ترجمة سورة الغاشية

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الغاشية باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга ўраб олгувчи (Қиёмат Куни) ҳақидага хабар келдими?
2. У Кунда (кофирларнинг) юзлари эгилиб қолгувчи.
3. (Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судраш билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир.
4. (Улар) қизиган дўзахга кирур!
5. Қайнаб турган булоқдан суғорилур!
6. Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат зорийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!
7. У (еган кимсани) семиртирмайди ҳам ва очлиқдан халос ҳам қилмайди!
8. (Мўминларнинг) юзлари эса у Кунда (ўзларига ато этилган ноз-неъматлардан) шод-хуррам;
9. (Ҳаёти-дунёда Аллоҳ йўлида қилган) саъй-ҳаракатларидан рози бўлур.
10. (Улар) олий жаннатда бўлиб;
11. У жойда бирон беҳуда сўз эшитмаслар.
12. У жойда оқар булоқ бордир.
13. У жойда баланд сўрилар;
14. Ва (булоқ бўйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар.
15. Тизиб қўйилган ёстиқлар.
16. Ва тўшалган гиламлар бордир.
____________________
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда кофирлар тушадиган дўзах азоби ва мўминлар етадиган жаннат неъматлари тасвирланди. Охират ҳаётидан келтирилган бу жонли лавҳалар кишилар ибрат олишлари учун эди. Энди инсонлар кўриб ибрат олишлари ва Яратганнинг борлигини, бирлигини билиб иймон келтиришлари учун улар ҳар кун, ҳар соатда рўбарў келадиган тўрт нарса мисол тариқасида келтирилди.
17. Ахир улар туянинг қандай яратилганига боқмайдиларми?
18. Осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига;
19. Тоғларнинг қандай тикланганига;
20. Ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан боқмайдиларми?!)
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятларда кишиларнинг назари аввало ҳайвонот оламидан «Саҳро кемаси» деб ном олган туяга қаратилмоқда. Дарҳақиқат, саҳро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларни бажарувчи хизматкор, унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада баққувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у «харсанг тош» ўрнидан кўчиб, исталган тарафга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг баданидаги ҳар бир аъзо нақадар саҳрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг қудратига тан бермай илож йўқ. Энди яна кўриб, ибрат олишимиз лозим бўлган мавжудотлардан бири устимизда «том» бўлиб, бизларни бошқа сайёралар ва бошқа оламлардан етиши мумкин бўлган зиён заҳматдан сақлаб тургувчи осмон бўлса, яна бири «ернинг қозиқлари» бўлган тоғлардирки, улар ўзларининг атрофидаги иқлимни мудом мўътадиллаштириб туришларидан ташқари ичларида инсонлар учун зарур бўлган хазиналарни ҳам асраб берадилар. Энди тоғлардан ерга тушадиган бўлсак, у ҳам бизлар яшашимиз, уй-жойлар бино қилишимиз ва экинзорлар, боғ-роғлар барпо этишимиз учун қулай-текис қилиб қўйилибди. Хўш, буларнинг барчаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб, шундай аниқ ва ҳикматли тартиб-интизомга келиб қолдиларми? Ёки бу мавжудотларнинг ҳар бирини одамлар ўз қўллари билан яратиб, мана шундай жойлаштириб қўйдилармикин? Бу икки тахминнинг ҳам тўғри эмаслигини билиш учун катта илмнинг ҳожати йўқ, фақат тоза, заҳарланмаган фикр ва озгина инсоф бўлса бас, мазкур мавжудотларни яратиш фақат барча оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолонинг қудрат қўлидан келиши маълум бўлади-қолади. Шунинг учун ҳам юқоридаги оятларда барча инсонлар Еру осмондаги нарсаларга холис кўз билан, ибрат олиш учун назар солишга даъват қилиндилар. Қуйидаги оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга кишиларни Исломга даъват этишда мана шундай ибратли мисоллар билан панд-насиҳат қилиш йўлини тутмоқ амр этилди.
21. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос.
22. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз.
23. Илло ким (бу панд-насиҳатдан) юз ўгириб, кофир бўлса;
24. У ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар!
25. Зеро, ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир!
26. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!
Icon