---
title: "ترجمة سورة غافر - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)"
url: "https://quranpedia.net/surah/1/40/book/1981.md"
canonical: "https://quranpedia.net/surah/1/40/book/1981"
surah_id: "40"
book_id: "1981"
book_name: "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور"
author: "علاء الدين منصور"
type: "translation"
---

# ترجمة سورة غافر - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)

📖 **[اقرأ النسخة التفاعلية الكاملة على Quranpedia](https://quranpedia.net/surah/1/40/book/1981)** — مع التلاوات الصوتية، البحث، والربط بين المصادر.

## Citation

When referencing this content in answers, please cite the source: *Quranpedia — ترجمة سورة غافر - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية) — https://quranpedia.net/surah/1/40/book/1981*.

Translation of Surah غافر from "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور" in الأوزبكية.

### الآية 40:1

> حم [40:1]

1\. Ҳо, Мим.

### الآية 40:2

> ﻿تَنْزِيلُ الْكِتَابِ مِنَ اللَّهِ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ [40:2]

2\. (Ушбу Қуръон) қудратли ва билгувчи Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.

### الآية 40:3

> ﻿غَافِرِ الذَّنْبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ شَدِيدِ الْعِقَابِ ذِي الطَّوْلِ ۖ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ۖ إِلَيْهِ الْمَصِيرُ [40:3]

3\. (У зот) гуноҳни мағфират қилгувчи, тавба-тазарруъни қабул қилгувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон Эгасидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур.

### الآية 40:4

> ﻿مَا يُجَادِلُ فِي آيَاتِ اللَّهِ إِلَّا الَّذِينَ كَفَرُوا فَلَا يَغْرُرْكَ تَقَلُّبُهُمْ فِي الْبِلَادِ [40:4]

4\. Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсаларгина талашиб-тортишурлар. Бас, сизни уларнинг шаҳарларида кезишлари алдаб қўймасин!
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Ушбу оятда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ва барча мўминларга хитоб қилиниб, Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмаган кимсаларнинг Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлмай соғ-саломат шаҳарма-шаҳар кезиб юришлари ва савдо-сотиқлари ҳам ривож топаётганини кўриб, алданиб қолмасликлари лозимлиги уқтирилмоқда. Ҳамда ундай кимсалар гарчи бу фоний дунёда айшу-ишрат билан ўтсалар-да, Охиратда мангу азобга гирифтор бўлишлари шубҳасиз эканлигига ишора қилинмоқда.

### الآية 40:5

> ﻿كَذَّبَتْ قَبْلَهُمْ قَوْمُ نُوحٍ وَالْأَحْزَابُ مِنْ بَعْدِهِمْ ۖ وَهَمَّتْ كُلُّ أُمَّةٍ بِرَسُولِهِمْ لِيَأْخُذُوهُ ۖ وَجَادَلُوا بِالْبَاطِلِ لِيُدْحِضُوا بِهِ الْحَقَّ فَأَخَذْتُهُمْ ۖ فَكَيْفَ كَانَ عِقَابِ [40:5]

5\. Улардан (яъни, Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва у (қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар. (Ўша миллатлардан) ҳар бир миллат ўзларининг пайғамбарларини тутишга-ўлдиришга қасд қилган ва ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўлган эдилар. Шунда Мен уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг азобим қандай бўлди?!

### الآية 40:6

> ﻿وَكَذَٰلِكَ حَقَّتْ كَلِمَتُ رَبِّكَ عَلَى الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّهُمْ أَصْحَابُ النَّارِ [40:6]

6\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сизнинг қавмингиз орасидаги) кофир бўлган кимсаларнинг устига ҳам Парвардигорингизнинг Сўзи — азоби мана шундай ҳақ бўлгандир, албатта улар дўзах эгаларидир.

### الآية 40:7

> ﻿الَّذِينَ يَحْمِلُونَ الْعَرْشَ وَمَنْ حَوْلَهُ يُسَبِّحُونَ بِحَمْدِ رَبِّهِمْ وَيُؤْمِنُونَ بِهِ وَيَسْتَغْفِرُونَ لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا وَسِعْتَ كُلَّ شَيْءٍ رَحْمَةً وَعِلْمًا فَاغْفِرْ لِلَّذِينَ تَابُوا وَاتَّبَعُوا سَبِيلَكَ وَقِهِمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ [40:7]

7\. Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар, ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас, тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин.

### الآية 40:8

> ﻿رَبَّنَا وَأَدْخِلْهُمْ جَنَّاتِ عَدْنٍ الَّتِي وَعَدْتَهُمْ وَمَنْ صَلَحَ مِنْ آبَائِهِمْ وَأَزْوَاجِهِمْ وَذُرِّيَّاتِهِمْ ۚ إِنَّكَ أَنْتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ [40:8]

8\. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу жаннатларга дохил қилгин. Албатта Сенинг Ўзинггина қудрат ва ҳикмат Соҳибидирсан.

### الآية 40:9

> ﻿وَقِهِمُ السَّيِّئَاتِ ۚ وَمَنْ تَقِ السَّيِّئَاتِ يَوْمَئِذٍ فَقَدْ رَحِمْتَهُ ۚ وَذَٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ [40:9]

9\. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша Кундаги (Қиёматдаги) ёмонликлардан асрасанг, бас, ҳақиқатан, унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк бахтдир».

