ترجمة سورة القيامة

الترجمة الأوزبكية - محمد صادق
ترجمة معاني سورة القيامة باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - محمد صادق .
من تأليف: محمد صادق محمد .

Қиёмат куни билан қасам.
Ва маломатчи нафс билан қасам.
(Кофир) Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми?
Албатта, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз.
Балки, инсон келажакда фисқу фужур қилишни хоҳлайдир.
Қиёмат куни қачон? — деб сўрайдир.
Қачонки кўз лол қолиб қўрқинчга тўлса.
Ва ой тутилса.
Ва қуёш билан ой жамланса.
Ўшал кунда инсон: «Қочар жой қаерда?» деб қоладир.
Йўқ! Қочар жой йўқдир!
У кунда жойлашув фақат Роббинг ҳузурида бўладир.
У кунда инсонга аввалу охир қилган ишларининг хабари бериладир.
Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи шоҳиддир.
Ва агар узрларини тўкиб солса ҳам.
Сен шошилиб у билан тилингни қимирлатма.
Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда.
Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур.
Сўнгра у(Қуръон)ни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда.
Йўқ! Балки сизлар шошар дунёни яхши кўрасизлар.
Ва охиратни тарк этасизлар.
У кунда чиройли юзлар бор.
Ўз Роббисига назар солувчилар.
Ва у кунда тиришиб-буришган юзлар ҳам бор.
Ўзларига умуртқасини синдирадиган иш бўлишига ишонарлар.
Йўқ! Вақтики, (жон) ҳалқумга келса.
Ва «Ким буни қутқарар?» дейилса.
Ва, албатта, бу фироқ эканлигига ишонса.
Ва болдирлар бир-бирига алмашса.
У кунда ҳайдаб бориш жойи Роббинг ҳузуридадир.
____________________
(Яъни, жони ҳалқумига келиб қолганда, уни ҳаётда олиб қолиш учун барча чора кўрилади, Ким қутқараркин, деб илтижо қилинади. Лекин иложи бўлмай фироқ вақти келганига ишонч ҳосил бўлади. Жон чиққанда эса оёқлар жонсиз бўлиб бир-бирига чалмашади.)
Бас, у тасдиқламади ва намоз ўқимади.
Ва лекин ёлғонга чиқарди ва юз ўгирди.
Сўнг ўз аҳлига керилиб борди.
Ҳолингга вой бўлсин сенинг, вой бўлсин!
Яна ҳолингга вой бўлсин сенинг, вой бўлсин!
Инсон беҳуда тарк қилинишликнинг ҳисобини қилурми?
У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди?
Сўнг алақа бўлди. Бас, беками-кўст этиб яратди.
Бас, ундан жуфтни — эркак ва аёлни яратди.
Шундай Зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!
Icon