---
title: "ترجمة سورة المنافقون - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)"
url: "https://quranpedia.net/surah/1/63/book/1981.md"
canonical: "https://quranpedia.net/surah/1/63/book/1981"
surah_id: "63"
book_id: "1981"
book_name: "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور"
author: "علاء الدين منصور"
type: "translation"
---

# ترجمة سورة المنافقون - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية)

📖 **[اقرأ النسخة التفاعلية الكاملة على Quranpedia](https://quranpedia.net/surah/1/63/book/1981)** — مع التلاوات الصوتية، البحث، والربط بين المصادر.

## Citation

When referencing this content in answers, please cite the source: *Quranpedia — ترجمة سورة المنافقون - الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور (الأوزبكية) — https://quranpedia.net/surah/1/63/book/1981*.

Translation of Surah المنافقون from "الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور" in الأوزبكية.

### الآية 63:1

> إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ [63:1]

1\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: **«Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз»**, дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Яъни, мунофиқлар Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига чин дилдан иймон келтирганлари йўқ, балки фақат тилларидагина гувоҳлик бердилар, демак, уларнинг бу гувоҳликлари ёлғон гувоҳликдир.

### الآية 63:2

> ﻿اتَّخَذُوا أَيْمَانَهُمْ جُنَّةً فَصَدُّوا عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ ۚ إِنَّهُمْ سَاءَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ [63:2]

2\. Улар ўзларининг (мусулмон эканликлари ҳақида ичган ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар! Уларнинг қилгувчи бўлган амаллари нақадар ёмондир!

### الآية 63:3

> ﻿ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ آمَنُوا ثُمَّ كَفَرُوا فَطُبِعَ عَلَىٰ قُلُوبِهِمْ فَهُمْ لَا يَفْقَهُونَ [63:3]

3\. Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!

### الآية 63:4

> ﻿۞ وَإِذَا رَأَيْتَهُمْ تُعْجِبُكَ أَجْسَامُهُمْ ۖ وَإِنْ يَقُولُوا تَسْمَعْ لِقَوْلِهِمْ ۖ كَأَنَّهُمْ خُشُبٌ مُسَنَّدَةٌ ۖ يَحْسَبُونَ كُلَّ صَيْحَةٍ عَلَيْهِمْ ۚ هُمُ الْعَدُوُّ فَاحْذَرْهُمْ ۚ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ ۖ أَنَّىٰ يُؤْفَكُونَ [63:4]

4\. Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!

### الآية 63:5

> ﻿وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْا يَسْتَغْفِرْ لَكُمْ رَسُولُ اللَّهِ لَوَّوْا رُءُوسَهُمْ وَرَأَيْتَهُمْ يَصُدُّونَ وَهُمْ مُسْتَكْبِرُونَ [63:5]

5\. Қачон уларга: **«Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар»**, дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз.
\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_\_
И з о ҳ. Ушбу ва қуйидаги оятлар мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳақида нозил бўлгандир. Воқеа бундай бўлган. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом саҳобалари билан Бану Мусталақ қабиласига қарши жанг қилиб, ғалаба қозонганларидан сўнг Мадинага қайтаётганларида бир мунофиқ кимса муҳожир мусулмонлардан бири билан сув талашиб жанжаллашиб қоладилар. Шу пайт ўша ерда ҳозир бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳалиги муҳожир ва умуман барча муҳожир мусулмонлар ҳақида ножўя сўзлар айтиб, уларни ҳақорат қилади ва ўз қавмига қараб: **«Бу келгиндиларга (яъни, муҳожирларга) ёрдам ва хайр-саховат қилманглар, токи улар Муҳаммадни ташлаб ўз юртларига қайтиб кетсинлар. Ҳали Мадинага қайтганимизда, албатта кучлилар (яъни, бизлар) кучсизларни (яъни, мусулмонларни) Мадинадан қувиб чиқарур»**, дейди. Аммо кейинроқ, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом бу воқеадан хабардор бўлганларидан кейин ундан: **«Сен шу гапларни айтдингми?»**, деб сўраганларида эса, у қасам ичиб, айтган сўзларидан тонади ва ёлғон қасамни қалқон қилиб олади. Энди, у ва унинг ҳамтовоқлари ҳақида оятлар нозил бўлгач, айрим кишилар унга: **«Эй Абдуллоҳ, сенинг хусусингда қаттиқ оятлар тушди, сен Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўрагин, у киши сенинг гуноҳларингни мағфират қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилсинлар, шояд Аллоҳ мағфират қилса»**, дейишганида у бундан бош тортади ва: **«Сизлар иймон келтир, дединглар, иймон келтирдим; молингнинг закотини бер, дединглар, закот бердим, энди бир камим бориб Муҳаммадга сажда қилиш қолувди»**, деб жавоб беради. Шунда юқоридаги оят нозил бўлади ва навбатдаги оятда эса ундай мунофиқ кимсалар ҳақида қилинган ҳеч қандай дуо-илтижо ижобат бўлмаслиги уқтирилади.

