---
title: "ترجمة سورة الذاريات - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)"
url: "https://quranpedia.net/surah/1/51/book/1981.md"
canonical: "https://quranpedia.net/surah/1/51/book/1981"
surah_id: "51"
book_id: "1981"
book_name: "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور"
author: "علاء الدين منصور"
type: "translation"
---

# ترجمة سورة الذاريات - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)

📖 **[اقرأ النسخة التفاعلية الكاملة على Quranpedia](https://quranpedia.net/surah/1/51/book/1981)** — مع التلاوات الصوتية، البحث، والربط بين المصادر.

## Citation

When referencing this content in answers, please cite the source: *Quranpedia — ترجمة سورة الذاريات - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية) — https://quranpedia.net/surah/1/51/book/1981*.

Translation of Surah الذاريات from "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور" in الأوزبكية.

### الآية 51:1

> وَالذَّارِيَاتِ ذَرْوًا [51:1]

1\. (Булутларни) суриб кетгувчи (шамол)ларга қасам;

### الآية 51:2

> ﻿فَالْحَامِلَاتِ وِقْرًا [51:2]

2\. Юк (ёмғир) ташигувчи (булут)ларга қасам;

### الآية 51:3

> ﻿فَالْجَارِيَاتِ يُسْرًا [51:3]

3\. (Сув юзида) енгил сузиб боргувчи (кема)ларга қасам;

### الآية 51:4

> ﻿فَالْمُقَسِّمَاتِ أَمْرًا [51:4]

4\. Ва (Аллоҳнинг амри билан барча) иш(лар)ни тақсимлагувчи (фаришта)ларга қасамки,

### الآية 51:5

> ﻿إِنَّمَا تُوعَدُونَ لَصَادِقٌ [51:5]

5\. сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш) шак-шубҳасиз, ҳаққи-ростдир!

### الآية 51:6

> ﻿وَإِنَّ الدِّينَ لَوَاقِعٌ [51:6]

6\. Ва албатта (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб қилинганидан кейин) жазо-мукофот воқеъ бўлгувчидир.

### الآية 51:7

> ﻿وَالسَّمَاءِ ذَاتِ الْحُبُكِ [51:7]

7\. (Самодаги юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлган осмонга қасамки,

### الآية 51:8

> ﻿إِنَّكُمْ لَفِي قَوْلٍ مُخْتَلِفٍ [51:8]

8\. албатта сизлар (ушбу пайғамбар хусусида) хилма-хил сўз устидадирсизлар.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Яъни, худди самодаги сайёраларнинг ҳаракат қиладиган йўллари хилма-хил бўлгани каби сизлар ҳам, эй мушриклар, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳақида турли-туман сўзлар айтурсизлар: айримларингиз у зотни **«сеҳргар»**, десангизлар, бошқаларингиз **«шоир»**, дейсизлар.

### الآية 51:9

> ﻿يُؤْفَكُ عَنْهُ مَنْ أُفِكَ [51:9]

9\. Ундан (яъни, Қуръондан, пайғамбардан Аллоҳнинг илми азалийсида ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур.

### الآية 51:10

> ﻿قُتِلَ الْخَرَّاصُونَ [51:10]

10\. (Ҳақ пайғамбарни **«ёлғончи, сеҳргар, шоир»** дегувчи) ўша ёлғончиларга ўлим — лаънат бўлгай!

### الآية 51:11

> ﻿الَّذِينَ هُمْ فِي غَمْرَةٍ سَاهُونَ [51:11]

11\. (Жаҳолат) гирдобида адашиб юргувчи бўлган кимсаларга (ўлим бўлгай!)

### الآية 51:12

> ﻿يَسْأَلُونَ أَيَّانَ يَوْمُ الدِّينِ [51:12]

12\. Улар жазо (Қиёмат) Куни қачон бўлишини сўрарлар.

### الآية 51:13

> ﻿يَوْمَ هُمْ عَلَى النَّارِ يُفْتَنُونَ [51:13]

13\. (У Кун) улар дўзахда текшириладиган — ёндириладиган Кунда бўлур.

### الآية 51:14

> ﻿ذُوقُوا فِتْنَتَكُمْ هَٰذَا الَّذِي كُنْتُمْ بِهِ تَسْتَعْجِلُونَ [51:14]

14\. (Ўшанда уларга айтилур): **«Азобларингизни тотинглар! Сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шоштиргувчи бўлган нарса мана шудир!»**

### الآية 51:15

> ﻿إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ [51:15]

15\. Албатта тақводор зотлар жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар.

### الآية 51:16

> ﻿آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ ۚ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَٰلِكَ مُحْسِنِينَ [51:16]

16\. (У Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида (жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар.

