ﰡ
____________________
(Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар «Ҳурифул муқатаот" кесик ҳарфлар десалар, бошқалар «Ҳурифул ҳижои" алифбо ҳарифлари дейдилар, учинчилари эса, «Фавотуҳус суар" сураларни очувчилар дейдилар. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: «Бу Аллоҳ билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталаридаги сир», дейдилар. Бошқа бирлари эса, уларга ўзларича маъно йўйганлар. Ихтилофнинг асосий сабаби — улар ҳақида на Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир.)
____________________
(Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг бир сифати «тақводорларга ҳидоятдир». Ҳидоят-мақсадга эриштиргувчи лутф билан йўл кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.)
____________________
(Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган: Биринчиси — «ғайбга иймон келтирурлар». Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир», деган эканлар. Иккинчиси — «намоз ўқирлар». Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Учинчиси — «Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар». Мўмин-мусулмоннинг, тақводор одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. «Садақа" сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор. «Нафақа" ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.);
____________________
(Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат — Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради.)
____________________
(Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.)
____________________
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳидоятни қўйиб залолат-адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар қатори уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни, ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу тижорат-савдолари фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда-тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонат топширилса, хиёнат қилади», деганлар. Шунингдек, Имом Бухорий Ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. Омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади», дейилган.)
____________________
(Ҳақиқатда ҳам, мунофиқлар кофирларнинг зидди ўлароқ, аввал бошдан Ислом даъватини эшитдилар. Ислом-иймон калималарини нутқ қилдилар, ҳатто яхшигина қулоқ осдилар, иймон келтирдик, дедилар, ибодат ҳам қилдилар. Кейин эса, ҳаммасини ташлаб, инкор қилиб, куфр, нифоқ, шак-шубҳа зулматларида қолиб кетдилар.)
____________________
(Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғдан фойдаланиб бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.)
____________________
(Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган тарбиякунандаларингиз улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган, энди ёлғиз Ўзига ибодат қилишингизга ҳақлидир. Ибодатдан мақсад — шоядки тақводор бўлсаларингиз.)
____________________
(Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг, «ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам», дейиши улкан мўъжизадир. Бу ерда Қуръон сураларидан биттасига ўхшаш сурани ҳеч қачон келтира олмаслиги таъкидлаб айтилмоқда.)
____________________
(Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат-суюнчи хабарини беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.)
____________________
(Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ-кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам Ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод-борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.)
____________________
(Аллоҳ дунёдаги жамики нарсаларни инсонга ҳадя этган экан, инсон ҳам, ўз навбатида, ўша неъматларни берган Зотга шукр қилиб яшамоғи лозим. Ҳол шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар ва унга куфр келтирадилар?!)
____________________
(Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг Ер юзидаги ўринбосари-халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.)
____________________
(Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон Ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.)
____________________
(Фаришталарга саждани буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни — Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди. Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки улар фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади.)
____________________
(Аллоҳнинг ҳидоятига эргашмаганларни Аллоҳ таоло лўнда қилиб, куфр келтирганлар деб қўя қолган. Эришадиган оқибатлари аниқ: улар дўзахга тушадилар, ўша ерда абадий қоладилар.)
____________________
(Биз ёрдам сўранг деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну" деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир. Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.)
____________________
(Ўша пайтларда пайғамбарлик, илоҳий китоблар ва бошқа афзалликлар Бани Исроилга берилган эди. Лекин улар бу неъматларга шукр этмадилар, аҳдга вафо қилмадилар. Шундан сўнг Аллоҳ уларни лаънатлади, ғазаб қилди, хорлик ва зорликни раво кўрди.)
____________________
(Фиръавн — қадимги Миср подшоҳининг лақаби. Яъни, ким Мисрга подшоҳ бўлса, Фиръавн бўлади. «Фиръавн аҳли" дегани Фиръавннинг одамлари демакдир. Фиръавн Бани Исроилда туғилган ўғил болаларни ўлдириб, қизларни тирик қолдириши ҳам улкан бир азоб.)
____________________
(Бани Исроилни Мусо алайҳиссалом Мисрдан олиб чиқиб кетаётганларида, Фиръавн одамлари билан қувиб келиб қолади. Шунда Аллоҳ денгизни иккига бўлиб йўл очади ва Бани Исроил ўтиб оладилар. Ортларидан Фиръавн одамлари билан тушганда, Аллоҳ уларни ғарқ қилади.)
____________________
(Бузоқни худо деб тутиш инсон учун, унинг ақли учун нақадар улкан ор бўлишига қарамай, Бани Исроил табиатидаги бузуқликдан келиб чиқиб, шу ишни ўзига эп кўрди ва бу билан ўзига ўзи зулм қилди.)
____________________
(Бани Исроилнинг бу шаккоклиги учун Аллоҳ таоло муносиб жазолади: ўзлари қараб турган ҳолда яшин уриб, ҳалок бўлдилар.)
____________________
(Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтирибгина қўймади. Балки яна қўшимча марҳаматлар кўрсатди.)
____________________
(Ибн Касирнинг айтишларича, «Манн» ўзини еса, таом ва ширинлик, сувга қўшиб ичса, ичимлик бўладиган нарсадир. Уни бошқа нарсаларга қўшса ҳам бўлаверади.)
____________________
(Ушбу оятда, «Ушбу қишлоққа кирингиз», деган жумладаги «қишлоқ»дан мурод — Қуддуси шарифдир. Узоқ замонлар Мисрда ватангадо бўлиб юрган Бани Исроилга Аллоҳ таоло ватан ато қилиб, «қишлоққа кирингиз», деяпти. Бунинг устига яна: «Хоҳлаган жойингизда еб-ичинглар, еганларингиз ош бўлсин», деб катта марҳамат кўрсатяпти. Шу билан бирга, қандай ҳолда кириш лозимлигини ҳам ўргатди. Эшикдан сажда қилиб, яъни одоб билан, «ҳиттатун» деган сўзни айтиб киринг, дейилди. «Ҳиттатун» дегани — афв эт, гуноҳимни кеч, деган маънони англатар экан. Бани Исроил агар қишлоққа сажда қилиб, гуноҳларини кечишини сўраб, Аллоҳ ўргатган сўзни айтиб кирсалар, Парвардигор уларга мағфират ваъда қилди. «Сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларга зиёда қилиб берамиз», деди.)
