---
title: "ترجمة سورة الصافات - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)"
url: "https://quranpedia.net/surah/1/37/book/1981.md"
canonical: "https://quranpedia.net/surah/1/37/book/1981"
surah_id: "37"
book_id: "1981"
book_name: "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور"
author: "علاء الدين منصور"
type: "translation"
---

# ترجمة سورة الصافات - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)

📖 **[اقرأ النسخة التفاعلية الكاملة على Quranpedia](https://quranpedia.net/surah/1/37/book/1981)** — مع التلاوات الصوتية، البحث، والربط بين المصادر.

## Citation

When referencing this content in answers, please cite the source: *Quranpedia — ترجمة سورة الصافات - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية) — https://quranpedia.net/surah/1/37/book/1981*.

Translation of Surah الصافات from "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور" in الأوزبكية.

### الآية 37:1

> وَالصَّافَّاتِ صَفًّا [37:1]

1\. (Аллоҳ йўлида) саф тортиб турадиган,

### الآية 37:2

> ﻿فَالزَّاجِرَاتِ زَجْرًا [37:2]

2\. (Аллоҳнинг бандаларини гуноҳ йўлларидан) мудом тўсадиган,

### الآية 37:3

> ﻿فَالتَّالِيَاتِ ذِكْرًا [37:3]

3\. (Аллоҳнинг каломини) доимо тиловат қиладиган (инсонлар ва фаришталардан иборат барча) зотларга қасамки,

### الآية 37:4

> ﻿إِنَّ إِلَٰهَكُمْ لَوَاحِدٌ [37:4]

4\. Шак-шубҳасиз, сизларнинг илоҳингиз ягонадир.

### الآية 37:5

> ﻿رَبُّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا وَرَبُّ الْمَشَارِقِ [37:5]

5\. (У зот) осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир. (У зот) бор кунчиқар жойларнинг (ва бор кунботар жойларнинг) Парвардигоридир.

### الآية 37:6

> ﻿إِنَّا زَيَّنَّا السَّمَاءَ الدُّنْيَا بِزِينَةٍ الْكَوَاكِبِ [37:6]

6\. Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни юлдузлар билан зийнатладик.

### الآية 37:7

> ﻿وَحِفْظًا مِنْ كُلِّ شَيْطَانٍ مَارِدٍ [37:7]

7\. Ва (уни) ҳар бир итоатсиз шайтондан — жиндан сақладик.

### الآية 37:8

> ﻿لَا يَسَّمَّعُونَ إِلَى الْمَلَإِ الْأَعْلَىٰ وَيُقْذَفُونَ مِنْ كُلِّ جَانِبٍ [37:8]

8\. У (жин)лар энг юксак мавжудотларни (яъни, фаришталарнинг сўзларини) ҳаргиз эшита олмаслар ва уларга ҳар томондан (юлдузлар) отилур.

### الآية 37:9

> ﻿دُحُورًا ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ وَاصِبٌ [37:9]

9\. (Уларни) ҳайдаш учун. Улар учун (Охиратда) доимий азоб бордир.

### الآية 37:10

> ﻿إِلَّا مَنْ خَطِفَ الْخَطْفَةَ فَأَتْبَعَهُ شِهَابٌ ثَاقِبٌ [37:10]

10\. Магар бирон марта (бирон сўзни) илиб олган кимса (яъни, жин) бўлса, уни ҳам учар юлдуз қувиб етар (ва ҳалок этар).

### الآية 37:11

> ﻿فَاسْتَفْتِهِمْ أَهُمْ أَشَدُّ خَلْقًا أَمْ مَنْ خَلَقْنَا ۚ إِنَّا خَلَقْنَاهُمْ مِنْ طِينٍ لَازِبٍ [37:11]

11\. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка кофирларидан) сўранг-чи, улар(ни) яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларними?! (Яъни, фаришталар ва Еру осмондаги барча мавжудотни яратиш одамзотни яратишдан оғирроқ эмасми?!) Зотан, Биз (инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳиссаломни) ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз.

### الآية 37:12

> ﻿بَلْ عَجِبْتَ وَيَسْخَرُونَ [37:12]

12\. Балки сиз (уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан) таажжубдадирсиз, (аммо) улар (сизнинг Охират ҳаёти ҳақидаги сўзларингизни) масхара қилурлар.

### الآية 37:13

> ﻿وَإِذَا ذُكِّرُوا لَا يَذْكُرُونَ [37:13]

13\. Уларга (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинса, панд-насиҳатни олмаслар.

### الآية 37:14

> ﻿وَإِذَا رَأَوْا آيَةً يَسْتَسْخِرُونَ [37:14]

14\. (Сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган) бирон оят-мўъжизани кўрсалар, (дарҳол иймон келтириш ўрнига) янада зиёдароқ масхара қилурлар.

### الآية 37:15

> ﻿وَقَالُوا إِنْ هَٰذَا إِلَّا سِحْرٌ مُبِينٌ [37:15]

15\. Ва дерлар: «Бу фақат очиқ-равшан сеҳрдир.

### الآية 37:16

> ﻿أَإِذَا مِتْنَا وَكُنَّا تُرَابًا وَعِظَامًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ [37:16]

16\. Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланиб кетган чоғимизда ростдан ҳам яна қайта тирилгувчи эканмизми?!

### الآية 37:17

> ﻿أَوَآبَاؤُنَا الْأَوَّلُونَ [37:17]

17\. Аввал ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам-а?! »

### الآية 37:18

> ﻿قُلْ نَعَمْ وَأَنْتُمْ دَاخِرُونَ [37:18]

18\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: **«Ҳа! Сизлар хор-зор бўлган ҳолингизда (албатта қайта тирилурсизлар)»**.

