---
title: "ترجمة سورة النجم - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)"
url: "https://quranpedia.net/surah/1/53/book/1981.md"
canonical: "https://quranpedia.net/surah/1/53/book/1981"
surah_id: "53"
book_id: "1981"
book_name: "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور"
author: "علاء الدين منصور"
type: "translation"
---

# ترجمة سورة النجم - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)

📖 **[اقرأ النسخة التفاعلية الكاملة على Quranpedia](https://quranpedia.net/surah/1/53/book/1981)** — مع التلاوات الصوتية، البحث، والربط بين المصادر.

## Citation

When referencing this content in answers, please cite the source: *Quranpedia — ترجمة سورة النجم - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية) — https://quranpedia.net/surah/1/53/book/1981*.

Translation of Surah النجم from "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور" in الأوزبكية.

### الآية 53:1

> وَالنَّجْمِ إِذَا هَوَىٰ [53:1]

1\. Ботиб кетаётган юлдузга қасамки,

### الآية 53:2

> ﻿مَا ضَلَّ صَاحِبُكُمْ وَمَا غَوَىٰ [53:2]

2\. Сизларнинг соҳибингиз (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ!

### الآية 53:3

> ﻿وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَىٰ [53:3]

3\. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас.

### الآية 53:4

> ﻿إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَىٰ [53:4]

4\. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир.

### الآية 53:5

> ﻿عَلَّمَهُ شَدِيدُ الْقُوَىٰ [53:5]

5\. Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир.

### الآية 53:6

> ﻿ذُو مِرَّةٍ فَاسْتَوَىٰ [53:6]

6\. Соҳиби қудрат (яъни, Жаброил алайҳиссалом таълим бермишдир).

### الآية 53:7

> ﻿وَهُوَ بِالْأُفُقِ الْأَعْلَىٰ [53:7]

7\. Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди.

### الآية 53:8

> ﻿ثُمَّ دَنَا فَتَدَلَّىٰ [53:8]

8\. Сўнгра яқинлашиб, пастлади.

### الآية 53:9

> ﻿فَكَانَ قَابَ قَوْسَيْنِ أَوْ أَدْنَىٰ [53:9]

9\. Бас, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлиб;

### الآية 53:10

> ﻿فَأَوْحَىٰ إِلَىٰ عَبْدِهِ مَا أَوْحَىٰ [53:10]

10\. (Аллоҳ) ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом)га туширган ваҳийни келтиради.

### الآية 53:11

> ﻿مَا كَذَبَ الْفُؤَادُ مَا رَأَىٰ [53:11]

11\. (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади. (Яъни, Жаброил фариштанинг суратини кўриб, пайғамбарнинг кўнгли ҳам қаноатланди ва унинг Аллоҳ таоло томонидаи фаришта эканлигига иймон келтирди).

### الآية 53:12

> ﻿أَفَتُمَارُونَهُ عَلَىٰ مَا يَرَىٰ [53:12]

12\. Энди сизлар, (эй мушриклар, пайғамбар) кўриб турган нарсаси устида у билан тортишурмисизлар?!

### الآية 53:13

> ﻿وَلَقَدْ رَآهُ نَزْلَةً أُخْرَىٰ [53:13]

13\. Қасамки, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор кўрди.

### الآية 53:14

> ﻿عِنْدَ سِدْرَةِ الْمُنْتَهَىٰ [53:14]

14\. (Жаннат) четидаги Нилуфар олдида (кўрди).
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Бу кўриш Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Жаброил фаришта билан бирга Меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда Расулуллоҳнинг ўша меърожда кўрган — гувоҳ бўлган манзаралари тасвирланади.

### الآية 53:15

> ﻿عِنْدَهَا جَنَّةُ الْمَأْوَىٰ [53:15]

15\. Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир.

### الآية 53:16

> ﻿إِذْ يَغْشَى السِّدْرَةَ مَا يَغْشَىٰ [53:16]

16\. Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни, Аллоҳ таолонинг файзи илоҳийси) ўраб олган эди.

### الآية 53:17

> ﻿مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَىٰ [53:17]

17\. (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ.

### الآية 53:18

> ﻿لَقَدْ رَأَىٰ مِنْ آيَاتِ رَبِّهِ الْكُبْرَىٰ [53:18]

18\. Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк оятларини (яъни, У зотнинг қудрати илоҳийсига далолат қиладиган жуда кўп аломатларни) кўрди.

### الآية 53:19

> ﻿أَفَرَأَيْتُمُ اللَّاتَ وَالْعُزَّىٰ [53:19]

19\. (Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — **«Лот»**, **«Уззо»** ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!

