surah.translation .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!
____________________
И з о ҳ. Бадр жангидан сўнг қўлга киритилган ўлжаларни тақсимлашда ёш аскарлар билан кексалари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Ёшлар: «Ғалаба бизнинг кучимиз билан бўлди, бинобарин, ўлжалар ҳам ўзимизники бўлиши керак», дейишса, кексалар: «Биз сизларга жанг йўл-йўриқларини кўрсатиб турганмиз, демак, бу ўлжаларда бизнинг ҳам улушимиз бор», дейишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом тушган ўлжани ёшу қарига баробар қилиб улашиб бердилар.
2. Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар.
3. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар.
4. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир.
5. (Бу ўлжа тақсимотида чиққан можаро) худди мўминлардан бир гуруҳи (урушни) аниқ ёмон кўриб турган ҳолларида, Парвардигорингиз ҳақ ҳукм билан сизни уйингиздан (жанггоҳга) чиқарганга ўхшайди.
6. (Ўшанда) улар гўё кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек, Сиз билан аниқ-равшан бўлган ҳақиқат (яъни, урушга чиқиш) тўғрисида баҳслашган эдилар.
____________________
И з о ҳ. Мадинада Ислом давлати барпо бўлгач, мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасидаги низо янада авж олди. Мушриклар Маккадаги уй-жойларини ташлаб, муҳожир бўлиб кетган мусулмонларнинг ўз диёрларида қолган мол-мулкларини талон-торож қилишар, мусулмонлар эса ўз навбатида Маккадан тижорат учун чиққан карвонларга ҳужум қилишар эди. Кунларнинг бирида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга Макка мушриклари катта карвон билан Шомдан қайтаётганлари маълум бўлади ва ўзлари билан бир гуруҳ саҳобаларини олиб, карвонни қўлга киритиш учун йўл оладилар. Бундан хабар топган маккаликлар катта лашкар билан мусулмонларга қарши жанг қилиш учун Мадина тарафга қўшин тортиб кела бошлайдилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга карвонни қўйиб, мушриклар лашкари билан жанг қилиш амр қилинади. Бу хабарни эшитган айрим мусулмонлар: «Тайёр карвон ўлжа бўлиб турганида, бундай катта қўшинга қарши урушамизми, ўзимиз озчилик бўлсак, бунинг устига тайёргарлигимиз ҳам йўқ-ку!», дейишиб, пайғамбар билан баҳслаша бошлайдилар. Лекин кўпчилик саҳобалар Аллоҳнинг амрига бўйинсунишиб, кофирларга қарши жанг қилишга тайёр эканликларини билдирадилар. Мазкур оятлар ўша тарихий ибратли воқеа ҳақида ҳикоя қилади. Қуйидаги оятларда ҳам бу ҳикоя давом этади.
7. Ўшанда (эй мўминлар), Аллоҳ икки тоифадан (яъни, карвон ва қўшиндан) бирини сизлар учун (ўлжа) қилишга ваъда берган эди. Сизлар қурол-яроғсиз тоифа (яъни, карвон) ўзингиз учун бўлишини истаган эдингиз. Аллоҳ эса Ўз сўзлари билан ҳақиқатни муқаррар этишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди.
8. (Аллоҳ), гарчи жиноятчи — осийлар ёмон кўрсалар-да, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиш учун (шундай ирода қилган эди).
9. Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман», деди.
10. Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин, деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун шундай қилди. Ғалаба фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур. Ҳақиқатан, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.
11. Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув — ёмғир ёғдирган эди.
12. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди.
13. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.
14. (Эй кофирлар), мана шу сизларнинг (жазоингиздир) бас, тортаверинглар. Кофирлар учун яна дўзах азоби ҳам бордир.
15. Эй мўминлар, кофирларнинг ҳужумига дуч келганингизда, уларга орқа ўгирманглар (яъни, қочманглар).
16. Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!
17. Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди ва (бу ғалабани Аллоҳ) Ўз томонидан мўминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Бадр жангида қўлларига бир сиқим тупроқ олиб: «Юзлари қаро бўлгай!», деб душман тарафга отганларида, кўзига ғубор кирмаган бирор мушрик қолмаган экан.
18. (Эй мўминлар), мана шу (сизларнинг мукофотингиздир). Албатта, Аллоҳ кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи Зотдир.
19. (Эй аҳли Макка), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана, сизларнинг (зиёнингизга) ғалаба келди, Агар (пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасангизлар, бас, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, Биз ҳам қайтамиз ва гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.
20. Эй мўминлар, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (Қуръонни) эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз!
21. Ва ўзлари эшитмаган (яъни, англаб, иймон келтирмаган) ҳолларида, «эшитдик», деган кимсалар каби бўлмангиз!
22. Албатта, Аллоҳнинг наздида энг ёмон ҳайвонлар кар ва соқов бўлиб олган ақлсиз кимсалардир.
23. Агар Аллоҳ уларда бирон яхшиликни билганида эди, албатта уларнинг қулоқларини очиб қўйган бўлур эди ва агар (Аллоҳ уларнинг) қулоқларини очиб қўйганида ҳам улар юз ўгирган ҳолларида кетган бўлур эдилар.
24. Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар.
25. Ҳамда сизлардан фақат золим кимсаларнинг ўзигагина етмай (балки барчага етадиган) балодан сақланингиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.
26. Ва сизлар Ерда (яъни, Маккада) озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!
27. Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб берилан нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!
28. Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос. Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (яъни, унинг амру фармонига итоат этишдагина) улуғ ажр-савоб бордир.
29. Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур ва ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир.
30. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг зўридир.
31. Қачон уларга (кофирларга) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз, агар хоҳласак, бунга ўхшаган гапни ўзимиз айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар.
32. Уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!
____________________
И з о ҳ. Яъни: «Агар мана шу Қуръон ҳақиқатан Сенинг ҳузурингдан келган бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», демасдан: «Шу ҳақ бўладиган бўлса, устимиздан тош ёғдиргин», дейишларидан уларнинг ким эканликлари маълумдир.
33. Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар (мўминлар) мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!
34. (Лекин агар) улар (иймонга келмасдан кишиларни) Масжидул-Ҳаромдан тўсар эканлар, Аллоҳ уларни нега азобламасин?! (Яъни, Сиз ва мўминлар Маккадан чиқиб кетганингиздан сўнг уларни албатта азобга гирифтор қилур). Улар унинг (Масжидул-Ҳаромнинг) эгалари эмаслар. Унинг эгалари фақат Аллоҳдан қўрқувчи зотлардир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.
35. Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди. Бас, (эй мушриклар, бугун — Бадрда) кофир бўлганинглар сабабли азобимизни тотиб кўринглар.
____________________
И з о ҳ. Макка мушриклари Байтуллоҳни яланғоч ҳолларида чапак чалиб, ҳуштак чалиб тавоф қилар эдилар. Мусулмонлар намоз ўқиётган пайтларда ҳам ҳуштак, чапак чалиб уларни адаштирмоқчи бўлар эдилар.
36. Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар жаҳаннамга тўпланурлар.
37. Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун (тўпланурлар). Ана ўшалар зиён кўргувчилардир.
38. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Агар яна (кофирликка) қайтсалар, у ҳолда аввалгиларининг суннатлари (яъни, кўргуликлари) ўтган-ку, (яъни, уларнинг ҳам бошларига аввалги кофирларнинг куни тушар).
39. То (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар! Энди агар (кофирликдан) тўхтасалар, бас, албатта Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир.
40. Агар (кофирлар иймондан) юз ўгирсалар, бас, (эй мўминлар), билингизки, шубҳасиз, Аллоҳ Хожангиздир. У зот нақадар яхши хожа ва нақадар яхши ёрдамчидир.
