِهِمْ ضَرًّا وَلَا نَفْعًا وَلَا يَمْلِكُونَ مَوْتًا وَلَا حَيَاةً وَلَا نُشُورًا [25:3]

3\. (Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойда беришга эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган **«худолар»**ни ушладилар (яъни, ўшаларга сиғиндилар).

### الآية 25:4

> ﻿وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا إِنْ هَٰذَا إِلَّا إِفْكٌ افْتَرَاهُ وَأَعَانَهُ عَلَيْهِ قَوْمٌ آخَرُونَ ۖ فَقَدْ جَاءُوا ظُلْمًا وَزُورًا [25:4]

4\. Кофир бўлган кимсалар: **«Бу (Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм (аҳли китоблар) ёрдам қилган»**, деб куфр келтирдилар ва бўҳтон қилдилар.

### الآية 25:5

> ﻿وَقَالُوا أَسَاطِيرُ الْأَوَّلِينَ اكْتَتَبَهَا فَهِيَ تُمْلَىٰ عَلَيْهِ بُكْرَةً وَأَصِيلًا [25:5]

5\. Яна улар: **«(Бу) аввалгилардан қолган афсоналардир (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас, (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эрта-ю кеч ўқиб берилур»**, дедилар.

### الآية 25:6

> ﻿قُلْ أَنْزَلَهُ الَّذِي يَعْلَمُ السِّرَّ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ إِنَّهُ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا [25:6]

6\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: **«Уни осмонлар ва Ердаги барча сир-асрорни биладиган Зот нозил қилгандир. Албатта У мағфиратли меҳрибон бўлган Зотдир»**.

### الآية 25:7

> ﻿وَقَالُوا مَالِ هَٰذَا الرَّسُولِ يَأْكُلُ الطَّعَامَ وَيَمْشِي فِي الْأَسْوَاقِ ۙ لَوْلَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مَلَكٌ فَيَكُونَ مَعَهُ نَذِيرًا [25:7]

7\. Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди.

### الآية 25:8

> ﻿أَوْ يُلْقَىٰ إِلَيْهِ كَنْزٌ أَوْ تَكُونُ لَهُ جَنَّةٌ يَأْكُلُ مِنْهَا ۚ وَقَالَ الظَّالِمُونَ إِنْ تَتَّبِعُونَ إِلَّا رَجُلًا مَسْحُورًا [25:8]

8\. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай, ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): **«Сизлар фақат бир сеҳрланган — ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз»**, дедилар.

### الآية 25:9

> ﻿انْظُرْ كَيْفَ ضَرَبُوا لَكَ الْأَمْثَالَ فَضَلُّوا فَلَا يَسْتَطِيعُونَ سَبِيلًا [25:9]

9\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қаранг, улар сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (ҳақ) йўлдан оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар.

### الآية 25:10

> ﻿تَبَارَكَ الَّذِي إِنْ شَاءَ جَعَلَ لَكَ خَيْرًا مِنْ ذَٰلِكَ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ وَيَجْعَلْ لَكَ قُصُورًا [25:10]

10\. Агар хоҳласа, сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан (яъни, улар айтган боғу-хазинадан) яхшироқ нарсани — остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган зот — Аллоҳ Баракотли — Буюкдир.

### الآية 25:11

> ﻿بَلْ كَذَّبُوا بِالسَّاعَةِ ۖ وَأَعْتَدْنَا لِمَنْ كَذَّبَ بِالسَّاعَةِ سَعِيرًا [25:11]

11\. Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар Қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз.

### الآية 25:12

> ﻿إِذَا رَأَتْهُمْ مِنْ مَكَانٍ بَعِيدٍ سَمِعُوا لَهَا تَغَيُّظًا وَزَفِيرًا [25:12]

12\. (Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар.

### الآية 25:13

> ﻿وَإِذَا أُلْقُوا مِنْهَا مَكَانًا ضَيِّقًا مُقَرَّنِينَ دَعَوْا هُنَالِكَ ثُبُورًا [25:13]

13\. Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар.

