ترجمة سورة البقرة

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة البقرة باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Алиф, лом, мим.
____________________
И з о ҳ. Қуръондаги бир неча сура мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Кўпчилик Ислом уламолари наздида мазкур ҳарфлар «Ҳуруфи муқаттаот», яъни маънодан узилган ҳарфлар саналиб, уларнинг маъноси ягона Аллоҳгагина маълум. Уламоларнинг айтишларича, илоҳий мўъжиза бўлган бу Китоб одамлар осон ўқиб-англаб амал қилишлари учун улар яхши танийдиган ҳарфлар билан осон тушуниладиган қилиб юборилган.
2. (Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун раҳбар – йўлбошчидир.
3. Улар ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган зотлардир.
4. Улар сизга нозил қилинган ва сиздан илгари туширилган нарсаларга (динларга) иймон келтирадилар ва Охират кунига аниқ ишонадилар.
5. Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир.
____________________
И з о ҳ. Бу оятларда Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатларини баён қилди. Энди ўртадаги фарқ аниқ бўлиши учун кофирларни сифатлашга ўтилади.
6. Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ (Аллоҳ азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир — иймон келтирмайдилар.
7. Аллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир.
____________________
И з о ҳ. Бундан бизга Ислом дини назарида мўмин ким-у, кофир ким эканлиги маълум бўлади. Яъни, ғойибга (Аллоҳ, фаришталар... борлигига) ишонадиган, намозни тўла-тўкис адо этадиган, Аллоҳ берган неъматлардан бошқаларга эҳсон — яхшилик қиладиган, Қуръон ва ундан олдин келган бошқа илоҳий китобларга иймон келтирадиган ва бу дунёдан бошқа яна бир дунё — Охират борлигига ишонадиган тақволи (ҳаромдан парҳез қилувчи) кишиларгина мўминлар экан. Кимда мазкур сифатлар топилмас экан, у кофир бўлади. Шу ўринда бизда ёйилган бир ақида — илгари мўмин-мусулмонлар яшаб ўтган ватанда истиқомат қиладиганларнинг барча авлодлари мўмин-мусулмон деган ақида нотўғри эканлиги маълум бўлади. Демак, ҳар бир кишининг мўмин ё кофирлиги унинг иймон-эътиқоди ва амалда қиладиган ишига қараб белгиланиши лозим экан. Энди мунофиқлар қандай кимсалар эканини қуйидаги оятлардан билиб оламиз.
8. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирдик», дейдилар.
9. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар.
10. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир.
11. Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар.
12. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар.
13. Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар», дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар.
____________________
И з о ҳ. Исломни қабул қилган зотларнинг кўпчилиги камбағал-фақир кишилар ва ҳатто Суҳайб, Билол каби қуллар эдилар. Мунофиқлар ўзларича: «Мана шу зоти пастларга ўхшаб мўмин бўламизми?», дейишар эди.
14. Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади.
15. Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади.
16. Улар ҳақ йўлнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалар бўлиб, бу савдоларида фойда қилмадилар ва Тўғри Йўлга юрувчилардан бўлмадилар.
17. Улар мисоли бир ўт (машъала) ёқувчига ўхшайдилар. Энди олов атрофини ёритганида Аллоҳ ёруғликни кетказиб, уларни ҳеч нарсани кўролмайдиган ҳолда зулматларда қолдиради.
18. (Улар) кар, соқов, кўрдурлар, демак (йўлларидан) қайтмайдилар.
19. Ёки улар чақмоқ, момогулдурак, қоронғуликлар билан осмондан қуяётган ёмғир остида яшиндан қўрққанларидан панжаларини қулоқларига тиқиб олган ҳолларида ўлим — ҳалокатдан қочмоқчи бўлиб турган кимсалар кабидирлар. Аллоҳ эса кофирларни ўраб олгувчидир.
20. Яшин кўзларини кўр қилгудек бўлади. У (атрофини) ёритганида юриб оладилар, ўчганида туриб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа қулоқ ва кўзларини йўқ қилган бўлур эди. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
21. Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз.
22. У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг.
23. Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз.
24. Энди агар бундай қилолмасангиз — ҳаргиз қилолмайсиз ҳам — у ҳолда одамлар ва тошлар ўтин бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг.
____________________
И з о ҳ. Куфр аҳли учун тайёрлаб қўйилган дўзах зикр қилингандан кейин, аҳли иймон учун мукофот қилиб бериладиган жаннат таърифланади. Зотан, Қуръоннинг услуби шундай: ёмон билан яхши, дўзах билан жаннат, роҳат билан азоб, хитоб билан итоб (танбеҳ) аксари ҳолларда ёнма-ён зикр этилади.
25. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар.
____________________
И з о ҳ. Бу оятда дунё бахт-саодати билан Охиратдаги жаннатнинг фарқи ифодаланган: эҳтимол, бу дунёда ҳам жаннатдек боғларда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиб, покиза умр йўлдошлари билан бахтиёр умр кечираётган кишилар кам эмасдир. Лекин бу бахтли ҳаётнинг биргина нуқсони борки, у ҳам бўлса бир куни тугаб қолишидир. Жаннатнинг фазилатларидан бири унинг боқийлигидир. Фақат бу боқий ҳаётга етиш учун фоний дунёда иймон-эътиқод билан яхши амаллар қилиб яшаш шартдир.
26. Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?», дейдилар. Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади. Бу масал сабаб фақат фосиқ кимсаларнигина адаштиради.
____________________
И з о ҳ. Қуръонда асалари, чивин, ўргимчак, чумоли каби майда жониворларнинг ибратли томонларини кўрсатиб берадиган масаллар келганида, баъзи бировлар: «Бу китоб илоҳий китоб бўлганида бундай майда-чуйда ҳашаротлар ҳақида гапирилмаган бўларди», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ўша ҳашаротларни яратишга уялмагани, бинобарин уларни мисол қилишдан ҳам ҳеч қачон ор қилмаслигини баён этиб, мазкур оятларни нозил қилди.
27. Улар Аллоҳга берган аҳдни мустаҳкам боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ муҳофаза қилишни буюрган боғларни узадиган кимсалардир. Ана ўшалар, ҳақиқий зиён кўргувчилардир.
____________________
И з о ҳ. «Аллоҳнинг аниқ кўрсатмалари» — Муҳаммад пайғамбарнинг келиши ва унга иймон келтириш лозимлиги Таврот, Инжил ва бошқа самовий китобларда ҳам аниқ кўрсатилган эди. «У боғланишига буюрган нарсалар» — ота-онага оқ бўлмасдан уларнинг ризолигини олиш, қариндош-уруғчилик ришталарини маҳкам тутиш ва бошқа мўмин-мусулмонлар билан меҳр-оқибатли бўлиш кабилардир. «Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш», одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш, иймон-эътиқод йўлларига тўсқинлик қилиш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш, деган маънони англатади.
28. Аллоҳни қандай инкор қиласиз? Ҳолбуки, У (дунёга келмасингиздан олдин) жонсиз эдингиз сизга жон ато этди, сўнгра сизни ўлдириб, яна қайта тирилтиради ва ниҳоят яна Унга қайтажаксизлар.
29. У шундай зотки, сиз учун Ердаги барча нарсани яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани билгувчидир.
30. Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: «У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Албатта Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан».
31. Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: «Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринг!»
32. Улар айтдилар: «Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан».
33. (Аллоҳ); «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир», деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: «Сизларга, Мен Еру-осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?»
34. Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди.
35. Ва айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз».
36. Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: «Тушингиз (жаннатдан Ерга)! (Сизлар) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) Ерда маскан тутиб яшайсиз».
37. Кейин, Одам Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни қабул қилгувчи меҳрибон зотдир.
38. «У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушинг», дедик. «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида, шу ҳақ йўлга эргашган кишиларга хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар».
39. Оятларимизни инкор қилиб, ёлғон деган кимсалар эса дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар.
____________________
И з о ҳ. Юқоридаги оятлардан бизга Одамзод Аллоҳнинг Ердаги сир-асрорини биладиган халифаси экани ва ҳатто бегуноҳ фаришталар ҳам унга таъзим қилишлари маълум бўлгани каби шайтоннинг сўзига кириш уни жаннатдан маҳрум қилгани, энди Ерда тинч, осойишта яшаш учун шайтони лаъиннинг васвасаларига учмаслик зарурлиги уқтирилади. Энди, Одамзоднинг коинотдаги энг азиз ва мукаррам зот экани баён қилинганидан кейин сўз Бани Исроил (Исроил — Яъқуб пайғамбарнинг номларидан бири, бани Исроил — Исроил болалари дейилганда яҳудийлар тушунилади) ҳақида кетади. Уларнинг ким эканликлари, қилмишлари ва топажак оқибатлари ҳақидаги батафсил ҳикояда (40-141- оятлар) ақл эгалари учун ибратлар бордир.
40. Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни эсланг ва Менга берган ваъда — аҳдга вафо қилинг. Шунда Мен ҳам аҳдга вафо қиламан. Ва Мендангина қўрқинглар.
41. Сизлардаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этган ҳолда нозил қилган нарсам (Қуръонга) иймон келтирингиз. Уни биринчи инкор қилувчилардан бўлмангиз. Ва оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирманглар ва Мендангина қўрқинглар.
42. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва билган ҳолингизда ҳақни беркитманглар.
43. Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг.
44. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?
45. Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар шикастанафс зотларга (оғир эмасдир).
46. Улар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, Унга қайтажакларини биладиган зотлардир.
47. Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни ва сизларни бутун оламдан афзал қилган пайтимни эсланглар!
48. Биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан оқлов қабул қилинмайдиган ва (гуноҳлари учун) эваз ҳам олинмайдиган – ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар!
49. Сизларни оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бўлганди.
50. Денгизни ўртасидан бўлиб сизларни қутқариб, кўз ўнгингизда Фиръавн одамларини ғарқ қилганимизни эсланглар.
51. Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимиз, у (бизнинг ҳузуримизга) кетганидан кейин сизлар ўзингизга зулм қилган ҳолингизда бузоққа ибодат қилганингизни эсланглар.
52. Сўнгра, ўша ишлардан кейин ҳам шукр қилишингиз учун сизларни афв этгандик.
53. Сизлар ҳақ йўлни топишингиз учун Мусога китоб ва Фурқонни (яъни Тавротни) берганимизни эсланглар.
54. Мусонинг ўз қавмига айтган гапларини эсланг: «Қавмим, сизлар бузоққа ибодат қилиш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан сизни бор қилган Зотга тавба қиласиз. Бор қилгувчи Зот наздида мана шу (қатл) сизлар учун хайрлироқдир». Бас, Аллоҳ таоло тавбангизни қабул қилди, албатта У кечиримли, меҳрибондир.
55. Эй Бани Исроил, эсланг: «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз», дейишингиз билан қараб турган ҳолингизда сизларни чақмоқ урди.
56. Сўнгра шукр қилишингиз учун ўлганингиздан кейин тирилтирдик.
57. Ва булутни устингизга соябон қилдик ва осмондан ширинлик ва беданалар ёғдириб, «Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар», (дедик). (Бани Исроил) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар.
58. «Ушбу қишлоққа (Қуддусга) киринглар-да, ундан хоҳлаган жойларингизда еб-ичинглар. Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда киринглар ва «афв эт» денглар, биз хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик эгаларига зиёда неъматлар ато қиламиз», деганимизни эсланглар.
59. Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўздан бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Бас, қилган исёнлари оқибатида бу золимлар устига Биз осмондан бало ёғдирдик.
60. Эсланг (эй Бани Исроил), Мусо ўз қавми учун сув тилаганида: «Асоингни тошга ургин», дедик. Бас, ундан ўн икки чашма отилиб чиқди — ҳар бир қабилага (улар ўн икки уруғ эдилар) ўз суви маълум бўлди. «Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар».
61. Эсланг: «Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан; бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин», деганингизда, у: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?», деди. (Ношукрликлари сабаб) уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилганлари ва Пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб итоат қилмай тажовузкор бўлганларидир.
62. Албатта, иймон келтирган зотлар, яҳудий бўлганлар, насронийлар ва собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) — (улардан) қайсилари (аввал қайси динда бўлганларидан қатъи назар, иймонга келиб, ёлғиз) Аллоҳга, Охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир.
____________________
И з о ҳ. Аллоҳни ва Унинг пайғамбарларини тасдиқ қилувчи ва Унинг шариатига амал қилувчи ушбу умматдан бўлган мўминлар, шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан илгари яшаган яҳудий, насроний ва собиийлардан (бирон муайян динга эргашмаган, табиий фитрат устида қолган қавмлардан) иборат ўтмиш халқлар — ана ўшалар ҳаммаси агар Аллоҳни ҳамда қайта тирилиш ва жазо кунини чин дилдан тасдиқласалар, Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилсалар, уларнинг ажру савоблари Роббилари ҳузурида собитдир. Уларга ўзлари юзланажак Охират ишларида ҳеч бир хавфу хатар йўқдир, қўлларидан кетган дунё ишларига ғамгин ҳам бўлмайдилар. Аммо, бутун инсониятга энг сўнгги пайғамбар бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларидан кейин Аллоҳ таоло у зот олиб келган диндан — Исломдан бошқа бирон динни ҳеч кимдан қабул қилмайди.
63. Эсланг (эй Бани Исроил), биз аҳду паймонингизни олгандик ва устингизда Тур тоғини кўтариб туриб, «Сизга берган нарсамизни (Тавротни) маҳкам ушланг ва ундаги бор нарсани ёдингизда тутинг — шояд тақво эгаларидан бўлсангиз», дегандик.
64. Кейин ўша аҳду паймондан кейин юз ўгирдингиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу карами бўлмаганда эди, зиён кўргувчилардан бўлиб қолар эдингиз.
65. Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, Биз уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик.
66. Биз бу уқубатни ўша вақт ва кейинги даврлар учун ибрат, тақволи кишилар учун мавъиза (насиҳат) қилдик.
____________________
И з о ҳ. Яҳудийларга шанба куни балиқ овлаш ман қилинган эди. Улардан баъзилари шанба кунлари балиқларни қамаб, қоронғи тушиши билан тутиб оладиган бўлдилар. Мана шу жиноятлари — ўзлари учун улуғ кун ҳисобланган шанба кунида ҳаддан ошганлари сабабли мазкур жазога мустаҳиқ бўлдилар.
67. Эсланг! Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ бир сигир сўйишларингни буюрди», деганида, улар: «Устимиздан куляпсанми?», дедилар. (Мусо) деди: «Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман».
68. Улар: «Парвардигорингга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин», дедилар. (Мусо) деди: «У зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш ғунажин ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги бир сигирдир. Энди фармонни адо этинглар».
69. Улар дедилар: «Парвардигорингга дуо қил. Унинг рангини баён қилсин». (Мусо) айтди: «У зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади».
70. Улар айтдилар: «Парвардигорингга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга иштибоҳли бўлиб қолди. ИншоАллоҳ, энди йўлимизни топиб оламиз».
71. (Мусо) айтди: «У зотнинг айтишича, у шундай сигирки, хор бўлиб Ер ҳайдамайди, у билан (сув ташиб) экин суғормайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ ҳам йўқ». Улар: «Энди ҳақиқатни айтдинг», дедилар-да, узоқ машаққатлар чекиб (ўша айтилган сифатларга эга бўлган сигирни топиб) сўйдилар.
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятлар мазмунидан бир ҳикматни англаш мумкин: одам бировга ишониб эътиқод қўйганидан кейин унинг амр-фармонини дарҳол бажариши лозим. Акс ҳолда унинг ўзига зарар бўлиши мумкин. Юқоридаги оятларда зикр қилинган кишилар кетма-кет берган саволлари натижасида шундай сифатли сигир сўйши лозим бўлдики, улар бундай сигирни излаб топиш учун озмунча қийналмадилар. Охири топганларида унинг эгаси бўлган кампир сигири учун жуда қиммат нарх — ўша сигирнинг териси тўла тилла талаб қилди ва улар бу нархга кўнишга мажбур бўлдилар. Агар фармон бўлиши билан дарҳол бир сигирни олиб қурбон қилганларида ўзларига осон бўлар эди.
72. Эсланг (эй Бани Исроил), бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг қотили ким экани ҳақида жанжаллашиб қолгандингиз, ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни юзага чиқаргувчидир.
73. Шунда биз: «Уни (мақтулни) сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дегандик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга фикр қилишингиз учун ўз оятларини кўрсатади.
____________________
И з о ҳ. Дарҳақиқат, шундай қилишгач, ҳалиги жасадга жон кириб, ўзининг қотили ким эканлигини айтади.
74. Сўнгра — шундай мўъжизаларни кўргандан кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, у диллар тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингдан ғофил эмасдир.
75. Уларнинг иймонга келишларига орзуманд бўласизми (эй мўминлар)? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитадилар, сўнгра, уни англаб етганларидан кейин билиб туриб ўзгартирадилар.
76. Улар иймонли кишиларга йўлиққанларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Бир-бировлари билан ёлғиз қолганларида эса: «Уларга (мусулмонларга) Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида гапиряпсизларми? Ўша ҳужжат билан Парвардигорингизнинг ҳузурида ҳужжатлашишлари учун-а? Ақлингизни ишлатмайсизми?», дейишади.
____________________
И з о ҳ. Яъни, мусулмонларга «Таврот китобида келган Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги гапларни гапиряпсизми? Бу ахир Охиратда ўзингизнинг зарарингизга ҳужжат бўлади-ку?», дейишди.
77. Аллоҳ, шубҳасиз, уларнинг яширган нарсаларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам билгувчи эканини билмайдиларми?
78. Уларнинг ичида китобдан бехабар, фақат хом хаёлларнигина биладиган омийлари ҳам борки, улар фақат гумон қиладилар, холос.
79. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнгра озгина қийматга сотиш учун: «Бу китоб Аллоҳ ҳузуридан келди», дейдиган кимсаларга ҳалокат бўлғай, бас, ёзган нарсалари уларга ҳалокат бўлғай, топган фойдалари уларга ҳалокат бўлғай.
80. Яҳудийлар: «Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади», дедилар. Уларга айтинг: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳдан аҳду паймон олдингизми — зотан, Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди — ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтяпсизми?»
81. Йўқ! Кимда-ким ёмонлик касб қилса ва гуноҳга ўралиб қолса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда абадий қолажаклар.
82. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар эса жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолгувчилардир.
83. «Фақат Аллоҳгагина ибодат қиласизлар, ота-она, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар. Одамларга чиройли сўзлар сўзлангиз ва намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг», деб Бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар. Кейин эса (Эй Бани Исроил,) озгина кишидан ташқари ҳаммангиз юз ўгирган ҳолда кетдингиз.
