surah.translation .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Аниқ рўй бергувчи (Қиёмат)...
2. Ўша аниқ рўй бергувчи нимадир?
3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Аниқ рўй бергувчининг нима эканлигини қаердан билурсиз?
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятларда «Ал-Ҳааққа» (Қиёмат Кунининг номларидан бири), яъни Аниқ рўй бергувчи Қиёмат ибораси кетма-кет уч бор такрорланди. Бунга сабаб, у Куннинг Аллоҳ таоло наздида нақадар улуғ мақом тутишини таъкидлашдир. Шунинг учун ҳам сўнгги оятда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга хитоб қилиниб, у куннинг қандай кун эканини, моҳият-ҳақиқатини сиз билмассиз, дейилди. Энди қуйидаги оятларда ўша Қиёмат Куни ҳақ эканлигини инкор этиб, ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ҳақида хабарлар берилади.
4. Самуд ва Од (қабилалари ўз даҳшатлари билан қалбларни) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат Куни)ни ёлғон, дедилар.
5. Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, улар ҳаддан ташқари қаттиқ нарса (чақмоқ) билан ҳалок қилиндилар.
6. Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бурон билан ҳалок қилиндилар.
7. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб — ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз.
8. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).
9. Фиръавн ҳам, ундан аввал (ўтган динсиз) кимсалар ҳам, зеру забар бўлган қишлоқлар (яъни, Лут пайғамбар қавмининг қишлоқлари) ҳам хато ишлар қилдилар.
10. Улар Парвардигорларининг Пайғамбарига итоатсизлик қилдилар. Бас, У зот уларни ортиқча қаттиқ ушлаш билан ушлади (яъни, мислсиз қаттиқ азоб билан азоблади).
11. Дарвоқеъ, Биз сув туғёнга тушган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик.
12. Биз у (ишни, яъни мўминларга нажот бериб, кофирларни сувга ғарқ қилиб юбориш)ни сизлар учун эслатма-ибрат қилиш учун ва англагувчи қулоқлар англаб-эшитиб олишлари учун (қилдик).
13. Бас, қачон Сур бир бор чалинганида.
14. Ва Еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида).
15. Ана ўша Кунда воқеа воқеъ бўлур! (Яъни, Қиёмат қойим бўлур!)
16. Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур!
17. Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур.
18. Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас.
19. Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар.
20. Дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга (яъни, Охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер.
21. Сўнг у кўнгилли ҳаётда,
22. Юксак жаннатда бўлур.
23. Унинг мевалари (аҳли жаннат учун) яқиндир.
24. (Жаннат аҳлига): «Ўтган кунларда (яъни, ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур).
25. Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қани энди, менга китобим берилмаса эди!
26. Ва мен ҳисоб-китобим (яъни, оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди!
27. Эҳ қани энди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатгувчи-узгувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди!
28. Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я!
29. Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!»
30. (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар!
31. Сўнгра дўзахга ташланглар!
32. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!»
33. Чунки (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди.
34. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди.
35. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир!
36. Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки),
37. Уни фақат (йўлдан адашган (кофир)ларгина ерлар!
38. Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга қасам ичурман,
39. Сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам (қасам ичурманки),
40. У (Қуръон) шак-шубҳасиз, улуғ Элчининг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир!
41. У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар!
42. Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар!
43. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир).
44. Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида,
45. Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган,
46. сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик.
47. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни, пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом Аллоҳнинг каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғ-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда Аллоҳ уни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир).
48. Албатта у (Қуръон) тақводор зотлар учун панд-насиҳатдир.
49. Шак-шубҳасиз, Биз сизларнинг орангизда (Қуръонни) ёлғон дегувчилар ҳам бор эканини аниқ билурмиз.
50. Албатта у (Қуръон) кофирларга (улар Қиёмат Кунида Қуръонга иймон келтирган кишиларнинг савобга эга бўлганларини кўрган вақтларида) ҳасрат-надомат бўлур.
51. Албатта у (Қуръон) аниқ Ҳақиқатдир!
52. Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (мудом, барча айб-нуқсонлардан) пок тутинг!