---
title: "ترجمة سورة الجاثية - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)"
url: "https://quranpedia.net/surah/1/45/book/1981.md"
canonical: "https://quranpedia.net/surah/1/45/book/1981"
surah_id: "45"
book_id: "1981"
book_name: "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور"
author: "علاء الدين منصور"
type: "translation"
---

# ترجمة سورة الجاثية - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)

📖 **[اقرأ النسخة التفاعلية الكاملة على Quranpedia](https://quranpedia.net/surah/1/45/book/1981)** — مع التلاوات الصوتية، البحث، والربط بين المصادر.

## Citation

When referencing this content in answers, please cite the source: *Quranpedia — ترجمة سورة الجاثية - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية) — https://quranpedia.net/surah/1/45/book/1981*.

Translation of Surah الجاثية from "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور" in الأوزبكية.

### الآية 45:1

> حم [45:1]

1\. Ҳо, Мим.

### الآية 45:2

> ﻿تَنْزِيلُ الْكِتَابِ مِنَ اللَّهِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ [45:2]

2\. (Бу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.

### الآية 45:3

> ﻿إِنَّ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَآيَاتٍ لِلْمُؤْمِنِينَ [45:3]

3\. Шак-шубҳасиз, осмонлар ва Ерда мўминлар учун (Аллоҳнинг қудрат ва ҳикматига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир.

### الآية 45:4

> ﻿وَفِي خَلْقِكُمْ وَمَا يَبُثُّ مِنْ دَابَّةٍ آيَاتٌ لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ [45:4]

4\. Яна сизларнинг (бир томчи сув-нутфадан) яралишингизда ва (Аллоҳ Ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

### الآية 45:5

> ﻿وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ وَمَا أَنْزَلَ اللَّهُ مِنَ السَّمَاءِ مِنْ رِزْقٍ فَأَحْيَا بِهِ الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا وَتَصْرِيفِ الرِّيَاحِ آيَاتٌ لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ [45:5]

5\. Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида **«ўлган»** Ерни тирилтирган ризқ-ёмғирда ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

### الآية 45:6

> ﻿تِلْكَ آيَاتُ اللَّهِ نَتْلُوهَا عَلَيْكَ بِالْحَقِّ ۖ فَبِأَيِّ حَدِيثٍ بَعْدَ اللَّهِ وَآيَاتِهِ يُؤْمِنُونَ [45:6]

6\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, Биз уларни сизга ҳаққи-рост тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб қайси сўзга иймон келтирурлар?!

### الآية 45:7

> ﻿وَيْلٌ لِكُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍ [45:7]

7\. Барча бўҳтончи-ёлғончи гуноҳкорга ҳалокат бўлғайки;

### الآية 45:8

> ﻿يَسْمَعُ آيَاتِ اللَّهِ تُتْلَىٰ عَلَيْهِ ثُمَّ يُصِرُّ مُسْتَكْبِرًا كَأَنْ لَمْ يَسْمَعْهَا ۖ فَبَشِّرْهُ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ [45:8]

8\. У ўзига тиловат қилинаётган Аллоҳ оятларини эшитар, сўнгра гўё уларни эшитмагандек, кибру ҳаво қилган ҳолда (ўз куфрида) оёқ тираб турар! Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз унга аламли азоб хушхабарини беринг!

### الآية 45:9

> ﻿وَإِذَا عَلِمَ مِنْ آيَاتِنَا شَيْئًا اتَّخَذَهَا هُزُوًا ۚ أُولَٰئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُهِينٌ [45:9]

9\. Қачон Бизнинг оятларимиздан бирон нарса билиб олса, у (оят)ларни масхара қилур! Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир!

### الآية 45:10

> ﻿مِنْ وَرَائِهِمْ جَهَنَّمُ ۖ وَلَا يُغْنِي عَنْهُمْ مَا كَسَبُوا شَيْئًا وَلَا مَا اتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ [45:10]

10\. Уларнинг ортида жаҳаннам бор! Касб қилган-топган (мол-дунё, бола-чақалари) ҳам, Аллоҳни қўйиб ушлаган **«дўстлари»** ҳам уларга бирон нарсада асқотмас! Улар учун улуғ — катта азоб бордир!

### الآية 45:11

> ﻿هَٰذَا هُدًى ۖ وَالَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِ رَبِّهِمْ لَهُمْ عَذَابٌ مِنْ رِجْزٍ أَلِيمٌ [45:11]

11\. Ушбу (Қуръон иймон келтирган зотлар учун) ҳидоятдир. Парвардигорларининг оятларига кофир бўлган кимсалар учун эса ашаддий азобдан аламли насиба бордир!