____________________
(Бани Исроил яна бузғунчилик қилди. Аллоҳ таоло ўргатган «ҳиттатун» сўзи ўрнига бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Бани Исроилга, эшикдан таъзим қилиб, ҳиттатун, деб киринглар, дейилган эди. Улар думбалари билан судралиб, сўзни алмаштириб, ҳаббатун фи шаъратин, деб кирдилар», дедилар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, улар ҳам амалда, ҳам сўзда хилоф қилганлар. Сажда (таъзим) қилиб киринглар, дейилса, думбалари билан судралиб кирганлар. «Ҳиттатун» деб айтинглар, дейилса, «ҳаббатун фи шаъратин», яъни арпа дони ичидаги бир дона дон, дейишган. Уларнинг бу ишлари ҳам зулм, ҳам фисқ — Аллоҳнинг амридан чиқиш эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга осмондан азоб туширди.)
____________________
(Ояти каримадаги «иймон келтирганлар»дан мурод мусулмонлардир. «Яҳудий бўлганлар» — Бани Исроилдир. Яҳудийнинг икки тоифаси бор: биринчиси — Аллоҳга қайтган, иккинчиси — Яҳудонинг фарзандлари. «Насоролар» деганда эса, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирганлар тушунилади. Улар у кишига ёрдам берганлари учун «насоро» (ёрдам берувчилар) деб ном олганлар. «Собиийлар» деб Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳлари ўз қавмларининг буту санамларга сиғинишларини ёқтирмай, ўзлари янги ақида ахтариб, охири, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз, деб қавмларидан ажраб чиққан кишиларга айтилади. Бу номни уларга мушриклар берган, яъни оталарининг динидан бурилганлар, деганидир.)
____________________
(Ушбу хабарлардан Бани Исроилнинг яна икки ахлоқини билиб олса бўлади. Кўп таъкидлашга қарамай, ўзларига тушган ваҳийдан, илоҳий кўрсатмалардан юз ўгириш. Буйруқ ва қайтариқларга юзаки амал қилган бўлиб, аслида, хилоф иш тутиш. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Яҳудийлар қилган ишни сизлар қилманглар, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳар хил ҳийлалар билан ҳалол ҳисобламанглар», дейдилар.)
____________________
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг охирги ҳодисадан кейинги ҳолатини васф қилмоқда. Шунча мўъжиза кўрган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, қалби эриб, Аллоҳга бўлган эътиқоди зиёда бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроилнинг қалблари қаттиқ бўлди. Қаттиқ бўлганда ҳам, тошдек қаттиқ, балки тошдан ҳаим қаттиқ бўлди.)
____________________
(Иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.)
____________________
(Шунақа сифат эгаларининг иймонга келишидан умидвор бўлса бўладими? Улар иккиюзламачи қавмдир. Мусулмонлар билан учрашиб қолганда, иймонга келдик, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлдик, дейишади. Чунки Тавротда у киши ҳақларида башоратлар бор ва яҳудийлар у зотнинг пайғамбар бўлиб келишларини кутаётган эдилар. Аллоҳ таоло ўша Пайғамбар туфайли бизни душманларимизга ғолиб қилади, дейишар эди... Аммо ўзлари бир-бирлари билан ёлғиз қолганларида, бу ҳақиқатни ошкор қилганларни сўка бошлар эдилар.)
____________________
(Зикр қилинган бу ҳол яҳудийларнинг диний олимларига оид.)
____________________
(Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юраверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига нима сабаб? Асосий сабабларидан бири — залолатга кетган уламолар.)
____________________
(Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий: «Арзон баҳо — дунё ва унинг нарсаларидир», деган эканлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.)
____________________
(Мулоҳаза қилинса, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан аҳду паймон олган ишлар Ислом дини ҳам буюрган ишлардир. Шундан ҳамма самовий динларнинг бирлиги келиб чиқади. Тавҳид ақидасининг асоси — Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик — аҳду паймон олинган ишларнинг бошида саналяпти. Ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Қариндошларнинг қариндошлик ҳаққи бор, уларга ҳам яхшилик қилиш лозим. Етимлар — боқувчисиз қолган ёш болалардир. Жамиятда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шунингдек, мискинлар ҳам турли сабабларга кўра, ҳаёти ноқулай ҳолларга тушиб қолган шахслардир, уларга ҳам яхшилик кўрсатиш инсоннинг инсонийлик бурчи ҳисобланади.)
____________________
(Яҳудийлар Исломга даъват қилинганларида: «Бизнинг қалбимиз ғилофланган, янги даъват кирмайди, янги даъватчини қабул қилмайди», деб айтишар эдилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу гаплари ёлғон эканини фош этиб, ҳақиқатни баён қилмоқда. Ҳақиқат нима? Ҳақиқат шулки, улар аввалдан куфр келтириб, иймондан қочиб юрганлари учун Аллоҳ уларни лаънатлаб, яъни раҳматидан қувиб, ҳидоят неъматидан маҳрум этган. Шу сабабдан улар иймонга кела олмайдилар. Агар мабодо келсалар ҳам, жуда оз келадилар.)
