ترجمة سورة الفجر

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الفجر باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Тонгга қасам.
2. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам.
3. Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам.
4. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)!
5. Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!
6. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?
7. (Улар) баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Иром (шаҳрида яшаган Од қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини кўрмадингизми?).
8. У (шаҳар бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган эди.
9. (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)?
10. Қозиқлар (яъни, ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)?
11. Улар юртларида ҳадларидан ошиб,
12. у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар.
13. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди!
14. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир.
____________________
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда куфру исёнлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган қавм ва қабилалар зикри ўтгач, энди бахт-саодатни мол-дунё билан ўлчайдиган кофир кимсалар ҳақида хабар берилади.
15. Бас, энди инсон — қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол: «Парвардигорим (иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилди», дер.
16. Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг килиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дер.
17. Йўқ, (сизлар гумон қилганларингиздек иззат-икром бойлик билан, хор-зор қилиш — камбағаллик билан бўлмас)! Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмассизлар!
____________________
И з о ҳ. Аллоҳ таоло бировни яхши кўргани учун бой қилиб, ёки бошқа бировни ёмон кўргани учун камбағал қилиб қўймайди. Умуман, агар Аллоҳ наздида мол-дунёнинг пашшанинг қанотича ҳурмати бўлганида, кофирга ундан бир чақа ҳам бермаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ таоло инсонларни шукр қиладиларми-йўқми синовдан ўтказиш учун ризқларини танг қилиб қўяди. Демак, инсоннинг бойлик билан суюниб, камбағаллик билан куйиниб кетиши нотўғридир. Оятнинг давомида энди Макка кофирларига хитоб қилиниб, уларнинг ўта очкўз ва хисис кимсалар эканликлари, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилмасликлари ва ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормасликлари фош қилинади.
18. Мискин-бечорага таом беришга ҳам бир-бирларингни тарғиб қилмассизлар!
19. Меросни эса (ўзларингизнинг улушингизга ўзгаларникини ҳам) қўшиб ейиш билан еяверурсизлар!
20. Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!
21. Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чилпарчин қилинганда;
22. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда;
23. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда — ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибратнинг фойдаси) қаёқдан тегсин?!
24. У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур!
25. У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас!
26. Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!
27. (У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): «Эй хотиржам-сокин жон,
28. Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт!
29. Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин,
30. Ва Менинг жаннатимга киргин!»
Icon