Бизни оят-мўъжизаларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унинг сабабидан (ўзларига) зулм қилдилар. Биз оят-мўъжизаларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз.
____________________
(Қурайш кофирлари ҳам худди ўзларидан олдинги кофирларга ўхшаб, оят-мўъжизаларни кўрса ҳам, иймонга келмасликлари турган гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса, талабга биноан мўъжиза келтирилгандан кейин ҳам иймонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло таг-томири билан йўқ қилиб юбориши керак. Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг умматлари охирги уммат бўлганлари учун уларни бутунлай ҳалок этишни Аллоҳ ирода қилмаган. Бу уммат қиёматгача туриши керак.)