ترجمة سورة مريم

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة مريم باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод.
____________________
И з о ҳ. Бу сура ҳам юқорида ўтган ва қуйида келадиган айрим суралар каби «хуруфи муқаттаъот», яъни маънодан узилган ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланди.
2. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, ушбу) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир.
3. Эсланг, Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, (деган эди:)
4. (Закариё) деган эди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим — сочим оқарди. Парвардигорим, мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман.
5. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен (менга) ўз даргоҳингдан менга бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин
6. Менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган (бир дўст яъни, фарзанд ҳадя этгин) ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин».
7. (Аллоҳ айтди): «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз».
8. (Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?»
9. (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)!»
10. «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди у (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан».
11. Бас, (Закариё) меҳробдан қавмининг олдига чиқиб, уларга эрта-ю кеч (Аллоҳни) поклаб — ибодат этишни ишора қилди.
____________________
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Закариё алайҳиссалом уч кунгача тасбеҳ ўгириш ва Таврот тиловат қилишдан бошқа нарсага тиллари айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қиладилар. Сўнг вақти-соати етиб, Яҳё алайҳиссалом дунёга келгач, Аллоҳ таоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади.
12. (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик.
13. Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳр ва поклик (ато этдик). У тақволи бўлди.
14. У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди.
15. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (Қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлур (яъни, у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва Қиёмат Кунида дўзахга тушиш хавфидан холидир).
16. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда (яъни, Қуръонда) Марямни зикр қилинг: у ўз аҳли-оиласидан четга — кун чиқар томонга борди.
17. Ва улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз — (яъни, Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди.
18. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни, Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин)», деди.
19. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».
20. (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!»
21. (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир.
22. Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди.
23. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».
____________________
И з о ҳ. Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.
24. Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди.
25. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар.
26. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин.
27. Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку!
28. Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар.
29. Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни, унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!»
30. (Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди.
31. Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди.
32. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади.
33. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур».
34. Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (яъни, унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир.
____________________
И з о ҳ. Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни Марям Аллоҳ таолонинг «Бўл», деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканликлари тўғрисидаги Ҳақ таолонинг сўзи баён қилинади ва Ийсо ҳақидаги «У валади зино» дейдиган яҳудийларнинг сўзи ҳам, «У худонинг ўғли» дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам ботил — ноҳақ сўзлар экани таъкидланади.
35. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас — У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса, фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур.
36. (Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу ҳақ йўлдир».
37. Сўнг (яҳудий ва насроний) фирқалар (Ийсо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ Кун — Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай.
38. Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолурлар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар.
39. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни (яъни, Макка мушрикларини) барча иш битирилиб, (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан — Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар.
40. Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу Ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз (яъни, барча жонзот ўтар, ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар.
41. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Иброҳим (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.
42. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қилурсан?
43. Эй ота, дарҳақиқат, сенга келмаган илм-маърифат менга келди. Бас, сен менга эргашгин, сени ҳақ йўлга ҳидоят қилурман.
44. Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин. Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир.
45. Эй ота, ҳақиқатан мен сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида.
46. (Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта, сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени бутунлай тарк эт!»
47. (Иброҳим) деди: «Омон бўл. Энди Парвардигоримдан сени мағрифат қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга меҳрибон бўлган Зотдир.
48. Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланурман ва (ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман. Парвардигоримга илтижо қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман».
49. Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик.
50. Шунингдек, уларга Ўз фазлу-марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак мақтовларни (барқарор) қилдик.
51. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Мусо (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди.
52. Биз унга Тур (тоғининг) томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.
____________________
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга тушиб, Аллоҳ таолога муножот қилиб кетаётганларида, ўнг томонларидаги Тур тоғидаги бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашадилар.
53. Биз унга Ўз фазлу-марҳаматимиз билан пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик.
54. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Исмоил (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у ваъдаси рост элчи-пайғамбар эди.
55. У ўз аҳли-умматини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди.