### الآية 45:12

> ﻿۞ اللَّهُ الَّذِي سَخَّرَ لَكُمُ الْبَحْرَ لِتَجْرِيَ الْفُلْكُ فِيهِ بِأَمْرِهِ وَلِتَبْتَغُوا مِنْ فَضْلِهِ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ [45:12]

12\. Аллоҳ (денгиздаги) кемалар Ўзининг амри билан жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйинсундириб қўйган Зотдир.

### الآية 45:13

> ﻿وَسَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مِنْهُ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ [45:13]

13\. У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

### الآية 45:14

> ﻿قُلْ لِلَّذِينَ آمَنُوا يَغْفِرُوا لِلَّذِينَ لَا يَرْجُونَ أَيَّامَ اللَّهِ لِيَجْزِيَ قَوْمًا بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ [45:14]

14\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), иймон келтирган зотларга айтинг, улар Аллоҳ (ваъда қилган ҳисоб-китоб) кунларидан ноумид бўлган кимсалар етказаётган озор-азиятлар)ни кечириб юбораверсинлар. Токи (Аллоҳ ўша озорларга сабр-тоқат қилган) қавмни касб қилган нарсалари (яъни, кечириб юборганликлари) сабабли мукофотлагай!

### الآية 45:15

> ﻿مَنْ عَمِلَ صَالِحًا فَلِنَفْسِهِ ۖ وَمَنْ أَسَاءَ فَعَلَيْهَا ۖ ثُمَّ إِلَىٰ رَبِّكُمْ تُرْجَعُونَ [45:15]

15\. Ким бирон яхшилик қилса, бас, ўзи учун (яъни, ўз фойдасига қилган) бўлур, ким ёмонлик қилса, бас, ўз зиёнига (қилган) бўлур. Сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар.

### الآية 45:16

> ﻿وَلَقَدْ آتَيْنَا بَنِي إِسْرَائِيلَ الْكِتَابَ وَالْحُكْمَ وَالنُّبُوَّةَ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ [45:16]

16\. Дарҳақиқат, Биз Бани Исроил (қавми)га Китоб — Таврот, ҳикмат ва пайғамбарлик ато этдик ва уларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирдик ҳамда уларни (ўз замонларидаги) барча оламдан устун қилдик.

### الآية 45:17

> ﻿وَآتَيْنَاهُمْ بَيِّنَاتٍ مِنَ الْأَمْرِ ۖ فَمَا اخْتَلَفُوا إِلَّا مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَهُمُ الْعِلْمُ بَغْيًا بَيْنَهُمْ ۚ إِنَّ رَبَّكَ يَقْضِي بَيْنَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِيمَا كَانُوا فِيهِ يَخْتَلِفُونَ [45:17]

17\. Яна Биз уларга (дин) ишлари ҳақида аниқ-равшан ҳужжатлар ато этдик. Бас, улар ихтилоф қилмадилар, магар уларга (Биз томонимиздан дин ҳақида) илм-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (талашиб-тортишдилар). Албатта Парвардигорингиз Қиёмат Кунида уларнинг ўрталарида ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида ҳукм қилур.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Муфассирларнинг айтишларича, мазкур оятларда Бани Исроил қавми ва уларнинг ўзларига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган шунчалик аниқ оят-мўъжизалар ва ноз-неъматлардан кейин ҳам ўзаро ҳасад-адоват қилишиб, дин ҳақида турли ихтилофларга берилиб кетганликлари тўғрисида ҳикоя қилинишидан мақсад Макка мушриклари томонидан берилаётган хилма-хил озор-азиятлардан изтиробга тушган Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга таскин-тасалли бериш ва у кишини ҳам худди Мусо пайғамбар Бани Исроилнинг зулмига сабр қилганидек сабр тоқат қилишга даъват этишдир.

### الآية 45:18

> ﻿ثُمَّ جَعَلْنَاكَ عَلَىٰ شَرِيعَةٍ مِنَ الْأَمْرِ فَاتَّبِعْهَا وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَ الَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ [45:18]

18\. Сўнгра (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни (дин) ишидан бир шариат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!