____________________
(Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, яҳудийлар Авс ва Хазраж қабилаларига қарши, яқинда бизнинг китобларимиз хабарини берган Пайғамбар чиқади, биз унга иймон келтириб, сизларнинг устингиздан ғалаба қозонамиз, дер эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбарни араблар ичидан танлаб юборгач эса, у кишига куфр келтирдилар. Аввалги гапларини ўзлари инкор қилдилар. Шунда Муоз ибн Жабал, Башир ибн ал-Барраа ибн Маъруф ва Довуд ибн Саламалар уларга қарата: «Эй яҳудийлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Мусулмон бўлинглар! Биз ширк аҳли бўлган давримизда, бизга қарши у кишидан ёрдам топишингизни айтар эдингизлар. У кишининг пайғамбар қилиб юборилиши хабарини берар эдингизлар. Сифатларини айтиб берар эдингизлар», дедилар. Бунга жавобан Бани Назийр яҳудийларидан Салом ибн Мушкам дегани: «У биз билган нарсани олиб келди. Биз сизга айтган бу эмас», деди.)
____________________
(Бани Исроилнинг хиёнаткорлиги, алдамчилиги ва бошқа кирдикорларни назарда тутган ҳолда Аллоҳ таоло улардан таъкидланган, ҳужжатлаштирилган аҳду паймон олган ва устиларига Тур тоғини кўтариб туриб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деб айтган эди. Иймони бор халққа шу етарли бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроил нима қилди?! Улар тилда «эшитдик», дейишди, аммо амаллари билан, «исён қилдик», дейишди. Яъни, тил бошқа, амал бошқа бўлди.)
____________________
(Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлинса, ушбу услуб ишлатилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.)
____________________
(«Жиброилга душман бўлганлар» — яҳудийлардир. Улар Жиброил фариштани ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, «Улар: «Ҳар бир пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?» дедилар. У киши: «Жиброил алайҳиссалом», дедилар. Улар: «Жиброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингда, яхши бўларди», дедилар.)
____________________
(«Аллоҳнинг китоби» Таврот бўлиши мумкин, чунки унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келишлари башорати бор. Тавротнинг башоратини тан олмаганларни китобни орқаларига қараб отиш деб васф этилмоқда. Айни чоқда, у китоб Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин, чунки яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.)
____________________
(Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима — кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Cеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.)
____________________
(Cаҳобаи киромлар ўрганиши лозим бўлган нарсаларни сабоқ олсалар, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломга, «Роъина», яъни кузатиб туринг, тушуниб, ўзлаштириб олайлик, дейишар экан. Аммо пасткаш яҳудийлар мусулмонларни таҳқирлаш учун шу ҳолатдан ҳам фойдаланишибди. Ўзларининг иброний тилларида худди «роъина» каби талаффуз этиладиган, лекин сўкиш, масхара маъносида ишлатиладиган сўзни Расули акрам алайҳиссалоту вассалом ҳузурларига келганда айтадиган бўлишибди.)
____________________
(«Насх» сўзи луғатда ўзгартиш, бекор қилиш маъносини билдиради. Шариат таърифида эса, бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олишаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят тушириб, ким Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.)
____________________
(Аллоҳ таоло мусулмонларни яҳудийларга ўхшаб ғаразли саволлар беришдан қайтармоқда. Пайғамбар алайҳиссаломдан Мусо алайҳиссаломдан Бани Исроил сўраган нарсаларга ўхшаш нарсаларни сўрашнинг ёмонлигини баён қиляпти ва бу ишни, иймонни куфрга алмаштириш, деб атаяпти.)
____________________
(Демак, ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан фақат Аллоҳ учун бўлган иш ўз эгасини мукофотга етказади. Аввало, «Робби ҳузурида ажр бордир». Яна унга келажакда хавф йўқ. Яна у бўлиб ўтган ишлардан афсусланмайди. Булар Аллоҳнинг ваъдаларидир ва муҳаққақ, шундай бўлгусидир.)
____________________
(Самовий китоб эгаси бўлмаган халқлар оятда илоҳий таълимотларни «билмайдиган кимсалар», деб аталяпти. Улар ҳам яҳудий ва насронийларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтадилар, яъни булар иккаласи ҳам ҳеч нарсага арзимайди, дейдилар. Улар тортишишган масаланинг ҳақиқий ҳукмини Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзи чиқаради.)
____________________
(Бутун Ер юзи — мағрибу машриқ мусулмонлар учун масжид қилинган. Чунки Ер юзи Аллоҳ таолоники. Унга ибодат қилмоқчи бўлган одам ҳар жойда ибодат қилаверса бўлаверади.)
____________________
(Кофирлар ушбу ояти каримада келганидек, «Аллоҳ ўзига фарзанд тутди», дейдилар. Бу оятлар тушаётган пайтда мусулмонлар билан юзма-юз тўқнашиб турган уч тоифа кофирлар уччаласи ҳам улкан жиноятга бориб, Аллоҳга туҳмат қилишарди: Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дейишарди; насоролар: «Ийсо Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дейишарди; кофирларнинг учинчи гуруҳи бўлмиш мушриклар: «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», дейишарди. Исломий тасаввурдан бошқа тасаввурлар фалсафаларнинг катта хатоси Холиқ (яратувчи) билан махлуқ (яратилмиш) орасидаги фарқни тушунмасликдадир. Ислом назарияси бўйича, маҳлуқлар тамом бошқа, Холиқ тамом бошқа мавжудлик. Холиқнинг асло ўхшаши йўқ, Уни тасаввурга сиғдириб ҳам бўлмайди, махлуққа қиёсан таърифланмайди ҳам. Яъни, Аллоҳнинг хотини ҳам, фарзанди ҳам бўлиши мумкин эмас.)
____________________
(Агар яҳудийлар ҳақиқий Тавротни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етадилар. Насронийлар ҳам Инжилни бузмасдан, инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини англаб етадилар. Кимки Қуръони Каримни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқиса, унга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етади.)
____________________
(«Масаба» зиёрат қилиб тўймайдиган макон.)
____________________
(Ушбу оятда иккинчи марта, энди Иброҳим алайҳиссалом тилларидан, Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши хабари келяпти. Аммо, одобли, сермулаҳаза пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аввалги дарсдан сабоқ олиб, Аллоҳнинг мукофотини бу гал ҳаммага эмас, балки мўминларгагина сўрамоқдалар. Асосий қоида эса ўзгармасдир: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» «Озгина ҳузур» кофирлар учун бу дунёда бериладиган зоҳирий ҳузурдир. Сўнгра эса, охиратда уларни дўзах азоби кутади.)
