surah.translation .


Қўлида мулк бўлган У зот улуғ, муқаддас бўлди. У барча нарсага қодирдир.

У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир. (Ўлимни эслаган одам унга тайёргарлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилади.)

У етти осмонни табақама-табақа яратгандир. Роҳманнинг яратганида ҳеч тафовут кўрмассан. Қайта назар сол! Бирор камчилик кўряпсанми?

Сўнг такрор-такрор назар сол, назар сенга истаганини топа олмай, ҳорғин- чарчаган ҳолда қайтади.

Ва дарҳақиқат Биз яқин осмонни чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва у (чироқ)ларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик. Ва у(шайтон)ларга олови қизиб турган жаҳаннамни тайёрлаб қўйдик. (Араб фолбинлари бизнинг шайтонларимиз осмонга чиқиб, ғойибдаги нарсаларни билиб беради, деб мақтанар эдилар. Қуръони Карим буни рад этиб, бу дунёда шайтонларни юлдузлардан ажраб чиққан учқунлар қувиб ҳайдашини, у дунёда эса, уларга Аллоҳ жаҳаннам азобини тайёрлаб қўйганини таъкидламоқда.)

Ўз Роббиларига куфр келтирганлар учун жаҳаннам азоби бордур ва у қандай ҳам ёмон қайтадиган жой!

Улар жаҳаннамга ташланган чоғларида унинг ҳанграган овозини эшитурлар, у эса қайнаб турган бўладир.

У ғазабдан ёрилиб кетай дейдир. Ҳар қачон унга янги гуруҳ ташланганда унинг хизматкорлари: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?», деб сўрайдир.

Улар: «Ҳа, дарҳақиқат бизга огоҳлантирувчи келган эди. Лекин биз (уни) ёлғончига чиқардик ва: «Аллоҳ ҳеч нарса туширгани йўқ, сизлар катта адашувдан бошқа ҳеч нарса эмассизлар», деган эдик», дерлар.

Ва улар: «Агар эътибор қулоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлар эдик», дерлар.

Бас, улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар. Йўқолсин дўзахийлар!

Албатта ўз Роббиларидан ғойибдан қўрқадиганлар учун гуноҳларини кечиш ва улкан ажр-савоблар бордир.

Ва сиз сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта, У кўнгиллардагини ҳам билгувчи зотдир.

Яратган зот Ўзи билмасмиди? Ва У дақиқларгача билувчи ва хабардор зотдир.

У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир. (Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти кариманинг тафсирини Исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзинининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтирадилар. Дарҳақиқаат, Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган, лекин бу ҳақиқат ҳозирги асримиздагидек ҳеч қачон яққол кўзга ташланмаган.)

Осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? У (ер) эса изтиробда ҳаракатланиб туради. («Осмондаги зот»дан мурод Аллоҳ таоло, лекин бу дегани Аллоҳ осмонда дегани эмас. Чунки Аллоҳ таоло маконга муҳтож эмасдир. У макон ва замондан устун зотдир. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодига биноан, Аллоҳнинг ерда ёки осмонда дейилишидан мақсад, Унинг хоҳиши ва ҳукми еру осмонга баробар ўтиши ва Унинг султони ғолиб эканлигидир.)

Ёки осмондаги зот сизларга азоб шамолни юборишидан омонда бўлдингизми? Бас, албатта огоҳлантириш қандоқ бўлишини билурсизлар.

Ва дарҳақиқат улардан аввалгилари ҳам ёлғонга чиқарган эдилар. Бас инкорим қандай бўлди?!

Тепаларида (қаноатларини) ёйиб ва йиғаётган қушни кўрмайдиларми? Уларни Роҳмандан бошқа ушлаб турувчи йўқ. Албатта, У барча нарсани кўрувчидир.

Роҳмандан бошқа сизларга ёрдам берадиган аскар ким ўзи? Кофирлар ғурурдан бошқа ҳеч нарсада эмаслар!

У Ризқни тортиб қўйса, сизга ризқ берадиган ким ўзи?! Балки улар абадий туғёнда ва ҳақдан нафратда бўлурлар.

Юз тубан қоқилиб юраётган киши ҳидоятдами ёки тўғри йўлдан қоматини тик тутиб бораётган кишими? («Юз тубан, қоқилиб юраётган киши» кофир кишидир. Чунки, унинг аниқ йўли, мақсади ва кўрсатмаси йўқ. Йўли адаштирувчи, хавф-хатарларга тўладир.)

Сен: «У сизларни йўқдан бор қилган ва сизларга эшитиш, кўриш ва ақлни берган зотдир. Жуда ҳам оз шукр қиласизлар-а?!» деб айт.

Сен: «У сизларни ер юзида яратган, кўпайтирган зотдир. Ва Унинг ҳузурига тўпланурсизлар», деб айт.

Ва улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлади?» дерлар.

Мен: «Албатта, илм, фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ва албатта, мен яққол огоҳлантирувчиман, холос», деб айт.

Бас азобни яқиндан кўрганда куфр келтирганларнинг юзлари қораяр. Ва уларга: «Сўраган нарсангиз шу бўлади», дейилур.

Сен: «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бўлганларни ҳалок қилса ёки раҳм қилса, кофирларни аламли азобдан ким қутқариб қолади?!» деб айт.

Сен: «У Роҳмандур, биз Унга иймон келтирдик ва Унга таваккал қилдик. Бас, сизлар тезда ким очиқ-ойдин хатода эканини билурсизлар», деб айт.

Сен: «Айтинглар-чи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким осонгина топиладиган сувни келтиради?» деб айт.