ترجمة سورة النّمل

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة النّمل باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. То, Син. Ушбу (оятлар) Қуръон — очиқ Китоб оятларидир.
2. (Бу оятлар) мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир.
3. Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган ва Охиратга аниқ ишонувчи бўлган кишилардир.
4. Албатта, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар учун Биз (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб қўйгандирмиз. Бас, улар адашиб-улоқиб юраверадилар.
5. Ана ўша кимсалар учун (дунёда ҳам) энг ёмон азоб бордир ва улар Охиратда энг кўп зиён кўргувчи кимсалардир.
6. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), шак-шубҳасиз, сизга бу Қуръон доно ва билгувчи Зот даргоҳидан берилур.
7. Мусо аҳли-оиласига: «Мен олов кўриб қолдим. Сизларга ундан бирон хабар келтирурман ёки сизларга исиниб олишингиз учун бир ўт-чўғ келтирурман», деганини эсланг.
8. Энди қачонки у олов олдига келгач, унга нидо қилинди: «Олов олдидаги кишига (яъни, Мусога) ва унинг атрофидаги зотларга (фаришталарга) хайру-баракот бўлсин. Барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ (айбу-нуқсондан) покдир.
9. Эй Мусо, шак-шубҳасиз, Мен ғолиб ва ҳикмат соҳиби — Аллоҳдирман.
10. Асоингни ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Шунда Биз дедик): Эй Мусо, қўрқмагин. Зеро, Менинг хузуримда пайғамбарларим қўрқмаслар.
11. Лекин ким зулм қилса-ю, сўнгра — ёмонликдан кейин, уни чиройли (амалга) алмаштирса, бас, албатта Мен мағфиратли, меҳрибондирман.
12. Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар) сен (Фиръан ва унинг қавмига) олиб борадиган тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.
13. Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар.
14. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг.
15. Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: «Бизларни кўп мўмин бандаларидан афзал қилиб қўйган Зот — Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», дедилар.
16. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: «Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жониворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшоҳларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта, бу очиқ фазлу-марҳаматнинг ўзидир.
17. Сулаймон (амри билан) жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар.
18. То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди.
19. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин».
20. У қушларни кўздан кечириб (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (мендан беизн) ғойиб бўлгувчилардандир?!
21. Албатта уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтирур», деди.
22. Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим.
23. Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир.
____________________
И з о ҳ. Сулаймон алайҳиссалом замонларида (милоддан илгари — тахминан ўнинчи асрда) Яман мамлакатининг Сабаъ шаҳрида Билқийс исмли аёл ҳукмронлик қилган.
24. Мен у ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда-ибодат қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас, улар (Ҳақ йўлга) ҳидоят топмаслар.
25. (То) Аллоҳга сажда қилмагунларича. (Аллоҳ) осмонлар ва Ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни ҳам биладиган Зотдир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқувчига ҳам, эшитгувчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир.
26. «Аллоҳ — ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. У улуғ Арш Эгасидир».
27. (Сулаймон) деди: «Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрурмиз.
28. Мана бу мактубимни олиб бориб, уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар».
29. (Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб, малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: «Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди.
30. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман.
31. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйинсунган ҳолингизда келингиз!»
32. (Малика) айтди: «Эй одамлар, менга бу ишимда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилгувчи эмасман».
33. Улар дедилар: «Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларидирмиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса сенга итоат этурмиз)».
34. У айтди: «Аниқки подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этурлар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини эса хор-зор қилурлар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир.
35. Мен уларга бир ҳадя юбориб, кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар».
____________________
И з о ҳ. Билқийс доно малика эди. У ҳадя юбориш билан Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбарми ёки оддий босқинчи подшоҳми эканлигини имтиҳон қилади. Маликанинг фикри шундай эди: «У агар оддий подшоҳ бўлса, ҳадяни дарҳол қабул қилади, демак унга қарши ҳужум уюштириш ҳам мумкин бўлади. Энди агар у Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлса, ҳадя қабул қилмайди, у ҳолда унга бўйсуниш лозим бўлади».
36. Бас, қачонки (Билқийснинг элчилари унинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон (ҳузурига) келгач, у деди: «Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингизки, Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку-давлат) У зот сизларга берган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқдир).
37. Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйинсунган ҳолларида келмасалар) албатта биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида қувиб чиқарурмиз».
____________________
И з о ҳ. Билқийснинг элчиси унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб Сулаймон алайҳиссаломнинг жавобларини етказгач, у «Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган эдим», деди ва Сулаймон пайғамбарга: «Мен сенинг кимлигингни ва даъват қилаётган дининг қандай дин эканлигини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман», деган хабар билан чопар юбориб, ўзи ўн икки минг одам билан йўлга тушди. Қачонки улар Сулаймон алайҳиссаломнинг қароргоҳларига етиб келишларига бир фарсах (олти чақирим атрофида) қолганида у зот бундан хабар топиб, уларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатиш ва малика Билқийснинг фаҳму-фаросатини синаш мақсадида қўл остидаги халойиққа қараб:
38. «Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирларингиз менга унинг (яъни, Билқийснинг ўз шаҳрида қолган) тахтини келтира олур», деди.
