ترجمة سورة الصافات

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الصافات باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. (Аллоҳ йўлида) саф тортиб турадиган,
2. (Аллоҳнинг бандаларини гуноҳ йўлларидан) мудом тўсадиган,
3. (Аллоҳнинг каломини) доимо тиловат қиладиган (инсонлар ва фаришталардан иборат барча) зотларга қасамки,
4. Шак-шубҳасиз, сизларнинг илоҳингиз ягонадир.
5. (У зот) осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир. (У зот) бор кунчиқар жойларнинг (ва бор кунботар жойларнинг) Парвардигоридир.
6. Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни юлдузлар билан зийнатладик.
7. Ва (уни) ҳар бир итоатсиз шайтондан — жиндан сақладик.
8. У (жин)лар энг юксак мавжудотларни (яъни, фаришталарнинг сўзларини) ҳаргиз эшита олмаслар ва уларга ҳар томондан (юлдузлар) отилур.
9. (Уларни) ҳайдаш учун. Улар учун (Охиратда) доимий азоб бордир.
10. Магар бирон марта (бирон сўзни) илиб олган кимса (яъни, жин) бўлса, уни ҳам учар юлдуз қувиб етар (ва ҳалок этар).
11. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка кофирларидан) сўранг-чи, улар(ни) яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларними?! (Яъни, фаришталар ва Еру осмондаги барча мавжудотни яратиш одамзотни яратишдан оғирроқ эмасми?!) Зотан, Биз (инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳиссаломни) ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз.
12. Балки сиз (уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан) таажжубдадирсиз, (аммо) улар (сизнинг Охират ҳаёти ҳақидаги сўзларингизни) масхара қилурлар.
13. Уларга (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинса, панд-насиҳатни олмаслар.
14. (Сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган) бирон оят-мўъжизани кўрсалар, (дарҳол иймон келтириш ўрнига) янада зиёдароқ масхара қилурлар.
15. Ва дерлар: «Бу фақат очиқ-равшан сеҳрдир.
16. Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланиб кетган чоғимизда ростдан ҳам яна қайта тирилгувчи эканмизми?!
17. Аввал ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам-а?! »
18. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: «Ҳа! Сизлар хор-зор бўлган ҳолингизда (албатта қайта тирилурсизлар)».
19. У (яъни, қайта тирилиш) фақатгина фаришта Исрофилнинг сури билан чалинган бир қичқириқдир, холос, бас, баногоҳ улар (қайта тирилиб, «кунларини») кўрурлар.
20. Ва «Эй, ўлим бўлсин бизларга! Бу жазо-Қиёмат Куни-ку!», деб қолурлар.
21. Мана шу сизлар ёлғон деб ўтган (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир.
22. (Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар!
23. Аллоҳни қўйиб (ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар) ва дўзах йўлига бошланглар.
24. (Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар.
25. (У Кунда кофирларга дейилар): «Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсизлар?!»
26. Йўқ, улар бу Кунда (ҳеч нарса қила олмаслар, (балки фақат Бизнинг ҳукмимизга) бўйинсунгувчидирлар.
27. Уларнинг бировлари бировларига қараб савол-жавоб қилурлар:
28. (Эргашувчилар ўзларини йўлдан урган пешволарига): «Ҳақиқатан, сизлар бизларга ўнг томондан (яъни, бизлар ишониб яхшилик кутадиган томондан) келар эдинглар», деганларида.
29. (Пешволар) айтурлар: «Йўқ, сизлар ўзларингиз мўмин бўлмаган эдинглар.
30. Ахир бизлар учун сизларнинг устингизда бирон салтанат — ҳукмронлик йўқ эди-ку! Йўқ, сизлар ўзларингиз ҳаддан ошгувчи қавм эдинглар.
31. Бас, энди (бизларга ҳам, сизларга ҳам) Парвардигоримизнинг Сўзи — азоби ҳақ бўлди. Шак-шубҳасиз, бизлар (уни) тотгувчидирмиз.
32. Чунки бизлар йўлдан озгувчи бўлганимиз сабабли сизларни ҳам йўлдан урдик».
33. Бас, албатта улар (яъни, Аллоҳ йўлидан озган кимсалар ва уларни йўлдан урган пешволари) ўша Кунда азобда шерик бўлгувчидирлар.
34. Дарҳақиқат, Биз жиноятчи кимсаларни (мана шундай) азобга дучор қилурмиз.
35. Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар.
36. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?», дер эдилар.
37. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом асло шоири мажнун эмасдир, балки) у Ҳақ (дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пайғамбарларни тасдиқ этди.
38. (Эй жиноятчи кимсалар), сизлар шак-шубҳасиз, аламли азобни тотгувчидирсизлар.
39. Сизлар фақат қилиб ўтган жиноятларингиз сабабли жазоланурсизлар.
40. Магар Аллоҳнинг покиза бандалари бордирки;
41. Ана ўшалар учун маълум ризқ (бўлур).
42. (Ҳар турли) мевалар бўлур ва улар ҳурмат-иззат кўргувчидирлар.
43. Ва улар ноз-неъмат боғларида,
44. Сўрилар устида бир-бирларига рўбарў ўтирган ҳолларида (ҳурмат-иззат кўргувчидирлар).
45. Уларга оқар чашмадан (шароб) косалари айлантириб турилур.
46. Ичгувчилар учун лаззат бўлган оппоқ (шароб косалари айлантириб турилурки),
47. У (шароб)да маст қилгувчи — ақлдан оздиргувчи нарса бўлмас ва улар ундан маст бўлмаслар.
48. Яна уларнинг олдиларида кўзларини (бегоналарга қарашдан) тийгувчи,
49. Гўё яшириб қўйилган (оппоқ) тухумдек (заҳаланмаган) оҳу кўзлар бўлур.
50. Бас, улар (яъни, аҳли жаннат) бир-бирларига қараб савол-жавоб қилурлар.
51. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бири деди: «Менинг бир дўстим бор эди.
52. У (менга) «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этгувчиларданмисан?
53. Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангучимизми?», дер эди.
54. (Сўзлагувчи ҳаёти дунёда Охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганига) қарагувчимисизлар?», деди.
55. Сўнг ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўргач;
56. Деди: «Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг.
57. Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни, ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилингувчилардан бўлур эдим.
58. (Қани сен менга айтгинчи), бизлар (яъни, жаннат аҳли худди ҳаёти дунёда бизга ваъда қилинганидек), ўлгувчи эмас эканмизми?!
59. Фақат биринчи ўлимимиздан бошқа (ўлгувчи эмаслигимиз рост эканми?). Бизлар (ростдан ҳам) азоблангувчи эмас эканмизми?
60. Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган неъматлар) улуғ бахтнинг ўзидир.
61. Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар!
62. Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими?
63. Ҳақиқатан, Биз уни (яъни, Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик.
____________________
И з о ҳ. Дўзахда Заққум дарахти бўлиши ҳақида сўзланганида кофирлар «Дўзахда қандай қилиб дарахт ўссин, ахир дўзахнинг ўти уни куйдириб юбормайдими?», деганлар. Шунинг учун юқоридаги оятда кофирлар Аллоҳ таолонинг қудратига шак келтирганлари учун у дарахт тўғрисида зикр қилинганида, ақллари бовар қилмай фитна-алдовга дучор бўлишлари уқтирилди.
64. Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир.
65. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар.
66. Бас, улар (яъни, дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдиргувчидирлар.
67. Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни, уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур).
68. Сўнгра уларнинг қайтадиган жойлари яна албатта дўзахда бўлур (яъни, қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг, энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур).
69. Албатта улар (яъни, Макка мушриклари) ўзларининг ота-боболарини йўлдан озган ҳолда топдилар.
70. Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.
71. Аниқки, улардан аввал ўтганларнинг кўплари ҳам йўлдан озган эдилар.
72. Ҳолбуки, Биз уларнинг (яъни, аввал ўтганларнинг) орасига огоҳлантиргувчи (пайғамбар)ларни юборган эдик.
73. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), огоҳлантирилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятларда Макка мушрикларининг иймон-исломга келмаганидан бениҳоят ғамгин бўлиб келган Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга таскин-тасалли бўлсин учун улардан илгари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилиб ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ўтгани ҳақида хабар берилди. Қуйидаги оятларда эса Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига аввалги пайғамбарлардан етти кишининг қиссаларини мўъжаз (қисқача) баён қилади.
74. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (ҳалокатга дучор бўлмадилар).
75. Қасамки, Нуҳ (қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга илтижо қилди. Бас, (Биз) нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз;
76. Биз унга ва унинг аҳли-тобеъларига улуғ ғамдан (яъни, ғарқ бўлишдан) нажот бердик.
77. Ва унинг зурриётини (то Қиёмат) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик.
78. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Нуҳ) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.
79. Барча оламларда Нуҳга салом бўлгай.
80. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
81. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.
