surah.translation .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Меҳрибон (Аллоҳ Муҳаммад пайғамбар ва унинг умматларига)
2. Қуръонни таълим берди.
3. У зот инсонни яратди.
4. Ва унга (дилидаги мақсадини баён эта олиши учун) баённи (нутқни) таълим берди.
5. Қуёш ҳам, ой ҳам (аниқ) ҳисоб-ўлчов билан (жорий бўлур).
6. Ўт-ўлан ҳам, дов-дарахт ҳам (ёлғиз Аллоҳга) сажда қилур — бўйинсунур.
7. У зот осмонни баланд қилиб қўйди ва мезон-тарозини ўрнатди.
8. Сизлар тош-тарозида туғёнга тушмасликларингиз (яъни, ўзгаларга зулм қилмасликларингиз) учун (мезон-тарозини ўрнатди).
9. (Эй инсонлар, ўзаро олди-берди муомалаларингизда) тўғри, адолат билан тортинглар ва тарозидан уриб қолманглар!
10. Ерни У зот (жамийки) жонзотлар учун (яъни, улар жойлашиб, фойдаланишлари учун) паст-текис қилиб қўйди.
11. Унда (турли-туман) мева-чева ва гулкосали хурмо дарахтлари бор.
12. Яна сомонли дон-дун ва хушбўй (гуллар) бор.
13. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея (яъни, инкор қила) олурсизлар?!
14. У зот инсонни (яьни, Одам алайҳиссаломни) сопол каби қуриган қора лойдан яратди.
15. Жинларни эса аланга-оловдан яратди.
16. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
17. (Аллоҳ) икки шарқнинг (яъни, кун ва ой ботадиган жойларнинг) ҳам Парвардигоридир.
18. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
19. У зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларида (ёнма-ён) оқизиб қўйди.
20. (Аммо) у иккисининг ўрталарида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар.
____________________
И з о ҳ. Маълумки, денгиз қаъри ҳам, дарё туби ҳам сув бемалол сизиб ўта оладиган қумлоқ ёки тупроқдир. Кўп ҳолларда шўр сувли денгиз билан чучук сувли дарё ёки кўл шундоқ ёнма-ён жойлашиб ҳам қолади. Лекин Аллоҳ таолонинг қудрати билан улардан бирининг шўри иккинчисига уриб кетмайди.
21. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
22. У иккисидан (бири бўлмиш денгиздан) марварид ва маржонлар чиқур.
23. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
24. Денгиздаги тоғлар каби баланд кўтарилган қатновчилар (яъни, елканли кемалар) ҳам ёлғиз У зотникидир.
25. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
26. (Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир.
27. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзи — Ўзигина боқий мангу қолур.
____________________
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ таолога важҳ (юз) сифатининг У зот субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига лойиқ бўлган тарзда, махлуқотларга ўшхатмасдан ва кайфият бермасдан исбот қилиш бордир.
28. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
29. Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У зот ҳар куни бир иш-амалдадир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу ояти карима ўзи мўъжаз бўлишига қарамасдан Исломий ақиданинг асосий рукнларидан бирини тўла ифодалагандир. Яъни, Еру осмонда Аллоҳ таолога муҳтож бўлмаган ва Ундан мадад-ёрдам тиламаган бирон жонзот йўқдир. У зот ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада Ўзи яратган коинотдаги барча жонзотни бошқариб-парвариш қилиб турадиган Парвардигордир. Бу оят, «Аллоҳ таоло борлиқ ва ундаги нарсаларни яратгач, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйган», дейдиган айрим файласуфларга очиқ раддиядир.
30. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
31. Яқинда (Қиёмат қойим бўлган Кунда) сизлар(ни ҳисоб-китоб қилиш) учун фориғ бўлажакмиз, эй инсу жинлар!
____________________
И з о ҳ. Яъни, озгина фурсат ўтгач, ҳаёти дунё тугаб, ундаги иш-амал битар ва Аллоҳ таоло барча инсонлар ва жинларнинг ҳаётларида қилиб ўтган амалларини ҳисоб-китоб қилиш ва муносиб мукофот-жазо бериш учун фориғ бўлур. У Кунда Аллоҳ таолонинг одил жазосидан ҳеч ким қочиб қутула олмас. Қуйидаги оятларда сўз шу ҳақда боради.
32. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
33. Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар! Сизлар фақат куч-қудрат билангина ўта олурсизлар, (лекин у Кунда сизларда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмас)!
34. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
35. (У Кунда) сизларнинг устингизга оловдан бир аланга ва тутун юборилурки, сизлар (ундан ҳаргиз) қутула олмассизлар!
36. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
37. Энди қачон (Қиёмат қойим бўлгач) осмон ёрилиб, (жаҳаннам ҳароратидан доғланган) ёғ каби қизариб қолганида,
38. Бас, (эй инсонлар ва жинлар). Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
39. Ана ўша Кунда на бир инс ва на бир жин (қилиб ўтган) гуноҳидан сўралмас!
40. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
41. (Чунки у Кунда) жиноятчи-осий кимсалар сиймо-белгиларидан танилиб, пешона ва оёқларидан олинурлар (ва жаҳаннамга отилурлар)!
42. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
43. Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир!
44. Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверарлар!
____________________
И з о ҳ. Яъни, ҳаёти-дунёдан куфру-исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур. Мазкур оятларда кофирлар дучор бўлажак азоб-уқубатлар баён этилди. Энди қуйида келадиган оятларда иймон эгаларига кўз тутиб турган гўзал оқибат — жаннатдаги мангу саодатли ҳаёт қилинади.
45. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг кайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
46. Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, ўзининг Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришдан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир.
47. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
48. (У икки жаннат сон-саноқсиз) шох-новдалар эгасидирлар (яъни, сермева ва соя-салқиндирлар).
49. Бас, (эй инсонлар ва жинлар). Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
50. У иккисида икки оқар чашма бордир.
51. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
52. У иккисида барча мевадан икки нави бордир.
53. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
54. (Аҳли жаннат) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар). У жаннатларнинг меваси яқин бўлгувчидир (яъни, жаннат аҳли қай-бир мевани ейишни истаса, ўша меванинг ўзи уларга эгилиб, яқин келур).
55. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
56. У (жаннат)ларда шундай кўзларини (бегона эркакларга қарашдан) тийгувчи (қиз)лар борки, уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир.
57. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
58. Улар (софлик ва оқликда) гўёки ёқут ва маржондирлар.
59. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
60. Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшилиқдир.
____________________
И з о ҳ. Яъни, ҳаёти-дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтган кишининг Охиратдаги мукофоти жаннатдир. Эҳсон калимасининг луғавий маъноси — чиройли амал қилмоқликдир, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломдан «Эҳсон нимадир?», деб сўралганида, у киши шундай жавоб қилган эканлар: «Эҳсон — Аллоҳ таолога гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Зотан, сен У зотни кўрмасанг-да, У зот шак-шубҳасиз, сени кўриб тургувчидир».
61. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
62. У икки (жаннат)дан қуйироқда яна икки жаннат бордир.
63. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
64. (У икки жаннат) серсув ва серяпроқликдан қорамтирдирлар.
65. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
66. У иккисида тинмай отилиб тургувчи икки чашма бордир.
67. Бас, (инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
68. У иккисида мева, хурмо ва анорлар бордир.
69. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
70. У (жаннат)ларда хушхулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир.
71. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
72. (Улар) чодирларда асралган ҳурлардир.
73. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
74. Уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир.
75. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
76. (Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар).
77. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
78. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг номи баракотли — буюкдир.