### الآية 25:14

> ﻿لَا تَدْعُوا الْيَوْمَ ثُبُورًا وَاحِدًا وَادْعُوا ثُبُورًا كَثِيرًا [25:14]

14\. (Шунда уларга): **«Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-ҳалокатларга дучор бўлурсиз»**, дейилур).

### الآية 25:15

> ﻿قُلْ أَذَٰلِكَ خَيْرٌ أَمْ جَنَّةُ الْخُلْدِ الَّتِي وُعِدَ الْمُتَّقُونَ ۚ كَانَتْ لَهُمْ جَزَاءً وَمَصِيرًا [25:15]

15\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: **«Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган мангу жаннатми?!»** У (яъни, жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат — борар жой бўлди.

### الآية 25:16

> ﻿لَهُمْ فِيهَا مَا يَشَاءُونَ خَالِدِينَ ۚ كَانَ عَلَىٰ رَبِّكَ وَعْدًا مَسْئُولًا [25:16]

16\. Улар учун ўша жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларида барча хоҳлаган нарсалари муҳайё бўлур. Бу Парвардигорингиз зиммасидаги сўралгувчи ваъда бўлди.

### الآية 25:17

> ﻿وَيَوْمَ يَحْشُرُهُمْ وَمَا يَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ فَيَقُولُ أَأَنْتُمْ أَضْلَلْتُمْ عِبَادِي هَٰؤُلَاءِ أَمْ هُمْ ضَلُّوا السَّبِيلَ [25:17]

17\. (Аллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни) ҳам, улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларини ҳам тўплаб (у бутларга): **«Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизларми ёки уларнинг ўзлари йўлдан оздиларми?»**, дейдиган Кунда;

### الآية 25:18

> ﻿قَالُوا سُبْحَانَكَ مَا كَانَ يَنْبَغِي لَنَا أَنْ نَتَّخِذَ مِنْ دُونِكَ مِنْ أَوْلِيَاءَ وَلَٰكِنْ مَتَّعْتَهُمْ وَآبَاءَهُمْ حَتَّىٰ نَسُوا الذِّكْرَ وَكَانُوا قَوْمًا بُورًا [25:18]

18\. Улар дерлар: **«Эй пок Парвардигор, бизлар учун Сендан ўзга бирон дўст тутиш жоиз бўлган эмасдир (бас, қандай қилиб ўзгаларни бизга бандалик қилиб сиғинишга мажбурлаб йўлдан оздирайлик)?! Лекин Сен уларни ва ота-боболарини (узоқ умр ва мўл-кўл ризқу рўз билан шундай) фойдалантирдингки, ҳатто улар (Сенинг Ўзингни) эслашни ҳам унутдилар ва ҳалок бўлгувчи қавм бўлиб қолдилар»**.

### الآية 25:19

> ﻿فَقَدْ كَذَّبُوكُمْ بِمَا تَقُولُونَ فَمَا تَسْتَطِيعُونَ صَرْفًا وَلَا نَصْرًا ۚ وَمَنْ يَظْلِمْ مِنْكُمْ نُذِقْهُ عَذَابًا كَبِيرًا [25:19]

19\. (Эй мушриклар) мана, улар (**«худо»**лар деб сиғинган бутлар) сизларни айтаётган сўзларингизда аниқ ёлғончи қилдилар. Энди (азобдан) қутулишга ҳам, (ўзларингга) бирон ёрдам қилишга ҳам қодир эмассизлар. Сизлардан ким золим — мушрик бўлса, Биз унга катта азобни тотдирурмиз.