84. Эсланг, «Бир-бирингизнинг қонингизни тўкмайсиз, бир-бировларингизни диёрларингиздан ҳайдамайсиз», деб аҳду паймонингизни олгандик, сўнгра ўзингиз гувоҳ бўлганингиз ҳолда бунга иқрор бўлгандингиз.
85. Кейин эса ўзингиз бир-бирингизни ўлдирмоқдасиз, ўз тоифангиздан бўлган бир гуруҳни диёрларидан ҳайдаб, уларнинг устида гуноҳ ва зулм билан бир-бирингизга ҳамкорлик қилмоқдасиз. Агар улар сизларга асир ҳолда келишса, товон тўлаб қутқариб ҳам оласиз. Ҳолбуки, уларни ҳайдаш сизларга ҳаром қилинган эди. Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, Қиёмат Кунидан эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир.
86. Ана ўшалар Охират ўрнига дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Бас, азоблари енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди.
____________________
И з о ҳ. Яҳудий қабилаларидан Бану Қурайза Авс номли араб қабиласи билан, Бану Назр деган яҳудий қабиласи эса Авснинг душмани бўлган Ҳазраж деб аталадиган араб қабиласи билан иттифоқдош эди. Қачон Авс билан Ҳазраж ўртасида уруш бўлса, яҳудийлар ҳам иттифоқдошлари билан бирга урушга чиқиб, ўз диндошларининг қонини тўкиб, мол-мулкларини талашар эди. Ҳолбуки, диндошлар бир-бири билан урушиб, қон тўкишлари Тавротда ҳаром қилингандир. Энди, уруш тўхтаганидан кейин эса бир қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлар иккинчи қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлардан асир тушганлар бўлса товон тўлаб қутқариб ҳам олардилар. Шунинг учун юқоридаги оятда: «Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми?», дейилди.
87. Албатта Биз Мусога китоб ато этдик. Ундан кейин ҳам пайғамбарлар юбордик. Ийсо бинни Марямга ҳужжатлар бердик ва уни Руҳул-қудс (Жаброил) ила қувватлантирдик. Ҳар қачон бир Пайғамбар сизларга ёқмайдиган нарса (оятлар) келтирса, бировини ёлғончи деб, бировини ўлдираверасизларми?
88. «Дилимиз берк», дедилар. Йўқ, аксинча, куфрлари сабабли уларни Аллоҳ лаънатлаган. Бас, камдан-камлари иймон келтирадилар.
89. Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи китоб келганда — ҳолбуки, илгари кофирларга қарши ўша китобдан ёрдам кутардилар — бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай.
90. Аллоҳ бандаларидан хоҳлаган зотга ўз фазлу карами билан (ваҳий) юборишига қарши чиқиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага кофир бўлишлари сабабли улар ўзларини энг ярамас нарсага сотдилар. Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. Кофирлар учун хор қилувчи азоб бордир.
91. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи ҳақ (китоб)га кофир бўладилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг, «Агар мўмин бўлган бўлсангизлар, нима сабабдан илгари Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирар эдингизлар?»
92. Мусо сизларга очиқ ҳужжатлар келтирганидан кейин ўзларингизга зулм қилган ҳолингизда унинг кетидан бузоққа сиғиндингиз?
93. Эсланг (эй Бани Исроил), биз аҳду паймонингизни олгач, устингизда Тур тоғини кўтариб туриб: «Келтирган нарсамизни (динимизни) маҳкам ушланг ва қулоқ солинг», деганимизда, «Эшитдик ва бўйинсунмадик», дедилар. Кофирликлари сабаб кўнгиллари фақат бузоққа ибодат қилиш билан тўлади. Айтинг: «Агар сиз мўмин бўлсангиз, иймонингиз сизларни мунча ярамас нарсаларга буюради?»
94. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳ ҳузурида Охират диёри (жаннат) бошқа одамларсиз фақат сизларники бўлса, у ҳолда ростгўй бўлсангизлар, ўлишни орзу қилинглар!»
95. Қилган кирдикорлари сабабли ҳаргиз уни (ўлимни) орзу қилолмайдилар. Аллоҳ золимларни билгувчидир.
96. Уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўз кишилар эканини кўрасиз, уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайдилар. Ҳолбуки, узун умр уни азобдан узоқлаштирмайди. Ахир Аллоҳ қилаётган амалларини кўриб тургувчидир.
97. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ким Жаброилга душман бўлса, (у Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги китобларни тасдиқ этадиган ва мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни нозил қилди.
98. Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир.
99. Ҳақиқатан Биз сизга очиқ-ойдин оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар.
100. Ҳар қачон бирон аҳдга аҳдлашсалар улардан бир гуруҳи бузаверадими? Ҳақиқатан уларнинг кўпи иймонсизлардир.
101. Қачон уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқ этувчи Пайғамбар келса, китоб (Таврот) берилган кимсалардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китобини (Қуръони Каримни) ҳеч нарса билмагандек орқаларига отадилар.
102. Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар. — Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудий сеҳргарлар) сеҳр билан Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди.
103. Агар улар иймонга келиб Аллоҳдан қўрқсалар, Аллоҳ тарафидан бўладиган савоб, албатта яхшироқ бўлишини билсалар эди.
____________________
И з о ҳ. Фаришталар одамларга сеҳр ўргатишларининг ўз ҳикмати бор. Ривоят қилишларича, ўша даврда сеҳргарлик жуда ривожланган экан. Сеҳргарлар кўпайиб, уларнинг айримлари ҳатто ўзларини пайғамбар деб эълон қилишгача боради. Шунда Аллоҳ таоло икки фариштасини юборади. Улар одамларга турли сеҳрларни ўргатишиб, сеҳргарлик ўрганиш мумкин бўлган нарса экани, пайғамбарлик эса ёлғиз Аллоҳ тарафидан берилишини англатадилар.
104. Эй мўминлар, «Роъино» деманг. «Унзурно» денглар. Ва (Аллоҳнинг амр-наҳий-фармон-таъқиқларига) қулоқ солинг! Кофирлар учун аламли азоб бор.
____________________
И з о ҳ. Араб тилида ҳар икки сўз «Бизга боққин, қарагин» деган маънони англатади. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Қуръон оятларини тиловат қилиб бераётганларида, мўминлар у кишига: «Бизларнинг ҳолимизни риоя қилгин ва оятларни шошмасдан қайта-қайта ўқигин», деган маънода «Роъино» дер эдилар. Лекин яҳудийлар «роъино» сўзининг риоя қилмоқ, боқмоқ деган ўзакдан чиққанини билганлари ҳолда кўнгиллари бузуқлиги сабабли «руунат — енгилтак бўлмоқ» деган ўзакдан чиқадиган сўзга ўхшатиб талаффуз қилдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга бу сўзни ишлатмасликни амр қилди.
105. На аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар)дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизга Парвардигорингиз тарафидан бир яхшилик (яъни ваҳий) тушишини истамайдилар. Аллоҳ эса раҳмат-марҳаматини ўзи хоҳлаган кишиларга хос қилиб беради. Аллоҳ буюк фазлу карам Соҳибидир.
106. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот эканини билмадингизми?
107. Еру осмонлар ёлғиз Аллоҳнинг мулки эканини ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ёки ёрдамчи йўқ эканини билмадингизми?
108. (Эй мўминлар), ёки сизлар ҳам ўз Пайғамбарингиздан, илгари Мусодан сўралган нарсаларни сўрашни истайсизми ? Ким иймонга куфрни алмаштирса, албатта Тўғри Йўлдан адашади.
109. Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди. Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни афв қилинг ва кечиринг. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
110. Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг! Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Шубҳасиз Аллоҳ қилган амалларингизни кўриб тургувчидир.
111. «Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди. (Яъни яҳудийлар: «Биз кирамиз», дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди.) Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтиринглар!»
112. Йўқ, ким яхшилик қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Аллоҳ ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
113. Яҳудийлар: «Насронийлар бирон (арзигулик) нарса — дин устида эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар бирон (арзигулик) нарса — дин устида эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни, Таврот, Инжил) тиловат қиладилар, шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, уларнинг ўзаро ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ Қиёмат Кунида ҳукм қилади.
114. Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни хароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор? Ахир бу кимсалар учун ундай жойларга фақат қўрққан ҳолларда кириш жоиз эди-ку. Улар учун бу дунёда расволик, Охиратда эса буюк азоб бордир.
115. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз Аллоҳ (ҳамма томонни) қамраб олгувчи Билимдондир.
116. «Аллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот буларнинг бадгумонидан мутлақо покдир. Балки осмонлардаги ва Ердаги бор нарса У зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйинсунади.
117. (У) Еру осмонларни пайдо қилгувчидир. Бирор ишни ҳукм қилса унга фақатгина «Бўл» дейди, холос. Бас, у иш бўлади.
118. Билмайдиган кимсалар: «Аллоҳ бизга гапирса эди ёки бирор аломат келса эди», дейдилар. Улардан илгаригилар ҳам уларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтишган эди. Диллари бир-бирига ўхшайди. Биз аниқ ишонадиган қавм учун оятларни баён қилдик.
119. Албатта Биз сизни ҳақ (дин) билан хушхабар элтгувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Дўзахилар хусусида сиз масъул эмассиз.
120. Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди.
121. Биз китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар орасида уни тўғри тиловат қиладиган кишилар ҳам бордирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга (Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўргувчилардир.
122. Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни ва сизларни бутун оламга афзал қилган пайтимни эсланг.
123. Ва биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган ва ҳеч кимдан эваз қабул қилинмайдиган, оқлов фойда бермайдиган ва ҳеч кимга ёрдам ҳам берилмайдиган кундан қўрқинг!
124. Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таоло): «Албатта Мен сени одамларга имом қилгувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?», деб сўради у. (Аллоҳ таоло) айтди: «Менинг бу аҳдим (сенинг зурриётинг орасидаги) золим кимсаларга етмайди».
125. Эсланг: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша Ерда ибодат қилиб турувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун пок тутинг», деб буюрдик.
126. Эсланг: Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳлларидан Аллоҳга ва Охират кунига ишонувчиларини турли мевалар билан ризқлантиргин», деганида, Аллоҳ таоло: «Кофирларини ҳам бир оз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қиламанки, бу энг ёмон оқибатдир», деди.
127. Эсланг: Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен эшитгувчи, билгувчисан!
128. Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйинсунгувчилардан қилгин ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишилар чиқаргин. Ва бизга (қиладиган) иборатларимизни ўргатгин ва тавба-тазарруъларимизни қабул эт! Шубҳасиз, Сен тавбаларни қабул қилгувчи, Раҳмлисан.
129. Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, Сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан».
130. Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар. Ҳақиқатан, Биз дунёда уни танлаб олдик ва у Охиратда шубҳасиз солиҳ (яқинларимиздан)дир.
131. Эсланг: Парвардигори унга: «Бўйинсун!», деганида: «Бутун оламлар эгасига бўйинсундим» деди.
132. Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Аллоҳ сиз учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг!»
133. (Эй яҳудийлар), ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?», деганида: «Сенинг Аллоҳнг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг Аллоҳ бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг Ўзигагина бўйинсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?
134. Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз ўзларингиз учундир. Ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз.
135. Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дедилар. (Яъни, яҳудийлар яҳудий бўлинг, деди, насронийлар насроний бўлинг, деди). (Айтинг: Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), балки биз ҳақ йўлдан тойилмаган, мушриклардан бўлмаган Иброҳим миллатига — динига эргашамиз.
136. Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз У зотга (Аллоҳ таолога) бўйинсунувчилармиз.
137. Энди агар улар (яъни, аҳли китоблар) сизлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтирсалар, ҳақ йўлни топибдилар. Агар юз ўгирсалар, у ҳолда, шубҳасиз, сизларга нисбатан гина ва адоватлари бордир. Уларнинг ёмонлигидан сизга (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. У эшитгувчи, билгувчидир.
138. Аллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг бергувчи борми? Бизлар Унгагина ибодат қилгувчилармиз.
____________________
И з о ҳ. Бу оятдаги Аллоҳнинг рангидан мурод Аллоҳнинг динидир. Зеро, худди кийимнинг устида ранги кўрингани каби мўмин-мусулмонларда ҳам дин аломатлари кўриниб туради.
139. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг, бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳ хусусида биз билан жанжаллашасизми? Ҳолбуки, бизнинг қилган амалимиз ўзимиз учун, сизнинг қилган амалингиз ўзингиз учун-ку? Биз фақат Унгагина ихлос қўювчилармиз.
140. Ёки «Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва ўша уруғ-авлод яҳудий ё насроний бўлган», дейсизми? (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Уларнинг динларини сизлар яхшироқ биласизми ёки Аллоҳми? Аллоҳ томонидан бўлган гувоҳликни яширган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмас».
____________________
И з о ҳ. Таврот ва Инжилда юқорида мазкур бўлган Пайғамбарларнинг яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаганликлари очиқ-равшан айтилган экан. Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам мана шу ҳақиқатни билиб туриб яширганлари учун юқоридаги оят нозил бўлди.
141. Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз.
142. Одамлардан ақлсизлари: «Улар (мусулмонлар)ни илгари қараган қиблаларидан қандай нарса юз ўгиртирди?», дейдилар. Айтинг: «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади».
____________________
И з о ҳ. Мусулмонлар Мадинага келган дастлабки даврларда Қуддусга қараб намоз ўқир эдилар. Қуддус яҳудийларнинг қибласи бўлгани учун мусулмонлар ҳам ўша тарафга қараб ибодат қилаётганларидан улар жуда ғурурланиб юрардилар. Қачонки мусулмонларга Макка тарафга юзланиб сажда қилиш буюрилганда яҳудийлар юқоридаги сўзларни айтдилар.
143. Шунингдек, (яъни, Ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик. Сиз илгари қараган қиблани Биз фақатгина ким пайғамбарга эргашиб, ким орқасига қайтиб кетишини билиш учун қилганмиз, холос. Шубҳасиз, бу оғир иш. Магар Аллоҳ ҳидоят қилган зотларгагина (оғир эмасдир). Аллоҳ иймонларингизни (яъни, иймон билан ўқиган намозларингизни) зое қилгувчи эмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.
____________________
И з о ҳ. Ривоятларга қараганда, Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида ҳар бир пайғамбарни ўз умматлари билан рўбарў қилиб, улардан: «Бу пайғамбарим сизларга менинг амру фармонларимни тўла етказдими?», деб сўраганида, улар: «Йўқ», деб жавоб қилишар, пайғамбар эса: «Етказганман», дер экан. Ундан гувоҳ сўралганида: «Муҳаммад алайҳис-салом ва у зотнинг умматлари гувоҳларимдир», дейди. Шунда Муҳаммад пайғамбарни умматлари билан ҳозир қилиниб: «Мана бу пайғамбар ўз вазифасини тўла адо этганми?», деб сўралганида, улар: «Ҳа, ўтган барча пайғамбарлар ўз элчилик бурчларини тўла адо этганлар. Бизга бу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом хабар келтирганлар», дейишади. Шунинг учун мазкур оятда мусулмонларга қарата: «Одамлар устида гувоҳ бўласиз», дейилди. И з о ҳ. Араблар учун Каъба Иброҳим пайғамбар замонларидан буён муқаддас саналар эди. Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом Мадинага ҳижрат қилишидан илгари мусулмонлар мана шу Каъбага юзланиб ибодат қилардилар. Мадинага кўчганидан кейин эса уларнинг иймонларини синаш учун бошқа тарафга — Қуддусга қараб намоз ўқиш буюрилди. Ҳижратнинг ўн еттинчи ойида қайтадан Маккага юзланишга амр қилиниб қуйидаги оят нозил бўлди.
144. Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжидул-Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз! Китоб берилган зотлар албатта бунинг Парвардигорлари томонидан (келган ҳақ ҳукм) эканини биладилар. Аллоҳ улар қилаётган амаллардан ғофил эмасдир.
145. Қасамки, агар Сиз китоб берилган кимсаларга бор мўъжизаларни келтирсангиз ҳам улар қиблангизга боқмайдилар. Сиз ҳам уларнинг қибласига боқувчи эмассиз. Улар (яҳудий ва насронийлар)нинг бировлари бировларининг қибласига боқувчи эмас. Агар сиз ўзингизга келган билим (ваҳий)дан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, у ҳолда шубҳасиз, золимлардан бўлиб қоласиз.
146. Биз Китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўғил фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни, ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар.) Ва шунга қарамай, улардан бир гуруҳи билган ҳолларида ҳақиқатни беркитадилар.
147. Бу ҳақиқат (яъни, қибланинг ўзгариши) Парвардигорингиз томонидандир. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
148. Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларни барчаларингизни (ҳисоб-китоб учун) келтиради. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
149. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни Масжидул-Ҳаром томонга буринг! У шубҳасиз, Парвардигорингиз (буюрган) ҳақ (қибла)дир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
150. Қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни Масжидул-Ҳаром томонга буринг! (Эй мўминлар), қаерда бўлсангизлар, юзларингизни ўша томонга бурингиз! Токи (айрим) одамлар учун сизларнинг устингизда ҳужжат бўлиб қолмасин. Лекин уларнинг ичида зулм қилгувчилар ҳам борки, сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Ва токи сизларга неъматимни комил қилиб беришим ва ҳидоят топишингиз учун шундай қилингиз.
____________________
И з о ҳ. Яҳудийлар: «Нега Муҳаммад дини бошқа бўла туриб бизнинг қиблага — Қуддусга қараб ибодат қилади?», мушрик араблар эса: «Муҳаммад Иброҳимнинг динидаман, деб даъво қилади-ю, ўзи яҳудийларнинг қибласига қараб намоз ўқийди», демасинлар учун мусулмонларга қаерда бўлсалар ҳам фақат Масжидул-Ҳаром томонга юзланиб намоз ўқиш буюрилди.
151. Шунингдек, сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларга Бизнинг оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва билмаган нарсаларингизни билдирган бир Пайғамбар юбордик.
152. Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Менга куфр келтирмангиз!
153. Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Аллоҳдан) мадад сўранглар! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир.
____________________
И з о ҳ. Оятда Аллоҳнинг мўминлар билан, юқорида зикри ўтган ишларни тақозо этувчи хос биргалигининг исботи бор. Аммо, Унинг барча нарсани билиб, хабардор бўлиб туришини тақозо этувчи умумий равишдаги биргалиги барча халқларга омдир.
154. Ва Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган шаҳидлар ҳақида: «Булар ўликлар», демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар.
155. Ва албатта, Биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Сабрли кишиларга хушхабар беринг!
156. Улар шундай кишиларки, бирор мусибат келганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчилармиз», дейдилар.
157. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир.