### الآية 45:19

> ﻿إِنَّهُمْ لَنْ يُغْنُوا عَنْكَ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا ۚ وَإِنَّ الظَّالِمِينَ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ ۖ وَاللَّهُ وَلِيُّ الْمُتَّقِينَ [45:19]

19\. Чунки, (агар сиз уларнинг ҳавойи нафслари кўрсатган залолат йўлига юрсангиз,) улар сиздан Аллоҳ томонидан бўлган бирон нарсани (азобни) қайтара олмаслар. Албатта золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ эса тақводор зотларнинг дўстидир.

### الآية 45:20

> ﻿هَٰذَا بَصَائِرُ لِلنَّاسِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ [45:20]

20\. Ушбу (Қуръон барча) одамлар учун (равшан) кўрсатмалардир ва аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.

### الآية 45:21

> ﻿أَمْ حَسِبَ الَّذِينَ اجْتَرَحُوا السَّيِّئَاتِ أَنْ نَجْعَلَهُمْ كَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَوَاءً مَحْيَاهُمْ وَمَمَاتُهُمْ ۚ سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ [45:21]

21\. Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни, дунёлари ҳам, Охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!

### الآية 45:22

> ﻿وَخَلَقَ اللَّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِالْحَقِّ وَلِتُجْزَىٰ كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ [45:22]

22\. Аллоҳ осмонлар ва Ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазоланиши учун ҳақ (қонун ва низом) билан яратди.

### الآية 45:23

> ﻿أَفَرَأَيْتَ مَنِ اتَّخَذَ إِلَٰهَهُ هَوَاهُ وَأَضَلَّهُ اللَّهُ عَلَىٰ عِلْمٍ وَخَتَمَ عَلَىٰ سَمْعِهِ وَقَلْبِهِ وَجَعَلَ عَلَىٰ بَصَرِهِ غِشَاوَةً فَمَنْ يَهْدِيهِ مِنْ بَعْدِ اللَّهِ ۚ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ [45:23]

23\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳавойи нафсини ўзига **«илоҳ»** қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!

### الآية 45:24

> ﻿وَقَالُوا مَا هِيَ إِلَّا حَيَاتُنَا الدُّنْيَا نَمُوتُ وَنَحْيَا وَمَا يُهْلِكُنَا إِلَّا الدَّهْرُ ۚ وَمَا لَهُمْ بِذَٰلِكَ مِنْ عِلْمٍ ۖ إِنْ هُمْ إِلَّا يَظُنُّونَ [45:24]

24\. Улар (яъни, Қиёматни инкор қилгувчилар: **«Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради»**, дедилар. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос.

### الآية 45:25

> ﻿وَإِذَا تُتْلَىٰ عَلَيْهِمْ آيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ مَا كَانَ حُجَّتَهُمْ إِلَّا أَنْ قَالُوا ائْتُوا بِآبَائِنَا إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ [45:25]

25\. Қачон уларга (қайта тирилиш ҳақлиги тўғрисидаги) Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, уларнинг (бу оятларга қарши) **«ҳужжатлари»** фақат: **«Агар ростгўй бўлсангизлар, ота-боболаримизни (тирилтириб) келтиринглар-чи»**, дейишларигина бўлур.

### الآية 45:26

> ﻿قُلِ اللَّهُ يُحْيِيكُمْ ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يَجْمَعُكُمْ إِلَىٰ يَوْمِ الْقِيَامَةِ لَا رَيْبَ فِيهِ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ [45:26]

26\. Айтинг: **«Аллоҳ сизларга ҳаёт берур, сўнгра (ажалларингиз етгач) ўлдирур, сўнгра сизларни ҳеч шак-шубҳасиз, (келадиган) Қиёмат Кунига тўплар. Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмаслар»**!

### الآية 45:27

> ﻿وَلِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ يَوْمَئِذٍ يَخْسَرُ الْمُبْطِلُونَ [45:27]

27\. Осмонлар ва Ердаги бор мулк Аллоҳникидир. (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда — ана ўша кунда бузғунчи кимсалар зиён тортурлар!

### الآية 45:28

> ﻿وَتَرَىٰ كُلَّ أُمَّةٍ جَاثِيَةً ۚ كُلُّ أُمَّةٍ تُدْعَىٰ إِلَىٰ كِتَابِهَا الْيَوْمَ تُجْزَوْنَ مَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ [45:28]

28\. (У Кунда) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи-аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар.