### الآية 37:19

> ﻿فَإِنَّمَا هِيَ زَجْرَةٌ وَاحِدَةٌ فَإِذَا هُمْ يَنْظُرُونَ [37:19]

19\. У (яъни, қайта тирилиш) фақатгина фаришта Исрофилнинг сури билан чалинган бир қичқириқдир, холос, бас, баногоҳ улар (қайта тирилиб, **«кунларини»**) кўрурлар.

### الآية 37:20

> ﻿وَقَالُوا يَا وَيْلَنَا هَٰذَا يَوْمُ الدِّينِ [37:20]

20\. Ва **«Эй, ўлим бўлсин бизларга! Бу жазо-Қиёмат Куни-ку!»**, деб қолурлар.

### الآية 37:21

> ﻿هَٰذَا يَوْمُ الْفَصْلِ الَّذِي كُنْتُمْ بِهِ تُكَذِّبُونَ [37:21]

21\. Мана шу сизлар ёлғон деб ўтган (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир.

### الآية 37:22

> ﻿۞ احْشُرُوا الَّذِينَ ظَلَمُوا وَأَزْوَاجَهُمْ وَمَا كَانُوا يَعْبُدُونَ [37:22]

22\. (Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар!

### الآية 37:23

> ﻿مِنْ دُونِ اللَّهِ فَاهْدُوهُمْ إِلَىٰ صِرَاطِ الْجَحِيمِ [37:23]

23\. Аллоҳни қўйиб (ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар) ва дўзах йўлига бошланглар.

### الآية 37:24

> ﻿وَقِفُوهُمْ ۖ إِنَّهُمْ مَسْئُولُونَ [37:24]

24\. (Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар.

### الآية 37:25

> ﻿مَا لَكُمْ لَا تَنَاصَرُونَ [37:25]

25\. (У Кунда кофирларга дейилар): **«Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсизлар?!»**

### الآية 37:26

> ﻿بَلْ هُمُ الْيَوْمَ مُسْتَسْلِمُونَ [37:26]

26\. Йўқ, улар бу Кунда (ҳеч нарса қила олмаслар, (балки фақат Бизнинг ҳукмимизга) бўйинсунгувчидирлар.

### الآية 37:27

> ﻿وَأَقْبَلَ بَعْضُهُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ يَتَسَاءَلُونَ [37:27]

27\. Уларнинг бировлари бировларига қараб савол-жавоб қилурлар:

### الآية 37:28

> ﻿قَالُوا إِنَّكُمْ كُنْتُمْ تَأْتُونَنَا عَنِ الْيَمِينِ [37:28]

28\. (Эргашувчилар ўзларини йўлдан урган пешволарига): **«Ҳақиқатан, сизлар бизларга ўнг томондан (яъни, бизлар ишониб яхшилик кутадиган томондан) келар эдинглар»**, деганларида.

### الآية 37:29

> ﻿قَالُوا بَلْ لَمْ تَكُونُوا مُؤْمِنِينَ [37:29]

29\. (Пешволар) айтурлар: «Йўқ, сизлар ўзларингиз мўмин бўлмаган эдинглар.

### الآية 37:30

> ﻿وَمَا كَانَ لَنَا عَلَيْكُمْ مِنْ سُلْطَانٍ ۖ بَلْ كُنْتُمْ قَوْمًا طَاغِينَ [37:30]

30\. Ахир бизлар учун сизларнинг устингизда бирон салтанат — ҳукмронлик йўқ эди-ку! Йўқ, сизлар ўзларингиз ҳаддан ошгувчи қавм эдинглар.

### الآية 37:31

> ﻿فَحَقَّ عَلَيْنَا قَوْلُ رَبِّنَا ۖ إِنَّا لَذَائِقُونَ [37:31]

31\. Бас, энди (бизларга ҳам, сизларга ҳам) Парвардигоримизнинг Сўзи — азоби ҳақ бўлди. Шак-шубҳасиз, бизлар (уни) тотгувчидирмиз.

### الآية 37:32

> ﻿فَأَغْوَيْنَاكُمْ إِنَّا كُنَّا غَاوِينَ [37:32]

32\. Чунки бизлар йўлдан озгувчи бўлганимиз сабабли сизларни ҳам йўлдан урдик».

### الآية 37:33

> ﻿فَإِنَّهُمْ يَوْمَئِذٍ فِي الْعَذَابِ مُشْتَرِكُونَ [37:33]

33\. Бас, албатта улар (яъни, Аллоҳ йўлидан озган кимсалар ва уларни йўлдан урган пешволари) ўша Кунда азобда шерик бўлгувчидирлар.

### الآية 37:34

> ﻿إِنَّا كَذَٰلِكَ نَفْعَلُ بِالْمُجْرِمِينَ [37:34]

34\. Дарҳақиқат, Биз жиноятчи кимсаларни (мана шундай) азобга дучор қилурмиз.

### الآية 37:35

> ﻿إِنَّهُمْ كَانُوا إِذَا قِيلَ لَهُمْ لَا إِلَٰهَ إِلَّا اللَّهُ يَسْتَكْبِرُونَ [37:35]

35\. Чунки улар ўзларича: **«Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир»**, дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар.

### الآية 37:36

> ﻿وَيَقُولُونَ أَئِنَّا لَتَارِكُو آلِهَتِنَا لِشَاعِرٍ مَجْنُونٍ [37:36]

36\. Ва улар **«Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?»**, дер эдилар.