39. (Шунда) жинлардан бир пахлавони айтди: «Мен уни сен ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтирурман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлидирман».
40. Китобдан огоҳлиги бор бўлган бир зот эса: «Мен уни кўзинг ўзингга қайтгунича (яъни, кўз очиб юмгунча) сенга келтирурман», деди. «Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлу-марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим (унинг шукр қилишидан) беҳожат ва фазлу-карам Эгасидир».
41. (Қачонки маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон унинг фаҳму-фаросатини синаш учун) деди: «Унинг тахтини танимайдиган қилиб — ўзгартириб қўйинглар у (ўз тахтини танишга) йўл топурми ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўлурми, кўрурмиз».
42. Энди қачонки у келгач: «Сенинг тахтинг шундаймиди?», дейилди. У (ҳайратга тушиб): «Худди ўшанинг ўзи-ку», деди. (Шунда Сулаймон айтди: «Алҳамдулиллоҳки), бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз.
43. Уни (маликани) эса ўзи Аллоҳни қўйиб, ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга ширк келтириб, мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофир қавмдан эди».
44. (Маликага): «Саройга киргин», дейилди. Энди қачонки у (саройни) кўргач, уни сув (тўлқин) деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон): «Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир», деди. Шунда малика) айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар Хожаси — Аллоҳга бўйинсундим».
45. Қасамки, Биз Самуд (қабиласи)га биродарлари Солиҳни пайғамбар қилдик. (У): «Аллоҳга ибодат қилингиз», (деди). Бас, баногоҳ улар талашиб-тортишадиган икки гуруҳ бўлиб олдилар.
46. (Самуд қабиласидаги кофир бўлган гуруҳ Солиҳга: «Агар чин пайғамбар бўлсанг, бизларни қўрқитаётган азобингни келтир-чи», деганларида) у айтди: «Эй қавмим, нега сизлар яхшилик-раҳматдан илгари ёмонлик-азобни шоштирмоқдасиз?! Сизларга раҳм-шафқат қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасми?!»
47. Улар дедилар: «Бизлар (бошимизга тушган очарчилик-қаҳатчилик) сенинг ва сен билан бирга бўлган (мўминларнинг) шумқадамлигидан деб билдик». У айтди: «Сизларнинг (бошингизга тушган) бахтсизлик Аллоҳ ҳузуридандир. Балки сизлар имтиҳон қилинаётган қавмдирсиз».
48. У шаҳарда (ўзларини) ўнгламай Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди.
49. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичишиб (бир-бирларига) айтдилар: «Албатта (Солиҳни) ва унинг аҳли-тобеъларини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг валий-ҳомийсига: «Бизлар (на Солиҳнинг ва на) унинг аҳли-тобеъларининг ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз. Албатта бизлар ростгўй кишилардирмиз», деймиз».
50. Улар (Солиҳ ва унинг тобеъларига қарши ўз) макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир «макр» қилдик.
51. Энди уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг — Биз уларни ва барча қавмларини ҳалок қилдик.
52. Мана, улар золим бўлганликлари сабабли уйлари ҳувиллаб қолди! Албатта бунда биладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
53. Иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга эса нажот бердик.
54. Лутни (эсланг). Ўшанда у қавмига айтган эди: «Сизлар кўриб-билиб турган ҳолингизда бузуқлик қилурмисизлар?!
55. Сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳват билан эркакларга яқинлашурмисизлар?! Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсиз!»
56. (Лут) қавмининг жавоби эса фақат «Лутнинг аҳли-тобеъларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳаҳиқат, улар жуда «покиза» кишилардир», дейишлари бўлди.
57. Сўнг Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеъларига нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлгувчилардан бўлишини тақдир қилиб — белгилаб қўйдик.
58. Ва уларнинг устига бир ёмғир (яъни, тош ёғдирдик). Бас, (азобдан) огоҳлантирилгувчилар ёмғири нақадар ёмон бўлди!
59. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳга ҳамду сано бўлсин ва Унинг Ўзи (пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуо-ю салом бўлсин». Аллоҳ яхшироқми ёки улар (Макка мушриклари Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?!
60. Ёки осмонлар ва Ерни яратган ҳамда сизлар учун осмондан сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстирган Зотми?! Сизлар учун у (боғларнинг) дов-дарахтини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, улар (Аллоҳга ўзгаларни) тенг биладиган қавмдирлар!
61. Ёки Ерни (барча жонзотлар учун) қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо қилган ва унинг учун тутқи-тоғлар барпо қилган ҳамда икки (яъни, шўр-чучук) денгиз-дарё ўртасида тўсиқ-тўғон иншо қилган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар!
62. Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни Ернинг халифа-эгалари қиладиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!
63. Ёки сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлни кўрсатадиган ва Ўз раҳмати-ёмғири олдидан шамолларни хушхабар қилиб жўнатадиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир!
64. Ёки бошлаб Ўзи яратиб, сўнгра (Охиратда) қайта яратадиган Зотми?! Ким сизларга осмон ва заминдан ризқу рўз берур? Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, кофирларга) айтинг: «Агар ростгўй бўлсангизлар ҳужжатларингизни келтирингиз!»