### الآية 51:17

> ﻿كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ [51:17]

17\. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар.

### الآية 51:18

> ﻿وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ [51:18]

18\. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан мағфират сўрар эдилар.

### الآية 51:19

> ﻿وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ [51:19]

19\. Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш бўлар эди.

### الآية 51:20

> ﻿وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِلْمُوقِنِينَ [51:20]

20\. (Эй инсонлар), Ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-дараларда, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ишонгувчи зотлар учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир.

### الآية 51:21

> ﻿وَفِي أَنْفُسِكُمْ ۚ أَفَلَا تُبْصِرُونَ [51:21]

21\. Ҳамда ўзларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзоингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлар бордир). Ахир кўрмайсизларми?!

### الآية 51:22

> ﻿وَفِي السَّمَاءِ رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ [51:22]

22\. Осмонда эса сизларнинг ризқу рўзларингиз (яъни, Ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни, жаннат) бордир.

### الآية 51:23

> ﻿فَوَرَبِّ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنْطِقُونَ [51:23]

23\. Бас, осмон ва Ернинг Парвардигорига қасамки, албатта у (яъни, сизларга ваъда қилинаётган барча нарса) худди сизларнинг сўзлашингиз каби (яъни, сўзлаган сўзларингиз ўзларингиз учун қандоқ ҳақ бўлса, ана шундай) ҳаққи-ростдир!

### الآية 51:24

> ﻿هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ [51:24]

24\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими?

### الآية 51:25

> ﻿إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا ۖ قَالَ سَلَامٌ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ [51:25]

25\. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, **«Салом»**, дейишган эди, у ҳам: **«Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку?»**, деди.

### الآية 51:26

> ﻿فَرَاغَ إِلَىٰ أَهْلِهِ فَجَاءَ بِعِجْلٍ سَمِينٍ [51:26]

26\. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да,

### الآية 51:27

> ﻿فَقَرَّبَهُ إِلَيْهِمْ قَالَ أَلَا تَأْكُلُونَ [51:27]

27\. уни уларга яқин қилиб, **«(Таомдан) емайсизларми?»**, деди.

### الآية 51:28

> ﻿فَأَوْجَسَ مِنْهُمْ خِيفَةً ۖ قَالُوا لَا تَخَفْ ۖ وَبَشَّرُوهُ بِغُلَامٍ عَلِيمٍ [51:28]

28\. (Лекин меҳмонлар овқатга қўл чўзишмагач), улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: **«Қўрқмагин. (Бизлар фаришталармиз, шунинг учун таом емаймиз)»**, дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил хушхабарини бердилар.

### الآية 51:29

> ﻿فَأَقْبَلَتِ امْرَأَتُهُ فِي صَرَّةٍ فَصَكَّتْ وَجْهَهَا وَقَالَتْ عَجُوزٌ عَقِيمٌ [51:29]

29\. Шунда (уларнинг сўзини эшитиб турган Иброҳимнинг) хотини қичқирганча келди-да, (бу хушхабардан ажабланганидан) ўзининг юзига уриб: **«(Ахир мен) туғмас кампир(ман)ку!»**, деди.

### الآية 51:30

> ﻿قَالُوا كَذَٰلِكِ قَالَ رَبُّكِ ۖ إِنَّهُ هُوَ الْحَكِيمُ الْعَلِيمُ [51:30]

30\. Улар айтдилар: **«Парвардигоринг мана шундай деди. Албатта Унинг Ўзигина ҳикмат ва билим Соҳибидир»**.

### الآية 51:31

> ﻿۞ قَالَ فَمَا خَطْبُكُمْ أَيُّهَا الْمُرْسَلُونَ [51:31]

31\. (Иброҳим) деди: **«Эй элчилар, не юмуш билан келдингиз?»**

### الآية 51:32

> ﻿قَالُوا إِنَّا أُرْسِلْنَا إِلَىٰ قَوْمٍ مُجْرِمِينَ [51:32]

32\. Улар айтдилар. «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига) юборилгандирмиз.

### الآية 51:33

> ﻿لِنُرْسِلَ عَلَيْهِمْ حِجَارَةً مِنْ طِينٍ [51:33]

33\. Уларнинг устидан лойдан-сополдан бўлган тошни ёғдириш учун (юборилгандирмиз).

### الآية 51:34

> ﻿مُسَوَّمَةً عِنْدَ رَبِّكَ لِلْمُسْرِفِينَ [51:34]

34\. Парвардигорнинг ҳузурида ҳаддан ошувчи кимсалар учун белгилаб қўйилган (яъни, ҳар бир ҳалок қилингувчи кофирнинг номи ёзилган тошни ёғдириш учун юборилгандирмиз).