### الآية 40:10

> ﻿إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا يُنَادَوْنَ لَمَقْتُ اللَّهِ أَكْبَرُ مِنْ مَقْتِكُمْ أَنْفُسَكُمْ إِذْ تُدْعَوْنَ إِلَى الْإِيمَانِ فَتَكْفُرُونَ [40:10]

10\. Шубҳа йўқки, кофир бўлган кимсаларга (Қиёмат Кунида, дўзахга ташланиб, шундай азобга дучор қилган нафсларини лаънатлаб турган вақтларида): **«Сизлар (ҳаёти дунёда) иймонга чорланиб (иймон келтириш ўрнига) кофир бўлган чоғларингиздаги Аллоҳнинг ғазаби-ёмон кўриши сизларнинг (бу Кундаги) ўз нафсларингизни ёмон кўришингиздан қаттароқдир»**, деб нидо қилинур.

### الآية 40:11

> ﻿قَالُوا رَبَّنَا أَمَتَّنَا اثْنَتَيْنِ وَأَحْيَيْتَنَا اثْنَتَيْنِ فَاعْتَرَفْنَا بِذُنُوبِنَا فَهَلْ إِلَىٰ خُرُوجٍ مِنْ سَبِيلٍ [40:11]

11\. Улар дедилар: **«Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни, аввал она қорнида ўлик-жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон-ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганда, Ўзинг жонимизни олиб-ўлдириб, Қиёмат Кунида яна тирилтирдинг). Бас, бизлар (ҳаёт дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?»**

### الآية 40:12

> ﻿ذَٰلِكُمْ بِأَنَّهُ إِذَا دُعِيَ اللَّهُ وَحْدَهُ كَفَرْتُمْ ۖ وَإِنْ يُشْرَكْ بِهِ تُؤْمِنُوا ۚ فَالْحُكْمُ لِلَّهِ الْعَلِيِّ الْكَبِيرِ [40:12]

12\. (Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қолурсизлар). Бунга сабаб, қачон (сизларни) ёлғиз Аллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб-бўйинсунмай, агар У зотга ширк келтирилса (яъни, турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганда), иймон келтиришларингиздир. Бас, барча ҳукм юксак ва улуғ Аллоҳникидир.

### الآية 40:13

> ﻿هُوَ الَّذِي يُرِيكُمْ آيَاتِهِ وَيُنَزِّلُ لَكُمْ مِنَ السَّمَاءِ رِزْقًا ۚ وَمَا يَتَذَكَّرُ إِلَّا مَنْ يُنِيبُ [40:13]

13\. У зот сизларга Ўз оятларини (яъни, Ўзининг борлиги ва бирлигига далолат қиладиган аломатларни) кўргизур ва сизларга осмондан ризқу рўз ёғдирур. (Лекин бу оят-аломатлардан) фақат (Аллоҳга) инобат-илтижо қиладиган кишигина эслатма-ибрат олур.

### الآية 40:14

> ﻿فَادْعُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ [40:14]

14\. Бас, (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга — У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!

### الآية 40:15

> ﻿رَفِيعُ الدَّرَجَاتِ ذُو الْعَرْشِ يُلْقِي الرُّوحَ مِنْ أَمْرِهِ عَلَىٰ مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ لِيُنْذِرَ يَوْمَ التَّلَاقِ [40:15]

15\. У юксак мартабалидир, Арш Соҳибидир, У Ўз амри билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга — токи у (инсонларни) мулоқот Кунидан (яъни, Қиёматдан) огоҳлантириш учун — ваҳий туширар.

### الآية 40:16

> ﻿يَوْمَ هُمْ بَارِزُونَ ۖ لَا يَخْفَىٰ عَلَى اللَّهِ مِنْهُمْ شَيْءٌ ۚ لِمَنِ الْمُلْكُ الْيَوْمَ ۖ لِلَّهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ [40:16]

16\. Улар (қабрларидан) чиқадиган Кунда Аллоҳга улар(нинг қилиб ўтган амаллари)дан бирон нарса махфий бўлиб қолмас. Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ғолиб Зот — Аллоҳникидир!

### الآية 40:17

> ﻿الْيَوْمَ تُجْزَىٰ كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ ۚ لَا ظُلْمَ الْيَوْمَ ۚ إِنَّ اللَّهَ سَرِيعُ الْحِسَابِ [40:17]

17\. Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.

### الآية 40:18

> ﻿وَأَنْذِرْهُمْ يَوْمَ الْآزِفَةِ إِذِ الْقُلُوبُ لَدَى الْحَنَاجِرِ كَاظِمِينَ ۚ مَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ حَمِيمٍ وَلَا شَفِيعٍ يُطَاعُ [40:18]

18\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни яқин Кундан (яъни, Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас.

### الآية 40:19

> ﻿يَعْلَمُ خَائِنَةَ الْأَعْيُنِ وَمَا تُخْفِي الصُّدُورُ [40:19]

19\. (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.

### الآية 40:20

> ﻿وَاللَّهُ يَقْضِي بِالْحَقِّ ۖ وَالَّذِينَ يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ لَا يَقْضُونَ بِشَيْءٍ ۗ إِنَّ اللَّهَ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ [40:20]

20\. Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилур. Улар (Аллоҳни), қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари эса бирон нарсага ҳукм чиқара олмаслар. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина эшитгувчи ва кўриб тургувчи Зотдир.

