ﰡ
____________________
(Яҳудийлар қўрғонларига ишониб, бизга ҳеч қандай ёмонлик етиши мумкин эмас, деб хотирлари жам эди. Лекин Аллоҳ таоло улар ўйламаган, хаёлларига келмаган ишни амр қилди. Қўрғонлар жойида қолиб, яҳудийларнинг қалбларидан путур кетди. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқинч ва ваҳима солди. Ана шунда, биз кўчиб кетсак, бу қўрғонлар мусулмонларга қолмасин, дея уйларини ўзлари буза бошладилар. Мусулмонлар қамал давомида биноларга ташқаридан путур етказди. Оқибатда мустаҳкам қўрғонлар вайрон бўлди. Бу воқеа ақли бор ҳар бир кишига ўрнак бўларлик бир огоҳлантиришдир. Демак, бандаси қанчалик хом хаёл қилмасин, Худонинг буюргани бўлади.)
____________________
(Инсон охиратда бу дунёда қилган гуноҳ амалларига яраша жазо олиши муқаррар. Яҳудийларнинг кўчирилиши, улар учун нисбатан енгил азобдир.)
____________________
(Хурмо дарахтининг энг яхши нави «лийнатин» деб аталади. Оят тафсирида таъкидланганидек, баъзи хурмо дарахтларини кесиб, баъзиларининг қолдирилиши бузғунчилик учун эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлди. Ислом шариатида уруш пайтида ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтириш қатъиян ман қилинади. Бу боқий ҳукмдир. Лекин Бани Назийр ҳодисасида Аллоҳ таоло Ўзи уларни баъзи хурмо дарахтларини кесиб ўт қўйишга изн берган.)
____________________
(Бу оятда Аллоҳ таоло қўлга тушган мол-мулк учун мусулмонлар туя миниб, от чоптириб қийналмаганларини, бу нарсаларни Пайғамбарига Аллоҳнинг Ўзи, Ўз қудрати билан берганини эслатмоқда.)
____________________
(Аллоҳ таоло яҳудийлар қолдирган молларни «қайтарилган мол» деб номлаяпти. Аслида, мол Аллоҳники, Бани Назийрга берган молини энди Пайғамбарига қайтарди. Аслида ўлжаларни жиҳодда қатнашган мужоҳидларга тақсимланади. Аммо бу сафар ўлжа урушсиз қўлга тушгани учун ушбу ва кейинги оятда зикри келган: Аллоҳ, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндошлари, сафарда оғир аҳволга тушганлар, етим, мискин ва фақир муҳожирларга тақсимланмоқда.)
____________________
(Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «Ансорлар» деб номланганлар. Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.)
____________________
(Ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўлиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмас. Ислом умматининг ўлигию, тириги, аввалию охири бир хилда эъзозга лойиқдир.)
____________________
(Мунофиқлар аҳли китоб бўлмиш яҳудий қабиласи Бани Назийрга келиб: «Муҳаммаддан қўрқманглар, биз сизлар билан биргамиз. Мабодо ўз юртларингдан чиқиб кетишга мажбур бўлсаларингиз, биз ҳам сизга қўшилиб чиқиб кетамиз. Агар Муҳаммад сизга қарши уруш қиладиган бўлса, биз сизларга ёрдам берамиз», дейишган.)
____________________
(Мунофиқу кофирлар Аллоҳдан кўра мўмин-мусулмонлардан кўпроқ қўрқадилар. Агар Аллоҳнинг Ўзидангина қўрқанларида эди, мунофиқ ҳам, кофир ҳам бўлмас эдилар.)
____________________
(Табиийки, ихтилофлар туфайли истаклар, мақсадлар, фирқалар ва шиорлар кўпаяди. Бу эса ҳар бир миллатни ҳалокатга олиб боради.)
____________________
(Бу оятда, Бани Назийр аҳли ҳам хиёнат, исён туфайли худди улардан аввалги Бани Қайниқоъ аҳли тушган ҳолга тушганлари эслатилмоқда.)
____________________
(Бани Назийр қабиласи ушбу жонли мисол билан хотима топади.)
____________________
(Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак.)
____________________
(Аллоҳни унутган одам бу дунёда уни олий мақом билан боғлаб турувчи алоқани йўқотади. Уни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган олий мақсаддан маҳрум бўлади. Ва ниҳоят, ўзининг инсонлигини унутади.)
____________________
(Малик — ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат унга қул бўладилар. Қуддус — барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Салом — нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади. Мўмин — иймон ва омонликни берувчи. Муҳаймин — ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларининг гувоҳи бўлиб туради, ундан ҳеч нарса махфий қолмайди. Азиз — барчанинг устидан ғолиб. Жаббор — олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади. Мутакаббир — кибирёси ва улуғлиги муболағали зот.)
____________________
(Холиқ — яратувчи. Бариъу — йўқдан бор қилувчи. Мусаввир — махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи зот. Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Ҳадиси шарифда Аллоҳнинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг тасбиҳини тушунмаймиз. У Аллоҳ ғолибдир ва ҳаким-барча ишларни ҳикмат билан қилувчи Зотдир.)