ترجمة سورة الأعلى

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الأعلى باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), энг олий зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг!
2. У (барча нарсани) яратиб, расо қилиб қўйган Зотдир.
3. У (ҳар бир нарса учун муносиб йўлни) белгилаб, (у нарсани ўша йўлга) ҳидоят қилиб қўйган Зотдир.
4. У ўт-ўланни ундириб чиқариб,
5. сўнг уни қорамтир хас-хашак қилиб қўйган Зотдир.
6. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни (Жаброил фаришта воситасида Қуръон) қироат қилдирурмиз. Бас, сиз (бирон оят)ни унутмассиз.
7. Аллоҳнинг Ўзи (унутишингизни) хоҳлаган оятлардан бошқа (бирон оятни унутмассиз). Албатта У зот ошкора (сўз ва ишлар)ни ҳам, яширин нарсаларни ҳам билиб турур.
8. Биз сизни осон (Динга) муваффақ қилурмиз.
____________________
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Шариати Исломийя динларнинг ичида энг осон ва енгилидир. У буюрган барча аҳкомларни ҳар бир ақли расо киши ҳеч қийналмасдан адо этиши мумкин. Фақат ёлғиз Аллоҳга ва У зот юборган Қуръонга сидқидилдан иймон келтирган бўлса, бас.
9. Бас, агар панд-насиҳат фойда берса (кишиларга) панд-насиҳат қилинг! (Яъни, насиҳат кор қилмайдиган кимсаларга сўзингизни исроф қилманг!
10. (Аллоҳдан) қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак.
11. Бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат)дан четга олур.
12. Катта ўтга (дўзахга) кирадиган (бадбахт кимса ўзини насиҳатдан четга олур).
13. Сўнгра у жойда на ўла олур ва на яшай олур!
14. Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган киши нажот топгандир.
15. Ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир киши нажот топгандир).
16. Йўқ, сизлар (эй кофирлар), ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар!
17. Ҳолбуки, Охират яхшироқ ва боқийроқдир.
18. Дарвоқеъ, бу (сурада мазкур бўлган панд-насиҳатлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда
19. — Иброҳим ва Мусо саҳифаларида ҳам бордир.
Icon