surah.translation .


Албатта Биз сенга равшан фатҳни бердик. («Фатҳ» сўзи луғатда «очиш» маъносини англатиб, истилоҳда бирор юртни Исломга қўшишга айтилади. Мусулмонлар бирор жойга бориб, хоҳ уруш билан, хоҳ сулҳ билан Исломга киритсалар, ўша ерни «фатҳ қилинди дейдилар. Бу оятдаги «Фатҳ»дан мурод - Ҳудайбия сулҳи.)

Аллоҳ сенинг аввал ўтган гуноҳларингни ва кейингиларини мағфират этиши, неъматини батамом қилиши ва сени тўғри йўлга бошлаши учун.

Ва Аллоҳ сенга иззатли нусрат бериши учун. («Иззатли» деганимиз-устидан ҳеч ким ғолиб кела олмайдиган, дегани. Яъни, Аллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломга шундай иззатли ёрдам берадики, ундан ҳеч ким ва ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Юқоридаги оятларда зикр этилган улуғ илоҳий марҳаматлар: равшан фатҳ, аввалу охир гуноҳларнинг мағфират қилиниши, Аллоҳ неъматларининг батамом қилиб берилиши, сироти мустақимга ҳидоят қилиниши ва иззатли нусрат берилиши- ҳамма-ҳаммаси Ҳудайбия сулҳнинг очиқ-аниқ фатҳ бўлишига боғланмоқда. Нима сабабдан шунча нарса сулҳга боғланяпти? Негаки Пайғамбаримиз алайҳиссалом сулҳни Байтуллоҳни улуғлаганликларидан туздилар, натижада Аллоҳ у зотни мазкур иш билан мукофатлади.)

У иймонларига иймон зиёда бўлиши учун мўминлар қалбига сокинликни нозил этган зотдир. Ва осмонлару ернинг лашкари Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

Мўминлар ва мўминаларни тагларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга мангу киритиш учун ва уларнинг гуноҳлари ювиш учун. Ва бу Аллоҳнинг ҳузурида катта ютуқдир.

Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқалар, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун. Уларни ёмонлик ўраб олсин. Уларга Аллоҳ ғазаб қилди, уларни лаънатлади ва уларга жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Ва нақадар ёмон жой у!

Осмонлару ернинг лашкарлари Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ иззатли ва ҳикматли зотдир.

Албатта, Биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик.

Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз, у(дин)ни қўллаб қувватлашингиз, улуғлашингиз ҳамда У зотга эрта-ю кеч тасбиҳ айтишингиз учундир.

Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (аҳдни) бузса, ўзига қарши бузади, холос. Ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур. (Ҳудайбия сулҳидаги байъат пайтда Расули акрам алайҳиссалом хурмо дарахти остида ўтирган бўлганлари учун ҳам бу кунни «шажара (дарахт) куни» деб, байъатни эса «дарахт остидаги байъат», деб аталган. Саҳобалардан Маъқал ибн Ясар розийаллоҳу анҳу: «Дарахт куни» Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг байъатини қабул қилар эдилар, мен эса у кишининг бошларида бир шохни кўтариб турар эдим, ўшанда бир минг тўртюз киши эдик», деганлар. Ҳар бир саҳобий Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўлларини тутиб туриб, уруш бўлиб қолса қочиб кетмаслик, дин йўлида жон фидо қилишга аҳду паймон берган. Ушбу ҳолатни Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга қўл бериб, аҳду паймон қилишни Аллоҳ таолога аҳду паймон қилиш — байъат қилишдан ўзга нарса эмас, деб тушунтирмоқда.)

Ортда қолган аъробийлар сенга, молимиз ва аҳлимиз бизни машғул қилди, бизга истиғфор айт, дерлар. Улар қалбларида йўқ нарсани тиллари ила айтарлар. Сен: «Агар Аллоҳ сизга зарарни ирода қилса ёки сизга манфаатни ирода қилса, ким сизларни Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсадан (тўсишга) молик бўладир? Балки Аллоҳ қилган амалларингиздан хабардордир», деб айт. (Улар аслида қўрқанлари учун «Қурайш яқинда Муҳаммадни Мадинада Уҳуд урушида мағлуб қилди, энди Муҳаммад уларнинг юртига бориб нима қила олар эди», дея қўшилмаган эдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бу гал иш яхшилик билан тугаб, мусулмонларга зафар ёр бўлиб қайтганларида, иймони заиф хоинлар, Пайғамбар ҳузурига келиб, узр айта бошладилар.)