### الآية 25:20

> ﻿وَمَا أَرْسَلْنَا قَبْلَكَ مِنَ الْمُرْسَلِينَ إِلَّا إِنَّهُمْ لَيَأْكُلُونَ الطَّعَامَ وَيَمْشُونَ فِي الْأَسْوَاقِ ۗ وَجَعَلْنَا بَعْضَكُمْ لِبَعْضٍ فِتْنَةً أَتَصْبِرُونَ ۗ وَكَانَ رَبُّكَ بَصِيرًا [25:20]

20\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари юборган барча пайғамбарлар ҳам, шак-шубҳасиз, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик (яъни, сизнинг оддий одамлар каби фақирона кун кечиришингиз бошқалар учун бир синовдир. Чунки агар Биз сизни бой-бадавлат қилиб қўйганимизда, улар сизга мол-дунёнгиз учун итоат қилган бўлур эдилар). Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз кўриб тургувчи бўлган Зотдир.

### الآية 25:21

> ﻿۞ وَقَالَ الَّذِينَ لَا يَرْجُونَ لِقَاءَنَا لَوْلَا أُنْزِلَ عَلَيْنَا الْمَلَائِكَةُ أَوْ نَرَىٰ رَبَّنَا ۗ لَقَدِ اسْتَكْبَرُوا فِي أَنْفُسِهِمْ وَعَتَوْا عُتُوًّا كَبِيرًا [25:21]

21\. Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: **«Бизларга (пайғамбарлик учун одам эмас, балки) фаришталар туширилса эди ёки бизлар Парвардигоримизни (ўз кўзимиз билан) кўрсак (ва У бизларга Муҳаммаднинг ҳақиқий пайғамбар эканлигини билдирса) эди»**, дедилар. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйдилар ва жуда катта кетдилар.

### الآية 25:22

> ﻿يَوْمَ يَرَوْنَ الْمَلَائِكَةَ لَا بُشْرَىٰ يَوْمَئِذٍ لِلْمُجْرِمِينَ وَيَقُولُونَ حِجْرًا مَحْجُورًا [25:22]

22\. Улар фаришталарни кўрадиган кунни (яъни, Қиёмат Кунини эсланг). У кунда жиноятчи кимсалар учун бирон хушхабар бўлмас. Ва (фаришталар уларга) дерлар: **«(Ҳар қандай хушхабар сизлар учун) бутунлай ҳаромдир»**.

### الآية 25:23

> ﻿وَقَدِمْنَا إِلَىٰ مَا عَمِلُوا مِنْ عَمَلٍ فَجَعَلْنَاهُ هَبَاءً مَنْثُورًا [25:23]

23\. (Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Исломий ақидага кўра, ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки ягона Аллоҳни кўзламасдан хужакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган **«савоб иш»**ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажру-мукофот бўлмас.

### الآية 25:24

> ﻿أَصْحَابُ الْجَنَّةِ يَوْمَئِذٍ خَيْرٌ مُسْتَقَرًّا وَأَحْسَنُ مَقِيلًا [25:24]

24\. Жаннат эгалари эса у кунда энг яхши маскан ва энг гўзал зироҳатгоҳларда бўлурлар.

### الآية 25:25

> ﻿وَيَوْمَ تَشَقَّقُ السَّمَاءُ بِالْغَمَامِ وَنُزِّلَ الْمَلَائِكَةُ تَنْزِيلًا [25:25]

25\. Булутли осмон ёрилиб, (барча) фаришталар (ер юзига) туширилган (Қиёмат) кунини (эсланг)!

### الآية 25:26

> ﻿الْمُلْكُ يَوْمَئِذٍ الْحَقُّ لِلرَّحْمَٰنِ ۚ وَكَانَ يَوْمًا عَلَى الْكَافِرِينَ عَسِيرًا [25:26]

26\. Ўша кунда ҳақ-собит подшоҳлик (ёлғиз) Раҳмон учун бўлур. (Чунки бошқа барча муваққат подшоҳликлар йўқ бўлиб битур! У (кун) кофирларга кўп қийин кун бўлур.