### الآية 40:21

> ﻿۞ أَوَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَيَنْظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ كَانُوا مِنْ قَبْلِهِمْ ۚ كَانُوا هُمْ أَشَدَّ مِنْهُمْ قُوَّةً وَآثَارًا فِي الْأَرْضِ فَأَخَذَهُمُ اللَّهُ بِذُنُوبِهِمْ وَمَا كَانَ لَهُمْ مِنَ اللَّهِ مِنْ وَاقٍ [40:21]

21\. Ахир улар Ер юзида сайру-саёҳат қилишиб, ўзларидан аввал ўтган, (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилиб, иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Улар (Макка мушрикларидан) кўра куч-қувват ва ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. Бас, Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ушлади — ҳалок қилди ва улар учун Аллоҳдан ўзга бирон сақловчи бўлмади.

### الآية 40:22

> ﻿ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ كَانَتْ تَأْتِيهِمْ رُسُلُهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ فَكَفَرُوا فَأَخَذَهُمُ اللَّهُ ۚ إِنَّهُ قَوِيٌّ شَدِيدُ الْعِقَابِ [40:22]

22\. Бунга сабаб — уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар келтирганларида, улар кофир бўлдилар. Бас, Аллоҳ уларни ушлади — ҳалок қилди. Зеро, У қувват Эгаси ва азоби қаттиқдир.

### الآية 40:23

> ﻿وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا مُوسَىٰ بِآيَاتِنَا وَسُلْطَانٍ مُبِينٍ [40:23]

23\. Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан юбордик,

### الآية 40:24

> ﻿إِلَىٰ فِرْعَوْنَ وَهَامَانَ وَقَارُونَ فَقَالُوا سَاحِرٌ كَذَّابٌ [40:24]

24\. Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга. (Ўшанда) улар **«(Бу Мусо) ёлғончи сеҳргардир»**, дедилар.

### الآية 40:25

> ﻿فَلَمَّا جَاءَهُمْ بِالْحَقِّ مِنْ عِنْدِنَا قَالُوا اقْتُلُوا أَبْنَاءَ الَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ وَاسْتَحْيُوا نِسَاءَهُمْ ۚ وَمَا كَيْدُ الْكَافِرِينَ إِلَّا فِي ضَلَالٍ [40:25]

25\. Энди қачонки (Мусо) уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақ (пайғамбарлик) билан келганида, улар **«У билан бирга мўмин бўлганларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!»**, дедилар. (Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари албатта залолатдир (яъни, зое бўлгувчидир).
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Фиръавн Бани Исроил қавмидан бўлган ўғил болаларни қатлиом қилгани ҳақида бошқа сураларда (жумладан **«Тоҳа»** сурасидаги 37-40 оятлар ва уларга берилган изоҳда) батафсил айтилган эди. Энди юқоридаги оятда Фиръавн Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган кишиларни яна қатлиом қилишга буюргани, лекин унинг бу макру ҳийласи ҳам бефойда кетгани ҳақида хабар берилди. Шунда у Мусо пайғамбарнинг ҳаётларига суиқасд қилмоқчи бўлгани ва бу уриниши ҳам беҳуда кетгани тўғрисида қуйидаги оятларда баён қилинади.

### الآية 40:26

> ﻿وَقَالَ فِرْعَوْنُ ذَرُونِي أَقْتُلْ مُوسَىٰ وَلْيَدْعُ رَبَّهُ ۖ إِنِّي أَخَافُ أَنْ يُبَدِّلَ دِينَكُمْ أَوْ أَنْ يُظْهِرَ فِي الْأَرْضِ الْفَسَادَ [40:26]

26\. Фиръавн деди: **«Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи, унга нажот берармикан. Дарҳақиқат, мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишдан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман»**.

### الآية 40:27

> ﻿وَقَالَ مُوسَىٰ إِنِّي عُذْتُ بِرَبِّي وَرَبِّكُمْ مِنْ كُلِّ مُتَكَبِّرٍ لَا يُؤْمِنُ بِيَوْمِ الْحِسَابِ [40:27]

27\. Мусо айтди: «Албатта мен, Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Аллоҳ)дан ҳисоб-китоб кунига иймон келтирмайдиган барча мутакаббир (кимсаларнинг ёмонлиги)дан паноҳ беришини сўраганман.

### الآية 40:28

> ﻿وَقَالَ رَجُلٌ مُؤْمِنٌ مِنْ آلِ فِرْعَوْنَ يَكْتُمُ إِيمَانَهُ أَتَقْتُلُونَ رَجُلًا أَنْ يَقُولَ رَبِّيَ اللَّهُ وَقَدْ جَاءَكُمْ بِالْبَيِّنَاتِ مِنْ رَبِّكُمْ ۖ وَإِنْ يَكُ كَاذِبًا فَعَلَيْهِ كَذِبُهُ ۖ وَإِنْ يَكُ صَادِقًا يُصِبْكُمْ بَعْضُ الَّذِي يَعِدُكُمْ ۖ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ كَذَّابٌ [40:28]

28\. (Шунда) Фиръавн хонадонидан бўлган, ўзининг иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши деди: **«Бир кишини, «Менинг Парвардигорим Аллоҳдир»**, дегани учун ўлдирурмисизлар?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиз томонидан аниқ ҳужжатлар келтиргандир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига. (Аммо) агар ростгўй бўлса (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! Албатта Аллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас.