56. Яна ушбу Китобда Идрис (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳаҳиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.
57. Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик.
58. Ана ўша Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни, уларнинг фарзандларидан бўлган Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлган пайғамбарлардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар.
____________________
И з о ҳ. Мазкур оят ҳам сажда ояти бўлиб, уни тиловат қилувчига ҳам, тинглагувчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир.
59. Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар.
60. Магар иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас.
61. Улар Раҳмон ғойибда (яъни, бандалар кўзига кўринмай) турган ҳолида Ўз бандаларига ваъда қилган мангу (яшаладиган) жаннатларга (кирурлар). Албатта, У зотнинг ваъдаси амалга ошгусидир.
62. У жойда улар бирон беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан) салом (эшитурлар, холос). У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир.
63. Ушбу жаннат – Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир.
64. «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), биз ёлғиз Пардигорингизнинг амри фармони билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (Охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва Охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Унингдир. Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир.
____________________
И з о ҳ. Ушбу икки оят Жаброил алайҳиссаломнинг сўзларидир. Пайғамбар алайҳиссаломга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг Жаброил келганида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: «Нега келмай қолдингиз?», деб сўраганларида, у Аллоҳнинг амри билан юқоридаги сўзларни айтган экан.
65. У осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)»
66. (Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда қабримдан чиқарилурманми?!», дер.
67. Ахир ўша инсон Биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни, йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?!
68. Бас (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингизга қасамки, албатта, Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.
69. Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси кимса Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган бўлса, (ўшани) суғуриб олурмиз (ва жаҳаннамга отурмиз).
____________________
И з о ҳ. Уламолар уқтиришларича, «Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган» кимсалар халқни Ҳақ йўлидан оздириб, боши берк кўчаларга бошлаган доҳийлардир.
70. Ҳеч шак-шубҳа йўққи, Биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билгувчидирмиз.
71. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир.
72. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз.
73. Қачон уларга (яъни, инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?», дейдилар. (Яъни, бой-бадавлат мушриклар фақир ва мискин мўминларнинг устидан куладилар).
74. Ҳолбуки, Биз улардан илгари қанча матоъ ва суратлари чиройли бўлган авлодларни ҳалок қилгандирмиз!
75. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ким залолатда бўлса, бас Раҳмон унга муддат — умр берсин. Токи ўзларига (яъни, йўлдан озганларга) ваъда қилинган (дунё) азобини ёки Қиёмат қойим бўлишини кўрган вақтларида, албатта кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар.
76. Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолгувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир».
77. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки, албатта (Охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсани кўрдингизми?
78. У ғойибдан хабардор бўлдимикин ёки Раҳмон даргоҳидан аҳду паймон олдимикин?!
79. Йўқ! Албатта, Биз унинг айтаётган сўзини ёзиб қўюрмиз ҳамда унинг учун азобни зиёда қилурмиз.
80. У айтаётган (мол-дунёга) Биз меросхўр бўлурмиз ва у ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келур.
81. Улар (яъни, Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар — бутларга сиғиндилар.
82. Йўқ! (Қиёмат Кунида бутлари уларни шафоат қилмайди, балки) улар қилган ибодатларни инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар.
83. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз кофирларга уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?
84. Бас, сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз, Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз.
85. Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган,
86. Ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдайдиганимиз кунни (эсланг)!
87. (У кунда) фақат Раҳмон наздида аҳду-паймон олган, (Аллоҳни бир билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар.
88. (Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар.
89. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки,
90. Унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳол.
91. Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлигидан).
92. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни, У зот болага муҳтож эмас).
93. Осмонлар ва Ердаги бор жонзот (Қиёмат Кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур.
94. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир.
95. Уларнинг барчаси Қиёмат Кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келгувчидир.
96. Албатта, иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур.
97. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик.
98. Биз улардан (яъни, Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига итоат этмаган) авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам ҳалок бўлиб битар, аммо Биз сизга нозил қилган дин эса Қиёматгача қолур).
Icon