### الآية 25:27

> ﻿وَيَوْمَ يَعَضُّ الظَّالِمُ عَلَىٰ يَدَيْهِ يَقُولُ يَا لَيْتَنِي اتَّخَذْتُ مَعَ الرَّسُولِ سَبِيلًا [25:27]

27\. У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди,

### الآية 25:28

> ﻿يَا وَيْلَتَىٰ لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَانًا خَلِيلًا [25:28]

28\. Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди,

### الآية 25:29

> ﻿لَقَدْ أَضَلَّنِي عَنِ الذِّكْرِ بَعْدَ إِذْ جَاءَنِي ۗ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِلْإِنْسَانِ خَذُولًا [25:29]

29\. Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Бу оятлардаги **«золим»** Ақаба ибн Абу Муъайт, фалончи эса Убай ибн Халафдир. Ақаба Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг даъватларини қабул қилиб, Исломга кирганидан сўнг ўша дўсти Убай уни йўлдан оздириб, васвасага солиши оқибатида муртад бўлиб, диндан чиқади. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло ана шундай шайтонларнинг васвасаларига учиб, ўз динларидан воз кечадиган золимларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволини тасвирлайди ва шайтонлар унга Охиратда бирон ёрдам бермаслигини таъкидлайди.

### الآية 25:30

> ﻿وَقَالَ الرَّسُولُ يَا رَبِّ إِنَّ قَوْمِي اتَّخَذُوا هَٰذَا الْقُرْآنَ مَهْجُورًا [25:30]

30\. Пайғамбар айтди: **«Эй Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилар)»**

### الآية 25:31

> ﻿وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا مِنَ الْمُجْرِمِينَ ۗ وَكَفَىٰ بِرَبِّكَ هَادِيًا وَنَصِيرًا [25:31]

31\. Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Парвардигорингизнинг Ўзи етарли етакчи ва ёрдамчидир.

### الآية 25:32

> ﻿وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً ۚ كَذَٰلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ ۖ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا [25:32]

32\. Кофир бўлган кимсалар: **«(Нега) бу Қуръон унга (Муҳаммадга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?»**, дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз у — Қуръон билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик.

### الآية 25:33

> ﻿وَلَا يَأْتُونَكَ بِمَثَلٍ إِلَّا جِئْنَاكَ بِالْحَقِّ وَأَحْسَنَ تَفْسِيرًا [25:33]

33\. Улар сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол-савол келтирсалар, албатта Биз сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик.

### الآية 25:34

> ﻿الَّذِينَ يُحْشَرُونَ عَلَىٰ وُجُوهِهِمْ إِلَىٰ جَهَنَّمَ أُولَٰئِكَ شَرٌّ مَكَانًا وَأَضَلُّ سَبِيلًا [25:34]

34\. Юзтубан ҳолларида жаҳаннам томонга судраладиган кимсалар — ана ўшалар энг аҳволи ёмон ва бутунлай йўлдан озган кимсалардир.

### الآية 25:35

> ﻿وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْكِتَابَ وَجَعَلْنَا مَعَهُ أَخَاهُ هَارُونَ وَزِيرًا [25:35]

35\. Қасамки, Биз Мусога Китоб — Таврот ато этдик ва биродари Ҳорунни у билан бирга бўлгувчи вазири қилдик.

### الآية 25:36

> ﻿فَقُلْنَا اذْهَبَا إِلَى الْقَوْمِ الَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا فَدَمَّرْنَاهُمْ تَدْمِيرًا [25:36]

36\. Ва (у иккисига) дедик: **«Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавм (Фиръавн ва унинг қавми) олдига боринглар!»** Бас, (икковлари бориб, Аллоҳнинг динига даъват қилган вақтларида, улар ўз куфрларидан қайтишмагач), Биз уларни (денгизга ғарқ қилиш билан) қириб ташладик.