____________________
(Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги дуоларни ҳам қилиб олдилар. Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар. Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар. Биз, «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз арабчада «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода, мана, сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам ўзинг ўргат, маъноси бўлади.)
____________________
(Яҳудий ва насронийларнинг гапи битта: униси, яҳудий бўлинг, ҳидоят топасиз, деса, буниси, насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дейди. Бунга жавобан эса, Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга: «Яхшиси ҳаммамиз — сизлар ҳам, биз ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф миллатига эргашайлик», дейишни буюрмоқда. «Ҳаниф» дегани барча ботил динларни ташлаб ҳақ дин томон бурилишни англатади.)
____________________
(Қуръони Каримда зикри келган «асботлар»дан мурод — Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.)
____________________
(Оятдаги «бўёқ» калимаси рамзан динни англатади. Инсонни гўзал қилиб кўрсатадиган нарса диндир. Ҳақиқий диндор шахсда унинг аломатлари яққол кўзга ташланиб туради. Шу маънода, инсон агар гўзал бўлиш учун турли бўёқлардан — дин ва тузумлардан бирини танлаши лозим бўлса, нимани танлаши керак? Албатта, ҳеч қандай гап-сўзсиз, Аллоҳнинг бўёғини (динини) тутиши лозим. Чунки Аллоҳнинг бўёғидан (динидан) ўзга чиройлироқ бўёқ йўқ!)
____________________
(Ояти карима келажакда рўй берадиган муҳим бир ишнинг хабарини бермоқда. Вақти етиб, Аллоҳнинг амри ила қибла Байтул Мақдисдан Каъбаи Муаззамага ўзгартирилганда, яъни мусулмонлар аввалги қиблани қўйиб бошқасига юз ўгирганларида, яҳудийлар — одамлардан эси пастлари, буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан, дейдилар. Бундай кўнгилсиз гаплар бўлишини аввалдан билдириб қўяётганининг бир боиси, бўлғуси ёмон таъсирни кесишдир.)
____________________
(Аллоҳ таоло мусулмонларни ўрта уммат қилган. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва яхши, ўрта, марказ ва адолатли маъноларини англатади. «Ўрта» маънода кўпроқ ишлатилгани учун таржимага шу маъно ихтиёр қилинди. Ўртанинг яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Оятдан, худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундоқ қилдик, деган маъно чиқади.)
____________________
(Ушбу ояти каримада аҳли китобларнинг табиати, феълидаги муҳим нуқта тушунтириляпти: уларга ҳужжат-мужжат керак эмас, уларнинг Исломга нисбатан душманликлари далил ва тушунчанинг етишмаслигидан эмас, балки билиб, тушуниб туриб қилинаётган душманликдир. Аҳли китоблар қиблангга эргашмайдилар, дейилишидан ҳам қибла бутун бошли дин ва миллатнинг рамзи эканлиги кўриниб турибди.)
____________________
(Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки бола унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди аксини топган. Баъзи ҳолларда боланинг ўзи у ёқда турсин, ҳидидан ҳам танийди. Шунга қиёсан зарбулмасал қилиб айтиляптики, «Китоб берилганлар уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар». Чунки уларнинг муқаддас китоблари Таврот ва Инжилда охирзамон Пайғамбари ҳақида ойдин хабарлар келган. Яҳудийлардан инсофлилари ўша хабар асосида Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб, саҳобалик бахтига муяссар бўлганлар. Лекин аҳли китоблардан бир гуруҳлари ҳақни билиб туриб, ҳасад қилишиб, беркитадилар. Шу жумладан, қибла ҳақидаги илмни ҳам. Улардаги мавжуд ҳасад ва ҳақ доимо ўзини кўрсатиб туради.)
____________________
(Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.)
____________________
(Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.)
____________________
(Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)
____________________
(Ушбу оятларда зикр қилинган ҳолатларни доим кўриб, уларнинг ичида яшаб юрамиз. Шу қадар кўникиб кетганмизки, алоҳида эътибор бермай қўйганмиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг борлигига катта бир далилдир. Дарҳақиқат, инсоф билан, ақлни жойига қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик-чи: осмонлару Ерни ким яратган? Осмонларнинг чегарасини ҳали биров чегаралаб билгани йўқ. Ундаги бор нарсалар, ҳамма-ҳаммасини ким яратган? Аллоҳнинг борлигини инкор қилаётган худосизларми? Ёки бошқа бирорта яратувчи борми?)
____________________
(Қиёматдан бир кўриниш: ҳамма ўзи билан овора, биров билан бировнинг иши йўқ. Пешволар, бошлиқлар, бу дунёда бошқаларни ўз ортидан эргаштириб юрганлар ўзларига эргашганлардан тонадилар. Чунки ўзининг иши чатоқ бўлиб турганда, бошқанинг ташвиши ортиқча бўлади уларга. Азобни кўргач, ораларидаги барча боғланишлар, алоқалар, яқинликлар кесилади.)
____________________
(Ояти карима ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар, деганидир бу. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса, ҳалол-ҳаромни фарқламай нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади.)
____________________
(Аллоҳ таоло бу ояти каримада кофирларни чўпонни овозини эшитиб, маъносини тушинмайдиган чорва ҳайвонларига, пайғамбарларни уларни ҳайдаб юрувчи чўпонга ўхшатмоқда.)
____________________
(Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.)
____________________
(Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у киши: «Ушбу оят яҳудийларнинг Каъб ибн Ашраф, Молик ибн ас-Сойф ва Ҳаййи ибн Ахтобга ўхшаш бошлиқлари ҳақида тушган. Улар ўзларига эргашганлардан ҳадялар олар эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг, мазкур манфаатлардан маҳрум бўлишдан қўрқиб, у киши ҳақидаги ҳақиқатни беркитдилар», дедилар.)