Балки сизлар Расул ва мўминлар абадий ўз аҳлларига қайтиб келмаслар, деб гумон қилдингиз ва бу нарса қалбингизда зийнатланди, ёмон гумон қилдингиз ва ёмон қавм бўлдингиз.

Ва ким Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирмаса, албатта, Биз кофирларга дўзахни тайёрлаганмиз.

Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Кимни хоҳласа, мағфират қилур ва кимни хоҳласа азоблар. Ва Аллоҳ кечирувчи, раҳмли зотдир.

Ўлжалар томон, уларни олиш учун юрганингизда ортда қолганлар: «Қўйиб беринг, биз ҳам сизга эргашамиз», дерлар. Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўлурлар. Айт: «Ҳеч-ҳеч бизга эргашмассиз, ушбуни Аллоҳ аввал айтган». Улар: «Балки ҳасад қилаётгандирсизлар», дерлар. Йўқ, улар озгина нарсадан бошқа нарсани англамаслар. (Аллоҳ ўлжали ғазотга ҳақиқий мўминларнинг боришини хоҳлаган эди, улар эса, Аллоҳнинг хоҳшига қарши, мўминларга эргашиб боришмоқчи. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, ортда қолганларни қайтаришга, буюрмоқда. Ортда қолганларнинг эса, нафслари бузуқ, ўзларининг ёмонлиги туфайли ўлжа томон мўминларга эргашишдан ман қилинишларини ҳасаддан, деб тушунадилар.)

Ортда қолган аъробийларга: « Катта кучга эга қавмга (қарши) чақирилурсизлар, улар мусулмон бўлгунларича урушурсизлар. Агар итоат қилсангиз, Аллоҳ сизга яхши ажр берур. Ва агар яна аввал қочганингиздек, ортга қочсангиз, аламли азоб ила азоблайдир», деб айт. (Яъни, кучли, шиддатли қавмга қарши урушга даъват қилинасизлар, улар мусулмон бўлгунларига қадар уруш қилишингиз керак. Фармонга итоат қилиб буйруқни бажарсангиз, яхшилар сафидан ўрин оласиз, яхши ажрларга эга бўласиз. Аммо аввалги сафаргидек, ортингизга қараб қочсангиз, Аллоҳ сизни аламли азоб ила азоблайди, деди.)

Кўрга танглик йўқ, чўлоққа ҳам тангликлик йўқ. Ҳаста кишига ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, уни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритилур. Ким юз ўгирса, аламли азоб ила азоблар.

Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофатлади. (Аллоҳ таолонинг Ўзи каломи покида Ҳудайбияда Пайғамбар алайҳиссаломга байъат қилган бир минг тўрт юз соҳабаи киромлардан рози эканлигини эълон қилиб турибди. Бу эълон қиёмат кунигача ибодат, тиловат бўлиб туриши таъминланган. Шунинг учун ҳам мазкур байъатнинг бир номи «Байъатир-Ризвон»«розилик байъати»дир.)

Ва кўпгина ўлжаларни ҳам олурлар. Ва Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир.

Аллоҳ сизларга кўпгина ўлжаларни ваъда қилди. Уларни олсангизлар, бунисини сизга тезлатиб берди, (ўтган воқеа) мўминларга ибрат бўлиши учун ва сизларни сироти мустақиймга бошлаш учун одамларнинг қўлини сиздан тўсди. (Ояти каримада «Бунисини сизга тезлатиб берди» деганда Ҳудайбия назарда тутилган. «Одамларнинг қўлини сиздан тўстди» ифодасининг маъноси шуки, Қурайш мушриклари сизларга қарши уруш қилмоқчи эдилар, Аллоҳ уларнинг кўнглига сулҳни солиб, қўлларини мусулмонларга зарар беришдан тўсди.)