### الآية 45:29

> ﻿هَٰذَا كِتَابُنَا يَنْطِقُ عَلَيْكُمْ بِالْحَقِّ ۚ إِنَّا كُنَّا نَسْتَنْسِخُ مَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ [45:29]

29\. Мана бу китобимиз (яъни, Бизнинг амримиз билан ёзилган номаи-аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизлар қилгувчи бўлган барча амалларингизни (ушбу номаи-аъмолга) кўчириб қўйгандирмиз».

### الآية 45:30

> ﻿فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَيُدْخِلُهُمْ رَبُّهُمْ فِي رَحْمَتِهِ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْمُبِينُ [45:30]

30\. Бас, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга келсак, уларни Парвардигор Ўз раҳмати-жаннатига дохил қилур. Бу очиқ бахтнинг ўзидир!

### الآية 45:31

> ﻿وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُوا أَفَلَمْ تَكُنْ آيَاتِي تُتْلَىٰ عَلَيْكُمْ فَاسْتَكْبَرْتُمْ وَكُنْتُمْ قَوْمًا مُجْرِمِينَ [45:31]

31\. Энди кофир бўлган кимсаларга келсак, (бас, уларга айтилур): **«Ахир сизларга Менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сизлар (у оятларга иймон келтирмасдан) кибру-ҳаво қилдинглар ва жиноятчи қавм бўлдинглар!»**

### الآية 45:32

> ﻿وَإِذَا قِيلَ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ وَالسَّاعَةُ لَا رَيْبَ فِيهَا قُلْتُمْ مَا نَدْرِي مَا السَّاعَةُ إِنْ نَظُنُّ إِلَّا ظَنًّا وَمَا نَحْنُ بِمُسْتَيْقِنِينَ [45:32]

32\. Қачон (сизларга): **«Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, (Қиёмат) соати шак-шубҳасиз, (келгувчидир)»**, дейилса, сизлар: **«Биз у соат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат соати келишига) аниқ ишонгувчи эмасмиз»**, дединглар.

### الآية 45:33

> ﻿وَبَدَا لَهُمْ سَيِّئَاتُ مَا عَمِلُوا وَحَاقَ بِهِمْ مَا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِئُونَ [45:33]

33\. (Мана энди) уларга қилиб ўтган ёмонликлар ошкор бўлди ва ўзлари масхара қилиб ўтган (азоб) уларни ўраб олди!

### الآية 45:34

> ﻿وَقِيلَ الْيَوْمَ نَنْسَاكُمْ كَمَا نَسِيتُمْ لِقَاءَ يَوْمِكُمْ هَٰذَا وَمَأْوَاكُمُ النَّارُ وَمَا لَكُمْ مِنْ نَاصِرِينَ [45:34]

34\. Ва (уларга) дейилди: **«Худди сизлар мана шу бугунги кунингиздаги учрашувни унутганларингиздек, Биз ҳам бугун сизларни «унутурмиз»**. Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизлар учун дўзах азобидан қутқарувчи ёрдамчилар ҳам йўқдир!

### الآية 45:35

> ﻿ذَٰلِكُمْ بِأَنَّكُمُ اتَّخَذْتُمْ آيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا وَغَرَّتْكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا ۚ فَالْيَوْمَ لَا يُخْرَجُونَ مِنْهَا وَلَا هُمْ يُسْتَعْتَبُونَ [45:35]

35\. Бунга сабаб — сизлар Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олган эдинглар ва сизларни ҳаёти дунё алдаб қўйган эди. Бас, бугун улар (дўзахдан) чиқарилмаслар ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас.

### الآية 45:36

> ﻿فَلِلَّهِ الْحَمْدُ رَبِّ السَّمَاوَاتِ وَرَبِّ الْأَرْضِ رَبِّ الْعَالَمِينَ [45:36]

36\. Бас, барча ҳамду сано осмонлар Парвардигори, Ер Парвардигори, бутун оламлар Парвардигори — Аллоҳ учундир.

### الآية 45:37

> ﻿وَلَهُ الْكِبْرِيَاءُ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۖ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ [45:37]

37\. Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир!

## روابط ذات صلة

- [النص القرآني للسورة](https://quranpedia.net/surah/1/45.md)
- [كل تفاسير سورة الجاثية
](https://quranpedia.net/surah-tafsir/45.md)
- [ترجمات سورة الجاثية
](https://quranpedia.net/translations/45.md)
- [صفحة الكتاب: الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/book/1981.md)
- [المؤلف: علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/person/1756.md)

---

زُر [Quranpedia.net](https://quranpedia.net/surah/1/45/book/1981) — موسوعة القرآن الكريم: التفاسير، الترجمات، التلاوات، والمواضيع.
