ترجمة سورة الطور

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الطور باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Тур (тоғи)га қасам;
2. Битилган Китобга (Қуръонга) қасам;
3. Очиқ саҳифага (ёзилган Китобга) қасам;
4. Байтул-Маъмурга (Обод Уйга) қасам;
____________________
И з о ҳ. Юқорида зикр қилинган «Байтул-Маъмур — Обод Уй»дан мурод Аллоҳ таолонинг амри билан Одам алайҳиссалом бино қилган Байтуллоҳ бўлиб, Нуҳ пайғамбар замонларида рўй берган тўфон балосида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар у уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган эканлар. Унинг «Обод Уй» деб аталишига сабаб у уйни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилишидир.
5. Баланд кўтарилган томга (осмонга) қасам;
6. Ва тўлиб-тошган денгизга қасамки,
7. Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз, воқеъ бўлгувчидир!
8. Унинг учун бирон дафъ қилгувчи — тўсиқ йўқдир.
9. У Кунда осмон титраб-чайқалур;
10. Ва тоғлар ҳам (ўрнашган жойларидан жилиб), йўлга тушур!
11. Ана ўша Кунда (пайғамбарларни) ёлғончи қилгувчиларга ҳалокат бўлур!
12. Улар ўзлари шўнғиган нотўғри йўлларида адашиб юрадиган кимсалардир.
13. У Кунда улар жаҳаннам ўтига ҳайдалурлар!
14. (Ва уларга дейилур): «Сизлар ёлғон деб юрган дўзах мана шудир!»
15. Қани, бу (азоб) ҳам сеҳрми, ёки сизлар (ҳаёти дунёда Ҳақни кўра олмаганларингиз каби бу азобни ҳам) кўрмаяпсизларми?!
16. (Дўзахга) кирингиз! Энди (унинг азобига) хоҳ сабр қилинглар, хоҳ сабр қилманглар, сизларга баробардир! (Яъни, у азоб сизлардан енгиллатилмас). Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингизнинг жазосини тортурсизлар!»
17. Тақводор зотлар эса шак-шубҳасиз, жаннатлар ва неъматлар ичра барқарордирлар.
18. Уларга Парвардигорлари ато этган нарсалар билан шод-хуррам бўлган ҳолларида (жаннатлар ва неъматлар ичра барқарордирлар). Парвардигорлари уларни дўзах азобидан сақлагандир.
19. (Уларга): «Сизлар қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли кўнгилдагидек еб-ичинглар», (дейилур).
20. Қатор тизилган сўрилар устида ястанган ҳолларингизда (кўнгилдагидек еб-ичинглар, дейилур) ва Биз уларга оҳу кўзли ҳурларни жуфти ҳалол қилиб бердик.
21. Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини қўшдик ва уларга қилган амалларидан бирон нарсани ҳам камитмадик. Ҳар бир киши ўзи касб қилган иши билан гаровга олингувчидир — ушлангувчидир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим: Агар аждодлар ҳаёти дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтиб, Аллоҳ таоло наздида юксак даражотларга эришсалар ва уларнинг фарзандлари ҳам уларга иймон билан эргашсалар-у, аммо ота-боболари муяссар бўлган баланд мақомларга кўтарила олмасалар-да, Аллоҳ таоло уларни ҳам ота-боболарига қўшиб, барчаларига Ўзи ваъда қилган жаннатдан жой ато этади, аммо фарзандлари сабабли аждодларнинг ажр-мукофотларини заррача камитмайди. Чунки ҳар бир жон ўзи қилган ишига жавобгардир. Энди қуйидаги оятларда яна ўша аҳли жаннатга ато этиладиган бахт-саодат ва ноз-неъматлар зикр қилинади.
22. Яна Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева-чева ва гўшт билан қувватлантирдик.
23. Улар у жойда (шундай шароб) косаларини талашиб — қўлма-қўл қилиб ичурларки, у (шароб)да (яъни, уни ичганлари сабабли) на беҳуда-сергаплик ва на гуноҳ бўлар.
24. Уларнинг устида гўё (садаф ичида) яширинган гавҳардек (покиза ва хушсурат) ғуломлари айланиб (хизматга ҳозир бўлиб) турур.
25. Улар бир-бирларига боқишиб, басти-жавоб қилишиб,
26. дейдилар: «Ҳақиқатан бизлар илгари (ҳаёти дунёда) аҳли-оиламиз орасида (бўлган чоғимизда Охиратда Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан) қўрқар эдик.
27. Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргизди ва бизларни самумдан (яъни, баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади.
28. Дарҳақиқат, бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина марҳаматли, меҳрибондир».
29. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) сиз (инсонларга Қуръон оятлари билан) панд-насиҳат қилаверинг! Чунки сиз Парвардигорингизнинг неъмат-марҳамати билан коҳин-фолбин ҳам, мажнун ҳам эмасдирсиз.
30. Балки улар (мушриклар: «Муҳаммад), бир шоирдир. Бизлар унга замон ҳодисот-балолари (етиши)ни кутурмиз», дерлар?!
31. Айтинг: «Кутаверинглар! Мен ҳам сизлар билан бирга кутгувчилардандирман. (Қани, балога ким йўлиқар экан)».
32. Балки уларнинг «ақллари» мана шундай («доно» сўзларни айтишга) буюрар?! Ёки улар туғёнга тушган қавмлар(ки, бундай сўзларни айтишларига сабаб ўша туғёнми)?!
33. Балки улар: «(Муҳаммад Қуръонни) ўзи ичидан тўқиб олган», дерлар?! — Йўқ, улар иймон келтирмаслар!
34. У ҳолда агар ростгўй бўлсалар ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз — китоб келтирсинлар-чи?!
35. Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?!
36. Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!
37. Балки уларнинг ҳузурларида Парвардигорингизнинг хазиналари бордир?! Ёки улар (бутун борлиқни) бошқариб тургувчимиканлар-а?!
38. Балки уларнинг (осмонга кўтарилиб, фаришталарнинг сўзларини) эшитиб оладиган нарвонлари бордир?! У ҳолда уларнинг эшитиб олгувчилари (ўзларининг ҳақиқатан Аллоҳнинг амридан хабардор бўлганига) бирон очиқ ҳужжат келтирсин-чи?!
39. (Эй мушриклар), балки қизлар У зотники-ю, ўғиллар сизларникидир?!
____________________
И з о ҳ. Яъни сизлар «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», деб даъво қиласизлар. Қай бир ҳужжат билан бундай демоқдасизлар?! Сизлар «доно»ликларингиздан ўзларингиз ёмон кўрадиган ва орланадиган қизларни Аллоҳники деб, ўғил болаларни ўзларингизники қилиб олмоқчимисизлар?! Агар шу «доно»ликларингиз бўлса, сизларнинг Қуръонни ҳам, пайғамбарни ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилишларингиз ҳеч тонг эмасдир!
40. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), балки сиз улардан (ўз даъватингиз учун) ажр-ҳақ сўраётгандирсизки, улар (ўша) тўлов(ни тўлаш)дан қийналиб қолгандирлар (ва шу сабабли иймон келтирмаётгандирлар)?
41. Балки уларнинг ҳузурларида ғайб (илми — Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан яширган сирлари) бўлиб, улар (ўша сирларни) ёзиб олаётгандирлар (ва шу сабабли сиз келтирган хабарларга ишонмаётгандирлар?!) Асло ундоқ эмасдир! У ҳолда нега улар сизга иймон келтирмаслар?!
42. Балки улар (сизни ҳалок қилиш учун) бирон ҳийла-найранг қилмоқчидирлар?! У ҳолда ўша кофир бўлган кимсаларнинг ўзлари ҳийла-найрангга гирифтор бўлурлар!
43. Балки улар учун Аллоҳдан ўзга бирон «илоҳ» бордир?! Аллоҳ уларнинг ширкларидан покдир!
44. Агар улар (устларига уларни ҳалок қилиш учун) осмондан бир бўлак-парча тушаётганини кўрсалар (ўшанда ҳам иймон келтирмаслар, балки «Бу тўпланган булутдир», дерлар.
45. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) сиз уларни токи ўзлари ҳалок қилинадиган кунларига рўбарў бўлгунларича тарк қилинг!
46. У Кунда уларнинг ҳийла-найранглари бирон фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас!
47. Албатта золим-кофир бўлган кимсалар учун бундан (Қиёмат Кунидан) илгари мана шу дунёда) ҳам азоб-уқубат(лар) бордир, лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар!
48. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни, мушрикларни дарҳол азобга дучор қилмаганига ва сизни турли машаққатли синовлар билан имтиҳон қилишига) сабр қилинг. Зотан, сиз шак-шубҳасиз, Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз. Ва (тонгда уйқудан) турган пайтингизда Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айб-нуқсондан) покланг!
____________________
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага икки кўз сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда халқларига ўхшатмасдан, кайфият бермасдан исбот қилиш бор. Бу суннатда ҳам собит бўлган ва умматнинг салафи солиҳи ҳам бунга ижмоъ қилгандир.
49. Шунингдек кечадан (бўлган соатларда) ва юлдузлар юз ўгириб кетгач (яъни, саҳар пайтларида) ҳам У зотга тасбеҳ айтинг!
Icon