65. Айтинг: «Осмонлар ва Ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)». Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар.
66. Балки уларнинг Охират ҳақидаги билимлари пишиб етилгандир (ва шу сабабдан Охират ҳақида сўраётгандирлар). Йўқ, улар (Охиратдан) шак-шубҳададирлар! Йўқ, улар ундан кўрдирлар!
67. Кофир бўлган кимсалар дедилар: «Ўзимиз ҳам ота-боболаримиз ҳам тупроққа айланиб кетган вақтимизда (қайта тирилиб, қабрларимиздан) чиқарилгувчидирмизми?!
68. Дарҳақиқат, бизларнинг ўзимизга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилингандир. Бу фақат ўтганларнинг афсоналаридир».
69. Айтинг: «Ерни айланиб, жиноятчи кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар!»
70. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ғам чекманг ва улар қилаётган макрлардан сиқилманг ҳам!
71. Улар: «Ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?», дейдилар.
72. Айтинг: «Эҳтимол сизлар шоштираётган (азобнинг) баъзиси сизларга яқин келиб қолгандир».
73. Албатта, Парвардигорингиз одамларга фазлу марҳамат Соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
74. Албатта, Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур.
75. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир.
76. Албатта, ушбу Қуръон Бани Исроилга улар ихтилоф қилаётган нарсаларнинг кўпини сўйлаб — баён қилиб берур.
77. Албатта, у иймон келтирадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳматдир.
____________________
И з о ҳ. Бани Исроил қавми, яъни яҳудийлар ўзаро ихтилоф қилиб юрадиган Ийсо пайғамбар ҳақида ва бошқа жуда кўп муаммолар тўғрисида Қуръони Каримда аниқ тафсилотлар баён қилингандир. Ушбу икки оятда Қуръоннинг унга иймон келтирадиган кишилар учун Аллоҳнинг раҳматига ҳидоят қилгувчи раҳбар-йўлбошчи эканлиги уқтирилади.
78. Албатта, Парвардигорингиз (одамлар) ўртасида Ўз ҳукми (яъни, адолати) билан ҳукм қилур. У ғолиб ва билгувчидир.
79. Бас, сиз Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, сиз равшан ҳақиқат устидадирсиз.
80. Аниқки, сиз (ўз даъватингизни) «ўлик»ларга уқтира олмассиз ва юз ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам бу даъватни уқтира олмассиз.
81. Яна сиз кўрларни ҳам залолатларидан (чиқариб, ҳақ йўлга) ҳидоят қила олгувчи эмасдирсиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтириб, мусулмон бўладиган кишиларгагина уқтира олурсиз.
82. Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни, Қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар.
____________________
И з о ҳ. Ҳадиси шарифда айтилишича, охир замон бўлганда, Ер остидан мисли кўрилмаган бир ҳайвон чиқиб, Аллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни лаънатлар ва шу ҳодисадан кейин Қиёмат қойим бўлиши аниқ экан.
83. Биз ҳар бир миллатдан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг).
84. Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилгувчи бўлдингизлар?!»
85. Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига Сўз — азоб тушди. Бас, улар (бирон сўз) сўзлай олмаслар.
86. Биз улар ором олишлари учун кечани пайдо қилганимизни ва кундузни ёруғ қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Албатта бундай иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
87. Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва Ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни (эсланг)!
88. Сиз тоғларни кўриб тек қотиб турибди, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар ҳам худди булутлар юргандек юрарлар. (Бу) барча нарсани пухта қилган Зот — Аллоҳнинг ҳунаридир. Албатта, У Зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан огоҳдир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оят Ернинг тинмасдан ўз ўқи атрофида айланиб туришига Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган далилдир «Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибрат бордир».
89. Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ўша (яхшилигидан) яхшироқ мукофот бўлур. Ва улар ўша Куннинг даҳшатидан омондадирлар.
90. Ким ёмонлик билан келса, бас, юзтубан ҳолларида дўзахга ташланурлар. (Ва уларга айтилур): «Сизларга фақат қилиб ўтган амалларингизнинг жазоси берилур».
91. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга айтинг): «Мен фақат мана шу шаҳарнинг (яъни, Маккаи Мукарраманинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилгандирман. У (бу шаҳарни) ҳаром қилган Зотдир (яъни, бу шаҳарда қон тўқилиши, бирон кишига зулм қилиниши, ов овланиши ва ҳатто ўт юлиниши ҳам ҳаром қилингандир). Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга буюрилгандирман.
92. Ва Қуръон тиловат қилишга (буюрилгандирман»). Бас, ким ҳақ йўлга юрса фақат ўз (фойдаси) учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: «Мен фақат (йўлдан озган кимсаларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчилардандирман».
93. Айтинг: «Ҳамду-сано Аллоҳ учундир. Яқинда У сизларга Ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Бас, сизлар у (мўъжизаларни) тан олурсизлар (лекин у кунда тан олишингиз сизларга фойда бермас)». (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз сизларнинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
Icon