ﰡ
1. (Ушбу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.
2. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас, сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг!
3. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни, ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ Зотдир). У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (Қиёмат Кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас.
4. Агар Аллоҳ бола-чақа тутишни истаса, сўзсиз Ўзи яратган нарсаларидан хоҳлаганини танлаб олган бўлур эди. У зот (бундай айбдан) покдир. У яккаю ягона ва ғолиб Аллоҳдир.
5. У осмонлар ва Ерни ҳақ (қонун) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз амрига) бўйсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У қудратли ва бениҳоя мағфиратли Зотдир.
6. У сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (яъни, Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккизта жуфтни туширди (яъни, дунёга келтирди). У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Аллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (ана ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?!
____________________
И з о ҳ. Ушбу ояти каримадаги саккизта жуфт чорва ҳайвонидан мурод туя, мол, қўй ва эчкининг эркак ва урғочи жинсларидир. Чунки улардан ҳар бир жинс вакили ўз муқобилидаги жинс вакилига нисбатан жуфт ҳисобланади. Бинобарин, мазкур тўрт тур ҳайвон эркак ва урғочи бўлиб саккизта жуфтдир. Энди она қорнидаги уч қават зулмат — она қорни, бачадон ва боланинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра бир парча лахта қон, сўнгра бир парча гўштга айланиб боришидир.
7. Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас, албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. (Аммо) У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар), У зот сизлар учун (фақат шукр қилиб, иймон келтиришларингизгагина) рози бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Сўнгра ёлғиз Парвардигорларингизга қайтишларингиз бордир. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта У диллардаги сирларни билгувчидир.
8. Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарруъ қилган ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон (Аллоҳ) Ўз томонидан унга бирон неъмат ато этса, (инсон) илгари (Аллоҳга) қилган дуо-илтижоларини унутиб қўюр ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун У зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланиб қол! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан».
9. Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар.
10. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (Охиратда) чиройли (оқибат-жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятда сўз ҳижрат ҳақидадир. Парвардигордан қўрқиб, тақводорлик билан яхши амал қилган зотларнинг амаллари зое бўлмаслиги уқтирилиб, энди агар киши ўз ватанида золим ҳоким, ёки носоз тузум сабабли Аллоҳ таолога ибодат қилишдан маҳрум этилса, у ҳолда ўзга юртларга — Аллоҳ таолога бехалал тоат-ибодат қилиш мумкин бўлган жойларга ҳижрат қилиши вожиб бўлиши, зотан Аллоҳнинг Ери кенг эканлиги уқтирилади ва дину-иймон йўлида ўз диёрларидан ҳижрат қилгач, Ватан ҳижрони ва мусофирлик меҳнат-машаққатларига сабр-тоқат қилган кишилар учун беҳисоб ажр-мукофотлар бўлиши ҳақида хабар берилади.
11. Айтинг: «Дарҳақиқат, мен Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман.
12. Ва мен мусулмонларнинг — бўйинсунгувчиларнинг аввали — пешқадами бўлишга буюрилганман».
13. Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга осий бўлсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқурман».
14. Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман».
15. Энди сизлар эса (эй мушриклар), У зотни қўйиб, ўзларингиз хоҳлаган бутларингизга ибодат қилаверинглар, (яқинда бу ширкларингизнинг оқибати қандай бўлишини жуда яхши билиб олурсизлар!»). («Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, агар ота-боболарингнинг динидан чиқсанг, зиёнкор бўлурсан», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Албатта зиёнкорлар Қиёмат Куни ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилгувчи (яъни, ўзи ҳам мушрик бўлиб, аҳли-оиласини ҳам Тўғри Йўлдан оздиргани сабабли Қиёмат Кунида ўзи ва аҳли оиласи дўзах азобига гирифтор бўлгувчи) кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шугина очиқ зиёнкорликдир».
16. Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!
17. Шайтондан — унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳга (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин! Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Менинг бандаларимга хушхабар беринг!
18. Улар сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга (хушхабар беринг). Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир.
19. Ахир бир кимсага азоб сўзи (яъни, азобга дучор бўлиш) ҳақ бўлса (сиз уни ҳидоят қилишга қодир бўлурмисиз)?! Ахир сиз дўзахдаги кимсани қутқара олурмисиз?!
20. Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир! Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.
21. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қурир, бас, сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Аллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир.
22. Ахир Аллоҳ кўксини Ислом учун кенг қилиб қўйган, бас, ўзи Парвардигори томонидан бир нур — ҳидоят устида бўлган киши (куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни, Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар очиқ залолатдадирлар!
23. Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб — Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари — баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар — мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
24. Ахир Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам киши билан баробар бўлурми)?! (У кунда) золим-кофирларга «Ўзларингиз касб қилиб ўтган нарсани (яъни, динсизлик мевасини) тотиб кўринглар!», дейилди.
____________________
И з о ҳ. «Қиёмат Кунидаги ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса» дейилганида қўллари кишанбанд бўлгани сабабли қўллар билан юзларини дўзах ўтидан тўсишга қодир бўлмайдиган ва оқибат-натижада у оловда аввал юзлари куядиган кимсалар тушунилади.
25. Улардан аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганларида, уларга азоб ўзлари сезмайдиган томондан келган эди.
26. Бас, Аллоҳ уларга мана шу ҳаёти дунёда расволикни тортдирди. Шак-шубҳасиз, Охират азоби янада каттароқдир. Агар улар (Аллоҳнинг азобини) билсалар эди (ўз Пайғамбарларини ёлғончи қилмаган бўлур эдилар).
27. Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Шояд эслатма-ибрат олсалар.
28. (Биз уни) бирон эгрилик эгаси бўлмаган арабий Қуръон ҳолида (нозил қилдик). Шояд (Аллоҳдан) қўрқсалар.
29. Аллоҳ (шундай) бир мисол келтирди: бир киши — қул борки, унинг устида талашгувчи шериклар (яъни, хожалар) бор. Яна бир киши — қул борки, у бус-бутун ҳолида бир киши — хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! (Йўқ, баробар бўлмас. Худди шунингдек, бир неча «худо»ларга сиғинадиган мушрик билан ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қиладиган мўмин ҳам баробар бўлмас). Ҳамду сано (ёлғиз) Аллоҳ учундир. Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар, (бас, ана шу сабабдан турли «худо»ларга сиғинурлар).
30. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар.
31. Сўнгра албатта, сизлар Қиёмат Кунида Парвардигорларингиз ҳузурида (бир-бирларингиз билан) талашиб-тортишурсизлар (ва сиз ўз зиммангиздаги пайғамбарликни тўла-тўкис етказганингизга ҳужжат келтирурсиз, улар эса сизни ёлғончи қилиб, куфру залолатда ўтганларига турли баҳоналарни рўкач қилурлар, аммо Аллоҳнинг адолатли ҳукмидан қочиб қутула олмаслар)!
32. Ахир Аллоҳ шаънига (Унинг шериги ва бола-чақаси бор», деб ёлғон сўзлаган ва Рост — Қуръонни ўзига келиб-етган пайтидаёқ (ўйламай-нетмай) ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ бирон кимса борми?! Ё жаҳаннамда кофирлар учун жой йўқми?!
33. Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) — ана ўшалар тақводор зотлардир.
34. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда) ўзлари хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир.
35. Зеро, Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар.
36. Аллоҳ Ўз бандасига (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар сизни (Аллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
____________________
И з о ҳ. Қурайш кофирлари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломни «Сен бизнинг худоларимизни айблаётганинг сабабли улар сени ҳалок қилмасалар эди», деб қўрқитмоқчи бўлганларида ушбу оят нозил бўлиб, Аллоҳ Ўз бандасини ҳар қандай ёмонликдан асрашга қодир эканини уқтиради ва жонсиз бут-санамларга сиғинадиганларни йўлдан озган кимсалар деб атайди.
37. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, унинг учун бирон йўлдан оздиргувчи бўлмас. Аллоҳ қудратли ва (Ўз душманларидан) интиқом олгувчи эмасми?!
38. Қасамки, агар сиз улардан «Осмонлар ва Ерни ким яратган», деб сўрасангиз, улар албатта «Аллоҳ», дерлар. Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз — агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи — суянгувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар».
39. Айтинг: «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни, куфрингиздан қайтмай) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган) амални қилгувчиман. Бас, яқинда билажаксизлар!
40. Кимга расво қиладиган азоб келишини ва мангу азоб тушишини билажаксизлар!»
41. Албатта, Биз сизга бу Китобни барча одамлар (билиб, амал қилишлари) учун ҳаққи-рост нозил қилдик. Бас, ким ҳидоят йўлига юрса, ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (бу ҳидоят йўлидан) озса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Сиз уларнинг устида вакил — қўриқчи эмассиз.
