ترجمة سورة المعارج

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة المعارج باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Бир сўрагувчи кимса тушгувчи азобни (ўз устига тушишини) сўради.
2. Кофирларга (тушгувчи) у (азоб)ни биров қайтара олмайди.
3. (У азоб, осмонларнинг барча) поғоналари — қаватлари соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан (кофирлар устига тушгувчидир).
____________________
И з о ҳ. Бу оятлар мушриклардан Назр ибн Хорис ҳақида нозил бўлган. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом кофирлар учун тайёрлаб қўйилган Аллоҳ таолонинг азоби бор эканлигини билдириб, уларни огоҳлантирганларида, Назр туриб: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин, ёки бизларга аламли азоб келтиргин», дейди. Мана шу тилакнинг ўзидан Назр ва у кабиларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: «Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», деган бўлур эдилар. Энди қуйидаги оятда барча фаришталар Қиёмат Кунида осмон қаватларини босиб ўтишиб, Аллоҳ ҳузурига тўпланишлари зикр қилинади.
4. Фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг бўлган бир Кунда (яъни, Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар.
5. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, кофирларнинг озор-азийятларига) чиройли сабр билан сабр-тоқат қилинг!
6. Чунки улар у (Кун)ни узоқ деб билурлар.
7. Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!
8. У Кунда осмон эритилган мис каби бўлиб қолур.
9. Тоғлар юнг каби (енгил) бўлиб қолурлар.
10. Ва бирон дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас.
11. (Ҳолбуки) улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар! Жиноятчи-кофир кимса у Куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини тўлов қилиб бериб юборишни,
12. хотинини ва биродарини ҳам,
13. уни ўз паноҳига оладиган қариндош-уруғини ҳам,
14. ва Ердаги барча кишиларини ҳам (тўлов қилиб бериб юборишни), сўнгра (бу тўлов) унга нажот беришини истар.
15. Йўқ, (ҳеч қандай тўлов уни азобдан қутқара олмас)! Албатта у бир оловдирки,
16. (Кофирлар ташланадиган дўзах ўз ҳарорати билан) бош териларини сидириб олгувчи бир оловдир!
17. У (Ҳақ йўлидан) юз ўгириб, терс қараб кетган
18. ва (пул-мол) йиғиб тўплаган (яъни, уни Аллоҳ буюрган жойларга сарфламаган) кимсаларни (ўзига) чорлаб турар!
19. Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир.
20. Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир.
21. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта манъ қилгувчи — бахилдир.
22. Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни, мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки,
23. Улар намозларида доим — барқарор бўлгувчи зотлардир.
24. Улар (топган) мол-мулкларида маълум ҳақ (яъни, закот) бўлган зотлардир.
25. Сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун (маълум ҳақ ажратган зотлардир).
26. Улар жазо — Қиёмат Кунини тасдиқ этадиган зотлардир.
27. Улар Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир.
28. Зотан, Парвардигорларининг азоби (ҳеч ким учун) бехатар эмасдир (яъни, ҳеч кимнинг «Менга Аллоҳнинг азоби тушмайди», деб хотиржам бўлишга ҳаққи йўқдир).
29. Улар авратларини (ҳаромдан — зинодан пок) сақлагувчи зотлардир.
30. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар.
31. Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби шариати исломийяда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчи кимсалардир.
32.Улар (яъни, мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир.
33. Улар ўз гувоҳликларини тўғри-холис адо қилгувчи зотлардир.
34. Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи бўлган зотлардир.
35. Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат-иззат кўргувчидирлар.
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятларда ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифат-фазилатлари баён қилинди ва ана ўшалар жаннат неъматларига сазовор бўлгувчи зотлар эканликлари уқтирилди. Энди қуйидаги оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом атрофларига келишиб, тўп-тўп бўлиб ўтиришиб олишиб, у зот айтган сўзларни масхара қиладиган ва бир-бирларига саҳобаларни кўрсатишиб: «Агар мана шулар Муҳаммад айтаётгандек, жаннатга кирадиган бўлсалар, бизлар ҳеч шак-шубҳасиз, улардан олдинроқ ўша жойга кирамиз», деб сафсатабозлик қиладиган мушриклар ҳақида сўзланиб, уларнинг бундай тамаълари бефойда эканлиги таъкидланади ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломни улардан юз ўгиришга амр этилади.
36. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу кофир бўлган кимсаларга нима бўлдики, сиз томонга чопурлар?!
37. Улар ўнг ва сўлдан тўда-тўда бўлиб, (сиз томонга чопурлар?!)
38. Ё улардан ҳар бир кимса ноз-неъмат жаннатига киритилишни тамаъ қилурми?!
39. Йўқ, (улар ҳеч қачон жаннатга кирмаслар)! Албатта Биз уларни ўзлари биладиган нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратдик.
40. Бас, (шундоқ экан) машриқу мағрибларнинг Парвардигорига қасам ичурманки, шак-шубҳасиз, Биз қодирдирмиз,
41. (бу кофирларни ҳалок қилиб ўринларига), улардан яхшироқ (инсонларни) алмаштириб қўйишга ва Биз (бу ишга) ожиз эмасдирмиз.
42. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни тарк қилинг! Улар то ўзларига ваъда қилинаётган кунларига рўбарў бўлгунларича (ўз ботил-беҳуда хаёлларига) шўнғишиб, ўйнаб-кулиб юраверсинлар!
43. У кунда улар гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар!
44. Кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида (қабрларидан чиқиб келурлар!) Мана шу (ҳаёти дунёда) уларга ваъда қилингувчи бўлган Кундир!
Icon