لَوۡ خَرَجُواْ فِيكُم مَّا زَادُوكُمۡ إِلَّا خَبَالٗا وَلَأَوۡضَعُواْ خِلَٰلَكُمۡ يَبۡغُونَكُمُ ٱلۡفِتۡنَةَ وَفِيكُمۡ سَمَّـٰعُونَ لَهُمۡۗ وَٱللَّهُ عَلِيمُۢ بِٱلظَّـٰلِمِينَ

Агар улар ичингизда чиққанларида ҳам сизга ёмонликдан бошқа нарсани зиёда қилмасдилар, тезлаб орангизга фитна солишга уринардилар. Ҳолбуки, ичингизда уларга қулоқ солувчилар бор эди. Аллоҳ золимларни билгувчи зотдир.


لَقَدِ ٱبۡتَغَوُاْ ٱلۡفِتۡنَةَ مِن قَبۡلُ وَقَلَّبُواْ لَكَ ٱلۡأُمُورَ حَتَّىٰ جَآءَ ٱلۡحَقُّ وَظَهَرَ أَمۡرُ ٱللَّهِ وَهُمۡ كَٰرِهُونَ

Батаҳқиқ, бундан аввал ҳам, улар ёқтирмасалар-да, ҳақ келиб, Аллоҳнинг иши устун бўлгунича, фитна қўзиб, сенга ишларни ағдар-тўнтар қилишар эди. (Яъни, мунофиқлар аввалдан фитначи бўлиб келганлар. Улар Пайғамбаримиз (с. а. в.) Мадинаи Мунавварага келган пайтларида устма-уст фитна қўзғашган. Доимо ишларни остин-устин қилиб бузиб юришган. Токи Аллоҳ имкон бериб, душманлар устидан ғалаба қозониб, Ислом куч-қувватга эга бўлгандагина, қўрққанларидан бир оз бўшашиб қолишган эди.)


وَمِنۡهُم مَّن يَقُولُ ٱئۡذَن لِّي وَلَا تَفۡتِنِّيٓۚ أَلَا فِي ٱلۡفِتۡنَةِ سَقَطُواْۗ وَإِنَّ جَهَنَّمَ لَمُحِيطَةُۢ بِٱلۡكَٰفِرِينَ

Улардан: «Менга изн бер, мени фитнага солма», дейдигани ҳам бор. Ажабо, улар фитнага тушмадиларми? Албатта, жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир. (Ушбу ояти кариманинг сабаби нузули ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Расулуллоҳ (с. а. в.) бир куни жангга ҳозирлик кўриб (Табук жангига) Жадд ибн Қайсга: «Эй Жадд, Бани Асфарга (яъни, румликларга) қарши курашга тайёрмисан?» дедилар. У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн бер, мени фитнага солма. Мен Бани Асфар (сариқлар)нинг хотинларини кўрсам, чидай олмайман, деб қўрқаман», деди. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) ундан юз ўгирдилар ва: «Сенга изн бердим», дедилар.)



الصفحة التالية
Icon