surah.translation .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолганида;
2. Юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида;
3. Тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида;
4. (Қорнидаги боласи) ўн ойлик бўлган бўғоз туялар ҳам бўш қўйиб юборилганида;
5. Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида;
6. Денгизлар (тандир каби) қизитилганида (ва сув ўрнига олов билан тўлганида);
7. Жонлар (қайтадан баданларга) жуфтланганида;
8. Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан сўралганида,
9. қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани ҳақида (сўралганида);
10. (Номаи аъмол) саҳифалари очилганида;
11. Осмон (ернинг устидан) сидириб олинганида;
12. Дўзах (кофирлар учун) ловуллатиб ёқилганида;
13. Жаннат (тақводор зотларга) яқин қилинганида;
14. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни, барча яхши-ёмон амалларини) билур!
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятларда Қиёмат Кунида рўй берадиган ўн икки ҳодиса ҳақида хабар берилди. Демак, у Кунда кечаётган даҳшатнинг зиёдалигидан қуёшнинг нури сўниб, юлдузлар ҳар ёққа сочилиб кетади ва тоғлар ҳам жойларидан жилдирилиб, худди булутлар каби осмонда сузиб юради. Саҳро аҳли жуда авайлайдиган ва уларнинг бой-бадавлатликлари рамзи бўлган — туғиш соати яқинлашиб қолган бўғоз туялар ҳам эгаларининг ёдидан кўтарилиб, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолади (яъни, кишилар ўзларининг энг ардоқли нарсаларини ҳам унутадилар). Доимо бир-бирларининг гўштларини еб тирикчилик ўтказадиган ваҳший ҳайвонлар ҳам қандай қилиб бир жойга тўпланганларини билмай қоладилар, денгизлар эса сувлари қуриб, худди тагидан олов ёқилаётган қозонга айланадилар (минг-минг йиллик денгизларнинг бугунга келиб қурий бошлагани ўша Кун яқин қолганининг аломати эмасмикан?), инсонлар ўлиши билан чиқиб кетган жонлари қайта ўз баданларига киради, шунингдек, у Кунда тириклай кўмиб юборилган мазлума қизларнинг ҳам додига етилади (бу ҳақда «Наҳл» сурасининг 59-оятида батафсил изоҳ берилган) ва инсон ўлиши билан ёпилган номаи аъмоли қайта очилиб, ҳисоб-китоб қилинади, у Кунда Ернинг томи бўлган осмон ҳам очиб юборилади ва ниҳоят кофирларга ловуллаб ёнаётган дўзах, мўминларга эса жаннат яқин қилинади — мана шу воқеа-ҳодисалар содир бўладиган Қиёмат Кунида ҳар бир жоннинг ҳаёти-дунёда қилиб ўтган яхши амаллари ўнг ёнига, ёмон амаллари чап ёнига келтириб қўйилади ва ҳеч ким ўз амалидан тона олмайди! Демак, ўша Куннинг қийноқ-азобидан халос бўлишни истаган ҳар бир инсон бугунини Исломий эътиқод ва эзгу амал билан ўтказмоғи вожибдир!
15. Бас, Мен (кундузлари кўздан) ғойиб бўлгувчи (юлдуз)ларга қасам;
16. (Кечалари ҳам) тез ўтиб, (ўз «уя»лари — буржларига) яширингувчи (юлдуз)ларга қасам;
17. Ўз зулмати билан келиб-кетаётган кечага қасам;
18. Ва отаётган тонгга қасам ичурманки,
19. Шак-шубҳасиз, у (Қуръон) бир улуғ элчининг (яъни, Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир.
20. У қувватли, Аршнинг соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали,
21. У жойда (яъни, осмонларда фаришталар томонидан) итоат этилгувчи, ишончли (элчининг Аллоҳ таоло томонидан келтирган сўзидир).
22. Ва сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) мажнун эмасдир.
23. Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди.
24. У (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) ғайбга (яъни, ғайбдан келган ваҳийга) бахил ҳам эмасдир. (У Аллоҳ таоло томонидан ўзига келадиган ваҳийларни бузмасдан, тўла-тўкис ҳолда сизларга етказур).
25. Ва у (Қуръон) қувилган — малъун шайтоннинг сўзи эмасдир.
26. Бас, сизлар (мана шу Қуръони Карим кўрсатган Ҳақ йўлни инкор этиб) қаён кетмоқдасизлар?!
27. У (Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз, бутун оламлар учун бир эслатмадир.
28. — Сизларнинг орангиздаги Тўғри Йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун (бир эслатмадир).
29. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри Йўлда бўлишни) хоҳларсизлар.