____________________
(Қўлларидаги ҳидоят ва мағфиратни бой бериб, қаттиқ азобга дучор бўлишларининг сабаби — улар «Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган»ини тан олмадилар. Ҳолбуки, бу ҳақ китобга амал қилиб, бахт-саодатда яшасалар бўлар эди. Аммо улар Аллоҳнинг китоби хусусида ихтилоф қилдилар, тубсиз талашув ва туганмас ихтилоф гирдобига тушиб қолдилар. Оқибатда мазкур азобларга дучор бўлдилар.)
____________________
(Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қасос олишда адолат бўлишини, ҳаддан ошмасликни уқдириб, «ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл», деб тушунтирмоқда. Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун, албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳақини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳақини яхшилик билан адо этиши зарур.)
____________________
(Бу ояти карима қасоснинг шариатга киритилишининг ҳикматини баён қилмоқда. Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад — ҳаёт учун экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки ҳар бир одам бошқа бировни ўлдирса, қасосига ўзининг ҳам ўлдирилишини билади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди.)
____________________
(Бу ояти карима мерос ҳақидаги оятдан аввал тушган, кейинчалик мерос ояти тушиб, васият қилмаса ҳам, ўлгандан қолган мол мерос сифатида яқин кишиларга бўлиб берилиши баён қилинди. Ўша оятда кимга қанча тегиши ҳам айтилди. Ота-она меросхўрлар қаторига кирдилар.)
____________________
(Яъни, ўлаётган одамнинг васиятини эшитган одам у ўлгач, васиятини ўзгартириб, мол-дунёсининг васиятга мувофиқ тақсимланмаслигига сабаб бўлса, гуноҳкорлардандир. Гуноҳ васият қилувчи ёки васият қилинган кишига эмас, балки ўша ўзгартирувчининг ўзига бўлади. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир.)
____________________
(Биз «тойилиш» деб таржима қилган сўз ояти каримада «жанафан» дейилган. Бу сўз хато қилиб ҳақдан бурилишни билдиради. Яъни, билмасдан. «Гуноҳ» эса, билиб туриб ҳақсизлик қилишдир. Демак, васият қилувчи билибми-билмайми нотўғри васият қилган бўлса, унинг васиятини бузган одам бундан аввалги оятда келгани каби гуноҳкор бўлмайди. Мисол учун, бир одам молининг учдан бири миқдоридан кўпини васият қилиб юборса, васияти фақат учдан бирига ўтади, қолганига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди.)
____________________
(Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.)
____________________
(Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.)
____________________
(«Эътикоф» сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжидда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.)
____________________
(Имом Қуртубий деганларки: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар».)
____________________
(Ҳажга боғлиқ улуғ рукнлар кунини ва яна бошқа вақтларни аниқлаш учун, албатта, ҳилолга қаралади ва вақт унинг чиқишидан белгиланади. Демак, ҳаж ва ҳилолда ўзаро боғлиқлик бор. Шу боғлиқлик туфайли ҳилол ҳақида жавоб тушган оят ҳажга боғлиқ яна бир масалани ҳам ойдинлаштиради. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар саҳиҳ китобларида ал-Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одат бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганда уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...», ояти тушди», деганлар.)
____________________
(Ояти каримадаги «Аш-шаҳрул-ҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани уруш ҳаром қилинган ой, деганидир. «Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни ким уруш ҳаром қилган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади. Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди.)
____________________
(Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. Бунга жиҳод учун ҳам, бошқа хайрли ишлар учун ҳам нафақа қилиш киради. «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» жумласида бир неча хил маъно бор. Бири: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Яъни, бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин, дегани. Яна бир маъноси: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади.)
____________________
(Ўзига ҳажни фарз қилиш — ҳажни ният қилиб, иҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди. Фисқ — катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш. Жанжал — одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, аччиқ чиқариш. Бу ишлар ҳам мумкин эмас. Чунки ҳаж қилувчи инсон улуғ мақомга эришган бўлади. У дунёнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ажраб, Аллоҳга юзланади, Роббул Оламийннинг уйини зиёрат қилгани чиққан бўлади. Шу боис олий даражадаги одоб билан одобланиши зарур. Ҳамма ёмон нарсаларни тарк этиб, яхши ишларни кўпроқ қилиши лозим.)
____________________
(Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган. Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умардан, биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта», дедим. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар. Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар.)
____________________
(Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Арафа, қурбонлик ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрами — емоқ, ичмоқ кунларидир», деганлар. Шундан чиқадики, арафа ва қурбон ҳайити кунлари ташриқ кунлари қаторига кирмайди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг», дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин, «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг, деганидир».)
____________________
(Бу ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. Унинг ягона мақсади — Аллоҳнинг розилигини топиш. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди.)
____________________
(Очиқ-ойдин баёнотлар, ҳужжат ва далиллар келгандан кейин ҳам Исломга юрмай, шайтоннинг изидан юришларидан улар худди қиёматни интизор бўлиб кутаётганга ўхшайди. Иш тугаб, ҳамма нарса охирига етадиган кунни кутаётганга ўхшайди. Бўлмаса, ҳамма нарса аниқ бўлган бўлса ҳам, нима учун Исломга кирмай турибдилар? Нима уларнинг йўлини тўсяпти? Улар билиб қўйсинларки, «барча ишлар Аллоҳга қайтажак».)
____________________
(Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан-бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди — шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт — охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.)
____________________
(Аллоҳ ирода қилган тўғри йўл Исломга тўлиғича кириш билан бўлади. Буни амалга ошириш учун шайтоннинг изидан юрганлар, ҳасад, тамаъ, ҳирс ва ҳавою нафс туфайли ҳақ китоб тўғрисида ихтилофга тушганлар билан бўладиган тўқнашувларда ғолиб келиш керак. Улардан бўладиган зулм ва душманликларга чидаш керак.)
____________________
(Демак, жаннатга кириш осон эмас, иймон, исломни оғизда эълон қилиб қўйиш билангина бўлавермайди. Жаннатга киришнинг бир шарти — аввалги умматлардан унга киришга ҳақдор бўлганларга юборилган оғир синовларни бошдан ўтказиш зарур.)
