ترجمة سورة الإنسان

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الإنسان باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу ояти каримани муфассирлар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Аллоҳ таоло Ер юзидаги барча мавжудотни ва ундаги ҳаёт кечиришга қулай мувофиқ иқлимни Инсон учун яратгандир. Лекин Аллоҳ мана шу оламни яратганидан то Одам алайҳиссаломни яратиб, унга жон ато этгунича орадан ўтган узун бир муддатда инсон исмли, Яратганнинг Ер юзидаги халифаси бўлгувчи жонзот дунёга келиши зикр қилинмаган — тилга олинмаган эди. Иккинчи тафсир: Одамзот она қорнида пайдо бўлганидан тортиб, то инсон шаклига кириб, унга жон ато этилгунича ўтадиган муддатда уни аввал нутфа, сўнг лахта қон, кейин бир парча гўшт деб номланади-ю, аммо уни ҳали инсон дейилмайди. Аниқки, ҳар бир инсон то онадан таваллуд топгунича мана шу савдоларни ўз бошидан ўтказгандир.
2. Дарҳақиқат, Биз инсонни (вояга етганидан сўнг шариат таклифлари билан) имтиҳон қилгувчи бўлган ҳолимизда (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бўлган нутфадан яратдик. Бас, уни (Бизнинг оятларимизни тинглаши ва оламдаги Бизнинг борлигимизга далолат қилиб турган аломатларни кўриши учун) эшитгувчи, кўргувчи қилиб қўйдик.
3. Дарҳақиқат, биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилгувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин (тўғри) йўлга ҳидоят қилдик (яъни, шукр қилгувчилар Биз уларни ҳидоят қилган Тўғри Йўлни — Ҳақ динни маҳкам тутадилар, кўрнамак кимсалар эса ўзларига кўрсатилган Тўғри Йўлдан юз ўгириб кетадилар).
4. Албатта Биз кофирлар учун занжиру кишанларни ва (дўзах) алангасини тайёрлаб қўйгандирмиз!
5. Албатта (ҳаёти-дунёдан Аллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи-аралашмаси кофур майкосалардан (май) ичурлар.
6. (Улар) Аллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма бўлган майкосалардан (май) ичурлар. Улар у (чашмани ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб-оқизиб олурлар.
7. Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилгувчи бўлган (Қиёмат) кунидан қўрқурлар.
8. Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар.
9. (Улар айтурлар): «Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг Юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз — кутмасмиз.
10. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз».
11. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва — нур, (дилларига) сурур бахш этди.
12. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади.
13. Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар.
14. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур.
15. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва шиша қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур.
16. Улар ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан шиша-шиша бўлиб кетган қадаҳлардир). (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар.
17. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар билан суғорилурлар.
18. (Жаннатларидаги) салсабил-ўтимли деб аталадиган чашма (билан суғорилурлар).
19. Уларнинг устида мангу ёш (яъни, ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйларсиз.
20. У жойда қачон қарасангиз, ноз-неъматларни ва катта мулку-давлатни кўрурсиз.
21. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир.
22. Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди.
23. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Бизнинг ўзимиз сизга бу Қуръонни бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
24. Бас, сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва улардан (кофирлардан) бирон гуноҳкор ё кўрнамакка итоат қилманг!
25. Ва эрта-ю кеч Парвардигорингизнинг номини зикр қилинг!
26. Яна кечанинг бир қисмида ҳам У зотга сажда қилинг ва тунда узоқ (бедор бўлиб) У зотга тасбеҳ айтинг!
27. Албатта ана у (кофир)лар нақд (дунё)ни суюрлар ва ортларидаги оғир Кунни (Қиёматни) эса тарк қилурлар (яъни, у Кун учун бирон амал қилмаслар).
28. Биз уларни яратдик ва (барча) аъзоларини мустаҳкам қилдик ва хоҳлаган вақтимизда (уларни ҳалок қилиб, ўринларига) ўзларига ўхшаганларни алмаштириб қўюрмиз.
29. Албатта бу (сура) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа (бу панд-насиҳатни қабул қилиб), Парвардигори томонга йўл тутур.
30. (Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
31. У Ўзи хоҳлаган кишиларни (яъни, мўминларни) Ўз раҳматига — жаннатига киритур. Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир.
Icon