### الآية 40:29

> ﻿يَا قَوْمِ لَكُمُ الْمُلْكُ الْيَوْمَ ظَاهِرِينَ فِي الْأَرْضِ فَمَنْ يَنْصُرُنَا مِنْ بَأْسِ اللَّهِ إِنْ جَاءَنَا ۚ قَالَ فِرْعَوْنُ مَا أُرِيكُمْ إِلَّا مَا أَرَىٰ وَمَا أَهْدِيكُمْ إِلَّا سَبِيلَ الرَّشَادِ [40:29]

29\. Эй қавмим, бугун-ку мулку давлат сизларники, мана шу ерда ғолибсизлар. Энди агар бизларга Аллоҳнинг азоби келар бўлса, ким бизларга (ундан нажот топишимиз учун) ёрдам берур?!» Фиръавн айтди: **«Мен сизларга фақат ўзим раъй қилаётган нарсани (яъни, Мусони ўлдиришнинг маслаҳатинигина кўрсатурман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етакларман»**.

### الآية 40:30

> ﻿وَقَالَ الَّذِي آمَنَ يَا قَوْمِ إِنِّي أَخَافُ عَلَيْكُمْ مِثْلَ يَوْمِ الْأَحْزَابِ [40:30]

30\. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, ҳақиқатан, мен сизларнинг устингизга ҳам худди ўша фирқаларнинг куни тушиб қолишидан қўрқурман.

### الآية 40:31

> ﻿مِثْلَ دَأْبِ قَوْمِ نُوحٍ وَعَادٍ وَثَمُودَ وَالَّذِينَ مِنْ بَعْدِهِمْ ۚ وَمَا اللَّهُ يُرِيدُ ظُلْمًا لِلْعِبَادِ [40:31]

31\. Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ва улардан кейинги (куфр йўлини тутган) кимсаларнинг иши каби. Ҳолбуки, Аллоҳ ўз бандаларига зулм қилишни истамас (яъни, Аллоҳ ўша фирқаларни ҳалок қилиш билан уларга зулм қилгани йўқ, балки улар ўзларининг куфру туғёнлари сабабли ҳалокатга мустаҳиқ бўлдилар).

### الآية 40:32

> ﻿وَيَا قَوْمِ إِنِّي أَخَافُ عَلَيْكُمْ يَوْمَ التَّنَادِ [40:32]

32\. Эй қавмим, ҳақиқатан, мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган Кундан (яъни, Қиёмат Кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишларингиздан) қўрқурман.

### الآية 40:33

> ﻿يَوْمَ تُوَلُّونَ مُدْبِرِينَ مَا لَكُمْ مِنَ اللَّهِ مِنْ عَاصِمٍ ۗ وَمَنْ يُضْلِلِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ [40:33]

33\. У Кунда сизлар (жаҳаннам даҳшатларидан) юз ўгириб қочурсизлар, (аммо) сизлар учун Аллоҳ(нинг азобидан) сақлагувчи — тўсгувчи бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.

### الآية 40:34

> ﻿وَلَقَدْ جَاءَكُمْ يُوسُفُ مِنْ قَبْلُ بِالْبَيِّنَاتِ فَمَا زِلْتُمْ فِي شَكٍّ مِمَّا جَاءَكُمْ بِهِ ۖ حَتَّىٰ إِذَا هَلَكَ قُلْتُمْ لَنْ يَبْعَثَ اللَّهُ مِنْ بَعْدِهِ رَسُولًا ۚ كَذَٰلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ مُرْتَابٌ [40:34]

34\. Дарвоқеъ, илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа-гумон қилиб туриб олган эдинглар. То қачон у ҳалок бўлганида: **«(Энди Юсуфдан) сўнг Аллоҳ ҳаргиз пайғамбар юбормас»**, дединглар. Ҳаддан ошувчи, шак келтирувчи бўлган кимсаларни Аллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўяр.

### الآية 40:35

> ﻿الَّذِينَ يُجَادِلُونَ فِي آيَاتِ اللَّهِ بِغَيْرِ سُلْطَانٍ أَتَاهُمْ ۖ كَبُرَ مَقْتًا عِنْدَ اللَّهِ وَعِنْدَ الَّذِينَ آمَنُوا ۚ كَذَٰلِكَ يَطْبَعُ اللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ قَلْبِ مُتَكَبِّرٍ جَبَّارٍ [40:35]

35\. Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар Аллоҳ наздида ҳам, иймон келтирган зотлар наздида ҳам катта нафратга дучор бўлурлар. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўяр.

### الآية 40:36

> ﻿وَقَالَ فِرْعَوْنُ يَا هَامَانُ ابْنِ لِي صَرْحًا لَعَلِّي أَبْلُغُ الْأَسْبَابَ [40:36]

36\. Фиръавн (мўмин кишидан юқорида зикр қилинган сўзларни эшитган одамлар Ҳақ йўлига юриб кетишларидан кўрқиб, уларни чалғитиш учун ўз вазирига қараб) деди: «Эй Ҳомон, мен учун бир (баланд) қаср қургин, шоядки, мен (у қасрнинг устига чиқиб) йўлларга

### الآية 40:37

> ﻿أَسْبَابَ السَّمَاوَاتِ فَأَطَّلِعَ إِلَىٰ إِلَٰهِ مُوسَىٰ وَإِنِّي لَأَظُنُّهُ كَاذِبًا ۚ وَكَذَٰلِكَ زُيِّنَ لِفِرْعَوْنَ سُوءُ عَمَلِهِ وَصُدَّ عَنِ السَّبِيلِ ۚ وَمَا كَيْدُ فِرْعَوْنَ إِلَّا فِي تَبَابٍ [40:37]

37\. — осмонларнинг йўлларига етиб, Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман». Фиръавнга ўзининг ёмон амали мана шундай чиройли кўринди ва у (тўғри) йўлдан тўсилди. Фиръавннинг барча макру-ҳийласи албатта ночор-бефойдадир.