41. Агар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш кунида — икки жамоа тўқнашган кунда, бандамиз (Муҳаммадга) нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтиргувчи бўлсангизлар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
____________________
И з о ҳ. Шариат ҳукмига кўра, урушда қўлга киритилган ўлжанинг бешдан тўрт қисми жангчининг ҳаққи бўлиб, бешдан бири юкоридаги оятда мазкур бўлган жиҳатларга сарфланади.
42. Ўшанда сизлар (Мадинага) яқинроқ тарафда, улар (яъни, мушрикларнинг қўшинлари) йироқроқ тарафда, отлиқлар (яъни, сизлар ўлжа қилиб олмоқчи бўлган карвон) эса сизлардан қуйироқда (денгиз соҳили бўйлаб кетмоқда) эдилар. Агар мушриклар билан жанг қилиш учун (аввалдан) ваъдалашганларингизда, бирон муайян вақтга келиша олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ ҳалок бўлгувчилар (яъни, кофирлик йўлини тутгувчилар) очиқ ҳужжат билан (яъни, Аллоҳнинг мўъжизасига гувоҳ бўлган ҳолларида) ҳалок бўлсинлар, тирик қолгувчилар (яъни, иймонига келувчилар) ҳам очиқ ҳужжат билан тирик қолсинлар, деб қилинувчи бўлган ишни (яъни, мусулмонларнинг ғалаба қозонишлари, кофирларнинг мағлуб бўлишларини) амалга ошириш учун (сизларни тўқнаштириб қўйди). Шак-шубҳасиз, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
43. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга тушингизда Аллоҳ уларни оз кўрсатганини эсланг! Агар сизга уларни кўп кўрсатганда эди, албатта сизлар сустлашиб қолган ва бу иш (яъни, кофирларга қарши жангга чиқиш) хусусида тортишиб қолган бўлур эдингизлар. Лекин Аллоҳ сизларни бундан сақлади. Албатта, У дилларни эгаллаб олган сирларни билгувчидир.
44. (Эй мўминлар), Аллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун тўқнашган пайтингизда сизларнинг кўзингизга уларни кам қилиб кўрсатганини, уларнинг кўзларига эса сизларни оз қилиб қўйганини эслангиз! Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.
45. Эй мўминлар, (кофир) жамоатга рўбарў бўлганингизда, саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз, шояд нажот топурсизлар.
46. Ва Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
47. Ўз диёрларидан (яъни, Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олгувчидир).
____________________
И з о ҳ. Мушриклар Маккадан дабдабаю асъаса билан: «Ўша Бадрда ғалаба базми ва шаробхўрлик қилмагунимизча қайтмаймиз», деб қасам ичишиб чиққан эдилар.
48. Ўшанда, шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатиб: «Бу кун сизлардан ғолиб бўладиган бирон одам йўқ, ўзим сизларнинг ҳомийингизман», деди. Энди қачонки икки жамоат учрашганида эса, кетига қайтиб кетди ва: «Албатта, мен сизлардан безорман. Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни, фаришталар борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир», деди.
49. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Уларни (яъни, мусулмонларни) динлари мағрур қилиб юборди (яъни, озгина одам билан шундай катта қўшинга қарши жанг қилмоқчи бўляптилар»), дейишар эди. (Мунофиқларнинг бу сўзлари нотўғридир) ким Аллоҳга суянса, бас, албатта Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир.
50. Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб, жонларини олаётган ва: «Ёндирувчи — дўзах азобини тотингиз!
51. Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир», деяётган пайтини кўрсангиз эди.
52. (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамларининг ва улардан олдинги кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди: улар Аллоҳ оятларига кофир бўлишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли (азоб билан) ушлаган эди. Албатта, Аллоҳ қувват эгаси ва азоби қаттиқдир.
53. Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб — Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи эканлигидир.
____________________
И з о ҳ. Бу оятда Макка мушриклари ўзларига инъом қилинган неъмат — Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг қадрига етмасдан, у зотга қаршилик қилганлари сабабли, шундай азобга гирифтор бўлдилар, дейилмоқчи.
