surah.translation .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Пайдар-пай юбориладиган (шамол)ларга,
2. қутурадиган (бўрон)ларга қасам;
3. (Булутларни Аллоҳ хоҳлаган томонларга) ёйиб юборадиган,
4. (ҳақ билан ботилни ва ҳалол билан ҳаромни) ажратиб берадиган,
5. эслатма-ваҳий олиб тушадиган,
6. (мўмин бандаларни) узр-мағфират қилиш учун ё (кофирларни Охират азобидан) огоҳлантириш учун (ваҳий олиб тушадиган фаришта)ларга (яъни, юқорида мазкур бўлган барча нарсаларга) қасамки,
7. ҳеч шак-шубҳасиз, сизларга ваъда қилинаётган нарса (Қиёмат ва ҳисоб-китоб) воқеъ бўлгувчидир!
8. Бас, қачон юлдузлар (нурлари сўниб) ўчирилгач;
9. Ва қачон осмон (қобиғи) ёрилиб-очилгач;
10. Ва қачон тоғлар (қумлар каби) сочилгач;
11. Ва қачон пайғамбарларга (уларни ёлғончи қилган қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари учун) белгиланган вақт келгач, (ана ўша вақтда ваъда қилинган Қиёмат қойим бўлур)!
12. (Пайғамбар ўз қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари) қай Кунга белгиланган эди?
13. (Ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кунга (белгилангандир)!
14. (Эй инсон), сен (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кун нима эканлигини қаердан ҳам билурсан?!
15. У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
16. Ахир Биз аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган уммат)ларни ҳалок қилмадикми?!
17. Сўнгра кейинги (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни ёлғончи қилгувчи Макка кофирлари ва бошқа)ларни ҳам уларга эргаштирурмиз!
18. Биз барча жиноятчи-кофирларни мана шундай (ҳалок) қилурмиз!
19. У Кунда ўша Кунни ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
20. Ахир Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?!
21. Сўнг у (сувни-нутфа)ни мустаҳкам қароргоҳда (она қорнида барқарор) қилиб қўймадикми?!
22. Маълум муддатгача (яъни, ой-куни етиб туғилгунича она қорнида барқарор қилиб қўймадикми?!)
23. Бас, Биз (бир томчи сувни комил инсон қилиб яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз!
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятларда яна қайта тирилиш масаласи баён қилинди. Мана бу ҳадиси қудсий ҳам юқоридаги оятларга муносиб тафсирдир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом бир куни кафтларига тупурдилар-да, саҳобаларга бармоқлари билан ўша тупукни кўрсатиб дедилар: «Аллоҳ таоло айтур: «Эй одам боласи, ахир Мeн сени худди мана шунга ўхшаган бир томчи сувдан яратдим-ку! Бас, сен Мендан (яъни, Қиёмат Куни Менинг ҳузуримга йиғилиб, ҳисоб-китоб беришдан) қаёққа ҳам қочиб қутула олар эдинг?!»
24. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
25. Ахир Биз Ерни йиғгувчи қилиб қўймадикми?!
26. Тирикларни ҳам, ўликларни ҳам (йиғгувчи қилиб қўймадикми?!)
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятлардан заминни беҳуда она дейилмаслиги маълум бўлади. Зеро, у тирикларни ўз елкасида — устида кўтариб турса, ўликларга ўз қучоғидан жой беради.
27. Яна Биз (ерда) баланд тоғларни (пайдо) қилдик ва сизларни (ўша тоғлардан оқиб тушадиган) чучук-тотли сув билан суғордик.
28. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай.
29. (У Кунда кофирларга дейилур): «Сизлар (ҳаёти-дунёдалик пайтингизда) ёлғон дегувчи бўлган нарсага (ҳисоб-китоб ва дўзах азобига) боринглар!
30. (Жаҳаннамда ёнаётган дўзахилардан кўтарилаётган бадбуй тутундан иборат, осмонга ўрлаган сари бўлиниб кетган) уч бўлакли «соя»га боринглар!
31. Ҳеч қандай салқинлик бермайдиган ва (дўзах) алангасини ҳам тўсмайдиган («соя»га боринглар!)»
32. Дарвоқеъ, у (жаҳаннам ҳар томонга ҳар бири) қасрдек учқунларни отиб турур!
33. Худди сариқ туяларга ўхшаган (учқунларни отиб турур!)
34. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлғай!
35. Бу (Кун) улар сўзлай олмайдиган
36. Ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир!
37. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
38. Бу (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир! (Эй бу Кунни ёлғон дегувчи кимсалар, мана) Биз сизларни ҳам, аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган)ларни ҳам жамладик.
39. Мана, агар сизлар учун (дўзахдан қутқарадиган) бирон найранг бўлса, Менга ўша найрангларингизни кўрсатинглар-чи?
40. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
41. Тақводор зотлар эса (У Кунда) албатта соя-салқинлар ва чашмаларда,
42. Ва кўнгиллари тусаган мева-чевалар устидадирлар.
43. (Уларга дейилур): «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли (ушбу жаннат ноз-неъматларини) пок билиб еб-ичаверинглар».
44. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
45. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
46. (Эй кофирлар) озгина вақт (яъни, тўрт кунлик дунёда ақлсиз ҳайвонлардек) еб, фойдаланиб қолинглар! Албатта сизлар жиноятчидирсизлар!
47. У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
48. Қачон уларга: «Рукуъ қилинглар, (яъни, намоз ўқинглар)», дейилса, рукуъ қилмаслар!
49. У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!
50. Ахир улар (Қуръондан) кейин (яъни, беназир илоҳий мўъжиза бўлган шундай азиз Китобга иймон келтирмасдан) қандай сўзга-китобга иймон келтирурлар?!