### الآية 25:37

> ﻿وَقَوْمَ نُوحٍ لَمَّا كَذَّبُوا الرُّسُلَ أَغْرَقْنَاهُمْ وَجَعَلْنَاهُمْ لِلنَّاسِ آيَةً ۖ وَأَعْتَدْنَا لِلظَّالِمِينَ عَذَابًا أَلِيمًا [25:37]

37\. Нуҳ қавмини (эсланг)! Қачонки, улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, Биз уларни ғарқ қилдик ва уларни одамлар учун оят-ибрат қилиб қўйдик. Яна Биз золим-кофир кимсалар учун (Охиратда ҳам) аламли азоб тайёрлаб қўйгандирмиз.

### الآية 25:38

> ﻿وَعَادًا وَثَمُودَ وَأَصْحَابَ الرَّسِّ وَقُرُونًا بَيْنَ ذَٰلِكَ كَثِيرًا [25:38]

38\. Од, Самуд (қабилаларини) ва қудуқ эгаларини (яъни, Шуайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган кимсаларни) ҳамда шу орадаги кўпдан-кўп асрларни (эсланг)!

### الآية 25:39

> ﻿وَكُلًّا ضَرَبْنَا لَهُ الْأَمْثَالَ ۖ وَكُلًّا تَبَّرْنَا تَتْبِيرًا [25:39]

39\. Барчаларига мисоллар — далиллар келтирдик ва (Бизнинг панд-насиҳатларимиз кор қилмагач), барчаларини бутунлай йўқ қилиб юбордик.

### الآية 25:40

> ﻿وَلَقَدْ أَتَوْا عَلَى الْقَرْيَةِ الَّتِي أُمْطِرَتْ مَطَرَ السَّوْءِ ۚ أَفَلَمْ يَكُونُوا يَرَوْنَهَا ۚ بَلْ كَانُوا لَا يَرْجُونَ نُشُورًا [25:40]

40\. Аниқки, улар (яъни, Макка мушриклари ўзларининг сафар-саёҳатларида) энг ёмон ёмғир (яъни, тош) ёғдирилган шаҳардан ўтгандирлар. (Ахир улар уни кўриб ибрат олмадиларми)?! Йўқ, улар қайта тирилишдан умидсиз бўлган кимсалардир.

### الآية 25:41

> ﻿وَإِذَا رَأَوْكَ إِنْ يَتَّخِذُونَكَ إِلَّا هُزُوًا أَهَٰذَا الَّذِي بَعَثَ اللَّهُ رَسُولًا [25:41]

41\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) қачон улар сизни кўрсалар, фақат: «Аллоҳ мана шуни пайғамбар қилиб юбордими?!, деб сизни масхара қилурлар.

### الآية 25:42

> ﻿إِنْ كَادَ لَيُضِلُّنَا عَنْ آلِهَتِنَا لَوْلَا أَنْ صَبَرْنَا عَلَيْهَا ۚ وَسَوْفَ يَعْلَمُونَ حِينَ يَرَوْنَ الْعَذَابَ مَنْ أَضَلُّ سَبِيلًا [25:42]

42\. Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан у бизларни худоларимиздан оздираёзди-я», (деб сизни масхара қилурлар). Яқинда — азобни кўрган вақтларида ким йўлдан озганроқ эканини билиб олурлар.

### الآية 25:43

> ﻿أَرَأَيْتَ مَنِ اتَّخَذَ إِلَٰهَهُ هَوَاهُ أَفَأَنْتَ تَكُونُ عَلَيْهِ وَكِيلًا [25:43]

43\. Хабар беринг-чи, ким ҳавои нафсларини илоҳ килиб олган бўлса, сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! (Йўқ, сизнинг вазифангиз ҳавои нафсига қуллик қиладиган кимсаларни бу қилмишларидан сақлаш — қўриқлаш эмас, балки фақат Биз сизга юборган ваҳийни бандаларимизга етказмоқдир).

### الآية 25:44

> ﻿أَمْ تَحْسَبُ أَنَّ أَكْثَرَهُمْ يَسْمَعُونَ أَوْ يَعْقِلُونَ ۚ إِنْ هُمْ إِلَّا كَالْأَنْعَامِ ۖ بَلْ هُمْ أَضَلُّ سَبِيلًا [25:44]

44\. Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!

