surah.translation .
من تأليف: محمد صادق محمد .

Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.
Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?
Улуғ бир кунда.
У кунда одамлар оламларнинг Робби ҳузурида тик турарлар.
Йўқ! Албатта фожирларларнинг китоби «сижжийн»дадир.
«Сижжийн» қандай нарса эканини сенга нима билдирди?!
____________________
(Сижжин нима эканини қаердан ҳам билардинг, унинг моҳияти шундоқ каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!)
У(Сижжийн) ёзилган китобдур.
Ўша кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Улар жазо (қиёмат) кунини ёлғонга чиқарурлар.
Уни ҳаддан ошувчи ва ўта гуноҳкорлардан бошқалар ёлғонга чиқармаслар.
Қачон унга оятларимиз тиловат қилинса, «аввалгиларнинг афсоналари», дер.
Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир.
Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар.
Сўнгра, албатта, улар жаҳиймга кирувчилардир.
Сўнгра, мана бу, сизлар ёлғонга чиқариб юрган нарса, дейилур.
Йўқ!!! Албатта, аброрларнинг китоби «Иллиййийн»дадур.
«Иллиййийн» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?!
У ёзилган китобдур.
Унга муқарраб(фаришта)лар шоҳид бўлурлар.
Албатта, аброрлар жаннати наъиймдадурлар.
Пардали баланд сўрилар устида назар солиб турурлар.
Уларнинг чеҳраларидан жаннат равнақини билиб оласан.
Улар муҳрланган, ниҳоятда пок шаробдан ичурлар.
У(шароб)нинг хотимаси мискдандир. Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар.
У шаробнинг аралашмаси «Таснийм»дандир.
У(Таснийм) бир булоқдирки, ундан муқарраблар ичарлар.
Албатта, жиноят қилганлар иймон келтирганлар устидан кулар эдилар.
Агар мўминлар уларнинг ёнидан ўтсалар, масхаралаб ишора қилар эдилар.
Агар (кофирлар) ўз аҳллари ҳузурига қайтиб борсалар, ҳузурланиб қайтиб борар эдилар.
Ва агар у(мўмин)ларни кўрсалар, «Албатта, анавилар адашганлар», дер эдилар.
Ҳолбуки, улар мўминлар устидан кузатувчи қилиб юборилганлари йўқ-ку!
Энди, бу Кунда иймон келтирганлар кофирлар устидан куларлар.
Пардали, баланд сўрилар устида назар солиб турарлар.
Кофирлар бу дунёда қилган ишларининг «савобини» олармиканлар?!