158. Албатта Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) нишоналаридандир. Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у иккисининг орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри-ла яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ Шокир — тоатга яраша тақдирловчи ва Алим — яхши билгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Сафо ва Марва Каъба яқинидаги икки тоғ бўлиб, Ислом келишидан илгари ҳам араблар Каъбани тавоф қилганда уларнинг оралиғида етти марта бориб келиш (саъй қилиш) одатлари бор эди. Шунинг учун Ислом келганидан кейин мусулмонлар ҳаж қилиш пайтларида у тоғлар оралигида саъй қилишдан тортинганларида шу оят нозил бўлди. И з о ҳ. Ҳаж қилиш — ҳар йили Зулҳижжа ойининг 10, 11, 12-кунлари эҳром (махсус кийим) билан Каъбани зиёрат қилиш, Арафот тоғида туриб тавба-тазарру ва дуо-илтижо қилишдир. Умра қилиш — йилнинг хоҳлаган кунида Каъбани зиёрат қилишдир. Имкони бўлган киши ҳаётида бир марта ҳаж қилиши Исломда фарз бўлган амаллардан ҳисобланади. Умра эса суннат амалларидандир. И з о ҳ. Яъни бир марта ҳаж ва умра қилганидан кейин ана шу амалларни ихтиёрий равишда қилса, Аллоҳ унинг бу яхши амаллари учун муносиб мукофотлар ато қилади.
159. Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар.
160. Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақиқатни) очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Ва фақат Менгина тавбаларни қабул қилгувчи, раҳмлидирман.
161. Куфр йўлига кириб, кофир ҳолида ўлиб кетган кимсалар шубҳасиз, Аллоҳнинг ва жамики фаришта ва одамларнинг лаънатига дучор бўлғайлар.
162. Ва у ерда азоблари енгиллатилмаган, (озгина бўлса ҳам нафас ростлашга) муҳлат берилмаган ҳолларида абадий (жаҳаннамда) қолгайлар.
163. Илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У Раҳмон ва Раҳимдир.
164. Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни тарқатиб-ёйиб юборган — сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда — (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир.
165. Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (Қиёмат Кунида) бутун куч-қудрат Аллоҳники бўлишини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди.
____________________
И з о ҳ. Шунча қатъий далил-ҳужжатлар бўлгани ҳолда, одамлардан бир гуруҳи Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ, бут-санам ва дўст тутиб, уларни Аллоҳга тенг кўришади ва уларга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга лойиқ бўлмайдиган муҳаббат, таъзим ва итоатни кўргизишади. Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса ўша кофир кимсаларнинг Аллоҳга ва ўз олиҳаларига бўлган муҳаббатидан кучлироқдир. Чунки, мўминлар бор муҳаббатларини холис Аллоҳ учун қилдилар, анавилар эса муҳаббатда ўзгаларни Аллоҳга шерик қилишди. Агар бу дунёда ширк келтириш билан ўз жонларига зулм қилган кимсалар Охират азобини кўрган пайтларида Аллоҳ барча куч-қудратнинг ягона Эгаси эканини ва Аллоҳни ўта азоби қаттиқ Зот эканини билганларида эди, асло Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ тутмаган ва Ундан ўзгаларга сиғинмаган бўлар эдилар.
166. У кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У кунда уларни боғлаб турадиган) баҳонаю сабаблар узилади.
167. Эргашувчилар: «Қанийди, яна бир карра (яшашнинг) иложи бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак», дейдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар.
168. Эй одамлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир.
169. У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка ва Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради, холос.
170. Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?
171. Куфр йўлидаги кимсаларни (ҳақ йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар.
____________________
И з о ҳ. Яъни улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни ҳақ йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.
172. Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз — покиза нарсалардан енглар ва агар Аллоҳнинг Ўзигагана ибодат қилгувчи бўлсангизлар, У зотга шукр қилингиз!
173. У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим бўлмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса, гуноҳкор бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.
____________________
И з о ҳ. Биров буткул иложсиз қолганда ҳаром қилинган нарсалардан бирон нарсани саломат қолиш учун ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди.
174. Аллоҳ нозил қилган Китоб (Таврот)дан (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг пайғамбарлигига доир) бўлган нарсани яширадиган ва уни озгина қийматга сотадиган кимсалар, ана ўшалар қоринларини фақат олов билан тўлдирадилар, Қиёмат Кунида Аллоҳ уларга гапирмайди, боқмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.
175. Ана ўшалар ҳидоят ўрнига залолатни, мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсалардир. Жаҳаннам ўтига мунча сабр-тоқатли эканлар-а?
176. Ўша (азоб) Аллоҳ бу Китоб (Таврот)ни ҳақ билан нозил қилгани сабаблидир. Албатта, бу Китоб хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар мангу талашдадирлар (яъни, улар ҳеч қачон ҳақ билан келиша олмайдилар).
____________________
И з о ҳ. Аллоҳ таоло Тавротда Муҳаммад пайғамбар ҳақида ҳақ сўзларни нозил қилган эди. Улар мана шу ҳақиқатни яширганлари учун дўзах азобига дучор бўлдилар.
177. Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши яхши кишидир ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилгувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводорлардир.
178. Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни, қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир. Бу (хукм) Парвардигорингиз томонидан енгиллик ва раҳм-шафқатдир. Бас, кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлангандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир.
____________________
И з о ҳ. Яъни, қотилнинг ўлдирилмасдан товон тўлашига рози бўлган тараф қўполлик қилмай, қўрқитмай кутиши, қотил тарафи эса чўзмасдан, хиёнат қилмасдан товонни тўлаши лозимдир.
179. Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар.
____________________
И з о ҳ. Яъни ҳар қандай киши қасос олинишини ўйлаб ўзини қотиллик қилишдан тияди. Демак, қотилдан қасос олиш ҳукми борлиги сабабли жуда кўп қотил ва мақтул (ўлдирилувчи) бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг ҳаёти сақланиб қолади.
180. Бировингизга ўлим келган пайтида (ўзидан кейин) мол-дунё қолдираётган бўлса, адолат — тўғрилик билан ота-онага, қариндош-уруғга васият қилиниши фарз этилди. Бундай васият қилиш Аллоҳдан қўрқувчилар устидаги бурчдир.
____________________
И з о ҳ. Бу ҳукм Аллоҳ таоло ҳар бир ворисга ўз ҳаққини аниқ белгилаб берган мерос оятлари нозил бўлишидан илгари бўлган эди.
181. Ким уни (васиятни) эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг бўйнида. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
182. Энди ким васият қилгувчи томонидан бирон тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан хавф қилиб (васият қилгувчи билан меросхўрнинг) ораларини ислоҳ қилиб қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.
183. Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди.
184. (Рўза) саноқли кунлардадир. Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир.
185. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз.
186. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бандаларим сиздан, Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд Тўғри Йўлни топсалар.
187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (яъни, эр-хотин бир-бирига киши либосга муҳтож бўлгани каби муҳтождирлар). Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётганларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади.
____________________
И з о ҳ. Рўза тутиш фарз қилинган биринчи даврда мусулмонларга бутун Рамазон ойи мобайнида хотинлари билан яқинлашмаслик вожиб қилинган эди. Лекин айрим кишилар ўзларини тута олмай рўза кечаларида бу удумни бузар эдилар. Ушбу оят нозил бўлиши билан муаммо ҳал бўлди. И з о ҳ. Эътикоф — маълум муддатни ният қилиб масжиддан чиқмай рўза тутиб ибодат қилишдир.
188. Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни емангиз!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!
189. Сиздан ҳилоллар — янги чиққан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки яхшилик, Аллоҳдан қўрққан кишининг (қилган) ишидир. Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқинг! Шояд нажот топсангиз.
____________________
И з о ҳ. Ойнинг ўзгариб — янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар. И з о ҳ. Мусулмонлар ҳаж сафаридан қайтганларида уйларига эшикдан кирмай, орқа томондан келиш одатлари бўлиб, бу уларга Исломдан олдинги даврлардан мерос бўлиб қолган эди. Ушбу оят бунинг бефойда одатлигини, ҳақиқий яхши амал Аллоҳдан қўрқиш эканини ифода қилади.
190. Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди.
____________________
И з о ҳ. Биринчидан, урушни сизлар аввал бошламанг. Иккинчидан, уруш қонун-қоидаларига риоя қилинг: қулоқ-бурунни кесиш, қуролсиз кишиларни, аёллар, гўдаклар ва қариларни ўлдириш каби динсиз кимсаларнинг одатларини қилманг!
191. Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жой (яъни, Макка)дан уларни ҳам қувиб чиқарингиз! (Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан ёмонроқдир. Ўзлари уруш бошлагунча улар билан Масжидул-Ҳаром олдида урушмангиз! Бас, агар ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар! Кофирларнинг жазоси шундай бўлади.
192. Энди агар тўхтасалар (куфрдан кечиб, Исломга кирсалар), бас, албатта Аллоҳ кечиргувчи раҳмлидир.
193. То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Энди агар тўхтасалар, у ҳолда сизлар ҳам тўхтангиз! Зеро, фақат золимларга қарши душманлик қилиш мумкин.
194. Уруш ҳаром қилинган ой уруш ҳаром қилинган ой муқобилида бўлади. Ҳурматлар (бузилса, риоя қилинмаса) қасос (олинади). Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир.
____________________
И з о ҳ. Уруш ҳаром қилинган ойда кофирлар сизларга қарши урушар эканлар, сизлар ҳам бу ойда уларга қарши урушишингиз мумкин. Аслида «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром қилинган ойда ҳеч қандай уруш-жанжал бўлмаслиги лозим. Аммо, модомики қарши тараф бу қоидага риоя қилмас экан, демак, сизлар ҳам риоя қилишингиз шарт эмас.
195. Аллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади.