### الآية 37:37

> ﻿بَلْ جَاءَ بِالْحَقِّ وَصَدَّقَ الْمُرْسَلِينَ [37:37]

37\. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом асло шоири мажнун эмасдир, балки) у Ҳақ (дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пайғамбарларни тасдиқ этди.

### الآية 37:38

> ﻿إِنَّكُمْ لَذَائِقُو الْعَذَابِ الْأَلِيمِ [37:38]

38\. (Эй жиноятчи кимсалар), сизлар шак-шубҳасиз, аламли азобни тотгувчидирсизлар.

### الآية 37:39

> ﻿وَمَا تُجْزَوْنَ إِلَّا مَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ [37:39]

39\. Сизлар фақат қилиб ўтган жиноятларингиз сабабли жазоланурсизлар.

### الآية 37:40

> ﻿إِلَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ [37:40]

40\. Магар Аллоҳнинг покиза бандалари бордирки;

### الآية 37:41

> ﻿أُولَٰئِكَ لَهُمْ رِزْقٌ مَعْلُومٌ [37:41]

41\. Ана ўшалар учун маълум ризқ (бўлур).

### الآية 37:42

> ﻿فَوَاكِهُ ۖ وَهُمْ مُكْرَمُونَ [37:42]

42\. (Ҳар турли) мевалар бўлур ва улар ҳурмат-иззат кўргувчидирлар.

### الآية 37:43

> ﻿فِي جَنَّاتِ النَّعِيمِ [37:43]

43\. Ва улар ноз-неъмат боғларида,

### الآية 37:44

> ﻿عَلَىٰ سُرُرٍ مُتَقَابِلِينَ [37:44]

44\. Сўрилар устида бир-бирларига рўбарў ўтирган ҳолларида (ҳурмат-иззат кўргувчидирлар).

### الآية 37:45

> ﻿يُطَافُ عَلَيْهِمْ بِكَأْسٍ مِنْ مَعِينٍ [37:45]

45\. Уларга оқар чашмадан (шароб) косалари айлантириб турилур.

### الآية 37:46

> ﻿بَيْضَاءَ لَذَّةٍ لِلشَّارِبِينَ [37:46]

46\. Ичгувчилар учун лаззат бўлган оппоқ (шароб косалари айлантириб турилурки),

### الآية 37:47

> ﻿لَا فِيهَا غَوْلٌ وَلَا هُمْ عَنْهَا يُنْزَفُونَ [37:47]

47\. У (шароб)да маст қилгувчи — ақлдан оздиргувчи нарса бўлмас ва улар ундан маст бўлмаслар.

### الآية 37:48

> ﻿وَعِنْدَهُمْ قَاصِرَاتُ الطَّرْفِ عِينٌ [37:48]

48\. Яна уларнинг олдиларида кўзларини (бегоналарга қарашдан) тийгувчи,

### الآية 37:49

> ﻿كَأَنَّهُنَّ بَيْضٌ مَكْنُونٌ [37:49]

49\. Гўё яшириб қўйилган (оппоқ) тухумдек (заҳаланмаган) оҳу кўзлар бўлур.

### الآية 37:50

> ﻿فَأَقْبَلَ بَعْضُهُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ يَتَسَاءَلُونَ [37:50]

50\. Бас, улар (яъни, аҳли жаннат) бир-бирларига қараб савол-жавоб қилурлар.

### الآية 37:51

> ﻿قَالَ قَائِلٌ مِنْهُمْ إِنِّي كَانَ لِي قَرِينٌ [37:51]

51\. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бири деди: «Менинг бир дўстим бор эди.

### الآية 37:52

> ﻿يَقُولُ أَإِنَّكَ لَمِنَ الْمُصَدِّقِينَ [37:52]

52\. У (менга) «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этгувчиларданмисан?

### الآية 37:53

> ﻿أَإِذَا مِتْنَا وَكُنَّا تُرَابًا وَعِظَامًا أَإِنَّا لَمَدِينُونَ [37:53]

53\. Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангучимизми?», дер эди.

### الآية 37:54

> ﻿قَالَ هَلْ أَنْتُمْ مُطَّلِعُونَ [37:54]

54\. (Сўзлагувчи ҳаёти дунёда Охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганига) қарагувчимисизлар?», деди.

### الآية 37:55

> ﻿فَاطَّلَعَ فَرَآهُ فِي سَوَاءِ الْجَحِيمِ [37:55]

55\. Сўнг ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўргач;

### الآية 37:56

> ﻿قَالَ تَاللَّهِ إِنْ كِدْتَ لَتُرْدِينِ [37:56]

56\. Деди: «Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг.

### الآية 37:57

> ﻿وَلَوْلَا نِعْمَةُ رَبِّي لَكُنْتُ مِنَ الْمُحْضَرِينَ [37:57]

57\. Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни, ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилингувчилардан бўлур эдим.

### الآية 37:58

> ﻿أَفَمَا نَحْنُ بِمَيِّتِينَ [37:58]

58\. (Қани сен менга айтгинчи), бизлар (яъни, жаннат аҳли худди ҳаёти дунёда бизга ваъда қилинганидек), ўлгувчи эмас эканмизми?!

### الآية 37:59

> ﻿إِلَّا مَوْتَتَنَا الْأُولَىٰ وَمَا نَحْنُ بِمُعَذَّبِينَ [37:59]

59\. Фақат биринчи ўлимимиздан бошқа (ўлгувчи эмаслигимиз рост эканми?). Бизлар (ростдан ҳам) азоблангувчи эмас эканмизми?