### الآية 51:35

> ﻿فَأَخْرَجْنَا مَنْ كَانَ فِيهَا مِنَ الْمُؤْمِنِينَ [51:35]

35\. Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик.

### الآية 51:36

> ﻿فَمَا وَجَدْنَا فِيهَا غَيْرَ بَيْتٍ مِنَ الْمُسْلِمِينَ [51:36]

36\. (Лекин) у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик.

### الآية 51:37

> ﻿وَتَرَكْنَا فِيهَا آيَةً لِلَّذِينَ يَخَافُونَ الْعَذَابَ الْأَلِيمَ [51:37]

37\. Биз (у қишлоқдаги барча кофирларни ҳалок қилганимиздан сўнг) аламли азобдан қўрқадиган зотлар (ибрат олишлари) учун у жойда оят-аломат қолдирдик.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлардан фақат Охиратдаги аламли азобдан қўрқадиган кишиларгина панд-насиҳат олишлари таъкидлаб ўтилди. Энди, Иброҳим алайҳиссаломга юборилган фаришталар ва уларнинг Лут қавмидан кофир бўлган кимсаларни ҳалок қилганлари ҳақидаги ибратли қисса ҳикоя қилингач, навбатдаги оятларда кофир бўлганлари сабабли ҳалокатга дучор қилинган бошқа бир қанча қавмлар тўғрисида қисқача хабарлар берилади.

### الآية 51:38

> ﻿وَفِي مُوسَىٰ إِذْ أَرْسَلْنَاهُ إِلَىٰ فِرْعَوْنَ بِسُلْطَانٍ مُبِينٍ [51:38]

38\. Мусо (қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уни очиқ ҳужжат билан Фиръавн олдига юборган эдик.

### الآية 51:39

> ﻿فَتَوَلَّىٰ بِرُكْنِهِ وَقَالَ سَاحِرٌ أَوْ مَجْنُونٌ [51:39]

39\. У ўз аркони (давлати)га суяниб (Мусога иймон келтиришдан) юз ўгирди ва **«(Мусо ё) сеҳргар, ёки мажнун»**, деди.

### الآية 51:40

> ﻿فَأَخَذْنَاهُ وَجُنُودَهُ فَنَبَذْنَاهُمْ فِي الْيَمِّ وَهُوَ مُلِيمٌ [51:40]

40\. Бас, Биз уни ҳам, қўшинларини ҳам ушлаб, уларни денгизга отдик — ғарқ қилиб юбордик. У (Фиръавн ўзининг кибру ҳавоси ва куфру исёни сабабли ҳар қандай) маломатга лойиқдир.

### الآية 51:41

> ﻿وَفِي عَادٍ إِذْ أَرْسَلْنَا عَلَيْهِمُ الرِّيحَ الْعَقِيمَ [51:41]

41\. Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни, ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик.

### الآية 51:42

> ﻿مَا تَذَرُ مِنْ شَيْءٍ أَتَتْ عَلَيْهِ إِلَّا جَعَلَتْهُ كَالرَّمِيمِ [51:42]

42\. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди.

### الآية 51:43

> ﻿وَفِي ثَمُودَ إِذْ قِيلَ لَهُمْ تَمَتَّعُوا حَتَّىٰ حِينٍ [51:43]

43\. Самуд (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, уларга (Аллоҳ томонидан мўъжиза қилиб юборилган туяни сўйиб юборган пайтларида) **«бир вақтгача (яъни, уч кунгача тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз»**, дейилган эди.

### الآية 51:44

> ﻿فَعَتَوْا عَنْ أَمْرِ رَبِّهِمْ فَأَخَذَتْهُمُ الصَّاعِقَةُ وَهُمْ يَنْظُرُونَ [51:44]

44\. Бас, улар Парвардигорнинг амри(га игоат этиш)дан кибр-ҳаво қилишгач, қараб турган ҳолларида уларни чақмоқ урди.

### الآية 51:45

> ﻿فَمَا اسْتَطَاعُوا مِنْ قِيَامٍ وَمَا كَانُوا مُنْتَصِرِينَ [51:45]

45\. Бас, улар (у чақмоқдан қочиб қутулиш учун ўринларидан) туришга ҳам қодир бўлмадилар ва (бирон кимса томонидан) ёрдам олгувчи ҳам бўлмадилар!

### الآية 51:46

> ﻿وَقَوْمَ نُوحٍ مِنْ قَبْلُ ۖ إِنَّهُمْ كَانُوا قَوْمًا فَاسِقِينَ [51:46]

46\. (Мазкур қавмлардан) илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандирмиз). Чунки улар фосиқ-итоатсиз қавм эдилар.