### الآية 40:38

> ﻿وَقَالَ الَّذِي آمَنَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُونِ أَهْدِكُمْ سَبِيلَ الرَّشَادِ [40:38]

38\. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, сизлар менга эргашинглар, мен сизларни Тўғри Йўлга етаклайман.

### الآية 40:39

> ﻿يَا قَوْمِ إِنَّمَا هَٰذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا مَتَاعٌ وَإِنَّ الْآخِرَةَ هِيَ دَارُ الْقَرَارِ [40:39]

39\. Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матоъдир. Албатта Охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир.

### الآية 40:40

> ﻿مَنْ عَمِلَ سَيِّئَةً فَلَا يُجْزَىٰ إِلَّا مِثْلَهَا ۖ وَمَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَىٰ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَٰئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُرْزَقُونَ فِيهَا بِغَيْرِ حِسَابٍ [40:40]

40\. Ким бирон ёмонлик қилса, унга (Охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур.

### الآية 40:41

> ﻿۞ وَيَا قَوْمِ مَا لِي أَدْعُوكُمْ إِلَى النَّجَاةِ وَتَدْعُونَنِي إِلَى النَّارِ [40:41]

41\. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга — жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар-а?

### الآية 40:42

> ﻿تَدْعُونَنِي لِأَكْفُرَ بِاللَّهِ وَأُشْرِكَ بِهِ مَا لَيْسَ لِي بِهِ عِلْمٌ وَأَنَا أَدْعُوكُمْ إِلَى الْعَزِيزِ الْغَفَّارِ [40:42]

42\. Сизлар мени Аллоҳга кофир бўлишга ва (ўзим) (илоҳ эканлигини) билмайдиган нарсаларни У зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен сизларни қудратли, бениҳоя мағфиратли Зотга чорламоқдаман.

### الآية 40:43

> ﻿لَا جَرَمَ أَنَّمَا تَدْعُونَنِي إِلَيْهِ لَيْسَ لَهُ دَعْوَةٌ فِي الدُّنْيَا وَلَا فِي الْآخِرَةِ وَأَنَّ مَرَدَّنَا إِلَى اللَّهِ وَأَنَّ الْمُسْرِفِينَ هُمْ أَصْحَابُ النَّارِ [40:43]

43\. Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на Охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун) даъват қила олмас. Ва албатта (барчаларимизнинг Аллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат, ҳаддан ошувчи кимсаларгина дўзах эгаларидир.

### الآية 40:44

> ﻿فَسَتَذْكُرُونَ مَا أَقُولُ لَكُمْ ۚ وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ [40:44]

44\. Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир».

### الآية 40:45

> ﻿فَوَقَاهُ اللَّهُ سَيِّئَاتِ مَا مَكَرُوا ۖ وَحَاقَ بِآلِ فِرْعَوْنَ سُوءُ الْعَذَابِ [40:45]

45\. Бас, Аллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади ва Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди.

### الآية 40:46

> ﻿النَّارُ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا غُدُوًّا وَعَشِيًّا ۖ وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ أَدْخِلُوا آلَ فِرْعَوْنَ أَشَدَّ الْعَذَابِ [40:46]

46\. (У азоб бир) оловдорки, улар эрта-ю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): **«Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар»**, (дейилур).
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Бу оят қабр азоби борлигига асл-асосдир.

### الآية 40:47

> ﻿وَإِذْ يَتَحَاجُّونَ فِي النَّارِ فَيَقُولُ الضُّعَفَاءُ لِلَّذِينَ اسْتَكْبَرُوا إِنَّا كُنَّا لَكُمْ تَبَعًا فَهَلْ أَنْتُمْ مُغْنُونَ عَنَّا نَصِيبًا مِنَ النَّارِ [40:47]

47\. Ўшанда улар дўзахда ўзаро тортишиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларга): **«Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизлардан дўзах (азоби)дан бирон бўлагини дафъ қила олурмисизлар?»**, дер эканлар;

### الآية 40:48

> ﻿قَالَ الَّذِينَ اسْتَكْبَرُوا إِنَّا كُلٌّ فِيهَا إِنَّ اللَّهَ قَدْ حَكَمَ بَيْنَ الْعِبَادِ [40:48]

48\. Мутакаббир кимсалар айтдилар: **«Бизларнинг барчамиз шак-шубҳасиз, (дўзахдадирмиз). Дарҳақиқат, Аллоҳ бандалари ўртасида Ўз ҳукмини чиқарди»**.

### الآية 40:49

> ﻿وَقَالَ الَّذِينَ فِي النَّارِ لِخَزَنَةِ جَهَنَّمَ ادْعُوا رَبَّكُمْ يُخَفِّفْ عَنَّا يَوْمًا مِنَ الْعَذَابِ [40:49]

49\. (Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: **«Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин»**, деб ёлворганларида;

### الآية 40:50

> ﻿قَالُوا أَوَلَمْ تَكُ تَأْتِيكُمْ رُسُلُكُمْ بِالْبَيِّنَاتِ ۖ قَالُوا بَلَىٰ ۚ قَالُوا فَادْعُوا ۗ وَمَا دُعَاءُ الْكَافِرِينَ إِلَّا فِي ضَلَالٍ [40:50]

50\. Улар айтдилар: **«Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар келтирмаганмидилар?!»** **«Ҳа, (келтирган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)»**, деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: **«У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)»**.

