ترجمة سورة الجن

الترجمة الأوزبكية - محمد صادق
ترجمة معاني سورة الجن باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - محمد صادق .
من تأليف: محمد صادق محمد .

Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта жинлардан (бир неча) нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик.
У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз,
____________________
(Жинлар ўз ақл-фаросатлари ила Қуръонни туширган Аллоҳ уларнинг Робилари эканлиги ва унга шерик бўлиши мумкин эмаслигини ҳам тушуниб етадилар. Макка мушрикларига ўхшаб Аллоҳга ширк келтирмасликларини таъкидлайдилар.)
Ва албатта, Роббимизнинг азамати юксак бўлди. У ўзига хотин ва фарзанд тутгани йўқ.
Ва албатта, эси пастимиз Аллоҳга ноҳақ гапларни айтарди.
Ва албатта, биз инс ҳам, жин ҳам Аллоҳга (нисбатан) ёлғон гапирмас, деб ўйлардик.
Ва албатта, инсдан баъзи кишилар жинларнинг баъзи кишиларидан паноҳ сўрардилар. Бас, бу(жин)лар у(инсон)ларнинг гуноҳ ва хорлигини зиёда қилдилар.
Ва албатта, у(инсон)лар худди сизлар гумон қилганингиздек, Аллоҳ бирор кишини ўлгандан сўнг тирилтирмас, деб гумон қилардилар.
Ва албатта, биз осмон(га етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик.
Ва албатта, биз у(осмон)да тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса, ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўладир.
Ва албатта, биз, ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ёки Роббилари уларга рушдни ирода қилдими, билмасмиз.
Ва албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор. Турли гуруҳлар бўлган эдик.
Ва албатта, биз Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга ва Ундан қочиб қутула олмаслигимизга ишондик.
Ва албатта, биз ҳидоятни эшитган пайтимизда унга иймон келтирдик. Кимки ўз Роббисига иймон келтирса, савоби озайиб қолишдан ҳам, унга оғир юк юкланишидан ҳам қўрқмайди.
Ва албатта, биздан мусулмонлар (бор) ва биздан адашганлар (бор). Кимлар Исломга кирса, бас, улар ҳақ йўлни танлабдилар.
Ва аммо, адашганлар, бас, жаҳаннамга ўтин бўлибдилар.
____________________
(Оятда йўлдан адашганлар жаҳаннамга ёқилғи бўлишликлари ҳам аниқ, очиқ-ойдин айтилмоқда.)
Ва агар улар тўғри йўлдан юрсалар, албатта Биз уларни кўп сув ила суғорамиз.
У ила уларни синаш учун. Ва кимки ўз Роббиси зикридан юз ўгирса, уни У зот қийин азобга соладир.
Ва албатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг.
____________________
(Масжидлар Аллоҳга ибодат қилиш учун бино қилинган жойлардир, шунинг учун ҳам улар «Байтуллоҳ» — Аллоҳнинг уйи деб аталади. Бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида Аллоҳга ширк келтиришар, ягона Аллоҳдан ўзгага ҳам ибодат, дуо қилишарди. Аллоҳ таоло бу оятда Ўз Пайғамбари ва мўмин-мусулмонларни тавҳидга — фақат Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга чақиради.)
Ва албатта, Аллоҳнинг бандаси Унга ибодат қилиб турганда улар унинг атрофида от ёлидек тўпланиб, босиб юборай дейишди.
____________________
(Бу оятда жинларнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига иккинчи бор келиб Қуръон эшитган пайтлари тасвирланяпти.)
Сен: «Албатта, мен фақат ўз Роббимга ибодат қилурман ва Унга ҳеч кимни ширк келтирмасман», деб айт.
Сен: «Албатта, мен сизлар учун зарарга ҳам, манфаатга ҳам молик эмасман», деб айт.
Сен: «Албатта, мени ҳеч ким Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қола олмас ва ҳаргиз Аллоҳдан ўзга пушти паноҳ топа олмасман.
Фақат, Аллоҳдан У зотнинг топшириқларини етказишдир. Кимки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига бўйсунмаса, унга жаҳаннам оташи бор, унда абадий қолажаклар», деб айт.
Токи уларга ваъда қилинган нарсани кўрганларида, кимнинг ёрдамчиси заиф-у, кимнинг сони озлигини ҳам билурлар.
Сен: «Сизларга ваъда қилинган нарса яқинми ёки Роббим унга узоқ муддат қилганми, билмасман», деб айт.
У ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни ўз ғайбидан хабардор қилмас.
Илло, Ўзи рози бўлган Пайғамбарлар. Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўядир.
(Пайғамбарлар) ўз Роббилари рисолатларини ҳақиқатан етказганликларини ва Аллоҳ у(банда)лар ҳузуридаги барча нарсани иҳота қилиб олганлигини ва ҳамма нарсанинг ададини ҳисоб қилганлигини билиш учун.
____________________
(Пайғамбарлар муҳофазаси учун қўйилган фаришталар бир йўла, уларнинг Аллоҳнинг динини одамларга қандоқ етказаётганларига гувоҳ ҳам бўлиб турадилар. Аллоҳ ҳамма нарсани Ўз ихтиёрига олиб ўрагани, ҳамма нарсанинг ҳисоб-китобини қилиб туришига ҳам шоҳиддирлар.)
Icon