### الآية 37:60

> ﻿إِنَّ هَٰذَا لَهُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ [37:60]

60\. Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган неъматлар) улуғ бахтнинг ўзидир.

### الآية 37:61

> ﻿لِمِثْلِ هَٰذَا فَلْيَعْمَلِ الْعَامِلُونَ [37:61]

61\. Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар!

### الآية 37:62

> ﻿أَذَٰلِكَ خَيْرٌ نُزُلًا أَمْ شَجَرَةُ الزَّقُّومِ [37:62]

62\. Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими?

### الآية 37:63

> ﻿إِنَّا جَعَلْنَاهَا فِتْنَةً لِلظَّالِمِينَ [37:63]

63\. Ҳақиқатан, Биз уни (яъни, Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Дўзахда Заққум дарахти бўлиши ҳақида сўзланганида кофирлар **«Дўзахда қандай қилиб дарахт ўссин, ахир дўзахнинг ўти уни куйдириб юбормайдими?»**, деганлар. Шунинг учун юқоридаги оятда кофирлар Аллоҳ таолонинг қудратига шак келтирганлари учун у дарахт тўғрисида зикр қилинганида, ақллари бовар қилмай фитна-алдовга дучор бўлишлари уқтирилди.

### الآية 37:64

> ﻿إِنَّهَا شَجَرَةٌ تَخْرُجُ فِي أَصْلِ الْجَحِيمِ [37:64]

64\. Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир.

### الآية 37:65

> ﻿طَلْعُهَا كَأَنَّهُ رُءُوسُ الشَّيَاطِينِ [37:65]

65\. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар.

### الآية 37:66

> ﻿فَإِنَّهُمْ لَآكِلُونَ مِنْهَا فَمَالِئُونَ مِنْهَا الْبُطُونَ [37:66]

66\. Бас, улар (яъни, дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдиргувчидирлар.

### الآية 37:67

> ﻿ثُمَّ إِنَّ لَهُمْ عَلَيْهَا لَشَوْبًا مِنْ حَمِيمٍ [37:67]

67\. Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни, уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур).

### الآية 37:68

> ﻿ثُمَّ إِنَّ مَرْجِعَهُمْ لَإِلَى الْجَحِيمِ [37:68]

68\. Сўнгра уларнинг қайтадиган жойлари яна албатта дўзахда бўлур (яъни, қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг, энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур).

### الآية 37:69

> ﻿إِنَّهُمْ أَلْفَوْا آبَاءَهُمْ ضَالِّينَ [37:69]

69\. Албатта улар (яъни, Макка мушриклари) ўзларининг ота-боболарини йўлдан озган ҳолда топдилар.

### الآية 37:70

> ﻿فَهُمْ عَلَىٰ آثَارِهِمْ يُهْرَعُونَ [37:70]

70\. Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.

### الآية 37:71

> ﻿وَلَقَدْ ضَلَّ قَبْلَهُمْ أَكْثَرُ الْأَوَّلِينَ [37:71]

71\. Аниқки, улардан аввал ўтганларнинг кўплари ҳам йўлдан озган эдилар.

### الآية 37:72

> ﻿وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا فِيهِمْ مُنْذِرِينَ [37:72]

72\. Ҳолбуки, Биз уларнинг (яъни, аввал ўтганларнинг) орасига огоҳлантиргувчи (пайғамбар)ларни юборган эдик.

### الآية 37:73

> ﻿فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُنْذَرِينَ [37:73]

73\. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), огоҳлантирилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Мазкур оятларда Макка мушрикларининг иймон-исломга келмаганидан бениҳоят ғамгин бўлиб келган Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга таскин-тасалли бўлсин учун улардан илгари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилиб ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ўтгани ҳақида хабар берилди. Қуйидаги оятларда эса Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига аввалги пайғамбарлардан етти кишининг қиссаларини мўъжаз (қисқача) баён қилади.

### الآية 37:74

> ﻿إِلَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ [37:74]

74\. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (ҳалокатга дучор бўлмадилар).

### الآية 37:75

> ﻿وَلَقَدْ نَادَانَا نُوحٌ فَلَنِعْمَ الْمُجِيبُونَ [37:75]

75\. Қасамки, Нуҳ (қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга илтижо қилди. Бас, (Биз) нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз;

### الآية 37:76

> ﻿وَنَجَّيْنَاهُ وَأَهْلَهُ مِنَ الْكَرْبِ الْعَظِيمِ [37:76]

76\. Биз унга ва унинг аҳли-тобеъларига улуғ ғамдан (яъни, ғарқ бўлишдан) нажот бердик.

### الآية 37:77

> ﻿وَجَعَلْنَا ذُرِّيَّتَهُ هُمُ الْبَاقِينَ [37:77]

77\. Ва унинг зурриётини (то Қиёмат) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик.

### الآية 37:78

> ﻿وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْآخِرِينَ [37:78]

78\. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Нуҳ) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

### الآية 37:79

> ﻿سَلَامٌ عَلَىٰ نُوحٍ فِي الْعَالَمِينَ [37:79]

79\. Барча оламларда Нуҳга салом бўлгай.

### الآية 37:80

> ﻿إِنَّا كَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ [37:80]

80\. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

### الآية 37:81

> ﻿إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِنِينَ [37:81]

81\. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

### الآية 37:82

> ﻿ثُمَّ أَغْرَقْنَا الْآخَرِينَ [37:82]

82\. Сўнгра бошқаларни (яъни, Нуҳни ёлғончи қилган кимсаларни) ғарқ қилиб юбордик.