Ва сизлар қодир бўлмаган бошқасини ҳам (ваъда қилди). Уни Аллоҳ иҳота қилган ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир зотдир. («Бошқа» фатҳ борасида тафсир уломолари Хайбар фатҳи, Макка фатҳи ва яна бошқа фатҳларни назарда тутилган деганлар.)

Агар кофирлар сизлар билан урушганларида орқага қараб қочар эдилар, сўнгра ўзларига валий ҳам, нусрат бергувчи ҳам топмасдилар.

Бу Аллоҳнинг аввалдан келаётган суннатидир. Ва Аллоҳнинг суннатини ҳеч ўзгартира олмассан. (Аллоҳ таоло мўминларнинг ғалабасини ва кофирларнинг мағлубиятини Ўз суннатига боғлаб қўймоқда. Ҳақиқатда ҳам, иймон куфрдан, мўминлар кофирлардан доимо устун келадилар. Зафр доим мўминларга ёр бўлади. Тўғри, зафар кечикиши, ортга сурилиши ёки вақтинчалик мағлубиятлар бўлиши мумкин.)

У зот Макка водийсида сизларни уларнинг устидан зафар қозонтирганидан сўнг уларнинг қўлларини сиздан, сизнинг қўлингизни улардан тўсган зотдир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. (Ҳудайбия сулҳининг ўзи мўминлар учун катта зафар, ғалабадир. Ўша зафар якунланиш арафисида бир гуруҳ мушриклар фитна қўзғаб сулҳни бекорга чиқаришга уриниб кўришди. Лекин Аллоҳ таолонинг инояти билан фитна содир бўлмади, қон тўкилмади.)

Улар куфр келтирган, сизларни Масжидул Ҳаромга, қурбонликларни эса, ушланиб ўз жойига етишидан ман қилган кишилардир, агар сиз билмайдиган мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бўлмаганида, сизга билмасдан уларни ҳалок қилганингиз туфайли гуноҳ етиши бўлмаганида эди, -Аллоҳ кимни хоҳласа, Ўз раҳматига киритиши учун- агар ажраб турганларида эди, улардан кофирларини аламли азоб ила азоблар эдик. (Маккаи Мукаррамада кофирлардан қўрқиб иймонини яшириб юрган мўмин ва мўминалар бор. Агар урушга рухсат берилганда, мусулмонлар билмасдан ўша дин қардошларини ҳам ўлдириб юборишлари мумкин. Айни чоқда, кофирларнинг ичида ҳам кейинчалик Исломга келиб, ҳидоят йўлига кириши мумкин бўлган кишилар кўпчилик эдилар.)

Эсла! Куфр келтирганлар қалбларида қизиққонликни жоҳилият қизиққонлигини жойлаганларида, Аллоҳ Ўз сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди, улар ушбуга ҳақли ва аҳл эдилар. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. (Кофирлар Муҳаммад алайҳиссалом бошчиликларидаги соф ниятли мусулмонларни Масжидул Ҳаромдан ман қилдилар. Ҳеч бир вақт, ҳеч бир шароитда ҳам содир этилмаган шармандаликни қилдилар. Макка мушрикларининг бу ҳолатларига қарши иккинчи тараф — Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар ўзларини қандай тутдилар? Аллоҳ таоло уларнинг қалбига сокинлик ва ҳаловат солди. ҳамма нарсани камтарлик ва осойишталик билан, Аллоҳнинг розилигини тилаб қиладилар. Уларга Аллоҳ таоло тақво калимасини раво кўргани ҳам шундан.)

Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади, албатта, Масжидул Ҳаромга, иншоаллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани биладир ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди. (Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир неча хушхабар етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насиб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарни Аллоҳнинг Ўзи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншоаллоҳ»— Аллоҳ хоҳласа, деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлашдан иборатдир. Бу ваъда Ҳудайбия сулҳидан кўп ўтмай амалга ошди.)

У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, у(дин)ни барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир.

Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшайдир. Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди. (Саҳобалар, оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлсалар, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо ким бўлишидан қаттий назар, мусулмонга меҳрибон бўлишган. Уларнинг асосий сифатларидан бири — ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Яна бир сифатлари — улар доим рукуъ ва сажда холатида, яъни, ибодат холатида бўладилар. )