____________________
(Аллоҳ таоло бандаларининг ҳамма ҳолатларини яхши билади. Уларнинг жангни ёқтирмасликларини ҳам билади. Инсоннинг табиати шундоқ: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Ислом одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда, икки дунёда бахт — саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади. Инсонга ёқмайдиган жанг, нафақа каби нарсалар аслида ўзи учун яхши бўлади. Шунингдек, урушга бормай уйда ўтириши каби ўзига яхши кўринган нарсалар аслида унинг учун ёмонлик бўлиши мумкин. Бундай ишларнинг оқибатини Аллоҳ билади, банда билмайди.)
____________________
(Ҳукм умумий: ким бўлишидан қатъий назар, иймон келтирса, мўминлик сифатига эришса, динию диёнатини сақлаб қолиш ниятида ҳижрат қилса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилса, улар Аллоҳнинг раҳматидан умид қиладилар. Аллоҳнинг раҳмати уларга бўлмаса, кимга бўлар эди!)
____________________
(Оятдаги «хамр» сўзини ичкилик, ароқ ёки вино деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни бир оз бўлса-да таъсир ўтказувчи барча нарсага айтилади. Бунинг ичига наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради. Дунёда адолат ўрнатиш, Ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар.)
____________________
(Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтишларича, етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.)
____________________
(Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса, ақида бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақидаси бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман қилинади.)
____________________
(Эр-хотин орасидаги ҳассос ва нозик алоқа Қуръони Карим оятларида ўзига хос услуб билан тасвирланади. Аввалги оятлардан бирида эр-хотинни бир-бирига нисбатан кийим-либос деб таъриф қилинган эди. Бу оятда эса, аёллар экинзорга ўхшатиляпти.)
____________________
(Ийлаа — эр кишининг ўз хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичишидир. Жоҳилият даврида одамлар хотинидан аччиғи чиқса ёки уни жазоламоқчи бўлса, ийлаа қилиб, унга жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичиб қўяр экан. Шу билан бир-икки йил ёки ундан ҳам кўпроқ бепарво юраверар экан. Аёл бечора азобда қолар экан. Ийлаанинг узоқ вақти айнан тўрт ой бўлишининг ҳикмати шуки, аёл киши эрсиз шу муддатга сабр қила олади. Бундан ўтиб кетса, чидай олмаслик эҳтимоли бор.)
____________________
(Ушбу ояти каримадаги ҳукм эри билан бирга яшаган, ҳайз кўрадиган ва талоқ қилинган аёлларга оиддир.)
____________________
(Яъни, агар аввалги иккита устига яна бир бор талоқ қилса, жами учта бўлади. Уч талоқ бўлгандан кейин аёл талоқ қилган эркакка ҳалол бўлмайди. Эру хотин бўлиб яшашлари мумкин эмас. Фақат бир йўл бор, у ҳам бўлса, у аёл бошқа эрга тегса-ю, у эр билан эр-хотин бўлиб ҳаёт кечириб юрганда, иккинчи эр вафот этиб қолса ёки талоқ қилса, шундан кейингина яна аввалги эри билан қайта турмуш қурса бўлади. «Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмайди», дейилишининг маъноси шу.)
____________________
(Аллоҳнинг улуғ неъмати — Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборишидир. Ваъз этиб туширган китоби — Қуръони Карим. Ҳикмат — Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари. Бу нарсаларни доимо эсда тутиш, улар асосида илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшашгина инсонга бахт келтиради, шу жумладан, оилавий ҳаётда ҳам.)
____________________
(Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида синглисини мусулмонлардан бир кишига эрга берибди. Эру хотин бир муддат бирга яшашибди. Кейин эр хотинини бир талоқ қўйиб, қайтмабди. Иддаси чиқиб кетибди. Кейин икковлари ҳам афсус қилиб, эр хотинга, хотин эрга муҳаббат қилибди. Ва бошқа совчилар қатори совчи қўйибди. Шунда Маъқал ибн Ясар унга: «Пасткашнинг ўғли пасткаш! Сени ҳурмат қилиб синглимни берган эдим, сен бўлса уни талоқ қилдинг. Аллоҳга қасамки, у сенга абадий қайтмайди», дебди. Сўнгра Аллоҳ таоло эрнинг хотинга, хотиннинг эрга ҳожатини билиб, «Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари етганда...» деб бошланиб, «... сиз эса билмайсиз», деб туговчи оятни нозил қилди. Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу ояти каримани эшитишлари билан: «Парвардигорнинг сўзини эшитдик ва итоат қиламиз, дедилар-да, куёвни чақириб: «Синглимни сенга никоҳлаб бераман ва сени ҳурмат қиламан», дедилар.)
____________________
(Жоҳилият аҳлининг одатига биноан, эри ўлган хотиннинг устига эрининг қариндошларидан бири ридосини ташлаб қўйса, аёл бечора ўз-ўзидан ўша одамнинг мулкига айланиб қолар эди. Хоҳласа ҳалиги одам ўзи хотин қилар, хоҳласа, бошқа эрга бериб, маҳрини олар ёки умуман сотиб юборар эди. Ислом бу зулмни аёлнинг елкасидан кўтариб ташлади. Эри ўлган аёлнинг иддасини маълум муддатга чегаралаб қўйди: «тўрт ой-у ўн кун». Бунинг ҳикмати кўп. Аввало, бу муддат ичида раҳмининг (бачадоннинг) ҳомиладан бўш ёки бўш эмаслиги билинади. Иддалари чиққанидан кейин, аёллар шариат йўли билан ўзларига совчи кутсалар, айб эмас. Демак, эри ўлганидан тўрт ой-у ўн кун битгач, хотини ясаниб, пардоз қилиб, эрга тегиши учун совчи кутса, ўзининг иши, ҳеч кимга гуноҳ бўлмайди. Уни бу ишдан тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ. Шариатнинг ҳукми шу. Ҳаётда бундан бошқа ҳолларнинг учраб туриши эса, бидъат ёки хурофотдир. Хурофотдан сақланиш лозим. Чунки: «Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир». Иддада ўтирган аёлга нисбатан шариат кўрсатмаларидан бошқа йўл тутмаслик керак.)
