ﯿ

surah.translation .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Осмон ёрилганида;
2. Юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида;
3. Дарё-денгизлар (ўртасидаги тўсиқ-тўғонлар) очилганида;
4. Қабрлар тўнкариб қўйилганида (яъни, уларнинг ичидаги инсонларга жон ато этилиб Ер юзига чиқарилганларида);
5. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни, яхши-ёмон амалларини) билур!
6. Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?!
7. У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган Зот-ку!
8. У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса, (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди — ижод қилди-ку!
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло инсонга ўзининг ким томонидан яратилиб, бундай ақл-ҳуш, мавзун қомат ва гўзал суратга эга бўлганини уқтирмоқда ва ундан ўзини бошқа барча махлуқотлардан ажратиб шундай азизу мукаррам қилиб яратган улуғ Парвардигорига нега қуллуқ — ибодат қилмаётганини сўраб танбеҳ бермоқда. Дарҳақиқат, инсон вужудидаги қай бир аъзога ибрат кўзи билан қаралса — ундаги мукаммалликни кўриб, Яратганнинг буюк қудратига, билим ва ҳикматига қуллуқ қилмасдан илож қолмайди. Энди қуйидаги оятларда динсиз кимсалар Аллоҳ таолонинг амрига итоат этмасликларининг сабаби нима эканлиги зикр қилинади.
9. Йўқ, балки сизлар жазо (Қиёмат Кунини) ёлғон дерсизлар (шунинг учун ҳам Аллоҳ буюрган эзгу амалларни қилмайсизлар ва У зот қайтарган ёмон амаллардан қайтмайсизлар)!
10. Ҳолбуки, шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб,
11. ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир.
12. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар.
13. Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни, мўминлар) жаннат неъматларидадирлар.
14. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилгувчи кимсалар (яъни, Қуръон ва пайғамбарни ёлғончи қилгувчи, жазо Куни ва қайта тирилишни инкор қилгувчи кимсалар) дўзахдадирлар!
15. Улар (дўзах)га жазо (Қиёмат) кунида кирурлар!
16. Ва улар (дўзахдан) ғойиб бўлгувчи (яъни, халос бўлгувчи эмасдирлар!
17. (Эй инсон), сен жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?!
18. Сўнгра (яна такрор айтаманки), сен жазо Куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?!
19. У Кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жонга бирон нарса қилишга (яъни, бирон фойда етказишга ёки ундан бирон зиённи кетказишга) эга бўлмас! У Кунда барча иш ёлғиз Аллоҳники бўлур!