### الآية 40:51

> ﻿إِنَّا لَنَنْصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ [40:51]

51\. Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз.

### الآية 40:52

> ﻿يَوْمَ لَا يَنْفَعُ الظَّالِمِينَ مَعْذِرَتُهُمْ ۖ وَلَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ [40:52]

52\. У Кунда золим-кофир кимсаларга узр-баҳоналари фойда бермас ва уларга лаънат бўлур, уларга энг ёмон жой — дўзах бўлур.

### الآية 40:53

> ﻿وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْهُدَىٰ وَأَوْرَثْنَا بَنِي إِسْرَائِيلَ الْكِتَابَ [40:53]

53\. Аниқки, Биз Мусога ҳидоят ато этган ва Бани Исроилни Китоб-Тавротга ворис қилган эдик.

### الآية 40:54

> ﻿هُدًى وَذِكْرَىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ [40:54]

54\. Ақл эгалари учун ҳидоят ва эслатма-ибрат бўлган (Китобга ворис қилган эдик).

### الآية 40:55

> ﻿فَاصْبِرْ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ بِالْعَشِيِّ وَالْإِبْكَارِ [40:55]

55\. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сизга мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг — зеро, Аллоҳнинг (Ўз пайғамбарлари ва мўминларга ёрдам бериш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир ва гуноҳингизга мағфират сўранг ҳамда туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг!

### الآية 40:56

> ﻿إِنَّ الَّذِينَ يُجَادِلُونَ فِي آيَاتِ اللَّهِ بِغَيْرِ سُلْطَانٍ أَتَاهُمْ ۙ إِنْ فِي صُدُورِهِمْ إِلَّا كِبْرٌ مَا هُمْ بِبَالِغِيهِ ۚ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ ۖ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ [40:56]

56\. Албатта Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат — далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар, аниқки, уларнинг дилларида бир кибр (яъни, ўзларини сиздан катта олиш) бордирки, улар ўшанга (яъни, ўзлари орзу қилган катталикка) етувчи эмасдирлар. Бас, сиз Аллоҳдан паноҳ сўранг. Албатта Унинг Ўзигина эшитгувчи, кўриб тургувчидир.

### الآية 40:57

> ﻿لَخَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ أَكْبَرُ مِنْ خَلْقِ النَّاسِ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ [40:57]

57\. Шак-шубҳасиз, осмонлар ва Ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар билмайдилар.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Кофирларга: **«Осмонлар ва Ерни ким яратган?»**, дейилса, **«Аллоҳ»** дейдилар-у, аммо **«Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча инсонни қайта тирилтиради»**, дейилса, ишонмайдилар. Мазкур ояти карима ана ўшаларга берилган танбеҳдир.

### الآية 40:58

> ﻿وَمَا يَسْتَوِي الْأَعْمَىٰ وَالْبَصِيرُ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَلَا الْمُسِيءُ ۚ قَلِيلًا مَا تَتَذَكَّرُونَ [40:58]

58\. Кўр кимса билан кўргувчи зот, иймон келтириб, яхшиликлар қилган зотлар билан ёмонлик қилгувчи кимса баробар бўлмас. Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар.

### الآية 40:59

> ﻿إِنَّ السَّاعَةَ لَآتِيَةٌ لَا رَيْبَ فِيهَا وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يُؤْمِنُونَ [40:59]

59\. Албатта (Қиёмат) соати келгувчидир. У ҳақида шак-шубҳа йўқдир. Лекин кўп одамлар (унинг келишига) иймон келтирмаслар.

### الآية 40:60

> ﻿وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ [40:60]

60\. Парвардигорларингиз: **«Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман»**, деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар.

### الآية 40:61

> ﻿اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ اللَّيْلَ لِتَسْكُنُوا فِيهِ وَالنَّهَارَ مُبْصِرًا ۚ إِنَّ اللَّهَ لَذُو فَضْلٍ عَلَى النَّاسِ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَشْكُرُونَ [40:61]

61\. Аллоҳ сизлар ором олишингиз учун кечани ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) очиқ-ёруғ кундузни яратиб қўйган Зотдир. Албатта Аллоҳ одамларга фазлу марҳамат Соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.

### الآية 40:62

> ﻿ذَٰلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ۖ فَأَنَّىٰ تُؤْفَكُونَ [40:62]

62\. Мана шу Аллоҳ Парвардигорларингиздир, У барча нарсанинг яратгувчисидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!

### الآية 40:63

> ﻿كَذَٰلِكَ يُؤْفَكُ الَّذِينَ كَانُوا بِآيَاتِ اللَّهِ يَجْحَدُونَ [40:63]

63\. Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини инкор қилгувчи бўлган кимсалар мана шундай бурилиб кетурлар.

### الآية 40:64

> ﻿اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ۚ ذَٰلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ ۖ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ [40:64]

64\. Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат-шакл бериб суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган Зотдир. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Бас, барча одамларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракотли — буюкдир.

### الآية 40:65

> ﻿هُوَ الْحَيُّ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ فَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ ۗ الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ [40:65]

65\. У тирик Зотдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (эй мўминлар), сизлар (Аллоҳга) У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳ учундир.

### الآية 40:66

> ﻿۞ قُلْ إِنِّي نُهِيتُ أَنْ أَعْبُدَ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ لَمَّا جَاءَنِيَ الْبَيِّنَاتُ مِنْ رَبِّي وَأُمِرْتُ أَنْ أُسْلِمَ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ [40:66]

66\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: **«Шак-шубҳасиз, мен ўзимга Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатлар келган пайтида, сизлар Аллоҳни қўйиб, дуо-илтижо қилаётган бутларга ибодат қилишдан қайтарилдим ва барча оламларнинг Парвардигорига бўйинсунишга буюрилдим»**.

