ترجمة سورة الشمس

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الشمس باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Қуёш ва унинг ёғдусига қасам.
2. У (қуёш)нинг ортидан келган ойга қасам.
3. У (қуёшни оламга) ошкор қилган кундузга қасам.
4. У (қуёшни ўз зулмати билан) ўраб-яширган кечага қасам.
5. Осмонга ва уни бино қилган Зотга қасам.
6. Ерга ва уни ёйиб-текис қилиб қўйган Зотга қасам.
7. Жонга ва уни расо қилиб-яратган,
8. Унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган Зотга қасамки,
9. Дарҳақиқат, уни (яъни, ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди.
10. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди.
____________________
И з о ҳ. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос томонидан (Аллоҳ у кишилардан рози бўлсин) ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом қачон юқоридаги оятларни тиловат қилсалар, бир тўхтаб Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Аллоҳим, Ўзинг нафсимга — жонимга тақво ато этгин, Ўзинг унинг Эгаси — Хожасисан ва Ўзинг уни энг яхши поклагувчисан». Энди қуйидаги оятларда Самуд қабиласининг кирдикорлари баён қилинади. Улар ўзларига юборилган Пайғамбар Солиҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилишиб, у зотдан мўъжиза талаб қилганларида Солиҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг қудрати билан бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўядилар ва Самуд қабиласининг одамларига у туяга бирон зиён-заҳмат етказмасдан, навбати келганда, суғориб туришни буюрадилар ва акс ҳолда ҳалокатга учрашлари ҳақида огоҳлантирадилар. Лекин у кофирлар пайғамбарнинг устидан кулишиб, туяни сўйиб ташлайдилар ва оқибатда барчалари ҳалок бўладилар. (Биз бу ҳодиса ҳақида аввалги сураларнинг изоҳларида ҳам айтиб ўтган эдик).
11. Самуд (қабиласи) ҳаддан ошганлари сабабли (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилишди.
12. Эсланг, уларнинг энг бадбахтлари (туяни сўйиш учун) қўзғалганларида,
13. Аллоҳнинг пайғамбари (Солиҳ алайҳиссалом) уларга: «Аллоҳнинг туяси(ни сўйиб юбориш)дан ва уни суғориш(га тўсиқ бўлиш)дан сақланинглар!», деди.
14. Бас, улар (Пайғамбарни) ёлғончи қилишиб, у (туя)ни сўйиб юборган эдилар, Парвардигорлари ўзларининг гуноҳлари сабабли устларига қирғин юбориб, уни (қирғинни барчаларига) баробар қилди.
15. (Зотан, Аллоҳ таоло бу ишининг) оқибатидан қўрқмас!
____________________
И з о ҳ. Яъни Еру осмонлардаги барча мавжудот Аллоҳ таолонинг Ўз мулки бўлгани сабабли У зот Ўз мулкини ўзи хоҳлагандек тасарруф қилади ва бу тасарруфи хусусида ҳеч кимнинг олдида ҳисоб-китоб бермайди. Аксинча, бутун борлиқ У зотнинг ҳузурида ҳисоб-китоб беради.
Icon