### الآية 63:6

> ﻿سَوَاءٌ عَلَيْهِمْ أَسْتَغْفَرْتَ لَهُمْ أَمْ لَمْ تَسْتَغْفِرْ لَهُمْ لَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَهُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ [63:6]

6\. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми уларга баробардир — Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас! Албатта Аллоҳ бундай фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.

### الآية 63:7

> ﻿هُمُ الَّذِينَ يَقُولُونَ لَا تُنْفِقُوا عَلَىٰ مَنْ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ حَتَّىٰ يَنْفَضُّوا ۗ وَلِلَّهِ خَزَائِنُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلَٰكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَفْقَهُونَ [63:7]

7\. Улар (ўзларининг тобеъларига): **«Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи улар тарқалиб кетсинлар»**, дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки, осмонлар ва Ер хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар.

### الآية 63:8

> ﻿يَقُولُونَ لَئِنْ رَجَعْنَا إِلَى الْمَدِينَةِ لَيُخْرِجَنَّ الْأَعَزُّ مِنْهَا الْأَذَلَّ ۚ وَلِلَّهِ الْعِزَّةُ وَلِرَسُولِهِ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَلَٰكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَعْلَمُونَ [63:8]

8\. Улар: **«Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур»**, дерлар. Ҳолбуки, куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар.

### الآية 63:9

> ﻿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُلْهِكُمْ أَمْوَالُكُمْ وَلَا أَوْلَادُكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ ۚ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَٰلِكَ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ [63:9]

9\. Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!

### الآية 63:10

> ﻿وَأَنْفِقُوا مِنْ مَا رَزَقْنَاكُمْ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ فَيَقُولَ رَبِّ لَوْلَا أَخَّرْتَنِي إِلَىٰ أَجَلٍ قَرِيبٍ فَأَصَّدَّقَ وَأَكُنْ مِنَ الصَّالِحِينَ [63:10]

10\. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: **«Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам»**, деб қолишдан илгари, Биз сизларга ризқ қилиб берга нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!

### الآية 63:11

> ﻿وَلَنْ يُؤَخِّرَ اللَّهُ نَفْسًا إِذَا جَاءَ أَجَلُهَا ۚ وَاللَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ [63:11]

11\. Аллоҳ бирон жонни ажал келган вақтида (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

## روابط ذات صلة

- [النص القرآني للسورة](https://quranpedia.net/surah/1/63.md)
- [كل تفاسير سورة المنافقون
](https://quranpedia.net/surah-tafsir/63.md)
- [ترجمات سورة المنافقون
](https://quranpedia.net/translations/63.md)
- [صفحة الكتاب: الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/book/1981.md)
- [المؤلف: علاء الدين منصور](https://quranpedia.net/person/1756.md)

---

زُر [Quranpedia.net](https://quranpedia.net/surah/1/63/book/1981) — موسوعة القرآن الكريم: التفاسير، الترجمات، التلاوات، والمواضيع.