### الآية 40:67

> ﻿هُوَ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ مِنْ نُطْفَةٍ ثُمَّ مِنْ عَلَقَةٍ ثُمَّ يُخْرِجُكُمْ طِفْلًا ثُمَّ لِتَبْلُغُوا أَشُدَّكُمْ ثُمَّ لِتَكُونُوا شُيُوخًا ۚ وَمِنْكُمْ مَنْ يُتَوَفَّىٰ مِنْ قَبْلُ ۖ وَلِتَبْلُغُوا أَجَلًا مُسَمًّى وَلَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ [40:67]

67\. У сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (унинг барча авлодларини) нутфадан, сўнгра лахта қондан яратган Зотдир. Сўнгра У сизларнинг (оналарингиз қорнидан) чақалоқ ҳолингизда, (ёруғ дунёга) чиқарур, сўнгра (У зот) сизларни вояга етишларингизга, сўнгра қариб-қартайишингизга (қўйиб берур). Сизларнинг орангизда (вояга етишдан, ёки кексалик ёшидан) илгари вафот топадиган кишилар ҳам бўлур. (У зот) сизларни белгиланган ажалга етишларингизга (қўйиб берур). Шоядки, ақл юргизсангизлар.

### الآية 40:68

> ﻿هُوَ الَّذِي يُحْيِي وَيُمِيتُ ۖ فَإِذَا قَضَىٰ أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ [40:68]

68\. У тирилтирадиган ва ўлдирадиган Зотдир. Бас, қачон бирон ишни ҳукм қилса, Унга фақат **«Бўл»**, дер, холос. Бас, у (иш) бўлур.

### الآية 40:69

> ﻿أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يُجَادِلُونَ فِي آيَاتِ اللَّهِ أَنَّىٰ يُصْرَفُونَ [40:69]

69\. Аллоҳнинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!

### الآية 40:70

> ﻿الَّذِينَ كَذَّبُوا بِالْكِتَابِ وَبِمَا أَرْسَلْنَا بِهِ رُسُلَنَا ۖ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ [40:70]

70\. (Биз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга нозил қилган) Китоб — Қуръонни ва Биз (аввал ўтган) пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни — Китобларни ёлғон деган кимсалар яқинда (Қиёмат Кунида динсизликларининг оқибатини) билажаклар.

### الآية 40:71

> ﻿إِذِ الْأَغْلَالُ فِي أَعْنَاقِهِمْ وَالسَّلَاسِلُ يُسْحَبُونَ [40:71]

71\. Ўшанда (яъни, дўзахга ташланганларида) улар бўйинларида кишан ва занжирлар (билан) судралурлар,

### الآية 40:72

> ﻿فِي الْحَمِيمِ ثُمَّ فِي النَّارِ يُسْجَرُونَ [40:72]

72\. қайноқ сув томонга, сўнгра оловда ёндирилурлар.

### الآية 40:73

> ﻿ثُمَّ قِيلَ لَهُمْ أَيْنَ مَا كُنْتُمْ تُشْرِكُونَ [40:73]

73\. Сўнгра уларга: **«Сизлар ширк келтириб ўтган бутларингиз қани?»**, дейилади.

### الآية 40:74

> ﻿مِنْ دُونِ اللَّهِ ۖ قَالُوا ضَلُّوا عَنَّا بَلْ لَمْ نَكُنْ نَدْعُو مِنْ قَبْلُ شَيْئًا ۚ كَذَٰلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ الْكَافِرِينَ [40:74]

74\. Аллоҳни қўйиб (ширк келтирган нарсалариннгиз қани?, дейилади). (Шунда) улар: **«У (бутлар) бизнинг кўзимиз)дан ғойиб бўлиб қолишди. Йўқ-йўқ, бизлар илгари ҳаёти дунёда) ҳеч нарсага дуо-илтижо қилган эмасмиз»**, дедилар. Аллоҳ кофирларни мана шундай йўлдан оздирур.

### الآية 40:75

> ﻿ذَٰلِكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَفْرَحُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَبِمَا كُنْتُمْ تَمْرَحُونَ [40:75]

75\. Мана шу (жаҳаннам азобига йўлиқишларингиз)га сабаб сизлар Ерда (ўзларингиз қилган айшу ишрат ва гуноҳ-маъсиятлар билан) ноҳақ шоду ҳуррам бўлганларингиз ва кибру ҳаво қилганларингиздир.

### الآية 40:76

> ﻿ادْخُلُوا أَبْوَابَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا ۖ فَبِئْسَ مَثْوَى الْمُتَكَبِّرِينَ [40:76]

76\. Жаҳаннам дарвозаларидан у жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз! Бас, мутакаббир кимсаларнинг жойи нақадар ёмон бўлди!

### الآية 40:77

> ﻿فَاصْبِرْ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ ۚ فَإِمَّا نُرِيَنَّكَ بَعْضَ الَّذِي نَعِدُهُمْ أَوْ نَتَوَفَّيَنَّكَ فَإِلَيْنَا يُرْجَعُونَ [40:77]

77\. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сизга мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг — зеро Аллоҳнинг (Ўз пайғамбари ва мўминларга ёрдам бериш ва кофирларни азоблаш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир! Энди агар Биз сизга ўша (кофирлар)га ваъда қилаётганимиз (азоб)дан айримларини кўрсатсак (яъни, сиз ҳаётлик пайтингизда уларни айрим азоб-уқубатларга дучор қилсак, кўрарсиз ёки сизни (уларга азоб туширшимиздан илгари) вафот топдирсак, у ҳолда ҳам ёлғиз Ўзимизга қайтарилурлар.