82. Сўнгра бошқаларни (яъни, Нуҳни ёлғончи қилган кимсаларни) ғарқ қилиб юбордик.
83. Шак-шубҳасиз, Иброҳим ҳам (Нуҳ)нинг гуруҳидандир.
84. Эсланг, у Парвардигорига тоза дил билан келди.
85. Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?!
86. Аллоҳни қўйиб, сохта «худолар»га (сиғинишни) истайсизларми?!
87. У ҳолда барча оламларнинг Парвардигори ҳақида (яъни, У зот сизларнинг мушриклигингиз учун берадиган жазоси ҳақида) не гумонингиз бор?!»
88. Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб:
89. «Аниқки, мен касалман», деди.
____________________
И з о ҳ. Нақл қилинишича, ўша даврда кишилар ўртасида юлдузларга қараб фол очиш — мунажжимлик жуда кенг ёйилган экан. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом мушрикларнинг байрамини нишонлаш учун ҳайитгоҳга чиқиб кетаётган қавмидан ажралиб қолиш мақсадида Иброҳим алайҳиссалом гўё юлдузларга қараб билиб олгандек, уларга «Мен вабога йўлиқар эканман», дедилар. Бу сўзни эшитгач вабо юқишидан қўрққан қавм:
90. Дарҳол ундан юз ўгирган ҳолларида кетдилар.
91. Бас, (Иброҳим) аста уларнинг бутлари олдига келиб: «(Олдиларингиздаги) таомларни емайсизларми?
92. Нега сўзламаяпсизлар?!», деди.
93. Сўнг уларга яқин келиб, ўнг қўли(даги болта) билан урди.
94. Бас, (қавми) унинг олдига шоша-пиша келишгач,
95. У деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?!
96. Ҳолбуки, сизларни ҳам, қилиб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»
97. Улар (бир-бирларига) дедилар: Иброҳим учун (олов ёқиладиган) бинолар қуриб уни ўша оловга ташланглар».
98. Бас, улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлган эдилар. Биз уларни тубан-мағлуб қилдик.
99. (У ўт ичидан эсон-омон чиқди) ва деди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган тараф)га кетгувчидирман. Унинг Ўзи мени (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилур.
100. (Парвардигорим,) Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин».
101. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик.
102. Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншоаллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан».
____________________
И з о ҳ. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларида берилган фармоннинг ўзи биланоқ ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишга чоғландилар ва ўғиллари ҳам (ўшанда у киши эндигина ўн уч ёшга қадам қўйган эканлар) тўла розилик билан Аллоҳнинг амрига бўйинсундилар.
103. Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики,
104. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим,
105. Дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
106. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос.
107. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни — қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик).
108. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.
109. Иброҳимга салом бўлгай.
110. Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
111. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.
112. Яна Биз унга пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Исҳоқнинг хушхабарини бердик.
113. Ва (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур.
114. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга (пайғамбарлик) инъом қилдик.
115. Биз иккисига ва уларнинг қавмига улуғ ғамдан нажот бердик.
116. Ва уларни Ўзимиз қўлладик, бас, улар (Фиръавн ва унинг одамлари устидан) ғолиб бўлдилар.
117. Биз уларга равшан Китоб — Таврот ато этдик.
118. Ҳамда уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилдик.
119. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Мусо ва Ҳорун) ҳақида (гўзал мақтовлар — олқишлар) қолдирдик.
120. Мусо ва Ҳорунга салом бўлгай.
121. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
122. Дарҳақиқат, иккиси ҳам Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.
123. Илёс ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.
124. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!»
125. Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, энг гўзал-афзал Яратгувчи Аллоҳни тарк қилурмисизлар?!
126. Сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигорини (тарк қилурмисизлар?!)»
127. Бас, (қавми Илёсни) ёлғончи қилдилар. Энди албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилингувчидирлар.
128. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар).
129. Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик.
130. Илёсга салом бўлгай.
131. Албатта, чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
132. Албатта, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.
133. Лут ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.
134. Эсланг, Биз унга в унинг барча аҳли-тобеъларига нажот берган эдик.
135. Фақат (азобда) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (яъни, Лутнинг хотинига нажот бермадик).
136. Сўнгра бошқаларни (яъни, Лутни ёлғончи қилганларни) ҳалок қилдик.
137. (Эй Макка аҳли,) аниқки, сизлар эрта-ю кеч уларнинг устидан ўтиб турурсизлар.
138. Ахир ақл юргизмайсизларми (яъни, Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқмайсизларми)?!