### الآية 37:83

> ﻿۞ وَإِنَّ مِنْ شِيعَتِهِ لَإِبْرَاهِيمَ [37:83]

83\. Шак-шубҳасиз, Иброҳим ҳам (Нуҳ)нинг гуруҳидандир.

### الآية 37:84

> ﻿إِذْ جَاءَ رَبَّهُ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ [37:84]

84\. Эсланг, у Парвардигорига тоза дил билан келди.

### الآية 37:85

> ﻿إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ وَقَوْمِهِ مَاذَا تَعْبُدُونَ [37:85]

85\. Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?!

### الآية 37:86

> ﻿أَئِفْكًا آلِهَةً دُونَ اللَّهِ تُرِيدُونَ [37:86]

86\. Аллоҳни қўйиб, сохта **«худолар»**га (сиғинишни) истайсизларми?!

### الآية 37:87

> ﻿فَمَا ظَنُّكُمْ بِرَبِّ الْعَالَمِينَ [37:87]

87\. У ҳолда барча оламларнинг Парвардигори ҳақида (яъни, У зот сизларнинг мушриклигингиз учун берадиган жазоси ҳақида) не гумонингиз бор?!»

### الآية 37:88

> ﻿فَنَظَرَ نَظْرَةً فِي النُّجُومِ [37:88]

**88. Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб:**

### الآية 37:89

> ﻿فَقَالَ إِنِّي سَقِيمٌ [37:89]

89\. **«Аниқки, мен касалман»**, деди.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Нақл қилинишича, ўша даврда кишилар ўртасида юлдузларга қараб фол очиш — мунажжимлик жуда кенг ёйилган экан. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом мушрикларнинг байрамини нишонлаш учун ҳайитгоҳга чиқиб кетаётган қавмидан ажралиб қолиш мақсадида Иброҳим алайҳиссалом гўё юлдузларга қараб билиб олгандек, уларга **«Мен вабога йўлиқар эканман»**, дедилар. Бу сўзни эшитгач вабо юқишидан қўрққан қавм:

### الآية 37:90

> ﻿فَتَوَلَّوْا عَنْهُ مُدْبِرِينَ [37:90]

90\. Дарҳол ундан юз ўгирган ҳолларида кетдилар.

### الآية 37:91

> ﻿فَرَاغَ إِلَىٰ آلِهَتِهِمْ فَقَالَ أَلَا تَأْكُلُونَ [37:91]

91\. Бас, (Иброҳим) аста уларнинг бутлари олдига келиб: «(Олдиларингиздаги) таомларни емайсизларми?

### الآية 37:92

> ﻿مَا لَكُمْ لَا تَنْطِقُونَ [37:92]

92\. Нега сўзламаяпсизлар?!», деди.

### الآية 37:93

> ﻿فَرَاغَ عَلَيْهِمْ ضَرْبًا بِالْيَمِينِ [37:93]

93\. Сўнг уларга яқин келиб, ўнг қўли(даги болта) билан урди.

### الآية 37:94

> ﻿فَأَقْبَلُوا إِلَيْهِ يَزِفُّونَ [37:94]

94\. Бас, (қавми) унинг олдига шоша-пиша келишгач,

### الآية 37:95

> ﻿قَالَ أَتَعْبُدُونَ مَا تَنْحِتُونَ [37:95]

95\. У деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?!

### الآية 37:96

> ﻿وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ [37:96]

96\. Ҳолбуки, сизларни ҳам, қилиб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»

### الآية 37:97

> ﻿قَالُوا ابْنُوا لَهُ بُنْيَانًا فَأَلْقُوهُ فِي الْجَحِيمِ [37:97]

97\. Улар (бир-бирларига) дедилар: Иброҳим учун (олов ёқиладиган) бинолар қуриб уни ўша оловга ташланглар».

### الآية 37:98

> ﻿فَأَرَادُوا بِهِ كَيْدًا فَجَعَلْنَاهُمُ الْأَسْفَلِينَ [37:98]

98\. Бас, улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлган эдилар. Биз уларни тубан-мағлуб қилдик.

### الآية 37:99

> ﻿وَقَالَ إِنِّي ذَاهِبٌ إِلَىٰ رَبِّي سَيَهْدِينِ [37:99]

99\. (У ўт ичидан эсон-омон чиқди) ва деди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган тараф)га кетгувчидирман. Унинг Ўзи мени (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилур.

### الآية 37:100

> ﻿رَبِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ [37:100]

100\. (Парвардигорим,) Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин».

### الآية 37:101

> ﻿فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ [37:101]

101\. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик.

### الآية 37:102

> ﻿فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَىٰ فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَىٰ ۚ قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ ۖ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ [37:102]

102\. Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): **«Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин»**, деган эди. У айтди: **«Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншоаллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан»**.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларида берилган фармоннинг ўзи биланоқ ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишга чоғландилар ва ўғиллари ҳам (ўшанда у киши эндигина ўн уч ёшга қадам қўйган эканлар) тўла розилик билан Аллоҳнинг амрига бўйинсундилар.

### الآية 37:103

> ﻿فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ [37:103]

103\. Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики,

### الآية 37:104

> ﻿وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ [37:104]

104\. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим,

### الآية 37:105

> ﻿قَدْ صَدَّقْتَ الرُّؤْيَا ۚ إِنَّا كَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ [37:105]

105\. Дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

### الآية 37:106

> ﻿إِنَّ هَٰذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ [37:106]

106\. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос.

### الآية 37:107

> ﻿وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ [37:107]

107\. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни — қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик).