### الآية 53:20

> ﻿وَمَنَاةَ الثَّالِثَةَ الْأُخْرَىٰ [53:20]

20\. Ва яна учинчилари бўлмиш тубан **«Манот»** ҳақидачи?!

### الآية 53:21

> ﻿أَلَكُمُ الذَّكَرُ وَلَهُ الْأُنْثَىٰ [53:21]

21\. (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни **«Аллоҳнинг қизлари»**, дейсизлар, демак) эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У зотникими?!

### الآية 53:22

> ﻿تِلْكَ إِذًا قِسْمَةٌ ضِيزَىٰ [53:22]

22\. У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?!

### الآية 53:23

> ﻿إِنْ هِيَ إِلَّا أَسْمَاءٌ سَمَّيْتُمُوهَا أَنْتُمْ وَآبَاؤُكُمْ مَا أَنْزَلَ اللَّهُ بِهَا مِنْ سُلْطَانٍ ۚ إِنْ يَتَّبِعُونَ إِلَّا الظَّنَّ وَمَا تَهْوَى الْأَنْفُسُ ۖ وَلَقَدْ جَاءَهُمْ مِنْ رَبِّهِمُ الْهُدَىٰ [53:23]

23\. У (ном)лар фақат сизлар ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом воситаларида) Парвардигор томонидан ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а!

### الآية 53:24

> ﻿أَمْ لِلْإِنْسَانِ مَا تَمَنَّىٰ [53:24]

24\. Ёки инсон учун ўзи орзу қилган нарса бўлаверарми?! (Ҳаргиз бўлмас!)
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Мушриклар ўзлари ясаб кейин **«Лот, Уззо ва Манот»** деб ном қўйиб олган бутлари ҳақида **«Булар Аллоҳнинг қизларидир. Мана шулар Қиёмат Кунида бизларни шафоат қилишади»**, деб хомхаёл қилиб юрар эдилар. Юқоридаги оят уларнинг бу хомхаёллари ҳеч қачон амалга ошмаслигини таъкидлади.

### الآية 53:25

> ﻿فَلِلَّهِ الْآخِرَةُ وَالْأُولَىٰ [53:25]

25\. Зеро, Охират ҳам, дунё ҳам ёлғиз Аллоҳникидир!

### الآية 53:26

> ﻿۞ وَكَمْ مِنْ مَلَكٍ فِي السَّمَاوَاتِ لَا تُغْنِي شَفَاعَتُهُمْ شَيْئًا إِلَّا مِنْ بَعْدِ أَنْ يَأْذَنَ اللَّهُ لِمَنْ يَشَاءُ وَيَرْضَىٰ [53:26]

26\. Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур).

### الآية 53:27

> ﻿إِنَّ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ لَيُسَمُّونَ الْمَلَائِكَةَ تَسْمِيَةَ الْأُنْثَىٰ [53:27]

27\. Дарвоқеъ, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар фаришталарни аёллар номи билан атайдилар.

### الآية 53:28

> ﻿وَمَا لَهُمْ بِهِ مِنْ عِلْمٍ ۖ إِنْ يَتَّبِعُونَ إِلَّا الظَّنَّ ۖ وَإِنَّ الظَّنَّ لَا يُغْنِي مِنَ الْحَقِّ شَيْئًا [53:28]

28\. Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда (яъни, фаришталарнинг қайси жинсдан эканлиги ҳақида) бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар, холос. Аниқки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас!

### الآية 53:29

> ﻿فَأَعْرِضْ عَنْ مَنْ تَوَلَّىٰ عَنْ ذِكْرِنَا وَلَمْ يُرِدْ إِلَّا الْحَيَاةَ الدُّنْيَا [53:29]

29\. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Бизнинг эслатмамиздан орқа ўгириб кетган ва фақат ҳаёти дунёнигина истаган кимсалардан юз ўгиринг!

### الآية 53:30

> ﻿ذَٰلِكَ مَبْلَغُهُمْ مِنَ الْعِلْمِ ۚ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِمَنِ اهْتَدَىٰ [53:30]

30\. Уларнинг **«илм»**дан етган жойлари мана шу (ҳаёти дунё матоларинигина исташ)дир. Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билгувчидир.

### الآية 53:31

> ﻿وَلِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ لِيَجْزِيَ الَّذِينَ أَسَاءُوا بِمَا عَمِلُوا وَيَجْزِيَ الَّذِينَ أَحْسَنُوا بِالْحُسْنَى [53:31]

31\. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарсалар ёлғиз Аллоҳникидир. У зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!

