ترجمة معاني سورة الجمعة باللغة الأوزبكية من كتاب Uzbek - Uzbek translation
ﰡ
آية رقم 1
Осмонлару ердаги барча нарсалар Хожа, Бенуқсон, Азиз, Ҳаким Аллоҳга тасбиҳ айтадир.
آية رقم 2
У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди. (Ўша давр араблари уммий қавм дейилган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар.)
آية رقم 3
Ва ҳозирча уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. Ва У зот ғолиб ва ҳикмат эгасидир. (Бу ояти карима ҳам Қуръоннинг улкан мўъжиларидан биридир. Бу ғойибнинг хабаридир. Араблардан бошқа халқларнинг исломга киришини ўша пайтда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмасди.)
آية رقم 4
Бу Аллоҳнинг фазлидир (ва уни) хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
آية رقم 5
Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандоқ ҳам ёмон. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. («Устларига Таврот юклатилган»лар - яҳудийлар. Аллоҳ таоло уларни устига китоб ортилган эшакка ўхшатмоқда. Худди эшак устидаги китобни кўтариб чарчаса чарчайди, аммо асло бу китобдаги илм ва таълимотлардан фойдаланмайди.)
آية رقم 6
Сен: «Эй яҳудийлар, албатта сиз, бошқалардан фарқли ўлароқ, Аллоҳнинг авлиёларимиз, деб даъво қиладиган бўлсангиз, бас, ўлимни орзу қилинг, агар ростгўй бўлсангиз», деб айт.
آية رقم 7
Улар қўллари қилган(гуноҳ)лари туфайли ҳеч қачон, у(ўлим)ни орзу қилмаслар. Аллоҳ золимларни билувчидир. (Яҳудийларнинг ўлимни сира орзу қилмасликларига сабаб - гуноҳларининг кўплиги. Улар биладиларки, ўлимдан кейин савол-жавоб бўлади, гуноҳларга яраша азоб белгиланади. Бу эса улар учун ниҳоятда даҳшатли.)
آية رقم 8
Сен: «Албатта, сиз ундан қочаётган ўлим, таъкид шулки, сизга барибир йўлиқувчидир. Сўнгра махфий ва ошкор нарсаларни Билувчининг ҳузурига қайтарилурсизлар. Бас, У сизга нима қилиб юрганингизнинг хабарини берадир.
آية رقم 9
Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир.
آية رقم 10
Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз.
آية رقم 11
Ва улар тижорат ёки ўйин-кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар ва сени тик ҳолда тарк этдилар. Сен: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгудан ва тижоратдан яхшидир. Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир», деб айт. (Дунё ташвиши деб ибодатни тарк этиш яхши эмас. Чунки ризқ берувчи Аллоҳнинг Ўзи. Аввал Унинг ибодати адо бўлса, ризқ топишда кейинЎўзи ёрдам беради.)
تقدم القراءة