____________________
И з о ҳ. Эй мўминлар, Аллоҳнинг динига ёрдам бериш ва Унинг йўлида жиҳод учун инфоқ қилишда (пул-мол сарфлашда) давом этинглар, Аллоҳ йўлидаги жиҳодни ва бу йўлда инфоқни тарк қилиш билан ўзингизни ҳалокатга ташламанглар, инфоқ ва тоатни гўзал суратда қилинглар, барча амалингизни холис Аллоҳ учун қилинглар. Албатта, Аллоҳ ихлосли ва гўзал амал қилувчи кишиларни яхши кўради.
196. Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг! Агар (касаллик ёки йўлтусарлар сабабли) йўлингиз тўсилиб қолса, муяссар бўлган бирор қурбонлик юборинг ва қурбонлик ўз жойига етиб бормагунча сочларингизни қирдирманг! Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса (шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин! Қачонки (йўлтўсарлар ёки бошқа ҳар қандай монеъдан) хотиржам бўлсангиз, (ораларингиздан) ким ҳаж (йўлида) умрадан фойдаланган бўлса (яъни, ҳаж мавсумида аввал умра амалларини бажариб, эҳромдан чиқиб, сўнгра ҳажга эҳром боғлаган бўлса), муяссар бўлган бирон қурбонликни қилсин! Ким (қурбонлик қиладиган нарса) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганидан кейин рўза тутсин! Бу тўла ўн кундир. Ушбу ҳукм аҳли — оиласи Масжидул-Ҳаромда бўлмаган кишилар учундир. (У ернинг аҳолиси учун бундай ҳуқуқ ва бурчлар йўқ). Аллоҳдан қўрқингиз! Ва билингки, Аллоҳ — азоби қаттиқ Зотдир.
____________________
И з о ҳ. Ҳаж ёки умра ибодатини адо этишни ният қилган киши аввало иҳром (махсус кийим) кияди. Шундан кейин то ҳаж маросимларини тўла адо қилгунича унинг учун соч-соқолга тиғ теккизиш, тирноқ олиш, жуфти билан яқинлашиш, бировга — ҳатто энг майда ҳашаротга ҳам озор бериш каби феъллар ҳаром бўлади. Ҳаж амалларини адо қилиб бўлгач, сочни қириш ёки қисқартириш билан иҳромдан чиқилади. Энди бирор ҳожи қандайдир сабаб билан ҳаж амалларини охирига етказа олмаса бир туя, мол ёки қўйни ўз тарафидан Аллоҳ йўлида ҳадя қилиб жўнатиши лозим. Бу ҳадя жойига — Маккага етиб боргач, йўлда қолган ҳожи сочни қириши — яъни иҳромдан чиқиши мумкин бўлади.
197. Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни, Шаввол, Зул-қаъда ва Зул-ҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни, ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!
198. (Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингиздан сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арафотдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин Машъар-ул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг! У Зот сизларни — гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да — Ҳақ йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам У Зотни эсланг — зикр қилинг!»
____________________
И з о ҳ. Ҳожилар Зулҳижжа ойининг тўққизинчи кунининг иккинчи ярмида Арафот тоғида тўпланиб, Парвардигорга дуо ва тавбалар қилиб турганларидан кейин тушиб Муздалифа тоғининг этагида Машъарул-Ҳаром деган жойда тун бўйи дуо-такбир, тавба-тазаррулар билан Раббига муножотлар қиладилар, ҳақ йўлга ҳидоят қилгани учун шукроналар айтадилар.
199. Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир.
200. Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг! Зотан, одамлар орасида шундай кимсалар борки, «Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин», дейди. Ҳолбуки, унинг учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ.
201. Ва уларнинг орасида шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, Охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар.
202. Ана ўша зотлар учун қилган ибодатлари (ҳаж, дуолари) шарофатидан насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
203. Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз! Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз, Унинг ҳузурида тўпланажаксиз.
____________________
И з о ҳ. Зулҳижжа ойининг 11, 12, 13-кунлари назарда тутилади. Бу кунларда ҳожилар Мино деган жойда туриб, Аллоҳни зикр қилиб дуою салавотлар айтадилар ва шайтонга лаънат тошини отадилар.
204. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (Исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради.
205. (Олдингиздан) кетганида эса Ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди.
206. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!
____________________
И з о ҳ. Юқоридаги уч оят — Ахнас ибн Шарийқ исмли бир мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳузурларига келиб, ўзининг ҳақиқий мўмин эканлиги ҳақида ёлғон қасамлар ичиш билан пайғамбарнинг кўнгилларини ўзига хайрихоҳ қилишга уринганида мазкур оятлар билан Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини огоҳлантиради ва у мунофиқнинг мўминларга етказаётган зиёнларини элга ошкор қилади.
207. Одамлар орасида Аллоҳ ризолиги йўлида ўз жонини берадиган зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига ғамхўр — меҳрибондир.
208. Эй мўминлар, Исломга тўлиғича кирингиз! (Яъни, Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларга очиқ душмандир.
209. Агар сизларга очиқ ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингизки, албатта Аллоҳ қудратли, ҳикматли Зотдир.
209. Улар (Ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келишини ва иш тамом бўлишини (яъни, улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинишларини) кутяптиларми? Ваҳоланки, барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак.
____________________
И з о ҳ. Ўша саркаш кофир кимсалар очиқ далил-ҳужжатлар қоим бўлганидан кейин, энди фақат Қиёмат куни Аллоҳ таоло улар ўртасида адолатли ҳукм билан ажрим қилиши учун Ўзига лойиқ бир тарзда, сояли булутларда келишини ҳамда фаришталарнинг келишини кутишмоқда, холос. Ўшанда Аллоҳ таоло улар ҳақида Ўзининг ҳукмини чиқаради ва иш тамом бўлади. Барча ишлар ёлғиз Аллоҳнинг ўзига қайтарилгай.
211. Бани Исроилдан сўранг (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга қанчалаб очиқ мўъжизалар бердик экан! Ким Аллоҳнинг неъмати келганидан сўнг, уни ўзгартирар экан, бас, албатта Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир.
212. Куфр йўлини тутган кимсалар учун бу ҳаёти дунё зийнатлаб қўйилди. Улар иймон эгаларининг устларидан куладилар. Ҳолбуки, Қиёмат Кунида тақводор зотлар улардан баланддир. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради.
213. Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди. Ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб ҳақ китобни (Таврот, Инжилни) нозил қилди. Энди очиқ оятлар келганидан кейин, фақат шу китоб берилган кимсалар ҳадларидан ошиб, талашиб-тортишдилар. Сўнгра Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни улар (китоб берилган кимсалар) ихтилоф қилган ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилади.
214. Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли-ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир».
215. Сиздан (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз. Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз, Аллоҳ уни билгувчидир».
216. Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан,) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.
217. Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжидул-Ҳаромдан (яъни, Маккадан) тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш. Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (алдаш) ўлдирищдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю Охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.
218. Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар — ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилгувчидир.
219. Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир». Ва Сиздан (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади.
____________________
И з о ҳ. Ислом келган даврдан ичкилик ичиш, қимор ўйнаш каби иллатлар жамиятнинг ҳаётига сингиб кетган оддий ишлар эди. Шунинг учун Қуръон буларни дафъатан ҳаром қилмади — зотан бундай иллатларни фақат юқорининг буйруғи билан йўқотиш имконсиздир — балки аввало бу ишлардан келадиган фойда-зарарларни кўрсатиш ва одамларнинг буларга бўлган муносабатларини ўзгартириш йўлини тутди. Яъни, бу ҳаром нарсаларни мусулмонларнинг қўлларидан тортиб олишдан илгари кўнгилларидан тортиб олди. Шу боисдан кейинроқ келган «Ароқ, қимор... шайтон амалидан бўлган ҳаром нарсалардир» деган оят нозил бўлиши билан мусулмонлар бу иллатлардан бирйўла қутулдилар. И з о ҳ. Ислом дини етим-есирларни оталиққа олишни буюради. Бу оят уларнинг ота-оналаридан мерос бўлиб қолган молларига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақидадир. Мусулмонлар ўз оталиқларидаги етимлар молларини қандай сарф қилаётганларига кўз-қулоқ бўлиб туришларини Қуръон «ислоҳ» деб атаб, шундай қилишга буюради ва уларнинг молларини ўз молларига қўшиб ишлатишларига ҳам рухсат беради. Фақат бу иш билан етимларнинг манфаатини кўзлаганларни ҳам, ўз фойдаларини ўйлаганларни ҳам, Аллоҳ, албатта билиши таъкидланади. Шунингдек, Аллоҳ истаса мусулмонларни бундай қулайликлардан маҳрум қилган бўлиши мумкин эканлиги уқтирилади.
220. Дунё ва Охират ҳақида (тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади). Сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир. Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи — ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
221. То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эркакларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ Ўз изни-иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади. Ва одамлар эслатма олишлари учун Ўз оятларини баён қилади.
222. Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта, Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади».
223. Хотинларингиз сизлар учун экинзордир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг ва ўзингиз учун яхши амаллар тақдим қилинг! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини етказинг!
____________________
И з о ҳ. Бу сўзлар билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао — фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда.
224. Яхшилик қилиш, тақводор бўлиш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсувчи бўлган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Баъзи кишиларга бирор яхши амални қилиш ҳақида гапирилса: «Бажонидил қилардим-у, шу ишни қилмаслик тўғрисида Аллоҳ номига қасам ичган эдим-да», деб баҳона кўрсатишади. Юқоридаги ва қуйидаги оятлар шундай кишиларга жавобдир.
225. Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки дилларингиз билан қилган нарсангиз (қасамингиз) билан жазолайди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалим Зотдир.
226. Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз, мағфиратли, раҳмлидир.
227. Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, бас, албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Хотинларига яқинлашмасликка қасам ичган кишилар тўрт ой ичида уларга яқинлашишлари мумкин. Бу ҳолда никоҳ боқий ҳисобланиб, қасамларини бузганлари учун муайян каффорат (эваз, жарима) тўлайдилар. Агар шу муддат ичида хотинларига яқинлашмасалар, муддат тугагач никоҳ ўз-ўзидан бузилиб, талоқ тушади.
228. Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар. Агар Аллоҳга ва Охират Кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар. Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
____________________
И з о ҳ. Ислом талоқ қилинган аёлга насл-насаблар аралашиб кетмаслиги учун уч ҳайз мобайнида ўзини кузатиб, бошқа турмуш қурмай туришни буюради. Шу муддат ўтгач, ҳомила йўқлиги равшан бўлади ва у аёл эрга тегиши жоиздир. Агар ҳомиладор эканлиги маълум бўлса, бола туғилиб, нифос муддати ўтгандан кейин бошқа турмуш қуриши мумкин. Мана шу кутиш вақтини «идда» деб аталади. Шу идда асносида эр қилган ишидан пушаймон бўлиб, ярашишни истаса, бунга унинг ҳаққи бор. Энди эр-хотиннинг оилавий ҳаётдаги бурчи ва ҳуқуқлари тенг бўлиб, фақат эрнинг имтиёзи унинг оила бошлиғи эканлигидадир.
229. (Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим). Ва сизлар учун уларга (хотинларингизга) берган нарсаларингизда (уларнинг маҳрларидан) бирон нарсани қайтариб олишингиз дуруст бўлмайди. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрган (оилавий турмуш борасидаги) қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсаларгина (дурустдир). Бас, агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни, хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилиб ўтмангиз! Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир.
____________________
И з о ҳ. Шариат ҳукмига кўра оила никоҳ қилиш билан тузилиб, агар эр-хотиндан биронтасининг вафот қилишидан бошқа қандайдир сабаб билан ажралишга тўғри келса, талоқ қилиш билан бузилади. Лекин Исломда талоқни — оилани бузишни Аллоҳ суймаслиги таъкидланади. Ва бу талоқ қилиш ҳуқуқи эркакка берилган, чунки табиатан эркаклар аёлларга нисбатан оғир-босиқ, ҳар бир ишнинг оқибатини ўйлаб қиладиган ва оилани оғир-енгил кунларда сабр-тоқат билан бошқариб борадиган кишилардир. Бундан ташқари икки мартагача қайта ярашишга рухсат берилган, чунки гоҳо аччиқ устида ўйланмасдан қилинган талоқдан кейин эр ҳам, хотин ҳам надомат қилиб қолишлари мумкинки, мазкур рухсат шундай пушаймон ҳолатида ёрдамга келади. Лекин ажрашиш аниқ бўлган ҳолда ҳам Ислом «чиройли суратда ажрашиш»га, яъни эр-хотин бир-бирини беҳурмат қилмай, хусусан аёл кишини бошқалар назарида қора қилмай (унга кейин бошқа эр харидор бўлиши мумкинлигини назардан қочирмаслик лозим) ва унга никоҳ сабабли берилган маҳр — ўзини эрига бағишлагани учун берилган эваздан бирон нарса олиб қолмай ажрашишга буюради. Юқоридаги оятда шариатдаги яна бир ҳукм — агар хотин эри билан яшай олишига кўзи етмасдан ундан талоқ қилишни сўраса ва бу талоқ учун муайян миқдорда эваз тўлашини айтса, эр бу эвазни қабул қилиши жоиз экани ҳам баён қилинади.
230. Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди. Сўнг агар (кейинги эр ҳам) талоқ қилса, бу ҳолда Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қилишларига ишонсалар, (у хотин аввалги эри билан) бир-бирларига қайтишларининг, яъни қайта турмуш қуришларининг гуноҳи йўқдир. Булар Аллоҳнинг чегараларидирки, буларни биладиган қавм учун баён қилади.
231. Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг. Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил деб билманглар! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга ваъз-насиҳат этиб нозил қилган Китоб ва (у Китобдаги) ҳикматдан иборат нарсани ёдингизда тутингиз! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Маълумки, талоқ қилинган аёл иддаси битиши билан бошқа эрга тегишга ҳаққи бор. Шунинг учун хотинларини талоқ қилган эркаклар уларнинг иддалари битмай туриб яна қайтадан никоҳларига олишлари мумкин, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Айрим кишилар хотинлари билан бирга яшаш учун қайта никоҳларига олсалар, баъзи бир кимсалар уларни бошқа турмуш қуришидан тўсиш учун никоҳларига оладилар ва шу йўл билан хотинларини талоқ олиш учун эваз тўлашга мажбур қиладилар. Мазкур оят бундай кимсаларни ўзларига зулм қилувчилар, деб атайди.
232. Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, (эй ота-оналар,) уларни ўзаро яхшилик билан келишишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг! Бу ҳукмлардан сизларнинг ораларингиздаги Аллоҳга ва Охират Кунига ишонадиган зотлар ваъз-насиҳат оладилар. Бу ҳукм (яъни, эр-хотинни ярашиб олишларидан тўсмаслик) сизлар учун энг тоза ва покловчи ҳукмдир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.
233. Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни, оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли ота ҳам, она ҳам зарар тортмасин. Меросхўр — ворис зиммасида ҳам худди шундай (бурч) бор. Агар (ота-она) ўзаро келишиб, маслаҳат билан болани сутдан ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўлмайдилар. Агар болаларингизни (эмизувчи энагага) эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиган ҳақни яхшилик билан тўла-тўкис тўлаб турсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.
____________________
И з о ҳ. Шариат ҳукмига кўра она агар ўзи истамаса боласини эмизишга мажбур қилинмайди. Балки эр бирор эмизувчи энагага ҳақ тўлаб эмиздириши лозим бўлади. Юқоридаги боласи сабабли она зарар тортмасин, деган гапнинг маъноси — онани, ўзи хоҳламаса, эмизишга мажбур қилинмайди, деганидир. Энди бола сабабли ота зарар кўрмасин дегани — унга хотин томонидан тоқатдан ташқари талаблар қўйилмасин, деганидир. И з о ҳ. Боланинг отаси ўлса, меросхўр бўлган шахс зиммасида вафот қилган отанинг зиммасида бўлган боланинг онасини едириб-кийдириш, болани эмизувчи энагага ҳақ тўлаш каби вазифалар қолади.
234. Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар. Энди қачон (идда) муддатдари битса, улар ўз хусусларида яхшилик билан қилган (бошқа турмуш қуриш хусусидаги) ишларида сизлар (яъни, ўлган эрининг уруғлари) учун гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
235. У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ. Аллоҳ сизлар у аёлларга (совчилик ҳақида) зикр қилишингизни билди. Лекин улар билан хуфёна ваъдалашмангиз! Фақат яхши гаплар гапиришингиз (жоиздир). То идда муддати битмагунча никоҳ боғлашга қасд қилманг! Ва билингизки, албатта Аллоҳ ичларингиздаги нарсани билади. Бас, Унинг (азобидан) эҳтиёт бўлинг! Ва билингизки, албатта Аллоҳ мағфиратли, ҳалимдир.
236. Агар хотинларингизни уларга қўл текизмай туриб ёки улар учун маҳр белгиламай туриб талоқ қилсангиз (ҳам) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва (бу ҳолда) уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик қилиш билан фойдалантиринг! (Бу ҳукм) яхшилик қилгувчилар зиммасига бурч бўлди.
237. Агар уларни маҳрни белгилаб қўйган ҳолингизда қўл тегизишдан илгари талоқ қилсангизлар, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (ярим маҳрни олишдан) кечиб юборса ёки никоҳ қўлида бўлган зот (яъни, эр ўзига қайтган ярим маҳрдан) кечса, (яъни, бутун маҳрни тўласа жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир. Ўзаро бир-бирларингизга фазлу карам қилишни унутмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.
238. Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар!
239. Энди агар (душман ҳужумидан) хавфда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда (ибодат қилаверингиз!) Қачон хотиржам бўлганингизда, билмаган вақтингизда Аллоҳ қандай ўргатган бўлса, шундай ҳолда (яъни, намознинг барча арконларини ўрнига қўйиб) Аллоҳни зикр қилингиз!
240. Сизлардан вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар (ўлимларидан олдин), хотинларига бир йилгача (эрнинг уйидан) чиқарилмай фойдаланадиган миқдордаги нарсани васият қилсинлар. Агар улар (хотинлар) ўзлари чиқиб кетсалар, сизлар (эрнинг уруғлари) учун у хотинлар ўз хусусларида қилган амаллари сабабли гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қудратли, ҳикматли Зотдир.
241. Талоқ қилинган аёлларни яхшилик билан фойдалантириш тақводор эрларнинг зиммасидаги бурчдир.
242. Шундай қилиб, ақл юргизишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилади.
243. Ўлимдан (яъни, вабога йўлиқишдан) қочиб, ўз диёрларидан чиққан мингларча кишининг ҳоли-хабарини билмадингизми? Бас, Аллоҳ уларга «Ўлинглар!», деди. (Ва улар ўлдилар. Яъни ўлимнинг сабаби касаллик эмас, балки Аллоҳнинг амридир). Сўнгра уларга ҳаёт ато қилди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу карам қилгувчидир. Лекин жуда кўп одамлар шукр қилмайдилар.
244. Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
245. Аллоҳга қарзи ҳасана (ихтиёрий қарз) берадиган ким борки, (Аллоҳ) унга бир неча баробар қилиб қайтарса. Ҳолбуки, (ризқингизни) тор ва кенг қиладиган Аллоҳдир. Ва Унга қайтарилажаксиз.
246. Бани Исроилдан бўлган, Мусодан кейинги бир жамоатнинг ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики, улар ўзларининг (Шамъун исмли) пайғамбарларига: «Биз учун бир подшоҳ тайинлагин, биз (у билан бирга) Аллоҳ йўлида жанг қилайлик», дейишди. «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол урушмассиз?», деди (пайғамбар). Улар айтдилар: «Диёримиздан ҳайдалиб, болаларимиздан (ажралиб) турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?» Қачонки уларга уруш фарз қилинганда озгина кишидан ташқари ҳаммалари бош тортдилар. Аллоҳ зулм қилгувчиларни билгувчидир.
247. Пайғамбарлари уларга айтди: «Албатта, Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ қилиб тайинлади». «У қаёқдан бизга подшоҳлик қилсин, ахир биз подшоҳликка ундан ҳақлироқмиз-ку, қолаверса, унга кенг-катта мол-давлат ато қилинмаган бўлса», дейишди. Пайғамбар айтди: «Албатта, Аллоҳ уни сизларнинг устингизга сайлади ва унга илмда ва жисмда қувватни зиёда қилди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кишига беради». Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.
248. Пайғамбарлари уларга айтди: «Унинг подшоҳ бўлиб сайланганлигининг аломати — сизларга бир сандиқ келишидирки, унда Парвардигорингиз томонидан хотиржамлик ва Мусо ва Ҳорун оилаларидан қолган мерос жо қилинган бўлиб, фаришталар кўтариб турадилар. Агар чиндан иймон эгалари бўлсангиз, шубҳасиз, бу воқеада сизлар учун оят-аломат бордир.
249. Қачонки Толут аскарлари билан (шаҳардан) чиққач, айтди: «Албатта, Аллоҳ сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади. Бас, ким ундан сув ичса менинг (аскарим)дан эмас ва ким ундан ичмаса, у мендандир. Магар ким қўли билан фақат бир ҳовуч олса (жоиздир)». Бас, у дарёдан озгиналаридан бошқа ҳаммалари ичдилар. У иймон келтирган кишилар билан бирга дарёдан ўтгач, (аскарлар) айтдилар: «Энди бу кун Жолут ва унинг лашкарларига кучимиз етмайди». (Шунда) Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир», дедилар.
250. Қачонки Жолут ва унинг лашкарига рўбарў келганларида: «Парвардигоро, устимиздан сабру тоқат ёғдиргил, қадамларимизни собит қил ва Ўзинг бизни бу кофир қавм устига ғолиб қил!», дедилар.
251. Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар. Ва (Толутнинг аскарларидан бўлган) Довуд Жолутни ўлдирди. Ва Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик, пайғамбарлик ва Ўзи хоҳлаган нарсаларидан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга дучор бўлади. Лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам Соҳибидир.
252. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни Сизга ҳаққирост тиловат қилмоқдамиз. Ва Сиз, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандирсиз.
253. Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди. Ийсо бинни Марямга ҳужжатлар бердик ва уни Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганда у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам бор, кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади.
____________________
И з о ҳ. Пайғамбарлар ичида Аллоҳ бевосита сўзлаган, Мусо ва Муҳаммад — алайҳимас-салоту вас-салом — каби пайғамбарлар бор. Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага калом (сўзлаш) сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда исбот қилиш бор.
254. Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на шафоат — қўллов бўлмайдиган Кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир.
255. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олмайди. Самовот ва Ердаги бор нарсалар Унингдир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди. У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг курсиси осмонлар ва Ердан кенгдир. Ва уни осмонлар ва Ерни ҳифзу ҳимоятда сақлаб туриш қийнамайди. У энг юксак ва буюкдир.
256. Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу дин ғоят комил ва оят-аломатлари аниқ-равшан бўлганидан жизя тўлаб туришни истаган кишиларни унга мажбурлаб киритишга эҳтиёж йўқ, далил-ҳужжатлар ҳақ ботилдан, ҳидоят залолатдан ажралиб турадиган даражада аниқ-равшандир.
257. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.
258. Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди.
____________________
И з о ҳ. Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: «Сен бизларни даъват қилаётган Парвардигоринг қандай зот?» деганида Иброҳим пайғамбар айтдилар: «Парвардигорим ўз бандаларига жон бериб, жон олгувчидир». Шунда Намруд: «Бу менинг ҳам қўлимдан келади», деб икки кишини келтирди-да, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўргач, дедилар: «Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!» Ана шундагина Намруд жавоб тополмай лол бўлиб қолди.
259. Ёки бир зот (Узайр пайғамбар) ҳақидаги масални (билмадингизмики), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин». Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди.
260. Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Иброҳим: «Парвардигор, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмаганмидинг?», деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаман-ку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўз олдингга тўплагин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб-узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз, қудратли ва ҳикматлидир».
261. Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда.) Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.
262. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсаларига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида улуғ ажр бордир. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
263. Яхши гап ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир.
264. Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва Охират Кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Зеро, унинг (риёкорнинг) мисоли худди бир устини чанг-тупроқ қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайдики, унга шаррос қуйган ёмғир теккан-да қаттиқ-силлиқ тошлигича қолдирган. (Ундай риёкор) мунофиқлар яхши амаллар қилдик, деб ҳисоблайдилар, аммо Қиёмат Кунида топган ва сарфлаган дунёларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди.
265. Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва дилларида мустаҳкам ишонч билан сарф қиладиган зотларнинг мисоли худди адирликдаги шаррос қуйган ёмғир теккач, ҳосилини икки баробар қилган боққа ўхшайди. Энди агар унга шаррос қуйган ёмғир тегмаган бўлса, майдалаб ёққан ёмғир ҳам кифоя қилади. Аллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир.
266. Сизлардан биронтангиз тагларидан дарёлар оқиб тургувчи, хурмо-ю узумлари бор, ҳар турли меваларга тўла боғи бўлиб, кексайиб нимжон болалари билан қолган пайтида ўша боғини ўтли бўрон уриб, ёниб битишини истайдими? Шундай қилиб, тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён қилади.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятда Аллоҳ таоло эҳсон қилиб орасидан миннат қиладиган ёки хўжакўрсинга эҳсон қиладиган кимсаларнинг Охиратдаги аҳволи ҳақида хабар бериб, гарчи улар «қилган эҳсонларимиз сабабли жаннатларга эришамиз», деб хомтама бўлсаларда, уларнинг қилган «эҳсонлари»ни миннат ва риё бўрони учириб-ёндириб кетиши аниқ эканини уқтиради.
267. Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун Ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган — паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду сано эгаси бўлган Зотдир.
268. Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир.
269. У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар.
270. Инфоқ қилган ҳар бир нафақангиз ва назр қилган ҳар бир назрингизни шубҳасиз, Аллоҳ билади. Ва (инфоқ-эҳсон қилмайдиган) золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.
271. Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда яхши. Ва агар махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз — бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
272. Уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмас (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом). Балки Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади.
____________________
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ таолога важҳ (юз) сифатининг У субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига лойиқ бўлган тарзда исботи бордир.
273. (Садақот-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тўсилган (яъни, ўзларини ушлаган), бирор Ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли, билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир-камбағаллар учундир. Уларнинг фақирликларини сиймоларидан билиб оласиз. Улар тиланиб туриб олмайдилар, қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта Аллоҳ уни билгувчидир.
274. Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар учун Парвардигорларининг ҳузурида улуғ ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
275. Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза — насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни, Аллоҳ хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.
276. Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди.
277. Албатта иймон келтирган, яхши амаллар қилган ва намозни тўкис адо қилиб, закотни берган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.
278. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни, одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.)
279. Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз.
280. Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.
281. Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди.
282. Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар! Ораларингизда бир котиб адолат билан ёзсин! Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирган ёзишдан бош тортмасин, албатта ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши ёздирсин — Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин ва у қарздан бирон нарса камайтириб ёзмасин! Агар зиммасида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз (ёш бола ё жуда кекса) бўлса, ёки (кар, соқовлиги ё тил билмаслиги сабабли айтиб туриб) ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий вакили адолат билан ёздирсин! Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни — бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади — гувоҳ қилинглар! Гувоҳлар (гувоҳлик учун) чақирилганда бош тортмасинлар! Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддати келгунича ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва шак-шубҳа қилмасликка яқинроқ бўлган (ҳукмдир). Лекин агар (ўртадаги муомалангиз) ораларингизда юргизиб турган нақд савдо бўлса, уни ёзмасангизда, сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва бир-бирингиз билан савдо қилганда гувоҳ келтиринг! Ва на котиб, на гувоҳга зарар етмасин. Агар шундай қилсангиз (яъни, улардан биронтасига зарар етказсангиз), бу Аллоҳга итоатсизлигингиздир. Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ-ҳидоят йўлини) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.
283. Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз (берилган нарса эвазига) қўл билан тутгудек гаров олинг! Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатини адо қилсин ва Парвардигори — Аллоҳдан қўрқсин! Гувоҳликни яширмангиз! Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби осий — гуноҳкордир. Аллоҳ қилаётган амалингизни билгувчидир.
284. Самовот ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
285. Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз», дедилар.
286. Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!
Icon