39. Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир.
____________________
И з о ҳ. Муфассирлар айтишларича, ушбу оят мусулмонларга жиҳод қилиш учун берилган биринчи рухсатдир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Маккада турган пайтларида ҳам саҳобалар у кишининг ҳузурларига кўп марта мушрикларнинг қилаётган ҳужумларидан шикоят қилиб келар эдилар. Лекин у зот: «Сабр қилинглар, менга ҳали Парвардигорим томонидан жанг қилишга рухсат берилгани йўқ», деб қайтарардилар. Дарҳақиқат, Қуръони Каримдаги етмишдан ортиқ оятда мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилгандир. Мадинага ҳижрат қилинганидан кейин Ислом давлати барпо бўлгач, мазлум мусулмонларга золим кофирларга қарши жиҳод қилиш изни берилди ва бу жангда албатта Аллоҳ йўлида курашган зотлар ғолиб бўлиши башорат қилинди.