### الآية 53:32

> ﻿الَّذِينَ يَجْتَنِبُونَ كَبَائِرَ الْإِثْمِ وَالْفَوَاحِشَ إِلَّا اللَّمَمَ ۚ إِنَّ رَبَّكَ وَاسِعُ الْمَغْفِرَةِ ۚ هُوَ أَعْلَمُ بِكُمْ إِذْ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَإِذْ أَنْتُمْ أَجِنَّةٌ فِي بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ ۖ فَلَا تُزَكُّوا أَنْفُسَكُمْ ۖ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنِ اتَّقَىٰ [53:32]

32\. Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг Зотдир. У сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) Ердан — тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни жуда яхши билгувчидир.

### الآية 53:33

> ﻿أَفَرَأَيْتَ الَّذِي تَوَلَّىٰ [53:33]

33\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, иймондан) юз ўгириб кетган

### الآية 53:34

> ﻿وَأَعْطَىٰ قَلِيلًا وَأَكْدَىٰ [53:34]

34\. ва озгина (мол) бериб, (кейин шарт қилинган молни беришни) тўхтатган кимсани кўрдингизми?
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Бу оятларнинг нозил бўлишига бир воқеа сабаб бўлган. Валид ибн Муғийра деган бир киши Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларида ўтириб, у зотнинг панд-насиҳатларини эшитгач, таъсирланиб, Ислом динига кирмоқчи бўлади. Шунда мушриклардан бири унга **«Сен ота-боболарингни йўлдан озган кимсалар деб уларнинг динини тарк қилиб, Муҳаммаднинг динига кирмоқчимисан?»**, деб қутқу солади. Иккиланиб қолган Валид: **«Ахир мен Исломга кирмасам, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўламан-ку?»** деганида, ҳалиги мушрик унга: **«Агар сен менга фалон миқдорда мол-пул берсанг, сенинг барча гуноҳларингни Охиратда ўз бўйнимга оламан»**, дейди. Унинг васвасасига учган Валид диндан юз ўгиради ва ўзаро шартлашган молларидан бир қисмини ҳалиги мушрикка беради, аммо қолганини бахиллик қилиб бермай қўяди. Шунда юқоридаги ояти карималар нозил бўлади ва шу мавзу қуйидаги оятларда ҳам давом этади.

### الآية 53:35

> ﻿أَعِنْدَهُ عِلْمُ الْغَيْبِ فَهُوَ يَرَىٰ [53:35]

35\. Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у (келажакда бошқа биров ўзининг гуноҳини зиммасига олишини) билиб олса?!

### الآية 53:36

> ﻿أَمْ لَمْ يُنَبَّأْ بِمَا فِي صُحُفِ مُوسَىٰ [53:36]

36\. Ёки унга Мусонинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?!

### الآية 53:37

> ﻿وَإِبْرَاهِيمَ الَّذِي وَفَّىٰ [53:37]

37\. Ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар (хабари берилмаганмиди?!)

### الآية 53:38

> ﻿أَلَّا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَىٰ [53:38]

38\. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас!

### الآية 53:39

> ﻿وَأَنْ لَيْسَ لِلْإِنْسَانِ إِلَّا مَا سَعَىٰ [53:39]

39\. Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас).

### الآية 53:40

> ﻿وَأَنَّ سَعْيَهُ سَوْفَ يُرَىٰ [53:40]

40\. Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур.

### الآية 53:41

> ﻿ثُمَّ يُجْزَاهُ الْجَزَاءَ الْأَوْفَىٰ [53:41]

41\. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.

### الآية 53:42

> ﻿وَأَنَّ إِلَىٰ رَبِّكَ الْمُنْتَهَىٰ [53:42]

42\. Албатта охирги чегара ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир.

### الآية 53:43

> ﻿وَأَنَّهُ هُوَ أَضْحَكَ وَأَبْكَىٰ [53:43]

43\. Албатта кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир.

### الآية 53:44

> ﻿وَأَنَّهُ هُوَ أَمَاتَ وَأَحْيَا [53:44]

44\. Албатта ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Унинг Ўзидир.

### الآية 53:45

> ﻿وَأَنَّهُ خَلَقَ الزَّوْجَيْنِ الذَّكَرَ وَالْأُنْثَىٰ [53:45]

45\. Ва албатта У зот эркак-аёл жуфтларни яратгандир.

### الآية 53:46

> ﻿مِنْ نُطْفَةٍ إِذَا تُمْنَىٰ [53:46]

46\. (Уларни) отилиб чиқадиган нутфадан (яратгандир).

### الآية 53:47

> ﻿وَأَنَّ عَلَيْهِ النَّشْأَةَ الْأُخْرَىٰ [53:47]

47\. Албатта (барча халойиқни ўлганидан сўнг) иккинчи бор пайдо қилиш ҳам ёлғиз Унинг зиммасидадир.