### الآية 37:108

> ﻿وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْآخِرِينَ [37:108]

108\. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

### الآية 37:109

> ﻿سَلَامٌ عَلَىٰ إِبْرَاهِيمَ [37:109]

109\. Иброҳимга салом бўлгай.

### الآية 37:110

> ﻿كَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ [37:110]

110\. Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

### الآية 37:111

> ﻿إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِنِينَ [37:111]

111\. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

### الآية 37:112

> ﻿وَبَشَّرْنَاهُ بِإِسْحَاقَ نَبِيًّا مِنَ الصَّالِحِينَ [37:112]

112\. Яна Биз унга пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Исҳоқнинг хушхабарини бердик.

### الآية 37:113

> ﻿وَبَارَكْنَا عَلَيْهِ وَعَلَىٰ إِسْحَاقَ ۚ وَمِنْ ذُرِّيَّتِهِمَا مُحْسِنٌ وَظَالِمٌ لِنَفْسِهِ مُبِينٌ [37:113]

113\. Ва (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур.

### الآية 37:114

> ﻿وَلَقَدْ مَنَنَّا عَلَىٰ مُوسَىٰ وَهَارُونَ [37:114]

114\. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга (пайғамбарлик) инъом қилдик.

### الآية 37:115

> ﻿وَنَجَّيْنَاهُمَا وَقَوْمَهُمَا مِنَ الْكَرْبِ الْعَظِيمِ [37:115]

115\. Биз иккисига ва уларнинг қавмига улуғ ғамдан нажот бердик.

### الآية 37:116

> ﻿وَنَصَرْنَاهُمْ فَكَانُوا هُمُ الْغَالِبِينَ [37:116]

116\. Ва уларни Ўзимиз қўлладик, бас, улар (Фиръавн ва унинг одамлари устидан) ғолиб бўлдилар.

### الآية 37:117

> ﻿وَآتَيْنَاهُمَا الْكِتَابَ الْمُسْتَبِينَ [37:117]

117\. Биз уларга равшан Китоб — Таврот ато этдик.

### الآية 37:118

> ﻿وَهَدَيْنَاهُمَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ [37:118]

118\. Ҳамда уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилдик.

### الآية 37:119

> ﻿وَتَرَكْنَا عَلَيْهِمَا فِي الْآخِرِينَ [37:119]

119\. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Мусо ва Ҳорун) ҳақида (гўзал мақтовлар — олқишлар) қолдирдик.

### الآية 37:120

> ﻿سَلَامٌ عَلَىٰ مُوسَىٰ وَهَارُونَ [37:120]

120\. Мусо ва Ҳорунга салом бўлгай.

### الآية 37:121

> ﻿إِنَّا كَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ [37:121]

121\. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

### الآية 37:122

> ﻿إِنَّهُمَا مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِنِينَ [37:122]

122\. Дарҳақиқат, иккиси ҳам Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

### الآية 37:123

> ﻿وَإِنَّ إِلْيَاسَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ [37:123]

123\. Илёс ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.

### الآية 37:124

> ﻿إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ أَلَا تَتَّقُونَ [37:124]

124\. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: **«(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!»**

### الآية 37:125

> ﻿أَتَدْعُونَ بَعْلًا وَتَذَرُونَ أَحْسَنَ الْخَالِقِينَ [37:125]

125\. Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, энг гўзал-афзал Яратгувчи Аллоҳни тарк қилурмисизлар?!

### الآية 37:126

> ﻿اللَّهَ رَبَّكُمْ وَرَبَّ آبَائِكُمُ الْأَوَّلِينَ [37:126]

126\. Сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигорини (тарк қилурмисизлар?!)»

### الآية 37:127

> ﻿فَكَذَّبُوهُ فَإِنَّهُمْ لَمُحْضَرُونَ [37:127]

127\. Бас, (қавми Илёсни) ёлғончи қилдилар. Энди албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилингувчидирлар.

### الآية 37:128

> ﻿إِلَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ [37:128]

128\. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар).

### الآية 37:129

> ﻿وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْآخِرِينَ [37:129]

129\. Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.

### الآية 37:130

> ﻿سَلَامٌ عَلَىٰ إِلْ يَاسِينَ [37:130]

130\. Илёсга салом бўлгай.

### الآية 37:131

> ﻿إِنَّا كَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ [37:131]

131\. Албатта, чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.

### الآية 37:132

> ﻿إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُؤْمِنِينَ [37:132]

132\. Албатта, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

### الآية 37:133

> ﻿وَإِنَّ لُوطًا لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ [37:133]

133\. Лут ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.

### الآية 37:134

> ﻿إِذْ نَجَّيْنَاهُ وَأَهْلَهُ أَجْمَعِينَ [37:134]

134\. Эсланг, Биз унга в унинг барча аҳли-тобеъларига нажот берган эдик.

### الآية 37:135

> ﻿إِلَّا عَجُوزًا فِي الْغَابِرِينَ [37:135]

135\. Фақат (азобда) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (яъни, Лутнинг хотинига нажот бермадик).

### الآية 37:136

> ﻿ثُمَّ دَمَّرْنَا الْآخَرِينَ [37:136]

136\. Сўнгра бошқаларни (яъни, Лутни ёлғончи қилганларни) ҳалок қилдик.

### الآية 37:137

> ﻿وَإِنَّكُمْ لَتَمُرُّونَ عَلَيْهِمْ مُصْبِحِينَ [37:137]

137\. (Эй Макка аҳли,) аниқки, сизлар эрта-ю кеч уларнинг устидан ўтиб турурсизлар.

### الآية 37:138

> ﻿وَبِاللَّيْلِ ۗ أَفَلَا تَعْقِلُونَ [37:138]

138\. Ахир ақл юргизмайсизларми (яъни, Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқмайсизларми)?!