____________________
(Бу оятда никоҳдан кейин маҳрни аниқламаган ҳолатда духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.)
____________________
(Намозни муҳофаза этиш — уларни ўз вақтида, яхшилаб, камчиликсиз ўқиш маъноларини билдиради. «Ўрта намоз» ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Лекин далилларни солиштириб кўрган уламолар «ўрта намоз»дан мурод — аср намози, деганлар. Имом Муслим қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аҳзоб урушида: «Бизни ўрта намоз, аср намозидан машғул қилдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларини ҳам, уйларини ҳам оловга тўлдирсин», деганлар.)
____________________
(Одамлар кўп нарсаларни билмайдилар, Аллоҳ ўргатмаса ҳеч нарсани билмас эдилар. Шунингдек, Аллоҳ ўргатмаса, намоз ўқишни ҳам билмасдилар. Хотиржам бўлганларида, Аллоҳ қандай ўргатган бўлса, шундоқ қилиб намоз ўқисинлар.)
____________________
(Демак, бир вақтлар катта бир қавм ўлимдан қочиб, диёрларини ташлаб чиққан эканлар. Ўлимдан қочишларининг сабаби турлича бўлиши мумкин. Балки вабо тарқалган бўлса, шундан қочишгандир. Ёки душман билан жанг қилиш керак бўлса, урушда ўлиб кетмайлик, деб қочишгандир. Мақсадларининг тескариси бўлди. «Ўлинг» деган бир оғиз сўз билан ўлиб қолишди. Демак, Аллоҳнинг қазои қадаридан қочиб бўлмас экан. Аллоҳдан ўзга қайтиб борадиган жой йўқ экан. Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган вақтида ўлдирар экан.)
____________________
(Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бани Исроилнинг аъёнлари, катталари, ишбошиларидан бир гуруҳи ўз набийлари олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ — бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», дейишди. Улар «Аллоҳнинг йўлида уруш» қилмоқчилар. Лекин қуруқ ҳавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, бизга подшҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик, демоқдалар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайтган гуноҳкор бўлади.)
____________________
(Бани Исроилнинг талабига биноан, Толут уларга подшоҳ этиб тайинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳнинг амрига исён қилишди. Аллоҳ тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато деб эълон қилишди.)
____________________
(Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини Бани Исроилга исбот этиш учун уларга қойил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир мўъжиза содир этиляпти. Маълумки, уламоларимиз ушбу ҳодисани пайғамбарлардан қолган нарсаларни табаррук тутишга далилдир, деганлар. Пайғамбарлари, тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, деди.)
____________________
(Асл нарса ўзи оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган, муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Аллоҳниг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.)
____________________
(Довуд Толут аскари ичида ёш йигит эди. Жолут эса, катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи аскарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва аскарбошининг ёшгина йигитча қўлида қатл бўлишини ирода қилди. Бу билан одамларга, Аллоҳ хоҳласа, ҳар қандай жаббор бўлса ҳам, бир ёш йигит унинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. «Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди». Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди. Аллоҳ таоло унга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.)
____________________
(«Булар» — мингларча одамларни ўлдириш ва тирилтириш, тобутни фаришталар кўтариб келиши, оз сонли мўминларнинг кўп сонли кофирларнинг устидан ғолиб келиши ҳақидаги хабарларни ўз ичига олган оятлардир. Уларни Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ҳақ ила ҳикоя қилиб бермоқда. «Ҳақ билан» дегани — қандай бўлган бўлса, шундай, воқеликдаги ҳодисанинг ўзини айтиб бермоқда, деганидир.)
____________________
(«Муқаддас руҳ» деб таржима қилинган «Руҳул қудус»дан мурод Жиброил фаришта алайҳиссаломдир.)
____________________
(Имом Муслим ва Имом Аҳмад Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят Курси ояти эканлиги таъкидланган. Имом Насоий Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар фарз намоздан кейин «Оятул Курсий»ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос», деганлар. Яъни, ўлмагани учун жаннатга кирмайди, агар вафот этса, уни жаннатдан тўсадиган ҳеч нарса қолмайди, дегани.)
____________________
(Ақида, иймон масаласи инсон қалбига боғлиқ жуда ҳам нозик бир масаладир. Бу нарсани мажбур этиб, куч билан сингдириб бўлмайди. Балки ҳар бир инсон баён қилинган нарсаларга тушуниб иймон келтиргандагина мақсад ҳосил бўлади. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинади. Аллоҳ таоло Ўзи «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради», деб қўйган. Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръони Каримни тушириб, Исломни жорий қилгандан сўнг тўғри йўл нотўғрисидан, ҳақ ботилдан ажради. Ҳамма нарса ўз ўрнини топди. Шундай бўлгандан кейин «Динга мажбур қилиш йўқ». Ҳар кимга Аллоҳ ақл берган, ўзига керак йўлни танлаб олсин.)
____________________
(Биз оятда «дўст» деб таржима қилган ибора арабчада «валий» деб келган бўлиб, бу сиз билан бизнинг тушунчамиздаги «дўст»дан кўра кенгроқ тушунчани ифода қилади. Бу дўст ишбоши, ҳамма керакли нарсаларни тайёрлаб, ишларни тўғри изга солиб турувчи ғамхўрдир. «Тоғут» — Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган нарсалар.)
____________________
(Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссалом билан у кишининг даврларида ўтган бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишувини ҳикоя қилади.)
