13. Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятда Ислом динининг инсоният оламига нисбатан бўлган кўз қараши баён этилгандир: Биринчидан, барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандларидир. Иккинчидан, инсонларнинг турли эл-уруғларга бўлинишлари бир-бирлари билан ер ёки мол-дунё талашиб уруш-жанжал билан умр ўтказишлари учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб, ҳамкорлик қилишлари ва биргаликда ўзлари халифа бўлган заминни обод қилишлари учундир. Ва ниҳоят учинчидан, одамларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида обрў-эътиборли бўлишлари мол-дунё ёки олийнасаб билан эмас, балки Аллоҳдан қўрқиш ва У зот нозил қилган амр-фармонларга итоат этиш билан бўлур.


الصفحة التالية
Icon