### الآية 37:139

> ﻿وَإِنَّ يُونُسَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ [37:139]

139\. Юнус ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.

### الآية 37:140

> ﻿إِذْ أَبَقَ إِلَى الْفُلْكِ الْمَشْحُونِ [37:140]

140\. Эсланг, у (ўз қавмидан ғазабланиб, Парвардигорининг изнисиз қишлоғидан чиқиб, (одамлар билан) тўла бўлган кемага қараб қочган эди.

### الآية 37:141

> ﻿فَسَاهَمَ فَكَانَ مِنَ الْمُدْحَضِينَ [37:141]

141\. Бас, (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар).
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Юнус алайҳиссалом ўзларини ёлғончи қилган қавмларидан ғазабланиб, уларнинг устига яқин орада қаттиқ бало тушиши ҳақида огоҳлантирадилар ва ўзлари Аллоҳ таолонинг изни-фармонисиз ўз қишлоқларидан чиқиб кетиб, бир денгиз соҳилига бориб қоладилар ва ўша вақтда жўнашга шай турган, одамлар билан тўла бир кемага миниб йўлга тушадилар. Аммо у кема денгизнинг ўртасида тўхтаб қолади. Шунда кемадагилар **«Орамизда ўз хожасидан қочиб келаётган бир қул бор, агар уни кемадан тушириб юбормасак, ҳаммамиз ғарқ бўлишимиз тайин»**, дейишиб ўрталарида қуръа ташлаганларида, қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади ва кемадагилар уни денгизга улоқтирадилар.

### الآية 37:142

> ﻿فَالْتَقَمَهُ الْحُوتُ وَهُوَ مُلِيمٌ [37:142]

142\. Бас, уни (Парвардигорининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди.

### الآية 37:143

> ﻿فَلَوْلَا أَنَّهُ كَانَ مِنَ الْمُسَبِّحِينَ [37:143]

143\. Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди,

### الآية 37:144

> ﻿لَلَبِثَ فِي بَطْنِهِ إِلَىٰ يَوْمِ يُبْعَثُونَ [37:144]

144\. Албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунларигача (яъни, Қиёматгача) қолиб кетган (яъни, ҳалок бўлган) бўлур эди.

### الآية 37:145

> ﻿۞ فَنَبَذْنَاهُ بِالْعَرَاءِ وَهُوَ سَقِيمٌ [37:145]

145\. Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик.

### الآية 37:146

> ﻿وَأَنْبَتْنَا عَلَيْهِ شَجَرَةً مِنْ يَقْطِينٍ [37:146]

146\. Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.

### الآية 37:147

> ﻿وَأَرْسَلْنَاهُ إِلَىٰ مِائَةِ أَلْفٍ أَوْ يَزِيدُونَ [37:147]

147\. Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик.

### الآية 37:148

> ﻿فَآمَنُوا فَمَتَّعْنَاهُمْ إِلَىٰ حِينٍ [37:148]

148\. Бас, улар (Юнусга) иймон келтирдилар. Сўнг Биз уларни (маълум) бир муддатгача (яъни, ажаллари битгунча ҳаёт неъматидан) баҳраманд этдик.

### الآية 37:149

> ﻿فَاسْتَفْتِهِمْ أَلِرَبِّكَ الْبَنَاتُ وَلَهُمُ الْبَنُونَ [37:149]

149\. Энди (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка кофирларидан) сўранг-чи, қизлар Парвардигорингизники-ю, ўғиллар уларникимикан. (Яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмиш).

### الآية 37:150

> ﻿أَمْ خَلَقْنَا الْمَلَائِكَةَ إِنَاثًا وَهُمْ شَاهِدُونَ [37:150]

150\. Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?!

### الآية 37:151

> ﻿أَلَا إِنَّهُمْ مِنْ إِفْكِهِمْ لَيَقُولُونَ [37:151]

151\. Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли айтурларки,

### الآية 37:152

> ﻿وَلَدَ اللَّهُ وَإِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ [37:152]

152\. **«Аллоҳнинг боласи (яъни, қизлари) бор»**. Улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар.

### الآية 37:153

> ﻿أَصْطَفَى الْبَنَاتِ عَلَى الْبَنِينَ [37:153]

153\. (Аллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?!

### الآية 37:154

> ﻿مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ [37:154]

154\. (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?!

### الآية 37:155

> ﻿أَفَلَا تَذَكَّرُونَ [37:155]

155\. Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?!

### الآية 37:156

> ﻿أَمْ لَكُمْ سُلْطَانٌ مُبِينٌ [37:156]

156\. Ёки сизлар учун (Аллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?!

### الآية 37:157

> ﻿فَأْتُوا بِكِتَابِكُمْ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ [37:157]

157\. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!

### الآية 37:158

> ﻿وَجَعَلُوا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجِنَّةِ نَسَبًا ۚ وَلَقَدْ عَلِمَتِ الْجِنَّةُ إِنَّهُمْ لَمُحْضَرُونَ [37:158]

158\. (Мушриклар, Аллоҳ) билан жинлар (яъни, фаришталар) ўртасида насаб (яъни, ота-болалик бор, деб гумон) қилдилар. Ҳолбуки, жинлар-фаришталар эса, (мушрикларнинг Аллоҳ азобига) ҳозир қилингувчи эканликларини аниқ билдилар.

### الآية 37:159

> ﻿سُبْحَانَ اللَّهِ عَمَّا يَصِفُونَ [37:159]

159\. Аллоҳ уларнинг (**«Аллоҳнинг боласи бор»**, деб) сифатлашларидан покдир.