____________________
(Демак, ўша киши Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қодир эканига шубҳа билан қарарди. Шунда Аллоҳ таоло унга, ўлган нарсаларни қандай қилиб тирилтиришини тушунтириб ўтирмади-да, у банданинг ўзини тажриба қилиб қўя қолди: «Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди». Бўлиб ўтган воқеани тушуниб етиш учун Аллоҳ унга: «Қанча ётдинг?» деди». У одам ўзининг қанча ётганини қаердан билсин. Вақтни сезиш тирик, ҳаёт нашидасини суриб турган кишиларга хос хусусият. У бўлса, юз йил ўлиб ётди. Бунинг устига, ҳис-туйғу одамни алдайди ҳам. Шунинг учун: «У: «Бир кун ёки бир кунининг баъзисича ётдим», деди». Ўзининг билганича жавоб берди. Ўзининг юз йил ўлиб ётиб, яна қайта тирилгани унга бир кун ёки бир кундан ҳам озроқ ётгандай бўлиб кўринди. Бу ҳолати ўзига тасдиқлатиб олингандан сўнг, бўлган ишнинг ҳақиқати унга айтилди: «Балки юз йил ётдинг», дейилди.)
____________________
(Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «Оре (ишондим), лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар.)
____________________
(Аллоҳнинг йўлида сарфланган молнинг савобини тўлиқ олишнинг шарти ҳам бор, у ҳам бўлса, мол сарфловчи миннат қилмаслиги ва молни олганларга озор бермаслиги керак. Миннат қилишлик ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради.)
____________________
(«Ортидан озор келадиган садақа»нинг кераги йўқ. Ундан кўра бир оғиз ширин сўз ва кечиримли бўлиш яхшироқдир. Бир оғиз бўлса ҳам, ширин сўз қалбнинг жароҳатига малҳам бўлади, кишининг кўнглини кўтаради. Кечириш эса, ҳасад ва ёмонликни ювиб ташлаб, ўрнига муҳаббат ва дўстликни солади.)
____________________
(Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолишлик ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар ҳиссида бу ишнинг нақадар ёмон иш эканлигини жонли тасвир қилинмоқда.)
____________________
(Аллоҳнинг йўлида қилинган садақа худди дарахтлари остидан шарқираб сувлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боққа ўхшайди. Боғдан ҳаммага фойда — кўрган ҳам, кирган ҳам, еган ҳам ҳурсанд. Худди шунингдек, Аллоҳ йўлида қилинган садақа берганни ҳам, олганни ҳам, билганни ҳам хурсанд қилади. Ҳаммага ўз даражасида фойда етказади. Ана шундай олиймақом боғу бўстони бор одам шу боғнинг ўтли бўронда куйиб тугашини, хусусан, ёши бир жойга етиб, қўлидан бир иш келмай қолган чоғида, унинг қўлига қараб турган заифҳол зурриётлари бор чоғида шундай бўлишини хоҳлайдими? Албатта, йўқ. Аллоҳ йўлида садақа қилган одам ҳам гўё ўшандай боғу бўстонга эришган бўлади. Садақаси кетидан миннат этса ва озор етказса, худди ўтли бўрон билан боғини куйдиргандек бўлади. Садақасининг савоби қолмайди.)
____________________
(Шайтон бандаларни молингдан садақа қилсанг, фақир-камбағал бўлиб қоласан, деб қўрқитади. Ҳам кишиларни фаҳшга — ёмон гуноҳ ишларга, қизғанчиқликка, бахиллик ва молу дунёга ўч бўлишга буюради. Шайтоннинг гапига кирганлар фақирликдан қўрқиб, бахил бўлиб, Аллоҳнинг йўлида садақа қилмай юраверадилар.)
____________________
(Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, қойиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлишлик унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар.)
____________________
(Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.)
____________________
(Бу тоифадаги одамлар ўзларини Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга бағишлаган кишилардир, улар нафсларини жиҳод учун тутганлар, шу сабабдан касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоқда, иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб бой деб ўйлайди. Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Улар ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, қандай қилиб топамиз уларни? «Уларни сиймоларидан танийсан».)
____________________
(«Кечасию кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда; «молларини» деган сўз замирида эса, ҳамма тур моллар ва ҳамма тур эҳсон қилувчиларга ишора бор. Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда — Роббилари ҳузурида эканлиги таъкидланмоқда.)
____________________
(Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади. Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса, иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «садақаларни зиёда қилади». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.)
____________________
(Ҳақиқий иймон эгаси бўлган кишилар доимо яхши амалларни қиладилар, хусусан, намозни вақтида яхшилаб адо этадилар. Иқтисодий соҳада эса, закот берадилар. Рибохўрлар одамларнинг пешона тери билан топган даромадларини ҳаром йўл билан ўзлаштириб олаётган бўлсалар, мўминлар ўзлари пешона тери билан топган ҳалол молларидан закот чиқариб одамларга, шундай еб кетарга берадилар. Қайтариб олиш ёки ўрнига бошқа нарса олиш умидлари ҳам йўқ. Уларнинг бирдан-бир умидлари «закот берганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир», деган ваъдададир. Улар икки дунёда эминлик ва бахт-саодатда бўлурлар.)
____________________
(Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож. Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор, уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда. Агар қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар. Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки бунда орага молу пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқасининг ҳақини еб кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котиб ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур, бу нарса бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо барибир бу шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.)
____________________
(Борлиқ Аллоҳнинг мулкидир. Мулкида жараён этаётган ҳар бир ишдан У огоҳдир. Жумладан, бандаларнинг яширин ниятларини ҳам, ошкора ишларини ҳам яхши билади. Ва ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб, хоҳлаганини кечиб юборади, хоҳлаганини азоблайди.)
____________________
(Ушбу ояти карима ва кейинги оят иккалови суранинг хулосасини мужассам қилгандир. Бу икки оятнинг ҳар бир сўзи улкан маъно англатади. Уларда ақида, иймон хусусиятлари, банданинг ўз Робби билан бўладиган ҳоли, фарз қилинган амалларга муносабат ва бошқалар келган.)
____________________
(Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди — яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сураи Бақаранинг икки оятини ўқи, улар менга Аршнинг остидаги хазинадан берилган», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», деганлар...)