54. (Уларнинг қилмишлари) худди Фиръавн одамлари ва улардан олдинги кимсаларнинг қилмишларига ўхшайди. Улар (Фиръавн одамлари) Парвардигорларининг оятларини ёлғон дейишгач, Биз уларнинг гуноҳлари сабабли ҳалок қилдик ва (денгизга) ғарқ этдик. (Чунки) ҳаммалари золим кимсалар эдилар.
55. Аллоҳнинг наздида энг ёмон жонзотлар кофир бўлган кимсалардир. Чунки, улар иймонсиздирлар.
56. Уларнинг орасида сиз билан аҳдлашиб, сўнгра (Аллоҳдан) қўрқмасдан ҳар сафар ўз аҳд-паймонларини бузаверадиган кимсалар бордир.
57. Бас, агар уларни жангда топсангиз, уларни ҳалок қилиш билан ортларидаги кимсаларни қўрқитиб қўйинг! Шояд эслатма олсалар.
58. Агар (ўрталарингизда аҳд-паймон бўлган) бирон қавм тарафидан хиёнатни сезсангиз, уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб ташланг (яъни, ўрталарингиздаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин). Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас.
59. Кофир бўлган кимсалар устун келдик, деб ҳисобламасинлар, улар (Бизни) ожиз қила олмайдилар. (Албатта, улар Аллоҳдан қилмишларига яраша жазо олурлар).
60. (Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур.
61. Агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи, билгувчидир.
62. Агар улар сизни алдамоқчи бўлсалар, бас, албатта сизга Аллоҳнинг ўзи кифоядир. У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган Зотдир.
63. У уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У қудратли, ҳикматлидир.
64. Эй пайғамбар, сизга ва сизга эргашган мўминларга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
65. Эй пайғамбар, мўминларни жангга чорланг! Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (душманни) енгар! Агар сизлардан юз киши бўлса, кофирлардан мингини енгар! Бунга сабаб, уларнинг онгсиз қавм эканлигидир.
66. Энди Аллоҳ сизларнинг (юкингизни) енгил қилди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (кофирни) енгар. Агар сизлардан минг киши бўлса, Аллоҳнинг изни билан икки минг (кофир)ни енгар. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
67. Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса Охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.
____________________
И з о ҳ. Бу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ва саҳобаларга берилган танбеҳдир. Улар мушрикларнинг етмиш аскарини асир олиб, сўнг маълум товон-тўлов эвазига бўшатиб юборганларида мана шу оят нозил бўлди.
68. Агар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга товон олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлур эди.
69. Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
70. Эй пайғамбар, сизларнинг қўлингизда асир бўлган кишиларга айтинг: «Агар Аллоҳ дилларингизда яхшилик (яъни, иймон, ихлос) борлигини билса, сизларга ўзингиздан олинган нарсадан (яъни, тўлаган товонингиздан) яхшироқ нарса берур ва сизларни мағфират қилур». Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
71. Агар улар сизга хиёнат қилмоқчи бўлсалар — бас, (билингизки) улар илгари Аллоҳга ҳам хиёнат қилган эдилар. Шунда Аллоҳ (сизни) уларга ғолиб қилди. Аллоҳ билим, ҳикмат Соҳибидир.
72. Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. (Яъни, тириклари бир-бирига ҳамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларига меросхўрдирлар). Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган (яъни, ҳали-ҳануз Маккада яшаб турган) кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар (яъни, бир-бирларингизга ҳамкор, меросхўр бўла олмайсизлар). Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир. Магар уларга, ўрталарингизда (урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон бўлган қавмга зарар етказиш билан ёрдам қилмайсизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.
73. Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига ҳамкордирлар. (Бас, эй мўминлар, сизлар уларни ўзларингизга душман тутингиз). Агар шундай қилмасанглар (яъни, мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур.
74. Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир.
75. (Сизлардан) кейин иймон келтириб ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга курашган зотлар — ана ўшалар сизлардандир. Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.