139. Юнус ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.
140. Эсланг, у (ўз қавмидан ғазабланиб, Парвардигорининг изнисиз қишлоғидан чиқиб, (одамлар билан) тўла бўлган кемага қараб қочган эди.
141. Бас, (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар).
____________________
И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Юнус алайҳиссалом ўзларини ёлғончи қилган қавмларидан ғазабланиб, уларнинг устига яқин орада қаттиқ бало тушиши ҳақида огоҳлантирадилар ва ўзлари Аллоҳ таолонинг изни-фармонисиз ўз қишлоқларидан чиқиб кетиб, бир денгиз соҳилига бориб қоладилар ва ўша вақтда жўнашга шай турган, одамлар билан тўла бир кемага миниб йўлга тушадилар. Аммо у кема денгизнинг ўртасида тўхтаб қолади. Шунда кемадагилар «Орамизда ўз хожасидан қочиб келаётган бир қул бор, агар уни кемадан тушириб юбормасак, ҳаммамиз ғарқ бўлишимиз тайин», дейишиб ўрталарида қуръа ташлаганларида, қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади ва кемадагилар уни денгизга улоқтирадилар.
142. Бас, уни (Парвардигорининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди.
143. Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди,
144. Албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунларигача (яъни, Қиёматгача) қолиб кетган (яъни, ҳалок бўлган) бўлур эди.
145. Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик.
146. Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.
147. Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик.
148. Бас, улар (Юнусга) иймон келтирдилар. Сўнг Биз уларни (маълум) бир муддатгача (яъни, ажаллари битгунча ҳаёт неъматидан) баҳраманд этдик.
149. Энди (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка кофирларидан) сўранг-чи, қизлар Парвардигорингизники-ю, ўғиллар уларникимикан. (Яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмиш).
150. Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?!
151. Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли айтурларки,
152. «Аллоҳнинг боласи (яъни, қизлари) бор». Улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар.
153. (Аллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?!
154. (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?!
155. Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?!
156. Ёки сизлар учун (Аллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?!
157. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!
158. (Мушриклар, Аллоҳ) билан жинлар (яъни, фаришталар) ўртасида насаб (яъни, ота-болалик бор, деб гумон) қилдилар. Ҳолбуки, жинлар-фаришталар эса, (мушрикларнинг Аллоҳ азобига) ҳозир қилингувчи эканликларини аниқ билдилар.
159. Аллоҳ уларнинг («Аллоҳнинг боласи бор», деб) сифатлашларидан покдир.
160. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (мудом Аллоҳни У зотга нолойиқ бўлган сифатлардан пок тутарлар).
161. (Эй Макка аҳли), шак-шубҳа йўқки, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам
162. (барчалари бирон кишини, Аллоҳ)га қарши фитнага солгувчи — алдай олгувчи эмасдирсизлар.
163. Магар (Аллоҳнинг тақдири азалийсида) дўзахга киргувчи бўлган кимсаларнигина (алдай олурсизлар).
164. (Фаришталар дедилар): «Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқ маълум бир ўрин бордир(ки, бизлар ана ўша ўрнимизда Аллоҳнинг амрини адо этурмиз).
165. Дарҳақиқат, бизлар (Аллоҳнинг йўлида) саф тортиб тургувчилардирмиз.
166. Дарҳақиқат, бизлар (Аллоҳни ҳар қандай айбу нуқсондан поклаб) — тасбеҳ айтгувчилардирмиз».
167. Дарвоқеъ (Макка аҳли Қуръон нозил бўлишидан илгари) айтар эдиларки:
168. «Агар бизнинг олдимизда ҳам аввалгилар(нинг китоблари)дан бирон эслатма — Китоб бўлса эди,
169. Албатта бизлар ҳам Аллоҳнинг покиза бандалари бўлур эдик».
170. Энди (Қуръон нозил бўлгач), эса унга кофир бўлдилар. Бас, яқинда (бу куфрларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар.
171. Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида Сўзимиз ўтган — собит бўлгандир:
172. «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватлангувчилардир,
173. Ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар».
174. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан (яъни, Макка кофирларидан маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!
175. Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!
176. Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоширмоқдамилар?!
177. Бас, қачон (Бизнинг азобимиз) уларнинг ҳовлиларига (яъни, устларига) тушганида, ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлур.
178. Сиз улардан (маълум) бир вақтгача юз ўгиринг!
179. Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар (куфрларининг оқибатини) кўражаклар!
180. Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни, ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир.
181. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай!
182. Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!
Icon