ترجمة سورة البروج

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة البروج باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам;
2. Ваъда қилинмиш (Қиёмат) Кунига қасам;
3. (Ўша Кунда) гувоҳ бўлгувчи (барча халойиққа) ва гувоҳ бўлингувчи (барча воқеа-ҳодисалар)га қасам-ки,
4. Чоҳ эгалари лаънат қилингайлар!
5. (У чоҳ ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли оловдир!
6. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган,
7. Ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар.
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятларда қадимда ўтган бир золим подшоҳ ва унинг малайлари мўминларни Аллоҳ таолога бўлган иймон-эътиқодларидан қайтариш учун қўллаган мудҳиш чоралари ва оқибат-натижада ўзлари қазиган чоҳга ўзлари қулаб ҳалок бўлганлари ҳақида хабар берилди. Ўшанда улар мўминларни ташлаб ёқиб юбориш учун узун ва чуқур чоҳ кавлашиб, ҳар бир мўминни ўша чоҳ ёқасига келтиришгач, агар иймонидан қайтмаса, мана шу ловуллаб ёниб турган чуқурга итқитилишини айтишганида, бирон мўмин иймонсиз яшашни иймон билан шаҳид бўлишдан ортиқ билмаган экан. Лекин улар ўша чуқурга отилган пайтларида ҳали олов баданларига тегмасидан Аллоҳ таоло уларнинг жонларини Ўз ҳузури олийсига чорлаган, мўминларнинг жасадларини куйдиришдан ор қилган олов эса юқорига ўрлаб, чоҳ ёқасида томошабин бўлиб ўтирган кофирларни куйдириб ҳалок қилган экан. Бу қиссадан ҳисса шуки, мангу саодатга элтгувчи Иймон йўли осон йўл эмас, балки барча замонлардаги носоз тузум ва бузуқ жамиятларда аҳли иймон бошига ана шундай оғир синов тушиши мумкин. Ана ўша пайтда иймон имтиҳонидан гарчи шаҳид бўлиш баробарига бўлса-да, ўта олган мўминлар нажот топган бўлурлар. Уларга зулму-ситам кўрсатган мустабид ҳокимлар эса шак-шубҳасиз, ҳалокатга маҳкумдирлар.
8. Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудрат ва мақтов эгаси бўлган Аллоҳга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар!
9. У — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотдир! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир!
10. Албатта мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир ва улар учун ўт азоби бордир!
11. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу катта бахтдир.
12. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг (кофирларни азоб билан) ушлаши қаттиқдир.
13. Албатта Унинг Ўзи бошлар (яъни, бошлаб йўқдан бор қилур) ва қайтарур (яъни, халойиқни ўлганларидан кейин қайта тирилтирур).
14. У (мўминларга) мағфиратли муҳаббатли Зотдир.
15. (У) арш соҳиби бўлмиш буюк Зотдир.
16. (У) истаган нарсасини амалга оширгувчидир.
17. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга қўшинларнинг хабари келдими?
18. — Фиръавн (ва унинг одамларининг) ҳамда Самуд (қабиласининг хабари келдими?)
____________________
И з о ҳ. Яъни улар кофир бўлганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлдилар-ку! Бас, Қуръонга ва Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга иймон келтирмаганлар ҳам худди ўшалар каби ҳалок бўлурлар!
19. Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар!)
20. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортида (барча нарсани билиб) иҳота қилиб тургувчидир.
21. Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Буюк Қуръондир.
22. Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган — ҳимояланган Лавҳдаги Буюк Қуръондир).
Icon