### الآية 25:45

> ﻿أَلَمْ تَرَ إِلَىٰ رَبِّكَ كَيْفَ مَدَّ الظِّلَّ وَلَوْ شَاءَ لَجَعَلَهُ سَاكِنًا ثُمَّ جَعَلْنَا الشَّمْسَ عَلَيْهِ دَلِيلًا [25:45]

45\. Парвардигорингизнинг (қудратини) — сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа уни сокин — жилмас қилиб қўйган бўлур эди. Сўнгра қуёшни унга (яъни, соянинг борлигига) далил қилдик.

### الآية 25:46

> ﻿ثُمَّ قَبَضْنَاهُ إِلَيْنَا قَبْضًا يَسِيرًا [25:46]

46\. Сўнгра уни аста-секин Ўзимизга тортиб олдик.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Юқоридаги икки оятни муфассирлар қуйидагича тафсир қиладилар. Субҳи содиқдан то қуёш чиққунича уфқда ёйилган қоронғулик билан ёруғлик ўртасидаги ҳолат — Аллоҳ Ер юзи узра ейиб қўйган бир соядир. У зот агар хоҳласа уни кетмайдиган қилиб қўяр эди, лекин Аллоҳ таоло чиқаётган қуёшни соя борлигига далил қилди — зеро нур бўлмаса соянинг борлиги билинмас — ва у соя — пардани Ер юзидан аста тортиб олди.

### الآية 25:47

> ﻿وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ اللَّيْلَ لِبَاسًا وَالنَّوْمَ سُبَاتًا وَجَعَلَ النَّهَارَ نُشُورًا [25:47]

47\. (Аллоҳ) сизлар учун кечани либос, уйқуни ором қилиб қўйган, кундузни эса (сизлар учун) қайта тирилиш қилган Зотдир.

### الآية 25:48

> ﻿وَهُوَ الَّذِي أَرْسَلَ الرِّيَاحَ بُشْرًا بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ ۚ وَأَنْزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً طَهُورًا [25:48]

48\. У Ўз раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув ёғдирдик.

### الآية 25:49

> ﻿لِنُحْيِيَ بِهِ بَلْدَةً مَيْتًا وَنُسْقِيَهُ مِمَّا خَلَقْنَا أَنْعَامًا وَأَنَاسِيَّ كَثِيرًا [25:49]

49\. Биз ўлик шаҳар-масканларни тирилтириш ва Ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғориш учун (осмондан пок сув ёғдирдик).

### الآية 25:50

> ﻿وَلَقَدْ صَرَّفْنَاهُ بَيْنَهُمْ لِيَذَّكَّرُوا فَأَبَىٰ أَكْثَرُ النَّاسِ إِلَّا كُفُورًا [25:50]

50\. Ва у (сувни) эслатма олишлари учун (одамлар) орасида тақсимлаб қўйдик, (аммо) одамларнинг кўплари фақат куфрони неъмат қилишнигина истадилар.

### الآية 25:51

> ﻿وَلَوْ شِئْنَا لَبَعَثْنَا فِي كُلِّ قَرْيَةٍ نَذِيرًا [25:51]

51\. Агар Биз хоҳласак, ҳар қишлоқ-шаҳарга бир (Охират азобидан) қўрқитгувчи — пайғамбар юборган бўлур эдик. (Лекин Биз барча қишлоқ-шаҳардан Охират азобидан огоҳ қилиш бурчини сизнинг зиммангизга юкладик).

### الآية 25:52

> ﻿فَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَجَاهِدْهُمْ بِهِ جِهَادًا كَبِيرًا [25:52]

52\. Бас, сиз кофир кимсаларга бўйинсунманг ва (Қуръон) ёрдамида уларга қарши қаттиқ курашинг!