42. Жонларни ўлим вақтларида, (ҳали-ҳануз) ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (яъни, ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
43. (Йўқ, мушриклар тафаккур қилмадилар), балки улар Аллоҳдан ўзга «оқловчилар»ни (яъни, ўзларининг гумонларича уларни Аллоҳ ҳузурида шафоат қиладиган «оқловчилар»ни — бутларни) ушладилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «(Ўша жонсиз бутлар сизларни оқлайдими?!) Агар улар бирон нарсага эга бўла олмайдиган ва (бирон нарсани) англамайдиган бўлсалар ҳам-а!».
44. Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги ҳам Уникидир. Сўнгра (барчаларингиз) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар».
45. Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар.
46. Айтинг: «Эй Аллоҳ, (эй) осмонлар ва Ерни илк яратгувчи Зот, (эй) ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларни) билгувчи Зот, ёлғиз Ўзинггина бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан».
47. Агар золим-кофир кимсалар учун Ердаги бор нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта улар Қиёмат Кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (қўлларидаги бор нарсаларини) тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар — азоблар кўринди.
48. Уларга ўзлари касб қилган ёмонликлари ошкор бўлди ва уларни ўзлари (дунёдалик чоғларида) масхара қилиб ўтган азоб ўраб олди.
49. Бас, қачон инсонни бирон зиён ушласа, У бизга дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон Биз Ўз томонимиздан унга бирон неъмат ато этсак, у «Ҳеч шак-шубҳасиз, бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди», дер. (Йўқ, у неъмат ўша инсоннинг саъй-ҳаракати ва донолиги учун берилган эмас), балки у (ўша банданинг шукр ё кўрнамаклик қилишини билиш учун) бир синов — имтиҳондир. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.
50. У (сўз)ни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларга ўзлари касб қилиб топган нарсалари асқотгани йўқ.
51. Бас, уларга қилган ёмонликлари етди. Ана улардан (Макка мушрикларидан) бўлган золим кимсаларга ҳам яқинда қилган ёмонликлари етар. Улар ҳам қочиб қутулгувчи эмасдирлар.
52. Ахир улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилишини ва (Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини) танг қилишини билмадиларми?! Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
53. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир.
54. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб), Парвардигорларингизга қайтинглар — Унга бўйинсунинглар!
55. Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари Парвардигорларингиз томонидан сизларга нозил қилинган энг гўзал нарса — Қуръонга эргашинглар!
56. Бирон жон: «Аллоҳ ҳаққида (яъни, У зотга тоат-ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга надомат бўлгай! Ростдан ҳам мен (Унинг динини ва Қуръонини масхара қилгувчилардан бўлган эдим», деб қолмаслиги учун;
57. Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта тақводорлардан бўлур эдим», деб қолмаслиги учун;
58. Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани энди мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (Қуръонга эргашинглар!)
59. (Акс ҳолда унга Аллоҳ томонидан айтилур): «Йўқ, (Мен сенга ҳидоят йўлини кўрсатган эдим), аниқки, сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон деган эдинг ва кибр-ҳаво қилиб, кофирлардан бўлган эдинг».
60. Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!
61. Аллоҳ, тақво қилган зотларни (жаннатга) эришганлари сабабли (жаҳаннам азобидан) қутқарур ва уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар.
62. Аллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир.
63. Осмонлар ва Ернинг очқичлари Унинг (қўл остидадир). Аллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар — ана ўшаларгина зиён кўргувчилардир.
64. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар, эй нодонлар!».
65. Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!
66. Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!»
67. Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун Ер Қиёмат Кунида Унинг қабзаси — чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир. У зот уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятда Аллоҳ азза ва жаллага «қабза» (чангал) ва «ямийн» (ўнг қўл) сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда махлуқларга ўхшатмай, кайфият бермай исбот қилишга далил бор.
68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.
69. Ер (яъни, маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб — номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди.
70. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди, (Аллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши билур;
71. Ва кофир булган кимса тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар — Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар: «Ҳа, (келганлар), лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар.
72. (Шунда уларга) айтилди: «Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!» Бас, кибр-ҳаво қилгувчи кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!
73. Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдаладилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар).
74. Ва «Бизларга ваъдасини рост қилган ва бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда ўрин олишимизга (муваффақ қилган) Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», дерлар. Бас, (чиройли) амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!
75. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз (ўша Кунда) фаришталар Арш атрофини ўраб олган ҳолларида Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни) поклаб-тасбеҳ айтаётганларини кўрурсиз. (Зеро) уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталаридан ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир», дейилди.