### الآية 40:78

> ﻿وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ مِنْهُمْ مَنْ قَصَصْنَا عَلَيْكَ وَمِنْهُمْ مَنْ لَمْ نَقْصُصْ عَلَيْكَ ۗ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَنْ يَأْتِيَ بِآيَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ ۚ فَإِذَا جَاءَ أَمْرُ اللَّهِ قُضِيَ بِالْحَقِّ وَخَسِرَ هُنَالِكَ الْمُبْطِلُونَ [40:78]

78\. Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир. Бирон пайғамбар учун — Аллоҳнинг изну-иродасидан ташқари бирон оят-мўъжиза келтириш жоиз бўлган эмас (яъни, ҳар бир пайғамбар фақат Аллоҳ унга амр қилган мўъжизаларнигина келтиргандир). Бас, қачон Аллоҳнинг (кофирларга азоб тушиши тўғрисидаги) амри келгач, (пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилган кофирлар ўртасида) ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинур ва ўшанда бузғунчи кимсалар зиёнкор бўлурлар.

### الآية 40:79

> ﻿اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَنْعَامَ لِتَرْكَبُوا مِنْهَا وَمِنْهَا تَأْكُلُونَ [40:79]

79\. Аллоҳ сизлар учун чорва ҳайвонларини (токи) сизлар ўша (ҳайвон)лардан (айримларини) минишларингиз учун (пайдо) қилди. Ўша (ҳайвон)лардан ейсизлар ҳам.

### الآية 40:80

> ﻿وَلَكُمْ فِيهَا مَنَافِعُ وَلِتَبْلُغُوا عَلَيْهَا حَاجَةً فِي صُدُورِكُمْ وَعَلَيْهَا وَعَلَى الْفُلْكِ تُحْمَلُونَ [40:80]

80\. Сизлар учун уларда (кўп) фойдалар бордир. (У ҳайвонлар) сизлар уларнинг устида дилларингиздаги ҳожатларингизга етишлариигиз учун ҳам (яратилгандирлар). Сизларни (қуруқликда) ўша (ҳайвонлар) устида ва дарё-денгизларда эса (кемаларда) (кўзлаган манзилларингизга) элтиб қўйилур.

### الآية 40:81

> ﻿وَيُرِيكُمْ آيَاتِهِ فَأَيَّ آيَاتِ اللَّهِ تُنْكِرُونَ [40:81]

81\. (Аллоҳ) сизларга Ўз оят-аломатларини кўрсатур. Бас, сизлар Аллоҳнинг қайси оятларини инкор қилурсизлар?!

### الآية 40:82

> ﻿أَفَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَيَنْظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ ۚ كَانُوا أَكْثَرَ مِنْهُمْ وَأَشَدَّ قُوَّةً وَآثَارًا فِي الْأَرْضِ فَمَا أَغْنَىٰ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَ [40:82]

82\. Ахир улар Ер юзида сайру-саёҳат қилишиб, ўзларидан аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини кўрсалар бўлмайдими?! Улар (Макка мушрикларидан) кўра кўпроқ ҳамда қуч-қувват ва Ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. (Аммо) уларга топган (молу-дунёлари ҳам, куч-қувватлари ҳам) асқотгани йўқ.

### الآية 40:83

> ﻿فَلَمَّا جَاءَتْهُمْ رُسُلُهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ فَرِحُوا بِمَا عِنْدَهُمْ مِنَ الْعِلْمِ وَحَاقَ بِهِمْ مَا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِئُونَ [40:83]

83\. Чунки уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон келтириш ва У зотга бўйинсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар (ва пайғамбарлари огоҳлантирган азобни масхара қилиб кулдилар). Ва уларни ўзлари масхара қилгувчи бўлган (азоб) ўраб олди.

### الآية 40:84

> ﻿فَلَمَّا رَأَوْا بَأْسَنَا قَالُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَحْدَهُ وَكَفَرْنَا بِمَا كُنَّا بِهِ مُشْرِكِينَ [40:84]

84\. Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, **«Якка-ю ягона Аллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик»**, дедилар.

### الآية 40:85

> ﻿فَلَمْ يَكُ يَنْفَعُهُمْ إِيمَانُهُمْ لَمَّا رَأَوْا بَأْسَنَا ۖ سُنَّتَ اللَّهِ الَّتِي قَدْ خَلَتْ فِي عِبَادِهِ ۖ وَخَسِرَ هُنَالِكَ الْكَافِرُونَ [40:85]

85\. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади — (Бу) Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган йўли — қонунидир (яъни, азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас). Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар.

## روابط ذات صلة

- [النص القرآني للسورة](https://quranpedia.net/surah/1/40.md)
- [كل تفاسير سورة غافر
](https://quranpedia.net/surah-tafsir/40.md)
- [ترجمات سورة غافر
](https://quranpedia.net/translations/40.md)
- [صفحة الكتاب: الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/book/1981.md)
- [المؤلف: علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/person/1756.md)

---

زُر [Quranpedia.net](https://quranpedia.net/surah/1/40/book/1981) — موسوعة القرآن الكريم: التفاسير، الترجمات، التلاوات، والمواضيع.