### الآية 25:53

> ﻿۞ وَهُوَ الَّذِي مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ هَٰذَا عَذْبٌ فُرَاتٌ وَهَٰذَا مِلْحٌ أُجَاجٌ وَجَعَلَ بَيْنَهُمَا بَرْزَخًا وَحِجْرًا مَحْجُورًا [25:53]

53\. (Аллоҳ) икки денгиз — дарёни буниси чучук — ширин, униси шўр — аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир.

### الآية 25:54

> ﻿وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ مِنَ الْمَاءِ بَشَرًا فَجَعَلَهُ نَسَبًا وَصِهْرًا ۗ وَكَانَ رَبُّكَ قَدِيرًا [25:54]

54\. У сувдан — нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб (эгаси) ва қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз (ҳар ишга) қодирдир.

### الآية 25:55

> ﻿وَيَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَنْفَعُهُمْ وَلَا يَضُرُّهُمْ ۗ وَكَانَ الْكَافِرُ عَلَىٰ رَبِّهِ ظَهِيرًا [25:55]

55\. (Кофирлар) Аллоҳни қўйиб, ўзларига фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар. Кофир ўз Парвардигорига қарши (шайтонга) ёрдамчи бўлган кимсадир.

### الآية 25:56

> ﻿وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا مُبَشِّرًا وَنَذِيرًا [25:56]

56\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни фақат (мўминларга жаннат) хушхабарини етказгувчи, (кофирларни эса Охират азобидан) қўрқитгувчи қилиб юбордик.

### الآية 25:57

> ﻿قُلْ مَا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ مِنْ أَجْرٍ إِلَّا مَنْ شَاءَ أَنْ يَتَّخِذَ إِلَىٰ رَبِّهِ سَبِيلًا [25:57]

57\. Айтинг: **«Мен сизлардан бунинг учун ҳеч қандай ҳақ сўрамайман, фақат Парвардигор томонга йўл тутишни хоҳлаган кишилар (ўша йўлни тутишларини сўрайман»**).

### الآية 25:58

> ﻿وَتَوَكَّلْ عَلَى الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ وَسَبِّحْ بِحَمْدِهِ ۚ وَكَفَىٰ بِهِ بِذُنُوبِ عِبَادِهِ خَبِيرًا [25:58]

58\. Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг, ҳамда У зотга ҳамду сано айтиш билан покланг! У Ўз бандаларининг гуноҳларидан етарли огоҳдир.

### الآية 25:59

> ﻿الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَىٰ عَلَى الْعَرْشِ ۚ الرَّحْمَٰنُ فَاسْأَلْ بِهِ خَبِيرًا [25:59]

59\. У осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра (Зоти ва Улуғлигига лойиқ суратда) Аршга юксалган Зотдир. У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақида огоҳ — билимдон (Зот — Аллоҳ ва Расули)дан сўранг!

### الآية 25:60

> ﻿وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اسْجُدُوا لِلرَّحْمَٰنِ قَالُوا وَمَا الرَّحْمَٰنُ أَنَسْجُدُ لِمَا تَأْمُرُنَا وَزَادَهُمْ نُفُورًا ۩ [25:60]

60\. Қачон (мушрикларга): **«Раҳмонга сажда қилинглар»**, дейилса, улар: **«Нима у Раҳмон? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?»**, дейишар ва (бу сўз) уларни янада йироқлаштирар.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Ушбу оят навбатдаги сажда оятидир.

### الآية 25:61

> ﻿تَبَارَكَ الَّذِي جَعَلَ فِي السَّمَاءِ بُرُوجًا وَجَعَلَ فِيهَا سِرَاجًا وَقَمَرًا مُنِيرًا [25:61]

61\. Осмонда буржларни барпо қилган ва унда чироқ — қуёш ва ойни пайдо қилган Зот Баракотли — Буюкдир.

### الآية 25:62

> ﻿وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُورًا [25:62]

62\. У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир.