### الآية 53:48

> ﻿وَأَنَّهُ هُوَ أَغْنَىٰ وَأَقْنَىٰ [53:48]

48\. Албатта бой қилган ҳам, бадавлат қилган ҳам Унинг Ўзидир.

### الآية 53:49

> ﻿وَأَنَّهُ هُوَ رَبُّ الشِّعْرَىٰ [53:49]

49\. Албатта Шеъро (юлдузи)нинг Парвардигори ҳам Унинг Ўзидир.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Мушрикларнинг бир тоифаси ёзнинг иссиқ кечаларида кўринадиган Шеъро (Сириус) номли юлдузга сиғинар эдилар. Мазкур ояти карима Аллоҳ таоло улар сиғинаётган Шеъронинг ҳам Парвардигори эканлигини уқтиради.

### الآية 53:50

> ﻿وَأَنَّهُ أَهْلَكَ عَادًا الْأُولَىٰ [53:50]

50\. Албатта У зот аввалги Од (қабиласи)ни ҳалок қилди;

### الآية 53:51

> ﻿وَثَمُودَ فَمَا أَبْقَىٰ [53:51]

51\. Ва Самуд (қабиласи)ни ҳам (ҳалок қилди), бас (улардан бирон кишини тирик) қолдирмади.

### الآية 53:52

> ﻿وَقَوْمَ نُوحٍ مِنْ قَبْلُ ۖ إِنَّهُمْ كَانُوا هُمْ أَظْلَمَ وَأَطْغَىٰ [53:52]

52\. Яна У зот илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандир). Чунки уларнинг ўзлари жуда золим ва туғёнга тушган кимсалар эдилар.

### الآية 53:53

> ﻿وَالْمُؤْتَفِكَةَ أَهْوَىٰ [53:53]

53\. Яна У зот зеру-забар бўлган қишлоқни (яъни, Лут пайғамбар қавмини) ҳам қулатиб,

### الآية 53:54

> ﻿فَغَشَّاهَا مَا غَشَّىٰ [53:54]

54\. уни ўраган нарса (яъни, осмонда ёғилган тошлар) билан ўраб кўмиб ташлади.

### الآية 53:55

> ﻿فَبِأَيِّ آلَاءِ رَبِّكَ تَتَمَارَىٰ [53:55]

55\. Бас, (эй инсон) Парвардигорингнинг қайси неъматлари ҳақида шак-шубҳа қилурсан?!

### الآية 53:56

> ﻿هَٰذَا نَذِيرٌ مِنَ النُّذُرِ الْأُولَىٰ [53:56]

56\. Бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ҳам) аввалги огоҳлантиргувчилар (пайғамбарлар жумласи)дан бир огоҳлантиргувчидир.

### الآية 53:57

> ﻿أَزِفَتِ الْآزِفَةُ [53:57]

57\. Яқин бўлгувчи (Қиёмат) яқин қолди.

### الآية 53:58

> ﻿لَيْسَ لَهَا مِنْ دُونِ اللَّهِ كَاشِفَةٌ [53:58]

58\. Унинг учун Аллоҳдан ўзга бирон очгувчи (қачон бўлишини билдиргувчи) йўқдир.

### الآية 53:59

> ﻿أَفَمِنْ هَٰذَا الْحَدِيثِ تَعْجَبُونَ [53:59]

59\. (Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу Сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми?!

### الآية 53:60

> ﻿وَتَضْحَكُونَ وَلَا تَبْكُونَ [53:60]

60\. (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, кулурсизларми?

### الآية 53:61

> ﻿وَأَنْتُمْ سَامِدُونَ [53:61]

61\. Ғофил бўлган ҳолларингизда (йиғламасдан, кулурсизларми?!)

### الآية 53:62

> ﻿فَاسْجُدُوا لِلَّهِ وَاعْبُدُوا ۩ [53:62]

62\. Бас, сизлар ёлғиз Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар!
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Ушбу ояти карима навбатдаги сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ва тинглаган ҳар бир киши учун бир бор сажда лозим бўлур.

## روابط ذات صلة

- [النص القرآني للسورة](https://quranpedia.net/surah/1/53.md)
- [كل تفاسير سورة النجم
](https://quranpedia.net/surah-tafsir/53.md)
- [ترجمات سورة النجم
](https://quranpedia.net/translations/53.md)
- [صفحة الكتاب: الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/book/1981.md)
- [المؤلف: علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/person/1756.md)

---

زُر [Quranpedia.net](https://quranpedia.net/surah/1/53/book/1981) — موسوعة القرآن الكريم: التفاسير، الترجمات، التلاوات، والمواضيع.
