ترجمة سورة الرحمن

الترجمة الأوزبكية - محمد صادق
ترجمة معاني سورة الرحمن باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - محمد صادق .
من تأليف: محمد صادق محمد .

Роҳман.
Қуръонни ўргатди.
Инсонни яратди.
Унга баённи ўргатди.
Қуёш ва ой ҳисобдадир.
Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар.
____________________
(Дунёдаги жонлию жонсиз барча нарса Аллоҳнинг иродасидан ташқари чиқа олмаслигига, ҳаммаси олам Парвардигорига боғлиқ эканига далолат қилмоқда.)
Осмонни баланд кўтарди ва (адолат) тарозуни ўрнатди.
Мезонда ҳаддингиздан ошмаслигингиз учун.
____________________
(Агар ушбу тарозуни Ислом дини, Қуръон китоби, Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбари орқали ўрнатмаганида, адолат мезони бузиларди, ҳақдан ботил устун келарди. Ер юзини фисқу фасод босарди.)
Адолат ила ўлчанг ва тарозудан уриб қолманг.
Ва ерни халойиқ учун қўйди.
У(ер)да мевалар ва гулкосали хурмолар бор.
Ва сомонли донлар ҳамда райҳонлар бор.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди.
Ва жинларни ўт-алангадан яратди.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
У икки машриқ ва икки мағрибнинг Роббидир.
____________________
(Икки машриқ деганда, қуёшнинг ёздаги ва қишдаги чиқиш жойларини ҳамда икки мағриб деганда, ёздаги ва қишдаги ботиш жойларини тушуниш керак.)
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Дарёю денгизларни бир-бири билан учрашадиган қилиб қўйди.
Ўрталаридаги тўсиқдан ошиб ўтолмаслар.
____________________
(Шўр денгиз билан чучук сувли дарё ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар бир-бирларига аралашиб кетмайди деган маънони англатади.)
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
У иккисидан луълуъ ва маржон чиқар.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларрини ёлғон дея олурсиз?!
Денгизларда тоғдек бўлиб сузиб юрувчилар ҳам Уникидир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир.
Улуғлик ва икром эгаси Роббингнинг Ўзигина боқийдир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Ундан еру осмондаги жонзотлар сўрарлар. У ҳар куни ишдадир.
____________________
(Бутун мавжудот, ерда бўлсин, осмонда бўлсин, Аллоҳдан сўровларини сўрайди. Нимани сўрашлари оятда тайин қилинмаган. Ҳар ким нимага муҳтож бўлса, ўшани сўрайди.)
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Албатта, сизлар учун вақт топамиз, эй, инсу жинлар!
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Эй, жин ва инс жамоалари, агар сиз осмонлару ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсаларингиз, чиқаверинглар. Фақат, султон ила чиқа олурсиз, холос.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Устингиздан олов ва тутун юборилур. Бас, қутула олмассиз.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Осмон ёрилиб, қирмизи мойга айланган вақтда...
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Бас, у кунда инс ҳам, жин ҳам гуноҳидан сўралмас.
____________________
(Қиёмат бошлангандан инсдан ҳам, жиндан ҳам гуноҳ қилган-қилмагани ҳақида сўраб ўтирилмайди. Чунки ҳамманинг башарасидан, ҳолатидан унинг ким эканлиги билиниб туради.)
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Жинояткорлар сиймоларидан билиниб турар. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Жинояткорлар ёлғонга чиқараётган жаҳаннам шу бўладир.
Улар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айланурлар.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Роббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор.
____________________
(Қиёмат куни олам Парвардигорининг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб мақомидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан. «Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор, жумладан, инсга алоҳида жаннат, жинга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат, гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни боғлари билан иккинчи жаннатлари — боғлари орасида сайр қиладилар.)
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
У(жаннат)лар шох-новдалидирлар.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Икковларида икки оқар булоқ бор.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Икковларида ҳам мевадан жуфт навлар бор.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Ипак астарли тўшакларга ёнбошлаган ва икки жаннат мевалари яқин бўлган ҳолларида...
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган(ҳур)лар бор.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
У(ҳур)лар худди ёқут ва маржонга ўхшарлар.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
У икковидан пастроқда яна икки жаннат бор.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Икковлари ям-яшилдир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бордир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Икковларида мевалар, хурмо ва анорлар бордир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Уларда яхши гўзаллар бор.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Аввал уларга инс ҳам, жин ҳам тегмаган.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Яшил болишларга ва гўзал гиламларда ёнбошлаган ҳолларидадир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш Роббингизнинг исми муборак бўлди.
Icon