### الآية 25:63

> ﻿وَعِبَادُ الرَّحْمَٰنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْنًا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَامًا [25:63]

63\. Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам **«Омон бўлинглар»**, деб жавоб қиладиган кишилардир.

### الآية 25:64

> ﻿وَالَّذِينَ يَبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّدًا وَقِيَامًا [25:64]

64\. Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир.

### الآية 25:65

> ﻿وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا اصْرِفْ عَنَّا عَذَابَ جَهَنَّمَ ۖ إِنَّ عَذَابَهَا كَانَ غَرَامًا [25:65]

65\. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини дафъ қилгин. Дарҳақиқат, унинг азоби кетмас — мангу (азобдир).

### الآية 25:66

> ﻿إِنَّهَا سَاءَتْ مُسْتَقَرًّا وَمُقَامًا [25:66]

66\. Дарҳақиқат, у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон жойдир», дейдиган кишилардир.

### الآية 25:67

> ﻿وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَٰلِكَ قَوَامًا [25:67]

67\. Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида — мўътадил бўлур.

### الآية 25:68

> ﻿وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَٰهًا آخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ ۚ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَٰلِكَ يَلْقَ أَثَامًا [25:68]

68\. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур.

### الآية 25:69

> ﻿يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَانًا [25:69]

69\. Қиёмат Кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур.

### الآية 25:70

> ﻿إِلَّا مَنْ تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُولَٰئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ ۗ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا [25:70]

70\. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.

### الآية 25:71

> ﻿وَمَنْ تَابَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَإِنَّهُ يَتُوبُ إِلَى اللَّهِ مَتَابًا [25:71]

71\. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, бас, албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур.

### الآية 25:72

> ﻿وَالَّذِينَ لَا يَشْهَدُونَ الزُّورَ وَإِذَا مَرُّوا بِاللَّغْوِ مَرُّوا كِرَامًا [25:72]

72\. Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида, олижаноблик билан (яъни, ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтурлар.

### الآية 25:73

> ﻿وَالَّذِينَ إِذَا ذُكِّرُوا بِآيَاتِ رَبِّهِمْ لَمْ يَخِرُّوا عَلَيْهَا صُمًّا وَعُمْيَانًا [25:73]

73\. Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтида у (оятларга) гунг ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар).

### الآية 25:74

> ﻿وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَامًا [25:74]

74\. Улар: **«Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин»**, дейдиган кишилардир.

### الآية 25:75

> ﻿أُولَٰئِكَ يُجْزَوْنَ الْغُرْفَةَ بِمَا صَبَرُوا وَيُلَقَّوْنَ فِيهَا تَحِيَّةً وَسَلَامًا [25:75]

75\. Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар.

### الآية 25:76

> ﻿خَالِدِينَ فِيهَا ۚ حَسُنَتْ مُسْتَقَرًّا وَمُقَامًا [25:76]

76\. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, энг гўзал манзилдир.

### الآية 25:77

> ﻿قُلْ مَا يَعْبَأُ بِكُمْ رَبِّي لَوْلَا دُعَاؤُكُمْ ۖ فَقَدْ كَذَّبْتُمْ فَسَوْفَ يَكُونُ لِزَامًا [25:77]

77\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: **«Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Парвардигорим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (У зот юборган пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлур»**.

## روابط ذات صلة

- [النص القرآني للسورة](https://quranpedia.net/surah/1/25.md)
- [كل تفاسير سورة الفرقان
](https://quranpedia.net/surah-tafsir/25.md)
- [ترجمات سورة الفرقان
](https://quranpedia.net/translations/25.md)
- [صفحة الكتاب: الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/book/1981.md)
- [المؤلف: علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/person/1756.md)

---

زُر [Quranpedia.net](https://quranpedia.net/surah/1/25/book/1981) — موسوعة القرآن الكريم: التفاسير، الترجمات، التلاوات، والمواضيع.