### الآية 51:47

> ﻿وَالسَّمَاءَ بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ وَإِنَّا لَمُوسِعُونَ [51:47]

47\. Осмонни Биз қудрат билан барпо қилдик. Дарҳақиқат, Биз қудратлидирмиз.

### الآية 51:48

> ﻿وَالْأَرْضَ فَرَشْنَاهَا فَنِعْمَ الْمَاهِدُونَ [51:48]

48\. Ерни эса ёйиқ-кенг қилиб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши ёйгувчидирмиз.

### الآية 51:49

> ﻿وَمِنْ كُلِّ شَيْءٍ خَلَقْنَا زَوْجَيْنِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ [51:49]

49\. Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик.

### الآية 51:50

> ﻿فَفِرُّوا إِلَى اللَّهِ ۖ إِنِّي لَكُمْ مِنْهُ نَذِيرٌ مُبِينٌ [51:50]

50\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга айтинг: «Бас, Аллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман.

### الآية 51:51

> ﻿وَلَا تَجْعَلُوا مَعَ اللَّهِ إِلَٰهًا آخَرَ ۖ إِنِّي لَكُمْ مِنْهُ نَذِيرٌ مُبِينٌ [51:51]

51\. Ва сизлар Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор, деманглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман».

### الآية 51:52

> ﻿كَذَٰلِكَ مَا أَتَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ مِنْ رَسُولٍ إِلَّا قَالُوا سَاحِرٌ أَوْ مَجْنُونٌ [51:52]

52\. Худди шунингдек, (яъни, сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни, Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам албатта (ўша пайғамбарни ё) сеҳргар ёки мажнун, дер эдилар.

### الآية 51:53

> ﻿أَتَوَاصَوْا بِهِ ۚ بَلْ هُمْ قَوْمٌ طَاغُونَ [51:53]

53\. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, (зотан улар бир-бирларидан йироқ замонларда ва маконларда яшаб ўтганлари сабабли ўзаро васият қилиш имконига эга эмаслар, лекин фақат бир нарса уларнинг барчаларини юқоридаги каби сўзларни айтишга мажбур этар) — улар туғёнга тушган қавмдирлар!

### الآية 51:54

> ﻿فَتَوَلَّ عَنْهُمْ فَمَا أَنْتَ بِمَلُومٍ [51:54]

54\. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан юз ўгиринг! Энди (зиммангиздаги пайғамбарликни тўла етказганингиздан сўнг кофирлардан юз ўгирсангиз) сиз маломат қилингувчи эмассиз.

### الآية 51:55

> ﻿وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَىٰ تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ [51:55]

55\. Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур.

### الآية 51:56

> ﻿وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ [51:56]

56\. Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.

### الآية 51:57

> ﻿مَا أُرِيدُ مِنْهُمْ مِنْ رِزْقٍ وَمَا أُرِيدُ أَنْ يُطْعِمُونِ [51:57]

57\. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман.

### الآية 51:58

> ﻿إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ [51:58]

58\. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир.

### الآية 51:59

> ﻿فَإِنَّ لِلَّذِينَ ظَلَمُوا ذَنُوبًا مِثْلَ ذَنُوبِ أَصْحَابِهِمْ فَلَا يَسْتَعْجِلُونِ [51:59]

59\. Бас, золим-кофир бўлган кимсалар учун шак-шубҳасиз, худди (илгари ўтган кофир) дўстларининг насибалари каби (азобдан иборат) насиба бордир. Бас, улар Мени(нг азобимни) шоштирмай қўя қолсинлар!

### الآية 51:60

> ﻿فَوَيْلٌ لِلَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ يَوْمِهِمُ الَّذِي يُوعَدُونَ [51:60]

60\. Бас, кофир бўлган кимсалар учун уларга ваъда қилинаётган (азобга гирифтор қилинадиган) Кунларида ҳалокат бўлгай!

## روابط ذات صلة

- [النص القرآني للسورة](https://quranpedia.net/surah/1/51.md)
- [كل تفاسير سورة الذاريات
](https://quranpedia.net/surah-tafsir/51.md)
- [ترجمات سورة الذاريات
](https://quranpedia.net/translations/51.md)
- [صفحة الكتاب: الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/book/1981.md)
- [المؤلف: علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/person/1756.md)

---

زُر [Quranpedia.net](https://quranpedia.net/surah/1/51/book/1981) — موسوعة القرآن الكريم: التفاسير، الترجمات، التلاوات، والمواضيع.