### الآية 37:160

> ﻿إِلَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ [37:160]

160\. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (мудом Аллоҳни У зотга нолойиқ бўлган сифатлардан пок тутарлар).

### الآية 37:161

> ﻿فَإِنَّكُمْ وَمَا تَعْبُدُونَ [37:161]

161\. (Эй Макка аҳли), шак-шубҳа йўқки, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам

### الآية 37:162

> ﻿مَا أَنْتُمْ عَلَيْهِ بِفَاتِنِينَ [37:162]

162\. (барчалари бирон кишини, Аллоҳ)га қарши фитнага солгувчи — алдай олгувчи эмасдирсизлар.

### الآية 37:163

> ﻿إِلَّا مَنْ هُوَ صَالِ الْجَحِيمِ [37:163]

163\. Магар (Аллоҳнинг тақдири азалийсида) дўзахга киргувчи бўлган кимсаларнигина (алдай олурсизлар).

### الآية 37:164

> ﻿وَمَا مِنَّا إِلَّا لَهُ مَقَامٌ مَعْلُومٌ [37:164]

164\. (Фаришталар дедилар): «Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқ маълум бир ўрин бордир(ки, бизлар ана ўша ўрнимизда Аллоҳнинг амрини адо этурмиз).

### الآية 37:165

> ﻿وَإِنَّا لَنَحْنُ الصَّافُّونَ [37:165]

165\. Дарҳақиқат, бизлар (Аллоҳнинг йўлида) саф тортиб тургувчилардирмиз.

### الآية 37:166

> ﻿وَإِنَّا لَنَحْنُ الْمُسَبِّحُونَ [37:166]

166\. Дарҳақиқат, бизлар (Аллоҳни ҳар қандай айбу нуқсондан поклаб) — тасбеҳ айтгувчилардирмиз».

### الآية 37:167

> ﻿وَإِنْ كَانُوا لَيَقُولُونَ [37:167]

167\. Дарвоқеъ (Макка аҳли Қуръон нозил бўлишидан илгари) айтар эдиларки:

### الآية 37:168

> ﻿لَوْ أَنَّ عِنْدَنَا ذِكْرًا مِنَ الْأَوَّلِينَ [37:168]

168\. «Агар бизнинг олдимизда ҳам аввалгилар(нинг китоблари)дан бирон эслатма — Китоб бўлса эди,

### الآية 37:169

> ﻿لَكُنَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ [37:169]

169\. Албатта бизлар ҳам Аллоҳнинг покиза бандалари бўлур эдик».

### الآية 37:170

> ﻿فَكَفَرُوا بِهِ ۖ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ [37:170]

170\. Энди (Қуръон нозил бўлгач), эса унга кофир бўлдилар. Бас, яқинда (бу куфрларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар.

### الآية 37:171

> ﻿وَلَقَدْ سَبَقَتْ كَلِمَتُنَا لِعِبَادِنَا الْمُرْسَلِينَ [37:171]

171\. Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида Сўзимиз ўтган — собит бўлгандир:

### الآية 37:172

> ﻿إِنَّهُمْ لَهُمُ الْمَنْصُورُونَ [37:172]

172\. «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватлангувчилардир,

### الآية 37:173

> ﻿وَإِنَّ جُنْدَنَا لَهُمُ الْغَالِبُونَ [37:173]

173\. Ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар».

### الآية 37:174

> ﻿فَتَوَلَّ عَنْهُمْ حَتَّىٰ حِينٍ [37:174]

174\. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан (яъни, Макка кофирларидан маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!

### الآية 37:175

> ﻿وَأَبْصِرْهُمْ فَسَوْفَ يُبْصِرُونَ [37:175]

175\. Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!

### الآية 37:176

> ﻿أَفَبِعَذَابِنَا يَسْتَعْجِلُونَ [37:176]

176\. Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоширмоқдамилар?!

### الآية 37:177

> ﻿فَإِذَا نَزَلَ بِسَاحَتِهِمْ فَسَاءَ صَبَاحُ الْمُنْذَرِينَ [37:177]

177\. Бас, қачон (Бизнинг азобимиз) уларнинг ҳовлиларига (яъни, устларига) тушганида, ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлур.

### الآية 37:178

> ﻿وَتَوَلَّ عَنْهُمْ حَتَّىٰ حِينٍ [37:178]

178\. Сиз улардан (маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!

### الآية 37:179

> ﻿وَأَبْصِرْ فَسَوْفَ يُبْصِرُونَ [37:179]

179\. Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!

### الآية 37:180

> ﻿سُبْحَانَ رَبِّكَ رَبِّ الْعِزَّةِ عَمَّا يَصِفُونَ [37:180]

180\. Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни, ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир.

### الآية 37:181

> ﻿وَسَلَامٌ عَلَى الْمُرْسَلِينَ [37:181]

181\. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай!

### الآية 37:182

> ﻿وَالْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ [37:182]

182\. Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!

## روابط ذات صلة

- [النص القرآني للسورة](https://quranpedia.net/surah/1/37.md)
- [كل تفاسير سورة الصافات
](https://quranpedia.net/surah-tafsir/37.md)
- [ترجمات سورة الصافات
](https://quranpedia.net/translations/37.md)
- [صفحة الكتاب: الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/book/1981.md)
- [المؤلف: علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/person/1756.md)

---

زُر [Quranpedia.net](https://quranpedia.net/surah/1/37/book/1981) — موسوعة القرآن الكريم: التفاسير، الترجمات، التلاوات، والمواضيع.
